2016 йилнинг 19 июль куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги, жумладан, Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода номига Ўзбекистон Республикаси бош вазири Ш. Мирзиёев номидан расмий мактуб йўлланди.
Мактуб Ўзбекистон Республикаси ТИВ матбуот хизмати сайтида келтирилган.
«2016 йилнинг 1 июлида «Роғун ГЭС» ОАЖ ва Италиянинг «Salini Impregilo S.p.A» компанияси ўртасида шартнома тузилганлигига оид маълумотнинг бир қатор оммавий ахборот воситаларида чоп этилиши муносабати билан қуйидагиларни маълум қиламиз.
2016 йилнинг 19 июлида Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёевнинг хати йўлланди. Мазкур хат Тожикистон Республикаси Бош вазири Қ.Расулзода номига йўлланиб, у қуйидаги мазмунга эга бўлди:
«Мазкур мурожаат Тожикистон Республикаси Ҳукуматининг Роғун ГЭСи қурилиши бўйича Италиянинг «Salini Impregilo» компанияси билан келишувга эришгани тўғрисидаги янгиликлар билан боғлиқ.
Шу муносабат билан Сизнинг эътиборингизни яна бир бор қурилиш майдонидаги бир қатор тадқиқотлар, биринчи навбатда, Жаҳон банки бошчилигида ўтказилган лойиҳанинг мажмуавий халқаро экспертизаси — Роғун ГЭСининг қурилиши Марказий Осиёнинг барча минтақалари учун улкан хавф-хатар туғдиришини тасдиқлаганини эслатиб ўтишни жоиз деб топдик, бу ҳақида раҳбариятнинг ҳамда қўшни мамлакатлар экспертларининг маълумотларида бир неча маротаба таъкидланган, Тожикистон Ҳукумати ҳам бундан яхши хабардор.
Жаҳон банки мазкур лойиҳанинг улкан техноген, экологик, ижтимоий ва иқтисодий хавфини инобатга олиб, Роғун ГЭСи қурилишини молиялаштиришда иштирок этишдан бош тортди.
Шуни эслатиб ўтиш лозимки, Роғун ГЭСини барпо этиш лойиҳаси ўтган асрнинг 70- йилларида ишлаб чиқилган. Бугунги кунда замонавий талаб ва тажрибани ҳисобга олиб, бу лойиҳани қайта кўриб чиқиш шарт.
Баландлиги бўйича дунёда тенги йўқ ҳисобланган 335 метрлик тўғонга эга бу қадар улкан миқёсли ГЭС мажмуаси қурилиши учун танланган майдоннинг сейсмиклиги Рихтер шкаласи бўйича 9−10 балл бўлган тоғ ҳудудида экани жиддий шубҳа-гумонларни келтириб чиқаради. Объектнинг маълум қилинган 3,9 млрд АҚШ доллари миқдоридан анча узоқ бўлган умумий смета қийматида амалий аниқлик мавжуд эмас, лойиҳавий ҳужжатлаш ишлари тўлиқ якунланмаган, обрўли экспертлар томонидан билдирилган жиддий мулоҳазалар инобатга олинмаган
Тожикистон ҳукуматининг ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам минтақа учун улкан хавф туғдириши мумкин бўлган Роғун ГЭСи қурилишини давом эттириш учун қилаётган уринишлари кишини хавотирга солмай қўймайди, албатта.
Тожикистон раҳбарияти мамлакатнинг энергия таъминоти билан боғлиқ муаммоларни кичик ва ўрта ГЭСлар ҳисобидан ҳал қила олади деб ҳисоблашга асосимиз бор, бунинг учун Тожикистон ҳудудида кўплаб дарёлар ва сув ресурслари мавжуд.
Бизга маълум бўлишича, бундай истиқболли дастур Тожикистонда амалга оширилмоқда», деб якунланади хат.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистонда қурилиши давом этаётган Роғун ГЭСи Марказий Осиёда энг йирик иншоот бўлиб, унинг илк пойдевори ўтган асрнинг 80-йилларида қўйилган эди.
Роғун ГЭСи 3600 мВт қувватга эга бўлиб, иншоот лойиҳасининг умумий қиймати тахминан 3 миллиард АҚШ долларини ташкил қилади.
Унинг тўғон баландлиги эса 335 метр бўлиб дунёдаги энг баланд тўғон бўлиши айтилган.
http://kun.uz
Сўнгги фикрлар