САХОВАТ МУҲАББАТДАН

Шеърият шайдоларига шеър завқи

photo_2023-07-13_15-09-44

«Қамчи» десам ёдга «от» келар,

«Шах» деганда эса «мот» келар.

Ватан, десам тилимга шу он

Халқим сўзи нақарот келар!

Ўлим билан олишган зотман,

Хаёлимга чўнг ҳаёт келар.

Самарқанддан эсганда еллар,

Бахшилардан минг баёт келар.

Азаллардан дўст не уруғлар:

Манғит, қутчи, турк, қиёт келар.

Қовунларин кўрсам, емай ҳам

Ўша таниш, тенгсиз тот келар.

Улуғбекнинг расадхонасин

Туйнугидан самовот келар.

Аллоҳимга шукр, ҳалқимга

Ризқ қийилмай, давомот келар.

Ахмоқ билан олишмас оқил,

Баҳс бошланмай туриб мот келар.

Кибр аҳли ердан сал баланд,

Бурун кўкка тегар зот келар.

Бу дунёмиз бозорга менгзар:

“Айирбошла”, “Олу-сот” келар.

Оқил  раҳбар ўйига дастлаб,

Сиёсатмас — иқтисод келар.

Олисларни кўзлайди фикри,

Калтабинларга — «бисот» келар.

Омад чопса – ҳамманикисан,

Йўқса, туққанинг ҳам ёт келар.

Ҳаёсизда иймон ҳам бўлмас,

Қутнинг бошида уёт келар.

“Кайф” ёнида юради “чоғлик”,

“Вой!”нинг ёнида-чи “Дод!” келар.

Иштихоннинг қизлари азал

Сўзин бермас шўх-шаддод келар!

Қарашига чидай олмасдан

Кўнгил қўрғони барбод келар.

Нелар демас ошиқи шайдо:

Завқу шавқу шатаҳот келар.

“Ойни олиб бераман!”– дея

Ҳув осмондан маҳовот келар.

Булар бари табиий, Тўлқин,

Муҳаббатдан саховот келар!

 

Тўлқин ЭШБЕК

Иштихон ижод мактаби

2023 йил 13 июль

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *