Рақамли иқтисодиёт ҳақида нималарни биласиз?
Қайсики соҳа ҳақида гап кетмасин, аввало у ҳақда одам етарлича
билим ва тасаввурга эга бўлмоғи лозим. Қуйидаги мақолада бу мавзу теран таҳлил этилган, дейди Дониш домла.
Рақамли иқтисодиёт даврида Ўзбекистон: ўзгаришлар, устувор йўналишлар, ютуқлар ва режалар
Янгиланаётган Ўзбекистон бугун ўз олдига шунчаки ривожланишни эмас, балки жамият ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида энг кучли давлатлар қаторидан ўрин олишни асосий мақсад қилиб қўйган. Буни олдиндан кўра билган, ҳис қилган Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилдаги парламентга Мурожаатномасида тараққиётга эришиш учун рақамли билимлар ҳамда замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шартлиги, бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини бериши, зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бораётганлигига алоҳида эътибор қаратди.
Шунингдек, рақамли иқтисодиётни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этиши, бироқ қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришишимиз зарурлиги, шу боис рақамли иқтисодиётга фаол ўтиш – келгуси беш йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири сифатида белгилаб берилди. Чунки рақамли технологиялар маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради. Шу билан бирга, энг оғир иллатлардан бири – коррупция балосини йўқотишда ҳам самарали восита бўлиб хизмат қилади.
Рақамли технологияларни кенг жорий этиш давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳа ривожланишига хизмат қилиши қаторида одамлар турмушини кескин яхшилаши мумкинлигини ўтган қисқа фурсат кўрсатиб берди.
Бу борада Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан сўнгги икки йил ичида бир қатор йўналишларда комплекс ишлар олиб борилди.
Биринчи қадам – замонавий АКТ инфратузилмасини яратиш
ХХI асрда рақамли технологиялар инсонларни ҳар томондан ўраб олди. Улардан инсон меҳнатини камайтириш орқали янада кўпроқ самарадорликка эришиш мақсадида фойдаланилмоқда.
Рақамли иқтисодиёт – рақамли технологияларга асосланган электрон бизнес ва электрон тижорат билан чамбарчас боғлиқ иқтисодий фаолият ҳамда шу фаолият натижасида ишлаб чиқариладиган ва сотиладиган рақамли товарлар, хизматлар йиғиндиси.
Рақамли иқтисодиёт изчил ривожланишининг биринчи ва энг муҳим омили – замонавий АКТ инфратузилмасини яратиш ҳисобланади. Бу бўйича мамлакатимизда бир қатор йирик лойиҳалар амалга оширилди.
Ўтган йил бошидан бугунги кунгача республика бўйича интернет тармоғига кенг полосали уланиш портларининг умумий сони 2,2 млн.ga етказилди, 7,8 минг км. оптик толали алоқа линиялари қурилиб, уларнинг умумий узунлиги 44,4 минг км.дан ошди.
Шундан 7,3 км. оптик толали алоқа линиялари 9410 та ижтимоий соҳа объектларига тортилиши натижасида 4 786 та мактаб, 2 895 та мактабгача таълим ва 1 729 та соғлиқни сақлаш муассасасини тезкор интернетга улаш имконияти яратилди. Бу ўз навбатида ёш авлоднинг замонавий билим олиши, беморларга сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш салоҳиятини оширгани билан ниҳоятда аҳамиятлидир.
Бу борада инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорлар ҳам фаол қатнашаётгани эътиборга молик. Масалан, Жиззах эркин иқтисодий зонасида жанубий кореялик ҳамкорлар билан биргаликда лойиҳа қиймати 11 млн. долларга тенг оптик толали кабель маҳсулотларини ишлаб чиқариш заводи ишга туширилиб, йилига 50 минг км. оптик толали кабель тайёрлаш қуввати яратилди.
Бу эса, ўз навбатида, интернет тезлигининг кескин ошишида муҳим омилга айланди. Гап шундаки, «Оокла» компаниясининг Speedtest.net сервиси интернет тезлиги бўйича 2020 йил июнь ойи натижаларига кўра янги маълумотларни эълон қилди ва ушбу Спеэдтест Глобал Индех рейтингида Ўзбекистон кескин ўсишни намоён этди.
Интернет тезлиги бўйича рейтингда Ўзбекистон ҳозирги кунда 94-поғонани эгаллаб турибди, бир йил ичида 36 поғонага кўтарилиш кузатилди. Умуман, охирги йил натижаларига кўра Ўзбекистонда симли интернет тезлиги 2,5 баробарга ўсди.
Қолаверса, телекоммуникация хизматлари учун тариф нархлари арзонлашмоқда. 2019 йил давомида провайдер ва операторлар учун ташқи каналга уланиш тарифлари нархи 1 Мбит/с. 17 фоизга арзонлаштирилганди. 2020 йилнинг 1 январидан оператор ва провайдерларга интернет хизматлари учун тариф ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 34 фоиз арзонлаштирилди. Эътиборли жиҳати шундаки, бозор иқтисодиёти талабларига кўра, тизимли равишда интернет хизматлари нархлари камайтирилиб борилмоқда.
Жорий йилда «Ўзбектелеком» АК томонидан йирик хорижий ИТ-компанияларининг сервер ускуналари ва кўплаб хизматлари маҳаллийлаштирилди. Бу бутун Ўзбекистон учун муҳим воқеадир. Мазкур янгилик ушбу хизматлар томонидан тақдим этиладиган аудио ҳамда видеоконтентларни, дастурий таъминот ва бошқа контентларни юклаб олиш тезлигини оширишга ёрдам беради. Ўз навбатида халқаро интернет каналини сезиларли даражада енгиллаштириши ҳам муҳим мезонлардан биридир. Бу Ўзбекистоннинг барча оператор ҳамда провайдерларига абонентлар учун янада арзон ва тезкор таклифларни тақдим этиш имконини беради.
Мобиль алоқа соҳасини ривожлантиришда ҳам кенг миқёсда ишлар олиб борилмоқда. Мазкур давр мобайнида 6 мингдан ортиқ мобиль алоқа база станциялари ўрнатилди ва республика аҳоли масканларининг мобиль алоқа билан қамрови даражаси 97 ва мобиль интернет тармоғига кенг полосали уланиш қамрови даражаси 70 фоизга етказилди.
Айтиш жоизки, шу кунга қадар асосан телефон хизматларини кўрсатувчи 2Г мобиль тармоқларни кенгайтириш вазифаси бажарилган бўлса, ҳозир тармоқнинг қамровини ошириш бўйича лойиҳалар 3Г/4Г тармоқларини кенгайтиришга йўналтирилмоқда. Хусусан, шу йилнинг ўзида 2200 та 3Г/4Г база станциясини ўрнатиш режалаштирилган.
2020 йил – Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожланиш йилининг биринчи ярмида мобиль алоқа операторлари томонидан жами 1375 та мобиль алоқа таянч станцияси ўрнатилиб, аҳоли масканларининг мобиль алоқа ҳамда кенг полосали мобиль интернет тармоғига уланиш даражаси оширилди.
Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда АКТ соҳасидаги энг илғор технологик ишланмаларни жорий этишга муҳим эътибор қаратилади. 2019 йил сентябрдан иккита маҳаллий мобиль оператор — «Uzmobile» ва «Uсеll» 5Г технологияси тест синовидан ўтказишни бошлагани шундан далолат беради.
Тўлақонли ИТ экотизимини барпо этиш – муҳим масала
Ахборот-коммуникация технологиялари изчил ривожланишининг яна бир муҳим омилларидан бири соҳада рақобатбардош маҳсулотлар ва хизматларни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларни ички ҳамда ташқи бозорларда илгари суриш, инновацион ишланмаларни рағбатлантиришдир.
Айнан мана шу мақсадни кўзлаб барпо этилган Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки (ИТ-Парк)нинг резидентлари ҳисобланган 392 ташкилотда бугун тўрт минг нафар мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Энг муҳими, ушбу ташкилотларнинг 14 таси хорижий капитал иштирокида ташкил этилган бўлса, 54 таси янги очилган.
Мазкур ИТ-Паркда зарур инфратузилма, жумладан, замонавий лабораториялар, коворкинг марказ ҳамда офис майдонлари тақдим этилган. Технопаркда резидентларга молиявий, маркетинг, юридик ва бошқа консалтинг хизматлари кўрсатилади. Яна бир муҳим жиҳат шундаки, резидентлар учун молиявий имтиёзлар ҳам берилган: улар 2028 йилнинг 1 январига қадар барча солиқ ва давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан, шунингдек, бир марталик ижтимоий тўловлардан озод қилинган.
Йил бошидан бери ИТ-Парк резидентлари томонидан жами 560 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди, дастурий маҳсулотлар ва хизматлар ҳажми 321 млрд. сўм, хусусан, экспорт ҳажми 5,1 млн. долларни ташкил этди.
Тошкент шаҳрида ИТ-Парк резидентлари сонини кўпайтириш ҳамда етарли шарт-шароитлар яратиш мақсадида умумий майдони 408 минг кв. m.ga тенг ҳудудда хориждан жалб қилинган эксперт билан ҳамкорликда ИТ-Парк инфратузилмаси объектларини қуриш концепцияси ишлаб чиқилди. ИТ-Паркнинг ҳудудий филиалларини ташкил этиш бўйича жойлардаги маҳаллий ҳокимликлар билан қўшма қарорлар имзоланиб, ҳар бир лойиҳа бўйича бажариладиган вазифалар тармоқ жадваллари тасдиқланди.
Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш, таълим, транспорт, тадбиркорлик ҳамда туризм йўналишида таҳсил олаётган талабалар ўртасида энг яхши мобил иловаларни ишлаб чиқиш бўйича «мГовАвард» биринчи республика танлови ўтказилмоқда. Танлов учун Бирлашган Араб Амирликлари томонидан 100 минг доллар ажратилган ва 3 та муносиб жамоа мазкур маблағ ҳисобидан рағбатлантирилади.
Америка Қўшма Штатларининг ЮСАИД агентлиги билан биргаликда ИТ-Парк томонидан инкубация ва акселерация дастурлари ҳамда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун қиймати 140 минг долларлик тадбиркорлик ва бизнес-муҳитни ривожлантириш лойиҳаси амалга ошириляпти.
Қулай онлайн хизматлар кўлами ошмоқда
Сўнгги икки йилда мамлакатимизда замонавий электрон давлат хизматларини кўрсатишнинг яхлит тизимини яратиш, давлат органларининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро ҳамкорлигининг янги механизмларини жорий этиш юзасидан изчил ишлар олиб борилди.
Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан контактсиз алоқа шаклларини янада ривожлантириш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари портали ишлаб чиқилди (https://my.gov.uz). Бугунги кунда портал орқали 176 тадан ортиқ электрон давлат хизмати тақдим этилмоқда.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини барча манфаатдор вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида кўриб чиқиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда келишиш, хусусан, бир вақтнинг ўзида кенг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамасини ўтказиш ҳамда тезкор жўнатиш учун вақтни ва меҳнат ресурсларини сезиларли даражада тежаш мақсадида ягона электрон тизими «прожест.гов.уз» жорий этилди.
Бундан ташқари, автомобиль транспортида йўловчиларни ва юкларни ташиш хизмати учун лицензия бериш, абитуриентлардан ҳужжатларни онлайн қабул қилиш, Ипотека кредитига давлат субсидиясини олиш ва ўқиш жойидан маълумотнома олиш хизматлари ҳам яратилди.
Ҳозир Ягона интерактив давлат хизматлари порталида яна 26 та янги хизмат ишга туширилиши режалаштирилмоқда, бунинг натижасида умумий хизматлар сони 200 тадан ошади. Йил бошидан бери 1,4 млн. та электрон хизмат кўрсатилган бўлиб, ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 8,1 фоиз ошди.
Электрон ҳукуматнинг идоралараро платформасида давлат органларининг 90 га яқин ахборот тизимлари ва ресурсларининг ўзаро электрон ҳамкорлигини таъминлаш йўлга қўйилиб, 160 mln.dan зиёд сўровларга онлайн шаклда маълумотлар берилганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Кадрлар билан таъминланганлик даражаси қай аҳволда?
Ҳар бир янги соҳада бўлгани каби рақамли иқтисодиётга ўтиш жараёнида ҳам малакали кадрлар етишмовчилиги кўзга ташланмоқда. Тан олиш керакки, бу муаммо ҳар доим ҳам долзарб бўлиб келган. Кадрлар масаласида тўсиқларга дуч келаётганимиз бор гап. Чунки янги соҳа, янги йўналишда фаолият юритиши мумкин бўлган захира мавжуд эмас.
Шу ўринда бир мисол келтириб ўтсак. Айни пайтда вазирлик ва идораларда раҳбарнинг айнан рақамлаштириш йўналишидаги ўринбосарлари лавозимлари жорий қилинмоқда. Вазирлигимиз эса мана шу лавозимларга тажрибали мутахассисларни тавсия қилиш, керак бўлса, таъминлаш учун жавобгардир. Вазирлик мамлакат миқёсида барча соҳаларда рақамлаштиришга масъул бўлиб, баъзи ҳолатларда ўзи учун профессионал мутахассис зарур бўлиб турган бир пайтда бу бўшлиқни ниманинг ҳисобига тўлдириш зарур? Бунинг учун нималар қилиш керак? Бунинг ҳам ечими топилди, унга мустаҳкам пойдевор қўйилди. Зотан, Ўзбекистоннинг энг катта бойлиги — аҳолисининг ярмидан кўпроғини ташкил этувчи ёшлардир. Шунинг учун ҳам давлат сиёсатида навқирон авлоднинг жамиятдаги нуфузини ошириш муҳим ўрин тутади, уларнинг янги-янги мутахассисликлар ва касбларни эгаллашига катта эътибор қаратиляпти.
Барчага маълумки, Президентимиз ғояси билан бугун республика бўйлаб ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтириш, уларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш мақсадида 5 та муҳим ташаббус амалга оширилмоқда. Ана шу ташаббуснинг учинчиси – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш доирасида ҳудудларда 30 та Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилди. Бугунги кунгача жами 7,2 мингдан ортиқ тингловчи ўқув курсларини якунлаган.
Ўз навбатида ёшларни, умумтаълим мактаблари ўқувчилари, олий таълим муассасалари талабалари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларига дастурлаш асосларини ўқитишга йўналтирилган «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида 69 мингдан зиёд ўқувчи таълим олмоқда. Улардан 5,8 минг нафари курсларни муваффақиятли тугатди. Ҳаммага маълумки, юқори малакали кадрларни тайёрлашнинг энг самарали йўли – уларни болалик пайтидан бошлаб ўргатишдир. Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 сентябрдаги қарорига мувофиқ, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Ахборот-коммуникация технологиялари йўналишига оид фанларни чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди.
2019 йил декабрь ойида ушбу ўқув даргоҳининг замонавий биноси фойдаланишга топширилди. Айни пайтда математика ва хорижий тиллардан муваффақиятли имтиҳон топширган 680 нафар ўғил-қиз мактабнинг 5-11 синфларида таълим олмоқда.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетининг таълим соҳасида ҳам катта ижобий ўзгаришлар рўй берди. 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб университет замонавий таълимнинг кредит модул тизимига ўтказилди ва ҳозирги кунда бу тизимда 9 609 нафар талаба ўқияпти. Университет тузилмасида Ўзбек –Беларусь қўшма факультети ҳам ташкил этилди. Бундан ташқари, университетда Япония халқаро ҳамкорлик ташкилотининг (JICA) 1,6 миллион доллар миқдоридаги техник гранти ҳисобига замонавий ўқув медиа маркази очилди. Медиа марказда видеоконтентни тасвирга олиш ва ишлаб чиқариш учун барча имконият мавжуд.
Президентимизнинг 2019 йил 7 январдаги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳридаги Амити университети 2019 йилнинг сентябрь ойидан ўқув йилини очди.
Тошкент шаҳридаги Амити университетига бакалавр даражаси учун ахборот технологиялари, муҳандислик ва компьютер технологиялари, иқтисодиёт, туризм бошқаруви, бизнес бошқаруви йўналишлари бўйича, шу билан бирга, магистрлик даражаси учун ҳам қабул амалга оширилди.
Мазкур давр мобайнида халқаро алоқаларни ривожлантириш йўлида Тошкент шаҳридаги ИНҲА университети ҳам самарали иш олиб борди.
Келгусида ўқув марказларидан ташқари «Ишга марҳамат» мономарказларида ва Технопарк филиалларида ёшларга рақамли технологияларни ўргатиш бўйича махсус курслар ҳам ташкил этилади.
Ўйлайманки, мана шу марказларда таҳсил олган ёки лойиҳа иштирокчисига айланган ёшларнинг барчаси ахборот-коммуникация технологиялари йўналишини танламаган ҳолда ҳам уларнинг маълум қисми шу йўлдан кетадиган бўлса, кадрлар муаммосини ҳал қилишга ёрдам беради.
Яқин даврдаги вазифалар
Олдимизда турган энг асосий вазифа – ўз ичига барча соҳа ва тармоқларни қамраб олган ҳамда Ўзбекистон иқтисодиётини тўлиқ ва комплекс ижобий ўзгартиришга ҳамда рақобатбардошликни оширишга йўналтирилган.
Яна бир муҳим вазифа – давлат раҳбарининг “Тошкент шаҳрида рақамли технологияларни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлашимиз зарур. Мазкур ҳужжатга асосан тасдиқланган «Рақамли Тошкент» комплекс дастурида таълим, соғлиқни сақлаш, транспорт, коммунал соҳаларига ахборот-коммуникация технологияларини жалб қилган ҳолда Ўзбекистон пойтахтининг қиёфасини тўлиқ ижобий ўзгартириш мақсад қилиб қўйилган.
“Рақамли Тошкент” концепцияси «Хавфсиз шаҳар» йирик лойиҳаси билан бевосита боғлиқ. Мазкур лойиҳа 2019 – 2023 йилларда босқичма-босқич республиканинг барча ҳудудларида жорий этилиши белгиланган. Биринчи босқичда 2019 – 2020 йилларда Тошкент шаҳрида лойиҳанинг ягона технологик платформасини яратиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 апрелдаги «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра 2023 йилга бориб рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2 ҳамда ушбу соҳадаги хизматлар ҳажмини 3 баравар ошириш, уларнинг экспортини 100 миллион долларга етказиш назарда тутилган.
Қолаверса, 2020 – 2022 йилларда электрон ҳукумат, телекоммуникациялар ва дастурий маҳсулотлар, ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини янада ривожлантириш, иқтисодиётнинг реал сектори тармоқлари, қишлоқ ҳамда сув хўжалигида рақамли технологияларни кенг жорий этиш бўйича жами 268 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Шулардан келиб чиқиб, ИТ-Парк резидентлари сонини 450 тага ҳамда улар томонидан кўрсатилган экспорт ҳажмини 25 млн. долларга етказиш мақсадида тегишли инфратузилма кенгайтирилмоқда.
Хусусан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги АКТга ихтисослаштирилган мактаб ҳудудида ИТ-Парк Тошкент филиали ишга туширилади ҳамда қўшимча 700 та иш ўрни яратилади.
Ўз навбатида 5 та муҳим ташаббуснинг учинчиси доирасида йил якунигача қўшимча 72 та Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этилади, уларда ахборот технологиялари соҳасида 15 мингдан ортиқ ёшлар ўқитилади.
Барча ҳудуддаги ёшлар марказларида ёшларни «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида дастурлаш кўникмаларини ўргатишга қаратилган курслар фаолияти йўлга қўйилади, умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва олий таълим муассасалари талабаларини ўқитиш орқали лойиҳага жалб қилинганлар сони 100 мингтага етказилади.
«Ўзбектелеком» АК маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш маркази сиғимини 5 бараварга (5 Петабайтгача) кенгайтириш ҳам кўзда тутиляпти. Айни чоғда 600 минг портли кенг полосали уланиш қурилмаларини ўрнатиш орқали умумий портлар сони 2,8 mln.taga, 5,5 минг км. оптик кабель линиялари қуриш орқали республика бўйича умумий оптик алоқа линиялари узунлигини 50 минг km.ga етказилади. Қолаверса, 1 052 та мобиль алоқа база станциясини ўрнатиш ва уларнинг умумий сонини 28,3 мингга етказиш орқали республика аҳоли яшаш масканларининг кенг полосали мобиль тармоқ билан қамров даражаси оширилади.
Энг муҳими, 2700 та мактабгача таълим ҳамда 1740 та соғлиқни сақлаш объектини тўлиқ, 2160 та халқ таълими муассасасини юқори тезликдаги интернетга улаш имконияти ҳам яратилади.
Аграр соҳада ҳам рақамли технологиялар кенг жорий қилинади.
Бугунги кунда ер муносабатлари, қишлоқ ва сув хўжалиги ресурсларини бошқариш самарадорлигини ошириш мақсадида рақамли ҳамда геоахборот технологиялари тизимини жорий этиш юзасидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги олдига ҳам аниқ вазифалар қўйилган.
Республикамизда геоахборот технологияларини ривожланириш мақсадида соҳада етук тажрибага эга бўлган хорижий компанияларнинг тажрибаси ўрганилди.
Ҳозирги кунда хорижий компанияларнинг ерни масофадан зондлаш йўлдошлари олган космик суратларни республикамиз ҳудудида қабул қилиш ва уларга ишлов бериш учун «виртуал» қабул қилиш станцияси (геоахборот маркази)ни ташкил этиш лойиҳаси бўйича таклифлар ўрганилмоқда.
Мазкур лойиҳа геоахборот технологияларини трансфер қилиш ва маҳаллий мутахассисларни халқаро даражада тайёрлашни ҳам ўз ичига қамраб олади.
Бунинг натижасида космик суратларни қабул қилиш ҳамда уларга ишлов бериш орқали геодезия, картография ва кадастр йўналишлари, ноқонуний қурилишларнинг олдини олиш ишлари самарадорлиги таъминланади.
Шунингдек, қишлоқ ҳамда сув хўжалиги, табиий ва техноген фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, экология, археология, шаҳарсозлик ҳамда йўл қурилиши, чегара назорати, хавфсизлик ва мудофаа соҳаларидаги айрим масалаларни ҳал этиш тизими ҳам яратилади.
Ер ҳамда кўчмас мулк муносабатларини тартибга солиш йўналишида Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали бугунги кунда 8 та электрон давлат хизматлари жорий қилинган бўлиб, 50 мингга яқин ариза келиб тушган.
Мазкур йўналишда аҳолига қўшимча қатор қулайликларни яратиш, энг асосийси, мазкур йўналишда “инсон омили”ни чеклаш мақсадида жорий йил якунига қадар 5 та давлат хизмати такомиллаштирилади.
Қишлоқ хўжалиги ерлари ва уларда етиштириладиган экинлар ҳолатини тезкор ва аниқ баҳолаш мақсадида космик маълумотлардан фойдаланиш бўйича Андижон вилоятида тажриба лойиҳаси амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида Андижон вилоятининг майдонлари вектор форматида «Монтерра» онлайн платформасига киритилмоқда.
Мазкур платформа ҳозирги кунда «Давергеодезкадастр» қўмитасининг “Ер ахборот” тизими билан ўзаро интеграция қилинди.
Лойиҳа сентябрь ойида ишга тушади ва Андижон вилоятидаги барча экин майдонларининг таҳлилий маълумотлари шакллантирилиб, ер эгаларига тақдим этиш имконияти яратилади.
21 июль куни Президентимиз ер ҳисоби ва давлат кадастрларини тўлиқ шакллантириш, соҳага рақамли технологияларни жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди. Ушбу йиғилишда вазирлигимиз олдига ҳам бир қатор вазифалар қўйилди.
Жумладан, йиғилишда, кадастр идоралари зиммасига ернинг ҳисоби ва балансини юритиш, йил якунига қадар ер тури, контури, чегараси ва фойдаланувчиси ҳақидаги маълумотлар жамланган ахборот тизимини ишга тушириш вазифаси юкланди. Энди ер ажратиш тўғрисидаги қарор мазкур тизимга киритилсагина ҳақиқий ҳисобланади. Шунингдек, сунъий йўлдош каналларини ижарага олиш ва сигналларни қайта ишлаш тизимини ташкил этишга кўрсатма берилди. Бу эса космосуратларни йиллар бўйича таққослаш орқали ҳосилдорликни таҳлил қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини мунтазам ўрганишда қўл келади.
Йил якунига қадар қишлоқ хўжалиги майдонларини электрон танлов ва аукцион асосида ажратиш тартибини жорий қилиш, халқаро экспертларни жалб этган ҳолда ер тоифаларини оптималлаштириш борасидаги ишлар ўз вақтида бажарилишида вазирлигимиз бошқа мутасадди ташкилот ва идоралар билан яқиндан ҳамкорликда иш олиб боради.
Мазкур вазифаларнинг самарали амалга оширилиши, шубҳасиз, республиканинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатади, замонавий тараққиётнинг янги қирраларини ўзлаштиришга хизмат қилади.
Шуҳрат СОДИҚОВ,
Ахборот технологиялари ва
коммуникацияларини ривожлантириш вазири.
http://uza.uz/oz/society/yangi-va-ra-amli-davrda-zbekiston-zgarishlar-ustuvor-y-nalish-23-07-2020
Сўнгги фикрлар