Сайёҳлар учун визалар 2021 йил 1 январдан бекор қилинади!
www.gazeta.uz сайтида қайд этилишича, Ўзбекистонга ташриф буюрувчи 27 мамлакат сайёҳлари учун виза тартибини бекор қилиш тўғрисидаги 2017 йил 1 апрелдан кучга кириши лозим бўлган Президент фармони ижроси 2021 йил 1 январга қадар кечиктирилди. Мазкур ўзгариш Президент Шавкат Мирзиёевнинг 22 декабрдаги фармони билан тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг фармонига мувофиқ, 1 апрелдан 15 давлат сайёҳлари ва 12 мамлакатнинг 55 ёшдан ошган сайёҳлари учун виза тартибини бекор қилиш режалаштирилган эди.
Янги ҳужжатда қайд этилишича, виза тартибини бекор қилиш тўғрисидаги қарор сайёҳлик фаолиятини барқарор ва мувозанатлаштирилган ҳолда тараққий эттириш, зарур моддий-техник базани шакллантириш, хорижлик сайёҳлар ва республика фуқаролари ҳаёти хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш, шунингдек, чет эл давлатлари билан тенг ҳуқуқли ташқи иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида қабул қилинди.
Қарорда келтирилишича, виза тартибини кечиктириш тўғрисидаги таклиф Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси ҳамда бошқа вазирлик ва маҳкамалар томонидан киритилган.
Шундай қилиб, 2021 йил 1 январдан Ўзбекистон мамлакатга 30 кундан зиёд бўлмаган муддатга сайёҳлик мақсадида келган Австралия, Австрия, Буюк Британия, Германия, Дания, Испания, Италия, Канада, Люксембург, Нидерландия, Корея Республикаси, Сингапур, Финляндия, Швейцария ва Япония фуқаролари ҳамда Бельгия Қироллиги, Франция, Индонезия, ХХР (сайёҳлик гуруҳлари таркибида), Малайзия, АҚШ, Вьетнам, Исроил, Польша, Венгрия, Португалия ва Чехиянинг 30 кундан зиёд бўлмаган муддатда сайёҳлик мақсадида Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрувчи 55 ёшдан ошган фуқаролари учун виза тартибини бекор қилади.
Сўнгги фикрлар