САМАРҚАНДНОМА
Ўзбекистон давлати Мустақиллигининг 32 йиллиги,
кўҳна ва янги Самарқандга бахшиёна
Заминда кўҳна маъвосан, она шаҳрим, Самарқандим,
Менинг-чун баҳри маъносан, ғурур, фахрим Самарқандим.
Не қайсарлар изи сенда, не сайқаллар юзи сенда,
Биҳиштларнинг иси сенда жонажоним, Самарқандим.
У ёнинг қўҳи Нурото, бу ёндир ҳам самар, қандим.
Сенинг ишқинг ила жўшгай вужудда ҳар узв1, бандим!
Туркигўйларга пир бўлган баҳодир Афросиёбсан,
Зар билан айқашиб оққан қадимий наҳри Сиёбсан,
Манғиту найман, кенагас, барлосу қутчи, қиётсан,
Шоир Эргаш достонида таърифи ҳаддан зиётсан,
Бобомдурсан – улуғворим, набирам ҳамда фарзандим,
Сенинг ишқинг ила жўшгай вужудда ҳар узв, бандим!
Илм истар киши доим сенинг бағринг томон шошгай,
Магар райҳон алаф, аммо биҳиштлар бўйини сочгай.
Ажам юртига фарзанду Араб юртида шоҳ бўлди –
Бухорийнинг ҳадис илми бани инсон кўзинг очгай,
Қадамжосин зиёрат айласам дер бандаи гардун,
Илм ишқи ила жўшгай вужудда ҳар узв, бандим!
Имом Аъзамга бир толиб туғилгандир Мотуридда,
Улуғ номин этур ёд Шом, Қоҳира, Маккаю Жидда!
Намозда минг дуо ойлар улус қалбида масжидда,
Ҳанафий мазҳабин тиргак таянчи кўп, лек у — битта!
Муҳаммад ал-Мотуридий имоматликда пайвандим,
Ки Ҳақ ишқи ила жўшгай вужудда ҳар узв, бандим!
Жаҳонга донғи етган юрт – Темурбек ёру тулпори,
Мучал тўлмай Қуръон мағзини ёдлаган қори!
Қоғонот илгидан эрку эга “мен”ликни шарт юлган,
Ўлим қаршисида қўрқмай, курашган ўзбегим ори!
Неча бебош ҳукмдорга ўқилган ҳукм ила пандим,
Кураш руҳи ила жўшгай вужудда ҳар узв, бандим!
Илмнинг маҳзани бўлдинг, Улуғбек шоҳ эди токи,
Қозизода Румий ҳамда Али Қушчи-ю Саккокий!
“Самарқанд сайқали рўйи замин аст!” – бу нақл боқий,
Бухоро бўлди оламга тутар Ҳақ ишқини — соқий!
Илмга ошино бўлмоқ завқини сендин ўргандим,
Фалак тоқига боғланган вужудда ҳар узв, бандим!
Бошинг юксак, бироқ дилда аламу, дард қадоғ ўлди,
Мўғул ҳамла қилиб эрди, минор пилта чироғ ўлди,
Улуғбекка яқин – юлдуз, валек Макка йироқ ўлди,
Бу яхлит турк эли тарқаб, қуроқ узра қуроқ ўлди.
Унуттим неча йил оламда – ғоздек қадни кергандим,
Сенинг қайғунг ила тўлди вужудда ҳар узв, бандим…
Шукр, бул кун фахр этгум, ўзингда кўзи дунёни,
Бири “Боқий шаҳар” бўлса, бириси – Осиё нони!
Зарафшондан тўлиб келгай элим ризқи-ла зар кони,
Расадхонасидир бир ён, бу ён майдон – Регистони!
Ўзи заҳматкашу комил, лафз бобида ҳам тантим,
Элим меҳри ила жўшгай вужудда ҳар узв, бандим!
Тўлқин ЭШБЕК,
Иштихон ижод мактаби
2023 йил 5 июль
——————————————
1 Узв – ҳужайра, муча, қисм.
Сўнгги фикрлар