САИД АҲМАД, НОМИНГ БАЛАНД!

ёхуд Устозлар ибратини кўрсатиш маҳорати

Саид Ахмад загружено (1) загружено

1980 йил талабалари бадиий адабиётга ўзгача ошно эдилар.

«Уфқ» трилогиясини ўқиётган бир курсдошимизнинг ҳар замонда виқор билан айтадиган: “Саид Аҳмад, томинг баланд, томингдан ҳам номинг баланд!” деган хитоби ҳаммамизга хуш ёқарди. Демак, томи маҳаллада бошқаларникидан анча баландроқ бўлган севимли адибимизнинг номи ундан-да юксакроқ эканини ҳис этардик.

1985 йили ўқишни битирганимизда каминани Қибрай туман газетасига ишга юборишди ва 1999 йилгача ўша ерда яшаганмиз.

Қибрайда энг катта омадим: “Дўрмон” Ёзувчилар боғи ёнгинамизда эди! Мен бу ажиб боққа ўша кезларда ошно бўлиб қолганман. Боққа кирганингиз ҳамоно чап тарафда севимли адибимиз Саид Аҳмаднинг мўъжазгина ҳовлиси бўларди. Ана шу ҳовлида устознинг кўп суҳбатларини мириқиб тинглаганмиз.

Бу ҳовлида севимли шоир-ёзувчиларимиз Ўткир Ҳошимов, Эркин Воҳидов, Неъмат Аминов, Носир Фозилов, Худойберди Тўхтабоевлар билан бўладиган дилтортар суҳбатлар аста-секин газета-журналларга кўчарди. Ардоқли адибимиз Ўткир Ҳошимовнинг бу мавзудаги туркум ҳангомалари адабиёт ихлосмандлари қалбидан мангу жой олгани баайни ҳақиқат.

Энди-энди ўйлаб, мушоҳада қилиб кўрсам, Саид Аҳмад ва Пиримқул Қодиров ўзларининг устозлари бўлган Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, Миртемир каби даҳо ёзувчи-шоирларга бизно ошно қилиб кетганлар. Бизнинг авлод миллий адабиётимизнинг ўша дарғаларини кўрмаганмиз. Улар ҳақида асосан ўзимизнинг устозлардан эшитиб, меҳримиз ортган.

Устоз ёзувчи-шоирларнинг ибратли фаолиятларини қизиқарли тарзда ёритиш анъанасини изчил давом эттирган Ўткир Ҳошимовнинг Саид Аҳмад ҳақидаги хотиралари, Хайриддин Султоннинг “Навоий 30” ва Шодмон Отабекнинг “Дўрмон ҳангомалари” китоблари чиндан ҳам қизиқарли. Асосан XX-асрда яшаб ижод этишган атоқли ёзувчи-шоирлар фаолиятини акс эттирган бу дурдона асарларни бугунги ёшлар учун ўзига хос ижодий маҳорат мактаби, десак арзийди. (Афсуски, эндиликда янги асримизда фаолият кўрсатишаётган ижодкорлар фаолияти ҳақида ана шундай қизиқарли хотиралар деярли ёзилаётганини билмайман).

Тўғри, бугун ўзим Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети талабаларига ўша Устоз ёзувчи-шоирларнинг айнан журналистика билан боғлиқ фаолиятларини ижодий маҳорат дарси сифатида тушунтираман. Ёш авлодда уларга ҳавас уйғотишга ҳаракат қиламан. Ана шу даҳо ёзувчи-шоирлар изидан боришга муттасил даъват этаман.

Барибир, Ўткир Ҳошимов, Хайриддин Султон ва Шодмон Отабекдек хотира асарлар яратишнинг ўрни бўлакча-да!

1999-2003 йилларда Олий Мажлис биносида Эркин Воҳидов, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов, Иброҳим Ғафуров каби Устозлар билан ёнма-ён фаолият кўрсатиш бахтига мушарраф бўлганман. Ўша даврда улардан кўп сабоқ олганман. Қолаверса, неча ўн йиллардан буён ўнлаб атоқли ёзувчи-шоирларимиз ибратли фаолиятларини кузатиб юрибмиз-ку! Демак, улар ҳақида хотиралар ёзиб боришимиз ҳам фарз, ҳам қарздир.

Бугун тушимда Устоз адибларимиз Саид Аҳмад ва Ўткир Ҳошимовни аниқ-тиниқ кўрдим. Ўша ёшлик хотираларимизга муҳрланиб қолган Дўрмондаги таниш ҳовлида гурунглашиб, гоҳо қаҳ-қаҳ отиб кулишармиш…

Машҳур уч қаватли бино ҳовлисида Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Оқилжон Ҳусанов, Худойберди Тўхтабоевлар ҳам гурунглашиб турганларини бир паст кузатдим.

Уларга бир зум боқиб, ўзимдан ўзим хижолат тортдим…

Катта Устозлардан сабоқ олганим билан шунча фахрланар эканман, нечун ўзим улар ҳақида салмоқли хотиралар ёзиш ўрнига бу қадар майда-чуйда гаплар атрофида ўралашиб қолаяпман?!

Нечун уларнинг руҳини шод этишга ожизлик қилаяпман?!

Номи нақадар баланд Устозларимдан бири Саид Аҳмад аканинг бир гапини фейсбукда ўзимча “таҳлил” қилганимдан жуда хижолат чекдим…

Балки, шунинг учун ҳам улардан тушумда яна бир бора сабоқ олгандирман…

Кўрган тушларимнинг ҳикмати шу бўлса ажабмас..

Руҳларингиз шод бўлсин, азиз Устозларим…

 

Тўлқин ЭШБЕК 

Зомин,

2023 йил 27 август

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *