Саховат ва мурувват — халқимизнинг эзгу фазилатлари!
Меҳр-мурувват, саховат, оқибат, ҳиммат каби фазилатлар халқимизнинг
асл қадриятларидандир. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 20 апрель куни саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида таъкидлаганидек, ҳозирги карантин шароитида аҳолимизнинг ёрдам ва кўмакка муҳтож қатламларини аниқ, манзилли асосда қўллаб-қувватлаш мақсадида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйишга қаратилган ташаббуси ана шу миллий қадриятларимизнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Бутун дунёда бўлгани каби коронавирус билан боғлиқ мураккаб жараён мамлакатимизда ҳам давом этаётир. Халқимизни зарур озиқ-овқат, дори-дармон билан узлуксиз таъминлаш учун ҳам, иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун ҳам мамлакатимизнинг захиралари ва имкониятлари етарли. Шундай бўлсада, кўпчилик бўлиб юзага келган вазиятни бартараф этиш, биргаликда курашиш доимо ўзини оқлаган. Маълумки, ҳозирги карантин шароитида озми-кўпми азият чекаётган қатлам вакиллари сахий кишилар кўмагида қаддини тиклайди. Шу боис, ушбу ташаббусни “Миллий тикланиш” партияси тўлиқ қўллаб-қуватлайди. Айтиш ўринлики, партиямиз Олмазор туман Кенгаши ташаббуси билан шу кунгача жойларда ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар ҳолидан тез-тез хабар олиб турилибди. Саховатпеша инсонлар билан ҳамкорликда уларга саховат ва мурувват ёрдамлари беғараз кўрсатиб келинмоқда.
Бу эзгу ғоялар Олмазор тумани аҳолиси қалбини янада тўлқинлантириб юборди. Шу аснода бу қутлуғ ҳаракат биринчи галда халқ депутатлари Олмазор туман Кенгашига сайланган депутатларнинг кундалик ҳаёт мазмунига айланди. Туманда вақтинча ишламаётган ва ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, уларни манзилли асосда озиқ-овқат ва дори-дармонлар билан таъминлаш кўламини янада кенгайтиришга жиддий эътибор қаратилди. Олмазор туман “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати йўлга қўйилди. Шуни айтиш жоизки, қисқа муддатларда бу саъй-ҳаракатларимиз ижобий самарасини кўрсатмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 22 апрель куни ўтказилган видеоселекторда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромади кескин камайишининг олдини олиш вазифалари, шу жумладан, карантин чекловлари сабабли вақтинча ишсиз қолган фуқароларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилган оқилона фикрларини теран нигоҳ билан ўрганган ҳолда депутатларимиз тегишли режаларини белгилаб олди. Шу тариқа биринчи галда тумандаги барча оилалар маҳаллалар кесимида яна бир бор ўрганиб чиқилиб, ёрдам ва кўмакка муҳтожлар рўйхати шакллантирилди. Бу борада ҳар бир йўналиш ва кесимда бажарилиши зарур бўлган чора-тадбирлар юзасидан аниқ топшириқ ва вазифалар белгилаб олинди. Уларни ўз вақтида бажариш бўйича амалий ишлар бошлаб юборилди.
Президентимиз алоҳида таъкидлаганидек, аҳолимиз ўртасида камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак. Худди шу нуқтаи назардан ўтказилган таҳлиллар натижасида туманимиз аҳолисининг муҳтожлик даражасидаги қисмини аввало касб-ҳунарга ўргатиш, уларни иш билан таъминлаш масаласи аниқ режа асосида ҳал этилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 3 апрелда “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва ундан кейин қабул қилган қарорларида уларга берилган турли хил имтиёз ва преференциялар, солиқ таътиллари, имтиёзли банк кредитлари ва қўшимча енгилликлар туфайли туманимизнинг кўпгина ишлаб чиқарувчилари иқтисодий барқарорликни ҳамда иш ўринларини сақлаб қолишига эришгани эътиборга молик ҳолдир.
Ҳозирги пандемия пайтида ишсизлар, ёрдам ва кўмакка муҳтож аҳоли сони ортиши табиий. Турли мамлакатлар касалликка қарши курашиш баробарида иш жойларини сақлаб қолиш ва иқтисодиётни кескин таназзулга учрамаслиги учун бор имкониятларни ишга солмоқда. Бизда ҳам имкониятидан келиб чиқиб, қайсидир тадбиркор бир ойда мисол учун, 10 та, бошқа бири эса 20 та оилага кўмаклашиши, энг муҳими муҳтож оилалар аъзоларини ишга жалб қилиши мумкин. Худди шундай ҳолни Олмазор туманининг қатор маҳаллаларида кузатиш мумкин. Айтайлик, туманимизнинг Беруний номидаги маҳалласида бир тадбиркор эрталабдан кечгача кам таъминланган оилаларга текинга ширмой нон улашмоқда. “Тансиқбой”, “Шифокорлар шаҳарчаси” бозорларида ҳар куни сархил маҳсулотлар арзон нархларда сотилиши доимий йўлга қўйилган.
Халқпарвар Президентимиз таъбири билан айтганда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати давлатимиз ва халқимиз қудратининг амалий намоёнига айланиши аниқ! Бунинг учун “Миллий Тикланиш” партияси фаоллари ва халқ депутлари Олмазор туман Кенгаши депутатлари сафида партиямиз вакиллари бир тану бир жон бўлиб зиммаларидаги масъулиятли вазифаларни сидқидилдан адо этаверадилар.
Раҳимқул МАҲАММАДИЕВ,
Тўлқин ЭШБЕК,
Нигора МИРЗАЕВА,
Халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутатлари
Сўнгги фикрлар