Сафарнома: САМАРҚАНД САЙҚАЛИ (3-мақола)
Ҳамкасблар ҳақида негадир мақола ёзмай қўйганмиз… (Аслида бу ҳам “арзимас” камчиликларимиздан биридир…)
Бир томондан ҳар куни юз кўришиб турган ҳамкасбинг ҳақида нимадир ёзиш ноқулайдек туюлади. Ибратли ишлари ҳақида ёзсанг “хушомадгўй”га чиқаришади, камчилигини танқид қилсанг “иғвогар” дейишлари турган гап…
Менга қолса, биринчи галда ҳамкасблар ҳақида холисона мақолалар ёзиб туришимиз лозим. Ибратли ишларини ҳам, камчиликларини ҳам дўстона, самимий, холисона ёзишимиз фойдадан асло ҳоли бўлмайди. Бундан ўзи ҳам, ўзгалар ҳам тегишли хулоса чиқаришининг нимаси ёмон? Балки, кимлар учундир сабоқ бўлар…
Ажойиб ҳамкасбимиз Шавкат Ибрагимов ҳақида бир-иккита мақолагина эмас, балки ҳужжатли қисса ёзсак арзийди. Афсуски, шу кунгача бирортамиз икки энлик мақола ёзмадик. Бугун хизматсафарда бироз вақт топиб, сокин қишлоқ оқшомидан илҳомланиб қоғоз қоралашга уриндим…
Шавкат ака билан 1980 йилда танишганмиз. Биздан 3-4 ёш катта акамиз мактабни тамомлаганидан буён журналистика факультетига ўқишга киришга ҳаракат қилаётган экан. Таниш-билишчилик авжига чиққан ўша йилларда “ўз кучига ишонган” бўлғуси журналист-олим учун талабалик бахтига эришиш насиб этмаётган экан… Атиги 50 нафар талаба қабул қилинаётган журфакка 500 дан ортиқ абитуриент ҳужжат топширарди. Улардан камида юзтаси таниш-билишчилик отига миниб қамчи ўйнатарди. Ўша даврда учта ижодий синов, тўртта имтиҳондан юқори баҳолар билан ўтиш асосан шунақаларга насиб этарди…
Имтиҳонларда ҳарқанча бурро жавоб бермайин каминага ҳам фақат “3” баҳо қўйишган… Йиқитиб юборишмаганига шукр қилиб кетаверганмиз. Чет тили билан тарих фанларидан талашиб-тортишиб “4” баҳо олганимда ҳақиқат бор экан, деганман. Фақат, унга эришиш учун курашмоқ лозимлигини англаб етганман. Ғалвир сувдан кўтариладиган “конкурс”дан ўтишимда раҳматли отамнинг ҳужжати қўл келган; иккинчи жаҳон уруши ногиронларининг фарзандлари олий ўқув юртларига киришида имтиёз бўлган экан. Шу тариқа талабалик бахтига мушарраф бўлганман.
Олис қишлоқлардан бирида туғилиб-ўсган Шавкат ака билан танишганимизда самимий кулиб: “биз ҳам жўқчи ўзбекларданмиз!” деганида ҳайратга тушганман. У киши бу шеванинг қанчалик қадимий ва қадрли бўлганини тушунтирганида қойил қолганман. Кўҳна Турон, Туркистоннинг пойтахти узоқ асрлар мобайнида Самарқанд бўлганида бу шева адабий тил даражасида эъзозланган экан. Бугун ҳам Самарқанд шеваси ўзбек адабий тилининг асосий устунларидан бири экани бежиз эмаслигини Шавкат ака теран таҳлил қилиб берган. Шундай зукко инсон ўқишга кира олмаётганига ич-ичимдан ачинганман.
Биринчи босқичда ўқиётган кезларда 50 нафар ҳамкурсимдан 30 дан ортиғи журналистика мутлақо лаёқатсиз эканлигини кўриб фиғоним фалакка етган. Ахир, курсимизнинг ярмидан кўпи журналист-кадр бўлиб етишмаса, бу юртимиз келажагига хиёнат эмасми, деб ўйлаганман. Шавкат акадек теран фикрли, истеъдодли, илмга чанқоқ йигитнинг ўрнига кириб олиб, ўқишнинг қадрига етмаётган ношудларга нафрат билан қараганман… Орадан кам эмас – 34 йил ўтди. Курсимиздан бор-йўғи 20 нафарча журналист етишиб чиқдик. Қолганлари эса ўзлари танлаган тўзонда чанг зарраларидек беиз кетди…
Хайриятки, келгуси йили Шавкат Ибрагимов ҳам талабалик бахтига мушарраф бўлди! Интилувчан, ташаббускор йигитни кўп ўтмай факультет ёшлари етакчиси этиб сайладик. Факультетимизда кўп талабалар бир-бирини танимасди, бироқ, ҳамма бирдек Шавкат Ибрагимовни яхши танирди! Ҳамма бирдек ҳурмат қиларди, сирдош дўст бўларди.
Шавкат ака оқкўнгил, самимий, меҳрибон, бироқ, камчилингизни сезиб қолса, юзингизга шартта-шартта айтиб ташлайдиган хилидан. Ўша чўрткесар феъли-атвори баъзиларга ёқмаслигини ҳам тўғри тушуниш керак.
У ўқишни муваффақиятли тамомлагач, меҳнат фаолиятини Ўзбекистон телевидениесида бошлаган. Соҳа амалиёти сирларини мукаммал эгаллаган. Ҳурматли устозларимиздан бири профессор Феликс Нестеренко истеъдодли йигитни илмий ишга таклиф этади.
Ўша даврда илмий иш қилиш ғоят мушкул эди. Мавзу Мосвкада тасдиқланар, диссертация рус тилида ёзилиши шарт эди. Шавкат Ибрагимов ҳаммасининг уддасидан чиқди. Москвага бориб, ўзбекчасига айтганда – “Ўзбекистон телевидениесида ишлаб чиқариш – иқтисодий кўрсатувлар проблематикаси” мавзуида номзодлик диссертациясини муваффақиятли ёқлаб келди. Фан номзоди деган дипломини 1993 йилда олган.
Ўша даврда университетимиз мутасаддилари бу истеъдод соҳибининг ташкилотчилик қобилияти, ташаббускорлиги ва бошқа фазилатларига тўғри баҳо бериб уни Телекўрсатув ва радиоэшиттириш кафедрасига мудир этиб тайинлаганларида борми, телевидение ва радио йўналишида қанчадан-қанча фан номзодлари, докторлари етишиб чиққан бўлармиди! Чунки бу соҳани тушунган мутахассис-олимгина шунга яраша шогирд етишитира олади. Минг афсуски, факультетимиз шунча йиллардан буён беқиёс имкониятни бой берди. Натижада, шу кунгача факультетимиздан телевидение йўналишида бошқа фан номзоди ҳам, доктори ҳам чиқмади… Шавкат ака телевидение соҳасида ҳамон ягона олим бўлиб қолмоқда…
Мабодо бу изланувчан, ташаббускор ва ташкилотчи журналист-олим деканлик лавозимига тайинланганида нима бўларди, деб ўйларсиз? Менимча, аллақачон журфак мураббийлари ва талабалари Ўзбекистон телевидениеси ва радиосида камида бир-иккита канал очишга ҳам муваффақ бўлиши аниқ эди!
Теран фикрли журналист-олим деканлик лавозимида бошқа кафедралар фаолиятини ҳам ривожлантириш учун имкониятлар яратган бўларди.
Очиғи, журфакни тамомлаб турли таҳририятларда фаолият кўрсатаётган журналистлар устозларни эҳтиром билан эслаб турадилар. Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида таҳсил олганлар раҳматли профессор Очил Тоғаевдан, кейинги йилларда эса филология фанлари доктори Мухтор Худойқулов, профессор Файзулла Мўминовлардан соҳамиз назариясини ўрганганларини фахр билан сўзлайдилар.
Шавкат Ибрагимовни ана шу устозларнинг давомчиларидан бири, деб эътироф этадиганлар ҳам кам эмас. Мураббий сифатида у факультетимиздаги энг фикри теран, билимли, айни пайтда қаттиққўл ва талабчан эканлиги билан ажралиб туради. Қатъиятли мураббийлиги боис бўлса керак, “Фалончи талабага бундоқ баҳо қўйиб юборинг” деган қанча ҳамкасблари билан терс бўлиб қолган…
Ўн йилча бурун юз берган бир воқеа сира ёдимдан чиқмайди. Мен ҳам сиртқи бўлимда таҳсил олаётган бир талабага баҳо қўйишини илтимос қилиб, сал бўлмаса жанжаллашиб қолаёзганман. Бу талаба янгамиз – Шавкат аканинг рафиқаси эди! Унга камина юқори балл қўйгандим. Шавкат ака эса… “фанимни ўзлаштирмагунингча умуман баҳо қўймайман” деб туриб олса денг… Шўрлик талаба-янгамиз ўша сессияда биргина Ибрагимов домладан “қарздор” бўлиб чиққан…
Шавкат акадан таҳсил олган, у илмий раҳбарлигида битирув-малакавий иши, магистрлик диссертациялари ёқлаган ўнлаб ёш кадрлар бугунги кунда республикамиз, қолаверса, вилоят ва шаҳар телерадиостудияларида фаолият кўрсатаётгани билан фахрлансак арзийди.
Ижодий муассасаларда ғалати ҳол кузатилади: чинакам истеъдодлилар ўз ишини жимгина қилаверадилар. Уларнинг ўзгалар билан иши бўлмайди. Минг афсуски, шундай нозик муассасаларга фақат шахсий манфаатини ўйлаб (қорин ғамида) ўрнашиб олганлар мансабга интилади. Бу йўлда ҳар қандай ғаразли ишлардан тоймайди. Ўша лавозимга лойиқ бўлган ходимларнинг кафедра мудири ёки декан лавозимини эгаллашига йўл қўймаслик мақсадида ортидан иғволар, фисқу фасодлар уюштиришга устаси фаранг бўлади. Энг ёмони, улар ўзлари ўқишга киришга қарашиворган талабаларни гиж-гижлаб, ўша мураббийси устидан иғво, туҳмат хатлари уюштиришгача борадилар… Такрор айтаман: энг манфур “мураббий” талабанинг номидан хат уюштиради ва унинг қўли билан устозларига тош отишга чиранади…
Раҳбарларга ҳам жуда қийинлигини тўғри тушунмоқ керак. Истеъдодли журналист-олимлар уларнинг қабулига деярли бормайдилар. Ўзлари чақирганларида ҳам бировни ғийбат қилиш у ёқда турсин, ҳатто тўғри танқидий фикрини ҳам айтишни ўзларига эп кўрмайдилар. Факультет ёки кафедра ишини мансабга эришиш деб билган истеъдодсиз ва ношуд кимсалар шу қадар усталик билан фисқу фасод қиладики, ҳар қандай одамнинг онги заҳарланиб қолмай иложи йўқ…
Минг афсуски, ноёб қобилият соҳиби бўлган Шавкат Ибрагимов ҳам ана шундай иғволар, фисқу фасодлар қурбони бўлиб келаётганини очиқ айтиш керак. Мутасаддиларнинг у ҳақда билган “салбий” гаплари асоссиз, иғводан бошқа нарса эмас…
Шавкат Ибрагимовнинг ноёб қобилиятини билганлар ўтган галги сайловда халқ депутатлари Сергели туман депутатлигига номзоди қўйилган Ғафуржон Муҳамедовга ишончли вакилликка таклиф этдилар. Бугунги кунда Олий Мажлис Сенати аъзоси Ғафуржон Муҳамедовнинг ишончли вакили сифатида Шавкат Ибрагимов амалга ошираётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқдир.
Бугун Шавкат ака билан Самарқандга хизматсафарга (пойга ўйнаб!) келар эканмиз, шууримдан ўтган ўйларимни йўл-йўлакай қоғозга туширган эдим.
Манноп Ибодуллаев ва Дилшод Бердиқулов билан тушликдан қайтар эканмиз, вилоят ҳокимлиги ҳовлисида кутиб турган Шавкат акани кўриб, дилим ёришиб кетди. Ҳол-аҳвол сўрашар эканман, Маннопжондан эшитган хушхабаримни ҳаяжон билан айтдим:
– “Ахборот” кўрсатувида ишлаб юрган шогирдингиз Фарҳод Тўраев Самарқанд вилоят Телерадиокомпаниясига раис этиб тайинланибди!
– Энди эшитдингизми?– Энсаси қотгандек гапирди Шавкат ака шохида эмас, баргида юришини намойиш этиб,– Фарҳоджон бу ерда иш бошлаганига ҳа демай бир йил тўлади-ку. Энг муҳими, вилоят телевидениесида катта ўзгаришлар юз бераётгани ҳақида эшитиб турибмиз!
Ҳечдан кўра кечроқ бўлса-да Фарҳод Тўраевни табриклаб қўйиш учун вилоят Телерадиокомпаниясига йўл олдик.
Бу масканга боришдан яна бир мақсадимиз, ЎзМУни тамомлаб келган ёш мутахассисларнинг ишга жойлашгани, пировардида, ҳаётда муносиб ўрнини топаётганлари ҳақида ҳам бирор кўрсатув тайёрлаш эди…
Тўлқин ЭШБЕК
(Давомини бир неча соатдан кейин ўқийсиз. Сайтимиздан узоқлашманг).
Ушбу сафарномани сайтимизга жойлаштиришга яқиндан кўмаклашаётган Оқдарё туман “Оқдарё овози” газетаси бош муҳаррири Йўлчи Муҳаммадиевга самимий миннатдорчилик изҳор этамиз.
Дарвоқе, “Оқдарё овози” газетаси таҳририятида республика газеталари етарли даражада экан. Айни пайтда ЎзМУ ва бошқа олий таълим муассасалари учун “Ахборот соатлари” материалларини ҳам тайёрлаяпмиз. Уни одатдагидек сайтимизга жойлаштирамиз.
Сайтимиз азиз мухлисларига ҳамиша мунтазир!
Сўнгги фикрлар