Саводхонлик — дунё муаммоси…
8 сентябрь – Халқаро саводхонлик куни
Мактабда бизларни ўқиш ва ёзишга ўргатишади. Бугун саводхонлик инсонни шахс этиб шаклланишида энг муҳим омил экани ҳеч кимга сир эмас. Саводли инсон ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши аниқ. Шу билан бирга саводхонлик нафақат хуқуқ, балки мажбурият эканини ҳам унутиш керак эмас. Шу сабабли ҳам ҳар йили 8 сентябрда Халқаро саводхонлик куни (International Literacy Day) нишонланади.
Бу байрам ЮНЕСКО томонидан 1966 йилда жорий этилган. 2016 йилда Халқаро Саводхонлик куни 51 марта нишонланмоқда. Халқаро Саводхонлик кунини эндигина ҳарф таниётганлардан тортиб, ўқувчи ва талабаларга таълим бераётган устозлар ҳам нишонлайди. Асосий тадбирлар ЮНЕСКО қароргохида бўлиб ўтади. Ҳар йили ЮНЕСКО томонидан саводхонликни кенг тарғиб қилганларга бешта мукофот берилади. Шундан учтаси Хитой ҳукумати томонидан таъсис этилган Конфуций номли (The UNESCO Confucius Prize for Literacy) мукофот бўлса, иккитаси Жанубий Корея хукумати молия билан таъминлайдиган қирол Седжонг (The UNESCO King Sejong Literacy Prize) мукофотидир.
1965 йилнинг 8 сентябрь куни Теҳронда Таълим вазирларининг саводсизликни тугатишга бағишланган Жаҳон конференцияси бўлиб ўтди. Айнан шу анжуман иштирокчиларининг ташаббуси билан бу байрам таъсис этилди.
1987 йилнинг 7 декабрида БМТ Бош Ассамблеяси (№ A/RES/42/104) резолюция қабул қилиб, 1990 йилни Халқаро Саводхонлик йили деб эълон қилди. 2002 йилнинг 18 январида эса 2003 йилнинг 1 январидан бошлаб “БМТнинг саводхонлик ўн йиллиги” деб номланган резолюция (№ A/RES/56/116) қабул қилинди. Орадан бир йил ўтиб қабул қилинган резолюцияда (№ A/RES/57/166) “БМТнинг Ўн йиллик саводхолнлик учун Ҳаракат режаси” тасдиқланди ва қабул қилинди.
2000 йил Сенегал пойтахти Дакарда БМТ томонидан Таълим бўйича Жаҳон анжумани ўтказилди. Унда 2015 йилга бориб, таълим ва саводхонлик сифатини юксалтириш ҳамда саводсизликни тенг ярмига қисқартириш масаласи қўйилди. Бу ташаббусни 160дан ортиқ давлат қўллаб-қувватлади.
Асосий йўналишлардан бири у ёки бу сабабларга кўра мактабга бормаётган хотин-қизлар саводхонлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шуни таъкимдлаш керакки, 2005 йилги маълумотларга кўра, атиги 50га яқин давлатдагина болаларнинг бошланғич таълими таъминланган. Ўша йили сайёрамиз ахолисининг 20 фоизи саводсиз экани айтилган эди.
ЮНЕСКО маълумотларига кўра, бугунги кунда жаҳонда мутлоқо ёзиш ва ўқишни билмайдиган 758 миллион киши истиқомат қилмоқда. Уларнинг учдапн икки қисмини хотин-қизлар ташкил қилади. Саводсизлар асосан Африка, Жанубий ва Ғарбий Осиё мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади. Афғонистон, Мали ва Сенегал аҳолисининг 50 фоизи саводсиз экани айтилади.
Бу борадаги янги Хисобот сешанба куни эълон қилинди. Халқаро ташкилот бош директори Ирина Бокова айни дамда жаҳондаги 263 миллионга яқин бола мактабга бормаяпти, деди. Таълимдан бебаҳра қолаётган болаларнинг учдан икки қисми уруш ва қуролли тўқнашувлар давом этаётган мамлакатларда истиқомат қилади. Ирина Бокова таълим даргохларига уюштирилаётган хужумлар ҳам ортиб бораётганидан ўз хавотирини билдирди. Статистика маълумотларига кўра, яқин орада мактабга бормайдиган болалар сони беш баробар ошади. Вазият шу даражада кетадиган бўлса бошланғич таълим билан барчани таъминлаш режаси 2042 йилга борибгина амалга ошиши мумкин. Қашшоқ давлатлар эса юз йил ўтибгина бу мақсадга эришишлари мумкин бўлади. Сахрои Кабирда қизларни юз фоиз 2086 йилга борибгина мактабга боришлари таъминланади.
ЮНЕСКО таълимни биринчи ўринга чиқармоқда. Ўтган йили қабул қилинган 2030 йилгача бўлган муддатга белгиланган Тараққиёт дастурида ҳам таълим соҳасига алохида эътибор қаратилган.
ЮНЕСКО раҳбари мактаблардаги озиқ-овқат дастурига ҳам алохида тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, бу дастур нафақат очарчиликка барҳам беради, балки мактабга борувчи болалар сонини кўпайишига ҳисса қўшади.
Сўнгги сўз ўрнида шуни таъкидлаш керакки, айрим мамлакатларда мактабни битирган болаларни том маънода саводхон деб бўлмайди. Чунки уларнинг билими халқаро меъёрларга тўла мос келмаслиги айтилади. Шу бос саводсизликка қарши кураш замонамизнинг асосий муаммоларидан бири бўлиб қолмоқда.
Шарофиддин Тўлаганов
Сўнгги фикрлар