Ректор ёшлар орасида юриб очиқ мулоқот қилди

Сўнгги пайтларда таълим тизимида пайдо бўлаётган айрим муаммолар

ҳақида оммавий ахборот воситаларида, айниқса, баъзи ижтимоий тармоқларда танқидий-таҳлилий фикрлар ёритилмоқда. Мутасаддилар, зиёлилар ва талабалар ўртасида бўладиган юзма-юз мулоқотларда ҳар қандай муаммони ижобий ҳал этиш йўллари ойдинлашади.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори Авазжон Мараҳимов бир неча кун мобайнида турли факультетлар талабалари билан юзма-юз мулоқот ўтказди. Мулоқотлар фақат аудиторияларда, муҳташам хоналарда эмас, университет ҳовлисида, хиёбонларда ҳам давом этди. Оддийгина қилиб айтганда, Ректор ёшлар орасида юриб, дилдан суҳбатлашди. Бу мулоқотларда янги ўқув йилидан бошлаб таълим тизимида амалга оширилаётган ишлар, қатор янгиликлар ҳақида сўз юритилди.

Журналистика факультети 3-курс талабаси Муслима Омонқулова бу борада ўз таассуротларини шундай ёзади:

– Университетимизда 15 фоиз талаба «5» лик стипендия олар экан. Уларнинг баъзилари фанларни пухта ўзлаштирмаса-да фақат юқори балл тўплаш учун қай тариқа ҳаракат қилаётганларини яхши биламиз. Натижада, шундоқ мўътабар илм даргоҳида нопок ишлар, коррупция ҳолатлари пайдо бўлаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Ректоримиз билан суҳбатда бу борада аниқ маълумотларга эга бўлдик. Баҳоларни табақалаштириштирмаслик бу борада муҳим қадам бўлган. Энди ҳеч ким юқори стипедия учун «даллоллик» қилмайди, таниш-билишчилик иллатига барҳам берилади. Баҳо – талабанинг билимига яраша қўйилади.

Таълим тизимида тўғри танланган йўл ва ислоҳотлар моҳиятини англаганда баъзи дунёқараши торроқ тенгдошларимга ачиниб кетаман. Улар пухта билим олиш, соҳа сирларини мукаммал ўзлаштириш ўрнига мўмайгина стипендияни қўлга киритиш илинжида юришлари ўзи кулгили. Бу ўзгаришларни фожеага айлантиришга асло ҳожат йўқ-ку. “5” лик стипендия олган талабалар шунга яраша етук кадрларга айланиб қолмаяпти-ку?! Ҳеч ўйлаб кўрдингизми, Ўзбекистонда йилига қанча талаба дипломли бўлмоқда, хўш, уларнинг қанчаси ўз соҳасида етук кадр бўла оляпти? Ваҳоланки, соҳаларда муносиб кадрлар камлиги ҳақида кўп танқидий фикрлар беҳуда гапирилмаяпти…

Ректоримиз тўғри таъкидлаганидек, “4” лик ё “5” лик баҳонинг пулини ҳисоб-китоб қилиб ўтирмай, пухта билим олишни ўйлаганимизда, эртага дипломли бўлаётган ёшларимизга нафақат маҳаллий корхона, ташкилот ва муассасалар балки, хорижий компаниялар сифатли кадр учун буюртмачига айланарди!

Университетимиз раҳбари эндиликда талабаларнинг билими, жамият ривожи йўлидаги саъй-ҳаракатлари, жамоат ишларида фаоллиги учун 700000 сўмгача рағбатлантирилишини маълум қилди. Булардан ташқари номдор стипендиялар, «ЎзМУ стипендияси» ҳам ҳақиқий истеъдодли талабалар учун муносиб рағбатдир.

***

1

ЎзМУ факультетлари кўплаб мактаблар билан маърифий алоқаларни йўлга қўйган. Вақти-вақти билан Тошкент шаҳри ва вилояти мактаблари ўқувчилари университетимизга келишиб, ўқув жараёнлари, илмий лабораториялар фаолияти билан танишадилар. Ёш авлод қалбида шу тариқа илму-маърифатга қизиқиш ва меҳр уйғотилади.

ЎзМУ ректори Авазжон Мараҳимов География ва табиий ресурслар факультети билан танишишга келган бир гуруҳ мактаб ўқувчилари билан дилдан суҳбатлашди.

Мактаб ўқувчилари мамлакатимизда етакчи университет ҳисобланган бу мўътабар олий таълим муассасаси ҳақида бир олам таассуротга эга бўлдилар.

 

Улуғбек Усмонов,

ЎзМУ газетаси мухбири

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *