РЕГИСТОН ВА ТОЖ МАҲАЛ (Қасида)
Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигига
“Ким бизнинг куч-қудратимизга шубҳа қилса, келиб биз қурган биноларни кўрсин“.
Соҳибқирон Амир Темур
“Улуғбек даврида бунёд этилган унинг номидаги мадраса (15-а.) Регистондаги энг кўҳна бинодир. Регистондаги Шердор мачити (мадрасаси) ўзбекларнинг Олчин уруғидан бўлган шаҳар ҳокими Ялангтўш Баҳодир томонидан насроний тақвимига кўра 1616-18 йили қурилган. Ялангтўш даврида қурилган Тиллокори масжиди (1641—46) Регистонда турган учала мачит (мадраса) орасида энг улуғвори саналади”.
Дмитрий Эварницкий, тарихчи олим
“…Хуррамшоҳ – Шоҳжаҳон ўттиз йилдан зиёд Ҳиндистоннинг қудратли подшоҳи бўлиб давр сурди.
Тарихчилар уни «Омадли шоҳ» дея таъриф этадилар. Унинг замонасида мамлакат ҳар томонлама тараққий ва равнақ топди. Ана шу равнақнинг буюк тимсоллари ўлароқ ҳинд заминида тенгсиз меъморий обидалар юксалди. Лаъл қалъа, Масжид-ул-луълу, Тожмаҳал сингари беқиёс ёдгорликлар Шоҳжаҳон номини, бинобарин, бобурийлар шавкатини дунё тарихида абадийлаштирди”.
Хайриддин Султоннинг “Бобурийнома” асаридан
Манбаларда қайд этилишича, Тож Маҳал – Ҳиндистондаги бобурийлар сулоласи даврига оид меъморий ёдгорлик (1631-52). Агра шаҳи яқинидаги Жамна дарёси бўйида Шоҳ Жаҳон суюкли хотини Аржумандга (Мумтоз Маҳал бегим, Мумтоз Бибика Рауза номлари билан машҳур бўлган) атаб вафотидан (1631 йил 7 июль) сўнг қурдирган. Кейинчалик шоҳнинг ўзи ҳам шу ерга дафн қилинган.
Муаллиф
***
Бу оламда эрур халқ кўп, бири – малла, бири – оқиш,
Ва бордир бир ажаб юмушки – ўзгага лақаб тоқиш.
Бири бошқани “Ёввойи!” дея кулгай очиқ, зимдан,
Лозими йиртиққа кулган каби зот ҳоли лозимдан.
Кўрилди даҳр аро не қонхўру, золим, зинокорлар:
Бузувчи тошга ботмондур ва мисқоллаб – бинокорлар.
Ўтиб аларнинг авлоди, қўшилди ерга кафт ҳоки,
Борур тарих тишин поклаб ўтар фурсатни мисвоки.
Кўринг, англанг, вафо русмин тутур кимга таворих кўп,
Ки Аллоҳнинг изинисиз бузулмас уй ва синмас чўп.
Келур Бобил деганлардан бир афсона ўтиб йиллар,
Йиғилди кўкка чиқмоқ нияти-ла не кибор эллар.
Ҳама бир тилгадир сомеъ, бари бир ёқаю енглик,
Ҳаманинг кўнглида кенглик эди, мартабада – тенглик.
Само аршига етмоқ нияти-ла ишни бошлашди,
Ичиб онт жомидин, бири бирига “беш”ни ташлашди.
Ўсар минора кўк сори, аҳилларда шижоат зўр,
Магарким, барчанинг кўзин қилиб қўймиш кибр шабкўр.
Бирор ёдига келмасдан ҳар иш аснода “Бисмилло!”:
“Унутгай бизни ким, биз ҳам унутгаймиз ани, илло!”
Ва Аллоҳнинг келиб қаҳри, на тош ёғдурди, на селлар:
Алар оғзига жо қилди тушумас айрича тиллар.
Тушунмас энди сал бурун узатган лой ила ғиштлар,
Кетишди тарқалиб эллар – қолиб кетди чала ишлар.
Минорани ювиб ёмғир, шамоллар чангга дўндирди,
Қуёш қақшатди ёз ичи, баҳор ўтларни ундурди.
Тўкилди зарраю зарра, ва охирда туроб ўлди,
Эди бошда улуғ ният, ва охирда сароб ўлди.
Бирор ниятни қилганда сўра изнини Оллоҳдан,
Ки пойда бўлсанг чўққига, чиқаргай тушганинг чоҳдан.
Ва: “Бисмиллоҳи роҳманир роҳим”ни қўймагин тилдин,
Ки Оллоҳ изнидан чиқма, надинким чиқсангам элдин.
Бунинг боисини кўрдик Темур дастида – туғрода,
Ибодат ибтидосда, сўғишлар ичра “Урҳо!”да!
Улуғбек шу калом бирла фалак ичра фалак тузди,
Бирор қўймасидан нарвон, илм юлдузини узди.
Навоий шу каломдан куч олиб, шеър тахтини олди,
Етур ҳар кимсага Маҳшар куни ажр – бахтининг олди!
Бўлиб ёр Бобуру аждодига Оллоҳнинг асмойи1,
Заминда қолди ҳоки, руҳига бўлсин Эрам жойи!
***
Атодин айрилиб Бобур ҳаётин тартиб этти тарк,
Ҳазон елининг олдига тушиб учганидек ҳар барг.
Хаёл – тарқоқ, улус – ғамнок, не йўллар тутти – хатарнок,
Этак – ҳўлу дили оташ ва тақдир бекаси – бебок.
Самарқанд қўлга кирган қисқа он шаъни узоқ бўлди,
Дили ғам тайрию, пойтахтни шони бир тузоқ бўлди.
Бирор юз йиллар олдинги ҳусндан гарчи оз улгу,
“Самарқанд сайқали рўйи замин аст” – қўзғотар кулгу.
Гоҳида зилзила, кўпроқ урушлар кўп асар этмиш,
Не-не гумбази мовийдан сиёҳ кошин кўчиб кетмиш.
Регистон майдони бир пайт сайлларга макон эрди,
Уни бир кўрган эл такрор тамошо айласам дерди.
Темурий салтанат деворига тушган қатор дарзлар,
Бурунроқ бой эди давлат, бугун қарз устига қарзлар.
Улуғбекнинг расадхонасидур парчину вайрона,
Кезар Бобур Темур пойтахтида чун ақли ҳайрона.
Регистонда Улуғбек мадраса пештоқига боқди,
Дилига сирли бир хотири жамликдан хабар оқди.
Бу пештоқда акс этган эди афлокни парчаси,
Улуғ бир тартиботдан сўз очар юлдузли дарчаси:
“Фалак тартиби жо бўлган музофот элга эҳсондур,
Шу тартибга зарар етказмоғи энг катта нуқсондур”.
Ки Қуръон бўлдию нозил, фарзи айн этди тартибни,
Ўзин даврида тартибга олиб келди Сино тибни.
Киши то эплагунча эскини, эссиз, эси кетгай,
То етгай ўйчи ўйига, таваккалчин иши битгай!
***
…Шоҳ Хуррамдир Бобурий авлодга бешинчи бўғин,
Бобо Акбаршоҳ олов эрса, ул сақлар чўғин.
Бобурийлар сарҳадини айлади Акбар фузун,
Салтанат тартибга кирди, бўлди ҳам дасти узун.
Қурди қирмизий тошлардан янги Фотеҳпурни ул,
Токи Акбар эрди тахтда – пойтахтлик қилди ул.
Гарчи Тақдир шоҳи Акбар савлатин зўр айлади,
Насл қолдирмоқ бобида йўлларин кўр айлади.
Не мусулмондан бирор фарзанд топмай охири,
Бўлди бир ҳинду маликанинг ошиқ Тоҳири.
Бир-бирига терс фалакнинг тўғри келди юлдузи,
Бўлди пайдо бу никоҳдан бир қатор ўғил-қизи.
Ўртада оққан асов дарёга банд ташланди тик,
Ҳинду туркий бир заминда яшайгайдир беҳадик.
Меваси пайванд ниҳолнинг бўлди охир шоҳ Салим,
Бирда – арслондек қаҳрли, бирда оҳудек ҳалим.
Уни ўз жигари дерди ҳам мусулмон, ҳамда ҳинд,
Мадҳига булбулигўё икки эл ҳам мингу минг.
Кўп музофот ихтиёрий қўшилурди ранг-баранг,
Ва Жаҳонгир номи унга ёрлиқ ўлди кўп бежанг.
Насл бобида атодин ўзди Оламгир Салим,
Ишига берди кушойиш “вал-салолу мурсалин”.
Ва улар ичида Хуррам ўзди уч оғасидан,
Қанча жангда қўли тутди шартта ёв ёқасидан.
Бобурийлар салтанати бойиди билмай шумор,
Чун меъморлик ила сийлади уни Кирдикор!
Биргина Аржуманд этти уни шод ўндан зиёд,
Боғига дориб барака, кетма-кетлаб зурриёт.
Водариғоки, бу боққа боқди байтули ҳазон,
Ёри ўлди ва зулумот қўйнида қолди Жаҳон.
Бунчалар ғамни чекишга йўқ каби бир уҳдаси,
Лек ўлим ҳам бу ҳаётнинг аслида кўпнуқтаси…
Шоҳжаҳон пинҳон муҳаббат рамзин ошкор айлади,
Гар жудо бўлди малакдин, ёдини ёр айлади.
Икки ўн йилда муҳаббат қасри қаддин тиклади,
Шашти синган Шоҳжаҳоннинг боз ҳаддин тиклади.
Энди у шоҳи Муҳаббат, эрди Ишқнинг маддоҳи,
Тож Маҳал эрса – навоси, кўзёши ила оҳи…
***
Айни дам олис Самарқанд ҳам ўтирмас қўли бўш,
Ҳокими ҳотам – Баҳодир, унвони Ялангитўш.
Улуғбек мадрасасига Шердор қурилди рўбарў,
Бир-бирига акс солган мисоли икки кўзгу.
Ўртада очиқ ялангни тўсди учинчи бино,
Гар келинчакдур Регистон – қўлига қўйди хино.
Регистон бир узук бўлса, Тиллокори кўз эди,
Таърифи тиллардан достон, ҳусни бирга юз эди.
Бир ўзига ишлатилди обизар кўп шунчалик:
Тож Маҳал берди салому, Тиллакорида – алик!
***
Ўтди тўрт юз йилча муддат, икки обида хароб,
Иши йўқдай бу талонларга, ичкайлар шароб.
Тож Маҳал деворларидан юлдилар лаъл, ёқутин,
Тиллакори зарларини қоплади чангу тутун.
Икки давлат бурди истиқлол қуёшига юзин,
Ажратиб олди тариху, келгуси ила ўзин.
Икки обида яна таъмир ила кўрк олдилар,
Не зиёрат аҳли боз мозий сари йўл солдилар.
Ҳинду ўзбек дўстлигини кимки қилса достон,
Шод бўлур руҳи Баҳодир Ялангтўшу, Шоҳжаҳон!
Ҳинду ўзбекка ёвуқдир “Биҳай – Дўстлик!” – чин шиор,
Бу қасидам туҳфа этсам – Тўлқин Эшбек бахтиёр!
Тўлқин ЭШБЕК
Иштихон ижод мактаби
2023 йил 4 сентябрь
________________________________
1 Асмо – Аллоҳ исмларини бири.
Сўнгги фикрлар