Саховатпешалик фазилати

Ҳеч қанақа “расмиятчилик”сиз бир ишга журъат этдим. Университетимиз

кафедра мудирлари “телеграм канали”га қуйидаги таклифимни ёзиб қўйдим:

“Азиз ҳамкасблар! Юртимизда коронавирус инфекциясига қарши кураш доирасида ташкил этилган “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига беғараз ёрдам тариқасида бир кунлик маошимизни ўтказиб бериш таклифини билдирсам, нима дейсизлар?”

1

“Телеграм канали”миз бир пастда ҳамкасбларимизнинг қўллаб-қувватловчи фикрлари, ҳатто, Ректор номига шу мавзуда ёзилган “Ариза”лар билан тўлиб кетди.

“Бу ташаббусни сидқи-дилдан қўллаб-қувватлаймиз,– деб фикр билдирди ЎзМУ Магистратура бўлими бошлиғи Нурали Мажидов.– Бўлимимиз аъзолари бир кунлик иш ҳақини “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига беғараз ёрдам тариқасида ўтказиб беришга киришдик”.

“Немис филология кафедраси аъзолари шу ишни бошламоқчи бўлиб турган эдик,– деб ёзди мазкур кафедра мудири, профессор Шуҳратой Имяминова.– Зарурат бўлса, яна ёрдам беришга тайёрмиз”.

“Кимё факультети профессор-ўқитувчилари коронавирус инфекциясига қарши курашдан ҳеч қачон четда турмайди,– деб ёзди факультет декани Шаҳноза Қодирова.– Вақти келиб бундай вируслар пайдо бўлишининг тамомила олдини оладиган кимёвий моддалар ҳам яратармиз. Ҳозирча жамоамиз якдиллик билан бир кунлик маошимизни беғараз ёрдам тариқасида “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиб бериш ниятидамиз”.

Ҳамкасбларимнинг дилдан ёзаётган битикларини ўқиб кўнглим ёришди. Ҳар ишга қодир жамоамиз учун бундай саховатпешалик аслида бир фазилатдир. Мамлакатимизда карвонбоши зиёлилар маскани ҳисобланмиш – Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети профессор-ўқитувчилари ҳамиша ҳар бир ишда пешқадам эканлигидан фахрланиб кетасан киши.

– Имкони бўлганда жамоамиз азаматлари Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ ва Зангиота туманларида, пойтахт шаҳримиз Чилонзор туманида барпо этилаётган шифохоналар қурилишига ҳашарга боришга ҳам тайёр эди,– дейди ЎзМУ ректори, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Авазжон Мараҳимов.– Бугун ҳамма уйида ўтириши тақозо этилаётган бир пайтда, профессор-ўқитувчиларимиз таътилга чиқарилган талабалар учун масофавий таълимни йўлга қўймоқдалар.

Тиниб-тинчимас ЎзМУ профессор-ўқитувчиларининг ҳар бири Ватан ва халқ дарди ила яшайди. Бу зиёлилар жамоаси эл осойишталиги, жамият тараққиёти йўлидаги ҳар қандай эзгу ишга ҳамиша шай эканлиги ҳам минглаб талаба-ёшлар учун ибрат мактабидир.

 4

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика кафедраси мудири

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *