Сафарнома: Туркияда тинчлик неъмати
БАХТ ВА БАХТСИЗЛИК ЧЕГАРАСИДА
Инсон ҳаётда кўп нарсалар кўргиси, билгиси келиб яшайди.
Кўриш ва билиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар – орзуга интилиш деб таърифланади. Одам дунёдаги энг ривожланган давлатларни кўргиси, ундан баҳра олгиси келади. Ана шундай мафтункор мамлакатлардан бири – Туркиядир.
Бу мўъжизакор заминга шайдо диллар дунёнинг исталган жойидан топилиши мумкин. 2014 йил июль ойида Туркияга илк сафарим чоғида бунга амин бўлганман. Ғоят мафтункор шаҳар – Истамбулда ва бошқа хушманзара масканларда турли давлатлардан келишган саёҳатчилар билан қилган гурунгларим ҳақида тўлқинланиб ёзганман.
Бунақа мамлакатда одам фақат ифтихор билан меҳнат қилмоғи ва бахтли-саодатли яшамоғи керак, деган жўнгина фикр кўнглимдан кўп бора ўтган. Олис ўлкада юрганда Ўзбекистонимиз ҳам мустақилликка эришганидан буён қанчалик жаннатмакон ўлкага айланиб бораётгани ва дунё бизга ҳам ҳавас билан боқаётганини дилдан ҳис этганимни “Юксакларда бўй кўрсатган Ватан!” сарлавҳали эсседа баҳоли қудрат баён этганман.
Ирмоқлар бирлашиб улкан дарё ҳосил қилгани мисол қанчадан-қанча кўҳна обидаларни асраб-авайлаб, уларнинг ёнига энг замонавий бинолар қуриб, шаҳар бунёд этилган. Ҳайратомуз шаҳарлару серфайз қишлоқлар туташиб, улкан мамлакатга айланган. Қайси юртда шундай бахтга эришилган бўлса, у ерда яшаётган инсонлар фаровон кунлар қадрига етиб яшашлари ҳам фарз, ҳам қарздир.
Бирни кўриб фикр, бирни кўриб шукр қил, деганларидек, бир парча нонга зор, қултум сувга ташна бўлиб яшаётган эллар, қолоқ ўлкалар қанча бу дунёда… Йўқчиликдан ярим яланғоч ёки ўта юпун кийиниб юрганлар учун бундай ривожланган давлатларда яшаш у ёқда турсин, ҳатто уни келиб кўриш, сайру саёҳат қилиш ҳам амримаҳол…
Демак, Оллоҳ берган беқиёс бахтнинг, серфайз юртнинг қадрига етиб, шукроналар қилиб яшамаслик – катта гуноҳ, дегинг келади. Бу гал Туркияга 2016 йилнинг 15 июль воқеалари қурбонларини хотирлаш маросимларида иштирок этиш учун йўлга отланар эканмиз шууримдан шундай ўйлар кечди.
Тошкент халқаро аэропортидан эрталаб ҳавога кўтарилган улкан самолётимиз беш соат деганда мафтункор шаҳар – Истамбулга келиб қўнди. Сўнг, у ердан Анқара сари парвоз қилдик.
Самолардан рўйи заминни томоша қилишнинг гашти ўзгача. Уч томони сувлик – бўғозу денгизлар билан ўралган Истамбул шаҳрининг гўзаллигини таърифлашга сўз топа олмайсан. Унинг ҳар бир гўшасида истиқомат қилаётганлардан тортиб, бу шаҳарга мафтун сайёҳларгача нақадар бахтли бўлса керак, деган ўй кечади кўнглингдан. Бу бахтнинг қадрига етиб яшаётган иймон-эътиқодли инсонлар ҳам, минг афсуски, уни беқадр қилаётганлар ҳам кам эмас экан…
Ўтган галги саёҳатда бу шаҳар гўзалликларини қанчалик тараннум этгандик. Таассуфки, бу гал терроризм ва қўпорувчилик балоларидан жабр чекканларга ҳамдард бўлиб келмоқдамиз…
Ижодий сафардаги ҳамроҳлар: www.kun.uz сайти бош муҳаррири Умид Шермуҳамедов, www.daryo.uz сайти мухбири Ислом Бердиёров, www.qalampir.uz сайти мухбири Қамариддин Шайхов, “7х7” газетаси ва “Тараққиёт” телеканали ходими Аброр Зоҳидов, www.vodiymedia.uz сайти мухбири Дилмурод Жумабоев, www.interfutbol.uz сайти, “Футбол” газетаси мухбири Аҳад Абдухолиқов, www.nuz.uz сайти мухбири Евгения Колосова, фотомухбирлар Шерзод Икромутдинов ва Ҳотам Мамадалиевларнинг асосий мақсадимиз – бу ерда кўрганларимизни ўзимизнинг нашрларда ёритиш эди…
АНҚАРАНИНГ АЖИБ МАНЗАРАЛАРИ
Яхши, оқибатли инсонлар бир-бирига ўхшагани каби дунёдаги энг фусункор шаҳарларнинг ҳам қай бир жиҳатлари танишдек, дилингга яқиндек туюлади. Самолётимиз Туркия пойтахти осмонида пастлай бошлаганида бир манзарадан ҳайратга тушдим. Қир-адирлар орасида қад ростлаган Анқара шаҳри самолардан гўзал Тошкентимизга ўхшаб кетаркан.
Анқара аэропортида бизни эҳтиром ила кутиб олишгач, мўъжизакор шаҳар сари йўл олдик. Жўғрофий жиҳатдан Онадўли ясситоғлигида, Анқара ва Чубук дарёлари туташган жойда қад ростлаган шаҳарнинг ажиб манзараларини ҳаяжон билан томоша қилиб борарканмиз, равон йўл бўйларидаги ҳайратомуз бинолар, турфа иншоотлар, масжиту илм масканлари, савдо марказлари, корхоналар, меҳмонхоналар кишини ҳайратга соларди.
Йўл-йўлакай дуч келаётган турк қардошларнинг чеҳраларига разм соламан. Ўтган галги сафарда кўрганимдек бахтиёр чеҳралар ўрнини қандайдир ғам-андуҳ қоплагинини ҳис этдим. Демак, ўша 2016 йилнинг 15 июль куни содир этилган даҳшатли воқеалар ҳамон кўз ўнгиларида турибди, унда қурбон бўлган ва оғир жароҳат олган жигаргўшаларини ўйлаган дилихунлар ҳамон азият чекмоқдалар.
Уларнинг ғамгин чеҳраларига боқиб кўнглимдан яна ўша ўй кечди: шундай жаннатмакон юрт, тўкин-сочин, бебаҳо ҳаётнинг қадрига етиб яшамайсанми, эй, хом сут эмган бандалар!
Кўрган-билганларидан тўғри хулоса чиқарадиганлар тафаккурли инсонлар бўладилар. Ўтмишини унутганларнинг келажаги хайрли бўлмайди. Шул боис, одамларга залворли ўтмишларини эслатиб туриш учун музейлар бунёд этилган. Айтайлик, Анқара шаҳридаги ғоят “жонли” манзараларга бой “Антикабр” музейини кўрганлар “урушнинг номи ўчсин!” деб хулоса чиқармаслиги мумкин эмас. Ватан озодлиги учун қирғинбарот жангларнинг даҳшатли манзараларини ўз кўзи билан кўрганлар, урушда жон фидо қилганларнинг нолаларигача эшитганлар юрт тинчлиги ва осойишталиги, фаровон ҳаёт қадрига ўзгача етади, деб ишонасан…
ТИНЧЛИККА ТАҲДИД СОЛИНГАН ТУН
Хўш, ўша мудҳиш тунда, яъни, 2016 йилнинг 15 дан 16 июлга ўтар кечаси бу мамлакатда қандай воқеалар содир этилган эди?
Туркиянинг қатор вазирлик ва идоралари етакчилари, масъул ходимлари билан учрашувларда қайд этилишича, Фатҳуллоҳ Гулен деган шахснинг террорчилик оқими томонидан ҳарбий тўнтаришга уриниш содир этилган. Маҳаллий вақт билан соат 22:00 да Анқарада ўқ овозлари эшитила бошланган. Шаҳар устида вертолётлар ҳамда қирувчи самолётлар одамларда ваҳима уйғотиб парвоз қилган. Туркия қуролли кучларининг бир гуруҳ исёнчилари Анқара, Истамбул, Мармарис, Конье ва бошқа шаҳарларида ҳукуматга қарши исён кўтарган. Анқарада ҳарбий вертолёт миллий разведка биносини ҳаводан ўққа тутган, самолётлар Миллий парламент ва президент саройига бомба ташлаган. Истамбул ва Анқарадаги аэропортларда, Босфор бўғози устидаги кўприкда кутилмаганда танклар ҳаракатлана бошлади. Бегуноҳ инсонларни шафқатсизларча босиб кетган, енгил машиналарни мажақлаб ташлаган танклар ҳаракатини Туркия телеканаллари бот-бот намойиш қилиб турди…
Шу таҳликали дамларда Туркия бош вазири Бинали Йилдирим телевидение орқали чиқиш қилиб, мамлакатда ҳарбийлар гуруҳи давлат тўнтаришига ҳаракат бошлагани ҳақида эълон қилгач, жиддий саъй-ҳаракатлар бошланган.
Туркия президенти Режеп Тоййиб Эрдўғаннинг қароргоҳи, Адолат ва тараққиёт партияси штаби қамал қилинган. Кўзлари қонга тўлган исёнчилар давлат телеканалларини (TRT)ни эгаллаб, ўз хабарларини етказишга уринишган ва хусусий оммавий ахборот воситалари таҳририятларига бостириб киришган. Улар Туркия қуролли кучлари бош штаби аъзолари қўлга олингани, ҳукумат ҳарбийлар ихтиёрига ўтгани, мамлакатда ҳарбий ҳолат ўрнатилгани, комендантлик соати жорий этилгани ҳақида эфир орқали эълон қилишган. Бу вақтда Туркиянинг Болгария, Эрон ва Грузия давлатлари билан чегаралари ёпилган, Греция қуролли кучлари жанговар шай ҳолатга келтирилган.
Анқара ва Истамбул шаҳарлари кўчалари ва асосий майдонлари ҳарбий техникалар ҳамда аскарлар билан тўлиб кетган. Туркия Буюк миллий йиғилиши (парламент) биноси, Президентлик мажмуаси, Анқарадаги Гелбоши туманидаги махсус топшириқли гуруҳни тайёрлаш Маркази, пойтахтнинг Қаҳрамонқозон тумани, 15 июлдаги миллий ирода Майдони – Қизилой ҳудудида юз берган қонли воқеа-ҳодисаларни кузатганлар ҳайратдан ёқа тутиши турган гап…
Ҳарбий тўнтаришга уриниш юз берган тунда президент Эрдўған бориб жойлашган Мармарис вилоятидаги меҳмонхоналардан бири, Туркия миллий разведка ташкилотининг Йенимаҳаллада жойлашган бинолари корпусидан бири, “Чанқая” саройи, полиция Бош бошқармаси, Туркия ҚК Бош штаби биноси, Туркия жандармерияси Бош бошқармаси, TRT телеканали ва TÜRKSAT сунъий йўлдош компанияси атрофида кечган воқеалар, ҳарбийлар ва фуқаролар ўртасидаги даҳанаки жанглар тасвирланган лавҳаларни кўриб этинг увишади…
ОАВ ва қатор интернет сайтларида ёзишларича, бу воқеалардан ўшанда хабар топган президент Режеп Тоййиб Эрдўған Skype орқали эфирга чиқиб, ноқонуний давлат тўнтариши бошлангани ҳақида хабар берган. У ўз тарафдорларини Анқара ва Истамбул кўчаларига чиқишга, «бу тартибсизликни тўхтатиш»га чорлаб, ёрдам сўраган. Мамлакат раҳбари ўз нутқида бу ҳаракат Фатҳуллоҳ Гулен тарафдорлари томонидан амалга оширилганини маълум қилган ва дам олиш масканидан Анқара сари учган.
Аэропортлар бу вақтда исёнчилар қўлига ўтганди, шу туфайли бир муддат давомида президентнинг шахсий самолёти ҳавода учиб юрди. Бу эса унинг Германияга бошпана сўраб кетгани, Англияга йўл олгани ҳақидаги миш-мишлар тарқалишига олиб келди. Бу вақтда Анқарада танклар парламент биносини ўраб олиб ўққа тутар, полициячилар ва ҳарбийлар ўртасида отишмалар давом этарди. Халқ ўзи сайлаган президенти айтганини бажо келтирган. Одамлар танклар қаршисида мардонавор туришиб, демократик ҳуқуқларини талаб қилишган. Туркия армиясининг асосий қисми ва бир қатор қўмондонлар ҳам давлат тўнтаришига қарши бўлишган ва бузғунчилар ҳаракатига тўсқинлик қилган. Полиция ва прокурорлар зудлик билан исённи бостириш учун керакли чора-тадбирларни амалга оширишган.
Маҳаллий вақт билан тунги соат 01:30 да бош вазир Йилдирим исёнчиларнинг бир неча етакчилари қўлга олингани ҳақида маълумот берган. Шу тариқа устунлик Эрдўған тарафдорлари қўлига ўтган. Бош штабнинг махсус топшириқли бўлинмалари қўмондони, генерал Зекаи Аксакалли «спецназ ҳукумат ва халқ томонида бўлиши»ни маълум қилганда вазият амалдаги ҳокимият фойдасига ўзгарган эди. Кейинроқ разведка исён бостирилганини маълум қилган. Исёнчилар гаровга олган Туркия Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи озод қилинган. Аэропортларни эгаллаб олган ҳарбийлар таслим бўлишган. Парламентни ўққа тутаётган вертолёт уриб туширилган…
Тонгда Эрдўғаннинг самолёти Истамбул шаҳридаги Отатурк аэропортига қўнгач, у NTV эфирида қилган чиқишида исёнчиларни “ИШИД” жангариларига тенглаштириб, улар қатъий жазоланишини, армияда тозалаш ишлари ўтказилишини маълум қилган.
Туркия арбоблари билан учрашувларда баён этилган воқеаларни тинглаган ҳамда қатор телеканалларда намойиш этилган ўша мудҳиш ҳодисаларни кузатган кишида савол туғилади: ҳарбий соҳада юксак мартабаларга эришган офицерларга ўзи нима етишмайди? Айтсак-айтмасак, қўша-қўша уй, қўшимча дала ҳовли, етти пуштига етиб-ортадиган бойликлар-у қанча имтиёзлар… Шу гапларимиз моҳиятини англаб етса, юқорида тилга олинган бир бурда нонга зорлар ва бир қултум сувга ташналар нима дейишаркин?!
Кўп бадиий китоблар ўқиганмиз ва шу орқали ҳам дунё маънавий оламидан баҳраманд бўлганмиз. Дунёнинг турли миллату элатлари орасида уйғун тушунчалар мужассам. Яъни, бойлик кўзини кўр қилиб қўйганларга нисбатан “Буни пул, бойлик қутуртирибди” деган киноя ишлатилади. Ўша ўз халқини қонга бўяган, Туркиядек қудратли давлат тинчлигига, хавфсизлигига таҳдид солганларни нима йўлдан оздирди экан? Юртдан йироқда, мамлакатдан олисдаги Гулен деган кимсанинг ғоялари шунчалик фойдали ва эзгумиди? Мабодо, ўша мафкуралар амалга ошгудек бўлса, қўпорувчиларнинг чиндан ҳам куни туғармиди ё қалқиб кетган улкан кемада тубсиз жарга ғарқ бўлармиди? Бу интилишлар ортида жаҳон куч марказларининг қандай геосиёсий ўйинлари яширин эди? Наҳот, 80 миллионли халқнинг тақдири билан шу тариқа ўйнашиб бўлса?!
Сўнгги ўн йилликлар мобайнида жаҳон аҳли бир қатор қудратли давлатларда терроризм балоси, қўпорувчилик ҳаракатларини ҳайрат ичра кузатди. Қизиғи шундаки, АҚШдаги эгизак биноларни қулатганлар кимлар эди? Франция, Англия ва бошқа давлатлардаги даҳшатли қўпорувчиликларни четдан суқулиб кирганлар содир этишмаганмиди? Энди, ўзингдан чиққан балога – қайга борасан давога, деганларидек, Туркия тинчлигини бузганлар айнан ўзларининг ичидан чиққанларини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Тағин, бу разилликни кимлардир очлик ёки муҳтожликдан эмас, балки, тўқликка шўхлик қабилида қилганларини нима деса бўлади?!
Халқ орасида, бузоқнинг югургани сомонхонагача, деган нақл бор. Таассуфки, бу бузғунчилар бузоққа ўхшамасдилар. Улар замонавий ҳарбий қуролларга эга бўлган қора кучлар эди. Улар узоқ муддатли ва пухта ўйланган сценарий асосида иш олиб боришди. Раҳномалари эса бу йўлдан ҳарқанча маблағ бўлса аяб ўтиришмади. Ҳатто, самолётлардан туриб, пастдаги одамларга қарата ўт очган, бомбалар ташлаганларни кўриб ҳайрон қоласан.
Барибир, ҳақиқат, адолат ва халқ ғалаба қозонди!
Халқ тўлқиндир, халқ денгиздир, халқ кучдир, деган бетакрор сатрлар турк заминида ҳам ўз моҳиятини кўрсатди наздимда. Ўша мудҳиш тундаги халқ ғалабаси – мамлакат ва миллат ғалабасига айланиб қолди!
ВАТАНПАРВАРЛАР НОМИ ҚАЛБЛАРДА МАНГУ
Қонли тўқнашувлар чоғида тасвирга олинган лавҳалар ва уларга турли вазирлик ва идораларнинг муттасадилари, журналистлар берган шарҳлари Туркия телеканаллари орқали ҳафта мобайнида намойиш қилиб борилди.
«Анадолу» агентлигининг хабар қилишича, Демократия ва миллий бирдамлик куни – 15 июль доирасидаги тадбирлар Туркия президенти маъмуриятининг раҳбарлигида бошланди. 11 июль куни фуқаролар ҳарбий тўнтаришга уриниш қурбонлари қабрларига боришган ва ҳалок бўлганларнинг руҳини ёд этишган. Хотира тадбирлари ҳарбий тўнтаришга уриниш давомида асосий воқеалар рўй берган жойларда ҳам бўлиб ўтди.
Истамбулда хотира тадбирлари 15 июлдаги шаҳидлар Кўприги, Отатурк халқаро аэропорти, Қисиқли, Ченгел туманлари, CNN Türk телеканали, Сарачхон тумани, Фотиҳ Султон Маҳмуд кўприги, Ватан кўчаси, Эсенлер тумани, Türk Telekom телеканали биноси ва Истамбул фонд биржасида ташкил этилди.
12 июль куни Буюк миллий йиғилишда, йирик шаҳарларнинг 30 та кўргазма зали ва метро бекатларида очилган ўша кунги воқеаларни акс эттирувчи фотосуратлар кўргазмаларини турклар билан бир қаторда хорижлик журналистлар ҳам ҳаяжон билан кузатдилар.
Анқарадаги турли идора ва ташкилотларда ўтказилган учрашув ва очиқ мулоқотлар мавзуи асосан 2016 йилнинг 15 июль воқеаларига бағишланди. Унда ўнлаб давлатлардан борган журналистлар иштирок этдилар. Жумладан, ўзбекистонлик ҳамкасблар ҳам ҳар бир учрашув ва бошқа жараёнларни ҳозиржавоблик билан ёритиб бордилар (бу мавзуда қуйироқда батафсилроқ тўхталамиз).
Навбатдаги учрашувлардан бири Адолат ва тараққиёт партияси бош қароргоҳида бўлиб ўтди. Унда иштирок этган Туркия бош вазири Бинали Йилдиримнинг таъкидлашича, Туркия халқи 15 июль куни демократия учун кураш эпопеясини ёзган. Ўша тунда бутун мамлакат бўйлаб онгли қаршиликнинг намунаси намойиш этилган. «Биз сотқинларга мамлакатимиз, ватанимизни бериб қўймадик, энди уларга ўз келажагимизни ҳам бермаймиз», деди у сўзининг якунида.
Адолат ва тараққиёт партиясининг бош қароргоҳида «15 июлдаги миллий ирода ғалабасининг таҳлили» китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Навбатдаги учрашув Туркияда мамлакат бош вазири девони ҳузуридаги матбуот ва ахборот бошқармасида бўлиб ўтди. Унда Туркия оила ва ижтимоий сиёсат вазири Фотима Бетул Саём Кайя ҳам иштирок этди. Вазирнинг журналистлар билан учрашувда маълум қилишича, давлат тўнтаришига уриниш юз берган кечада у мамлакат парламенти биносида бўлган ва эрталабгача ўша ерда қолган. У бир гуруҳ депутатлар билан парламентга қараб кетаётганда ўққа тутилган экан. Улар парламентда тўнтаришга уриниш ҳолати қораланган декларацияни қабул қилишган.
Фотима Бетул Саём Кайянинг сўзларига кўра, ўша мудҳиш кеча демократия эркинлиги, конституциявий тартибни тиклаш, миллий ўзликни англаш нуқтаи назаридан жуда муҳим бўлган. Вазир алоҳида таъкидлаганидек, “Туркия сўнгги 15 йил давомида жуда муҳим ислоҳотларни амалга оширди. Бу ҳолат ўша ислоҳотларни “бўғиб қўйиш”га уриниш эди…”
Навбатдаги учрашувлардан бирида Туркия Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) раиси ўринбосари ва матбуот котиби Моҳир Ўналнинг айтишича, бу партия инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасида асосий ташаббускор бўлди ва партия ҳокимият тепасига келган биринчи кундан озмунча қийинчиликларни енгиб ўтмади. У қайд этишича, “Ўша куни ҳарбийларга нисбатан бирорта ҳам зўравонлик ҳолати қайд этилмади ва ҳалқ исёнчилар устидан тўлиқ ғалаба қозонди”.
13 июль куни Президентлик мажмуасида ҳарбий тўнтаришга уриниш кунида ҳалок бўлганлар ва яраланганларнинг қариндошлари билан махсус тадбир ўтказилди.
Туркия Бош вазири девони ҳузуридаги матбуот ва ахборот бошқармасида ташкил этилган медиа-тур маҳаллий ва хорижий ОАВ вакилларига муҳим маълумотларни тақдим этди. Бу ерда ўтказилган навбатдаги учрашувда Туркия адлия вазири Бакир Бўздоғ Усама бин Лодин АҚШ ва ЕИ учун қандай хавфли аҳамиятга эга бўлган бўлса, FETÖ етакчиси Фатҳуллоҳ Гулен Туркия учун шундай, деб алоҳида қайд этди. У АҚШ ва Европа Иттифоқига мурожаат қилар экан, FETÖ ташкилоти бўйича Туркия огоҳлантиришларини эътиборга олишга чақирди. АҚШ ЕИ мамлакатлари FETÖ барча мамлакатларга хавф солаётгани борасидаги баёнотларига жиддий муносабатда бўлиши кераклигини таъкидлар экан, «20 йиллар ичида улар Туркия бошдан кечирган синовлардан ҳам жиддийларига дуч келади, ўшанда Туркия ҳукуматига қулоқ солмаганига афсус қилади», деб уқтирди. Бўздоғ Туркияда қонунчилик ўрнига урғу берар экан, мамлакатда “исёнчилар учун алоҳида, оддий фуқаролар учун бошқа қонун мавжуд эмас”лигини қайд этди. Унинг айтишича, исёнчилар устидан суд мажлислари ошкора ташкил этилмоқда ва истаган киши мазкур ишлар бўйича маълумотлар билан таниша олади. Адлия вазири Туркия парламенти биносига бомба ташланган вақтда у шу бинода бўлганини эслатди. «Агар бомба 20 метр яқинроқда портлаганида, балки ҳозир мен бу ерда бўлмаган бўлардим», деб қўшиб қўйди у.
14 июль куни Туркиянинг 81 вилоятидаги масжидларда ҳалок бўлганлар руҳи ёдга олинди. Марҳумлар руҳига тиловатлар ўқилди. Ватан учун жонини фидо қилганларнинг оилаларига оилаларига ҳам эҳтиром кўрсатилди.
15 июль куни Анқарада инсон ҳуқуқлари бўйича Форум ташкил этилиб, ҳарбий тўнтаришга уриниш юз берган куни ҳалок бўлганлар ва яраланганлар қариндошларига алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Шу куни жаҳоннинг кўплаб давлатларидан келган журналистлар қатори Ўзбекистонлик бир гуруҳ ижодкорлар ҳам медиа-тур доирасида Туркия Қизил Ярим ой жамиятига ташриф буюриб, ташкилотнинг асосий вазифалари, фаолияти билан яқиндан танишдилар. Тадбирда қайд этилишича, Турк Қизил ярим ой жамияти 1868 йил 11 июнда Усмонийлар империяси томонидан ташкил этилиб, “Усмонийларнинг ярадор ва касал аскарлари” деган ном остида фаолият олиб борган. 1935 йилда эса Камол Отатурк республика тепасига келгандан сўнг жамиятга “Турк Қизил ярим ойи” номи берилган. Бу жамиятининг асосий вазифаси – табиий офатлар вақтида ёрдам кўрсатиш, донорликни ташкил этиш, соғликни тиклаш бўйича тадбирлар ўтказиш. Қизил ярим ой жамиятининг асосий тамойиллари: инсонпарварлик, бетарафлилик, холислик, мустақиллик, ихтиёрийлик, бирдамлик, универсаллик каби ғояларга асосланган.
Хорижда бу халқаро ташкилот фаолияти билан танишар эканмиз, ўз юртимизда ҳам шундай инсонпарварлик ҳаракатлари беихтиёр ёдга тушади. Яъни, Ўзбекистонда ҳам Қизил Ярим Ой Жамияти 1925 йил 14 ноябрда ташкил топган. Юртимиз истиқлолга эришгач, бу ташкилот мустақил Миллий жамият сифатида фаолият юрита бошлади.
Ўзбекистон 1995 йилдан буён Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой жамиятлари Халқаро Федерациясининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлиб, бир қатор хайрли ишларда фаол иштирок этгани яхши маълум. Чунончи, ҳар йили мазкур жамиятнинг маҳаллий ташкилотлари 5,5 мингдан зиёд ёлғиз яшовчи, ўзгалар қарамоғига муҳтож кексаларга, шунингдек, ногирон, кам таъминланган, кўп болали оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга моддий кўмак бериб, кийим-кечак, озиқ-овқатлар, дори-дармон воситалари ажратиб келмоқда. Ўтган беш йил давомида 20 мингдан зиёд фуқаро ҳамда муҳтож оилаларга 1,5 миллиард. сўмдан кўпроқ молиявий, моддий ёрдам кўрсатилган.
16 июль куни соат 00:13 да бутун Туркия бўйлаб махсус маросим ўтказилиб, сўнг “Демократия посбонлиги” тадбири бошланди. 2016 йил 15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси юз берган давлат тўнтаришига бир йил тўлган кун биродарлик ва бирлик куни сифатида кенг нишонланди. Туркиянинг барча вилоятларида Миллий бирдамлик марши бўлиб ўтди. Анқара ва Истамбул шаҳарларида минглаб кишилар кўчаларга чиқиб, тинч митинглар ўтказишди ва қурбонларни хотирлашди. 2017 йил 15 июлидан 16 июлига ўтар кечаси соат 02:30 да президент Режеп Тоййиб Эрдўған Буюк миллат мажлиси (парламент) биноси олдида чиқиш қилди.
Майдонда жамул-жам бўлишган Анқара аҳли давлат раҳбарининг чиқишларини эҳтиром билан тинглади. Мамлакат раҳбари ўз нутқида турк халқига ўт очган, миллатига қарши қурол кўтарганлар жазосини олмагунча террорчиларга қарши кураш қатъият билан давом эттирилишини қайд этди. У фавқулодда ҳолат терроризм таг-томири билан бартараф этилмагунча давом этишини маълум қилди. Айни пайтда Туркиянинг 2023 йилгача белгилаб олинган мақсадларига эришиш йўлида шижоат билан ҳаракат қилинишини таъкидлади.
Президент Эрдўған ўз чиқишларида халққа қарата тўрт бармоғини кўрсатиб, “Бир миллат, Бир байроқ, Бир Ватан, Бир давлат” (Tek Millat, Tek Bayrak, Tek Vatan, Tek Davlet) шиорини таъкидлади. Туркия халқи чиндан-да бир, якдил бўлиб июль воқеаларидан сўнг бу шиор остида янада қаттиқроқ жипслашгани яққол кўриниб турарди.
Турк тилидаги “Тек” сўзи ўзбекчада – “Бир”, “Ягона” деган маънони англатади. Биз эса уни рамзий маънода асл ҳолида “Тик миллат, Тик байроқ, Тик Ватан, Тик давлат” дея талқин қилдик. Бунда ана шу муқаддас тушунчалар – Миллат, Байроқ, Ватан, Давлатнинг моҳиятан тик, мағрур туриши, улар ҳеч қачон букилмаслиги англашиларди!..
Фуқаролар ҳарбий тўнтаришга уриниш чоғида ҳалок бўлган оила аъзоларининг суратларини кўтариб олган майдонда 250 нафар ўша марҳумларнинг исм-шарифлари ўқиб эшиттирилганида минглаб кишилар, хотин-қизлар жўр овозда “Бурда!” (яъни, у “Шу ерда!”) деб туришларидан юракларинг сел бўлиб кетади, миллат янада аҳилроқ ва жипсроқ бўлганини ҳис қиласан…
Туркия бўйлаб мамлакат тарихидаги ўша қора, мудҳиш кунда қурбон бўлганлар шу тариқа хотирланди…
КЎЗГУДА АКС ЭТГАН ҲАЁТ
Матбуот – ҳаёт кўзгуси, деган гап бежиз айтилмаган. Бу ўринда аслида барча турдаги оммавий ахборот воситалари назарда тутилган. Ҳозир гап бунда эмас. Глобаллашган дунёда ўзбек матбуотининг ўрни ҳақидаги мухтасар фикримизни қисқача баён этмоқчимиз.
Юртимизда журналист-кадрлар, жумладан, халқаро журналистлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультети ва бошқа таълим муассасаларидан ташқари ижодий уюшмаларда ҳам маҳорат мактаблари ташкил этилган. Бўлғуси журналистларнинг дунё тиллари, замонавий оммавий коммуникация воситалари сирларини пухта ўрганишлари йўлида кўп режалар амалга оширилмоқда.
Бу саъй-ҳаракатлар самарасини эса қатор интернет нашрларимиз фаолияти мисолида кўриш мумкин. Чунончи, юқорида баён этилган Туркия воқеаларидан ўша куниёқ халқимиз бохабар бўлган. Интернет тармоғидаги қатор миллий сайтларимизда ҳар бир воқелик тезкорлик ва ҳозиржавоблик билан ёритиб борилган.
Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси мутасадди ходимлари, айниқса, Матбуот хизмати маслаҳатчиси Исмоил Қозон вақти-вақти билан давра суҳбатлари ва матбуот анжуманлари ташкил этиб, ўзбек журналистларини Туркияда содир этилган воқеалардан хабардор этиб турди. Шу йил 11-16 июль кунлари Анқарада ўтказилган ўша Хотирлаш маросимларига ҳам Исмоил Қозон жанобларининг тавсиялари билан таклиф этилдик. Бу сўнгги вақтда Туркия давлати билан кенгайиб, чуқурлашиб бораётган ҳамкорлигимизнинг ўзига хос намойиши ҳам эди.
Ижодий сафар давомида ўзбек ижодкорлари орасидан етишиб чиқаётган том маънодаги халқаро журналистларни яна бир бора кашф этдим. Ҳамкасбимиз Умид Шермуҳамедов ҳар бир воқелик ҳақида ўша лаҳзалардаёқ тўплаган ахборотларини замонавий мобиль телефони орқали Тошкентга жўнатиб турди. Унга ҳамоҳанг тасвирга олаётган Шерзод Икромутдинов ҳам ранг-баранг суратларини йўллайверди. Шу тариқа Анқарада ўтказилган қатор тадбирлар, учрашувлар www.kun.uz сайтида яшин тезлигида (эҳтимолки, Туркия нашрларидан илгарироқ!) ёритиб борилди, десам муболаға бўлмайди. Туркия воқеалари ҳақида туб ерли халқ қанча ахборотга эга бўлса, Ўзбекистонликлар бохабар бўлган маълумотлар ҳам ундан кам эмас! Ахборот соҳасидаги гобаллашув деганлари аслида шу!
Ўткир қалам соҳиблари Аброр Зоҳидов, Қамариддин Шайхов, Ислом Бердиёров ва бошқа ижодкор дўстларимиз ҳам қанчалик саъй-ҳаракат қилганларини қатор сайтларимизда кузатиб бордик. Ўзбек ўқувчиларига тақдим этилаётган тезкор хабар ва мақолаларни Туркия заминида туриб интернет орқали кузатиш нақадар мароқли эди! Ушбу эссени тайёрлашда ўша ахборотлардан ҳам фойдаланганим боис шу ҳамкасбларимга самимий ташаккур изҳор этаман.
Анқарада ўтказилган қатор анжуманларда мағрибдан машриққача ўнлаб давлатлардан ташриф буюрган хориж журналистлари орасида ўзбек ижодкорларининг мағрур юришларини кузатиб, “Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, ҳеч кимдан кам бўлмаймиз!” деган даъваткорона сўзлар қулоқларим остида бот-бот жаранглаб тургандек туюлди.
Ниҳоят, сафаримиз поёнига етди. Мезбонлар ва бир ҳафта давом этган анжуманда қадрдон бўлиб қолган турли хорижлик ҳамкасблар билан самимий хайрлашдик.
Анқара аэропортидан улкан ҳаво кемасида самога кўтарилдик.
Жонажон Ўзбекистонимиз сари парвоз қилар эканмиз, яна бир бор рўйи заминга боқдим. Пурвиқор тоғлар-у мавжланаётган дарёлари, ям-яшил ўрмон-у ажиб кўллари, фусункор шаҳар-у сокин қишлоқлари ястаниб кўринаётган Туркия билан хайрлашгинг келмайди… Ҳали бу ерларда кўп эзгу ишлар, истиқболли лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга умид қилса бўлади.
Ана шу умидлар уммонида она юртимиз – Ўзбекистон сари парвоз қилар эканмиз, тили, дини, миллий қадриятлари бизга нақадар яқин қардош элга то абад тинчлик-омонлик, осуда ҳаёт тиладик.
Тўлқин ЭШБЕК,
www.uchildiz.uz сайти мухбири
Тошкент-Истамбул-Анқара-Тошкент
2017 йил 11-17 июль
Сўнгги фикрлар