Себзор

Рисолат Ҳайдарова 1966 йили Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирги Мирзо

Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетини тамомлаган.

Республика матбуотида унинг тарихий ва замонавий мавзудаги ҳикоялари, шеърлари, адабий-танқидий мақолалари чоп этилган. Унинг «Кетган қишнинг дардлари» номли шеърий,«Ғургуртепада саратон» ҳикоялар туркумлари, «Мағрура» номли қиссаси китоб ҳолида нашр этилган. «Жавзо» тарихий романи адибанинг навбатдаги изланишлари маҳсулидир.

1614667648.6862

(эсседан боблар) 

Бир туп ўрик соя ташлаган чоғроқ ҳовли. Дарвозанинг ўнг томонидан бошлаб, то ҳовли адоғигача сертокча, оҳак чапланган девор чўзилган.

Ҳовли жуда гавжум, мен таниганимдан кўра танимаган, билмаган одамлар кўп. Ҳамманинг юзида безовталик кўринади, нималарнидир гапиришади, лекин сўзларини тушуниб бўлмайди, қулоққа босиқ ғовур-ғувур чалинади, холос.

…Тонгда уйғонганимда хаёлимга келган биринчи ўй шу бўлди: “Тинчликми?”

Ҳаётимда нимадир янгилик ё воқеа-ҳодиса рўй бериши олдидан негадир бувамнинг Себзордаги ҳовлиси тушимга киради. Доимо ҳовлига одамлар тўпланганини кўраман. Уларнинг аксариятини танимайман, аммо нимаси биландир менга яқин, алоқадор эканлигини туяман.

Себзор менинг ҳаётимда, шаклланишимда катта ўрин тутган эдики, болалик хотираларимнинг энг ёрқин саҳифалари, ёшлигимнинг таъсирчан кунлари Себзор билан боғлиқ.

Себзор Тошкентнинг қадим тўртта даҳаси орасида майдони энг кичиги ҳисобланган, ХХ аср бошида унинг 66 та маҳалласи, 78 та масжиди, 3 та мадрасаси бўлган, Тошкентнинг учта – Лабзак, Тахтапул, Қорасарой дарвозалари шу даҳа ҳудудида жойлашган.

Бувамнинг ҳовлиси даҳанинг тарихий Себзор маҳалласида бўлиб, бу маҳалла Тарновбоши билан чегарадош эди.

Себзордаги уй қачон қурилганини билмайман, лекин бувимнинг ҳикояларидан тушунганманки, ичкари-ташқари ҳовлили бу уйни бувамнинг бобоси Иноғомбой қурдирган. У киши Тошкентнинг таниқли бойларидан, Юнусободда катта дала ҳовлиси ҳам бўлган.

Иноғомбойнинг уч фарзанди бўлиб, тўнғичи Тўхтаюсуф, кейин Мулла Икром ва ниҳоят, кенжаси Усмон. Усмон оқсоқолнинг фарзандлари эса беш нафар бўлиб, тўнғичи Низомиддин, ундан кейин Шамсиддин, Қўчқор, Хадича ва ниҳоят менинг бувам – Баҳром.

Бувам – Баҳром Усмон ўғли шу ҳовлида, ҳужжатларга кўра 1910 йилда туғилган. Аммо ҳужжатлар анча кейин олинган бўлиб, бувам ҳужжатдагидан уч-тўрт ёш катта экан. Шунга тахмин қилиб, ҳовли XIX асрнинг иккинчи ярмида қурилган бўлса керак, деб ўйлайман.

Ҳовли менинг болалик тасаввурларимда ажабтовур бир иншоот эди. Ҳовлига кираверишдаги катта, нақшинкор ёғоч дарвозанинг икки чеккасида кичкина супачалар бўлиб, уларнинг ёнида устунлар бор эди. Онам устунлар болохонани кўтариб турган, 1969 йилда болохона ёниб кетган, деганини эслайман. Болохонада онамнинг анчагина китоблари сақланаркан, онам баъзида шу китобларини эслаб ачиниб қўярди.

Мен дарвозаларнинг ҳалқаларини ўйнашни яхши кўрардим. Вақт ўтиб қорайиб кетган бу мис ҳалқаларнинг юзаси тирналиб, турли чизиқлардан ғалати “тўр” пайдо бўлганди.

Дарвозадан кенг, шифтига тоқи, деворига токча ишланган йўлакка кириларди, чап қўлда икки тавақали эшик, унинг ортида отхона бор эди. Ҳар хил қақир-қуқурлар, кўмир, рўзғорга деб олинган қопли ун, гуруч, картошка-пиёз сақланадиган ярим қоронғи бу жой нега отхона деб аталиши, албатта, ғалати эди. Бола пайтим бунинг сабабини сўраганимда, бувим:

– Бир вохтла шўтта Усмон оқсоқолни отлари турган, меҳмон кеса, отини шўтга кирғизиб қўйишган. Ҳар зотдор тулпорла кишнаганки бу отхонада! – деганини эслайман.

Йўлакдан ўтиб, ҳовлига кирилганда чап қўлда оғиргина эшик бор, унинг ортида эса иккинчи қаватга чиқадиган, мусулмон ғишт ётқизилган кенггина зиналар. Бу эшикдан нарида икки хонали уй, рўпарада ойнабанд айвонли яна битта уй, айвоннинг ёнида эса ичкари ҳовлига кириладиган йўлак. Шу билан ташқари ҳовлининг тасвири битади. Бу ерда бувам, бувим ва Тоҳир тоғамнинг оиласи яшарди. Ҳовлининг ўнг томони катта-катта токчалар ясалган узун девор, деворга нима учун шунча кўп токча ишланганини мен ҳеч тушунолмасдим.

Ичкари ҳовлига олиб борадиган йўлакнинг ҳалқали кўҳна эшиги ҳамиша очиқ турарди. Йўлакнинг тепаси ва икки ёни ёпиқ бўлганидан ярим қоронғи, ичкари ҳовлига кириш учун йўлак адоғига етгач, чапга қайрилиш керак эди. Йўлак тугаши билан бошингиз тепасида арка пайдо бўлади, ўнг қўлдаги эшикдан эса юқорига чиқадиган зиналарга дуч келасиз.

Ичкари ҳовлидаги бор уйлар фақат чап томонга қурилган. Ойнабанд узун айвон, унинг ёнида кичикроқ иккита хона. Бу ҳовлида Ҳасан тоғамнинг оиласи яшарди.

Ҳовлида баллонли газдан фойдаланишарди, чой эса самоварда қайнатиларди, қишда “буржуйка” деб аталадиган чўян печкада кўмир ёқиларди. 1980-йиллар бошига келибгина Себзорга табиий газ тортиб келинган, бу даҳа ҳаётида катта воқеа бўлган эди.

Уйнинг иккинчи қавати мен учун ҳамиша кашф этиладиган, очиладиган ердек туюларди. Юқориги қаватнинг бошидан охиригача ҳужралар чўзилган. Ҳар бир ҳужранинг эшиги икки тавақали, ҳалқали. Ичкарида турли кўза, хум, эгар-жабдуқ, чойдиш, қумғон, яна нималигини англаб бўлмайдиган буюм ва ашёлар чанг босиб ётарди.

Ташқари ҳовлининг тепа қаватида турган бир жуфт катта ғилдирак мени доимо қизиқтириб келарди. Улар ўша пайтдаги фильмларда кўрсатиладиган қўқонараванинг ғилдираклари эди: каттакон, бўйимдан анча баланд. Айтишларича, Усмон оқсоқол невара тўйи қилсам, миниб одамларни тўйга айтаман, деган ниятда арава ясаттирган, лекин замон алғов-далғов бўлиб кетиб, ниятига етолмаган. Бобом яхши кунлар умидида арава ғилдиракларини алоҳида, шотисини алоҳида қилиб тепага чиқартириб қўйган, аммо замон тинчигунча неча йиллар ўтиб кетади, қўқонараванинг даври ҳам тугайди. Шу-шу арава Усмон оқсоқолнинг ниятларидан хотира бўлиб, юқорида қолиб кетган.

Онамнинг айтишича, мен кўрган-билган ҳовли Иноғомбойга тегишли мулкнинг кичкина қисми экан, холос.

1917 йилги инқилобдан кейин “Йўқолсин бойлар!” шиори олға сурилади-ю, Усмон оқсоқол янги ҳукумат билан зиддиятга бормасликни маъқул кўриб, бойликларини ўз хоҳиши билан давлатга топшириб юборади. Шу боис унга тегишмайди, бобомнинг ихтиёрида ичкари-ташқарили ҳовлиси қолади. Унга девор-дармиён бўлиб яшаган акаси Тўхтаюсуф эса ёзги дала ҳовлисига ичи ачиганидан Себзордаги уйини ташлаб Юнусободга кўчиб кетади. Йўқсиллар унинг ҳовли-жойида “Қизил чойхона” очишади. Кейинчалик эса унинг бир қисми болалар боғчасига[1] айлантирилади.

Умуман олганда, Себзорда ўртасидан бўлинган, тақсимланган ҳовлилар кўп эди. Масалан, бувамнинг уйи жойлашган Колхоз кўчасида (бизнинг давримизга келиб, унга Алихонтўра Соғуний номи берилди) ўртадаги боши берк кўчаларни ҳисобга олганда етмишдан ортиқ ҳовли бўлса, шулардан майдони кенг бўлганлари иккита ё учта бўлиб, аксар каталаксифат ҳовличалардан иборат, уйларнинг томлари кўпинча бир-бирига уланиб кетган эди.

Кўчанинг транспорт қатнайдиган катта кўчага уланувчи қисми нисбатан кенгроқ бўлиб, ўша ердаги ҳовлиларнинг олдида бир-икки туп олма кўкарган, кўчанинг қолган қисми торлигидан эшиклар тагида дарахтлар йўқ, агар машина ўтишига тўғри келиб қолса, одамлар деворга қапишиб олишарди.

Кўчанинг бошланиши ҳам, адоғи ҳам пастлик эди, уни бошдан-оёқ кезиб чиқмоқчи бўлган одам аввало тепаликка кўтарилиши, асфальти кетиб, майда шағаллари оёққа ботадиган бўлиб қолган тор, дарахтсиз, уйларининг деворлари бирда туртиб чиққан, бирда ичкарига ботган қийшиқ кўчадан ўтиб бориб, яна пастликка тушиши керак бўларди.

Мана шу қийшиқ, лабиринтнамо кўчалар биз учун битмас-туганмас ўйинлар, саргузаштлар манбаи эди. Шу боис Себзорга бориш мен учун катта байрамга айланарди.

Бувамнинг ҳовлисига девор-дармиён бўлиб Алихонтўра Соғунийнинг уйи ва болалар боғчаси жойлашган эди. Болалар боғчаси ва Алихонтўранинг уйига битта дарвозадан кириларди. Ташқаридан у оддий ҳовлига ўхшарди, ёғоч дарвозадан киргач, узун йўлак бошланарди. Ўнг қўлда бошқа ҳовлига кириладиган эшик бор, унда Алихонтўра Соғунийнинг оиласи яшарди. Боғчага кириш учун узун йўлакнинг охирига бориб, чапга бурилиш керак эди. Боғча ҳовлиси гир айлана айвонсифат бинолар билан тўлган, ўртада кичкина гулзор билан беш-олтита арғимчоқ ва сирпанчиқлар бор эди.

Алихонтўра 1946 йилда Тошкентга олиб келингач, аввал Марказқўм боғида яшаган (аниқроғи, уй қамоғида сақланган), кейин у киши умрбод Ўзбекистонда қолишга рози бўлгач, бир вақтлар Тўхтаюсуфбойнинг ҳовлиси бўлиб, кейин чойхонага айлантирилган уйга жойлаштиришади.

Оиламизда Алихонтўранинг номи ҳамиша катта ҳурмат билан тилга олинарди. Алихонтўра маҳаллада катта эътиборга эга бўлиб, у қўшнилари Баҳром бувам, Асомиддин оқсоқол билан ҳамиша дўстона хуш муомалада экан. Мен оиламизда узоқ кутилган невара бўлган эканман, шу боис менинг қулоғимга азон айтиш масаласига ҳам орзу-ҳавас билан қаралиб, Баҳром бувамнинг (балки ота-онамнинг ҳам) истаги билан мени – эндигина туғруқхонадан чиққан чақалоқни Ғурғуртепадан атай Себзорга – Алихонтўра ҳузурига олиб келишган.

Болалик ва ўсмирлик пайтим Алихонтўранинг Тошкентга олиб келиниши билан боғлиқ воқеаларни узуқ-юлуқ эшитганман, боиси ўша пайтда бу ҳақда очиқ гапирилмас, ёзилмас эди. Фақат Мустақиллик йилларигина бу фидойи инсоннинг фаолияти, унинг бошидан кечирганлари тўғрисида очиқ ёзилди. У кишининг пешонасига улуғ тақдир – миллат озодлиги йўлидаги курашга бошчилик қилиш, эркка интилган халқни ғалаба сари етаклаш, Шарқий Туркистон Ислом республикасининг биринчи давлат раҳбари ва ҳарбий маршали бўлиш ёзилган экан. Шундоққина биқинида эркин ислом давлатининг туғилиши унинг яқин қўшнилари – СССР ва унинг ҳамкор, ҳамфикри бўлмиш коммунистик Хитойни чўчитиб қўйганидан бу ўлкадаги озодлик руҳи кенг ёйилмай туриб, уни тинчгина йўқ қилиш ҳаракатига тушадилар. Чунки Иккинчи жаҳон уруши эндигина тугаган, Совет Иттифоқи мамлакат унинг асоратлари, кулфатлари билан яшаяпти, қолаверса, дунё ҳам қалқиб турибди. Демак, ёнгинасида туғилган хавфни уруш йўли билан ҳал қилиш катта “ташвиш” келтириши мумкин. “Тинчгина” ҳал қилишнинг энг яхши йўли эса халқни сардорсиз қолдириш эди. Шундай қилинди ҳам. Уни чекистлар тунда уйидан ўғирлаб олиб чиқилиб, самолётда Тошкентга келтиришади. Шарқий Туркистоннинг кейинги тақдири шу билан тугадики, бу давлатнинг номи тарихда-ю, ўша даврдаги харитада қолди, холос.

Кейинчалик мен у кишининг “Туркистон қайғуси” асарини ўқидим. Ўқирканман, элимиз, халқимиз бошига тушган кўп шўришлар кўз олдимдан ўтди. “…дунёда яшаган ҳар бир кишининг энг аямлик, қизғаниб асрайдиган беш нарсаси бордир. Биринчи жони, кейингилари дини, моли, оиласи, она Ватанидир”. Мен ўқиб-ўрганишларим, кузатишларим давомида бу сўзларнинг қанчалик ҳақ эканлигини англай бордим.

…Алихонтўра вафот этган пайти мен ўн яшар бола эдим. Қишнинг сўнгги куни. Эсимда, қуёш чарақлаб турарди. Себзор қайнаб, тошди. Бувамнинг ҳовлиси жойлашган Колхоз кўчаси жуда тирбанд бўлиб кетди. Одамлар эса ҳамон оқиб келарди. Биз ташқари ҳовлининг иккинчи қаватига чиқиб олдик. Оқ сурп айлантириб ўралган тобутни бир қадам масофага бўлса ҳам елкасига олишни истаганлар жуда кўп эди. Тобут елкадан-елкага ўтиб борар, одамлар тобутга ҳеч қурса қўллари тегишидан умидвор бўлиб, ҳассакашларнинг елкалари оша қўл узатишар эди.

* * *

Себзор менинг назаримда ҳар жиҳатдан ўзгача, бетакрор эди. Айниқса, маҳалла аҳлининг турмуш тарзи, уларнинг одатлари менинг болалик тасаввуримда олис даврлардан етиб келган ажойибот бўлиб гавдаланарди. Ҳолбуки, Тошкентнинг ҳар бир маҳалласи фақат пойтахтгагина хос бўлган урфларга таяниб тўй қиларди, маросим ўтказарди. Аммо Себзорда қадимдан сақланиб қолган баъзи одатлар бор эдики, уларни мен Ғурғуртепада кўрмагандим. Масалан, бувамнинг маҳалласида ўша пайтда ҳам жарчи бор эди. Кимдир тўй қилса, ош берса, тўй эгасининг ўзи уйма-уй меҳмон чақириб юрмасди, бу ишни жарчи бажарарди. Миқтидан келган қорамағиз бу кишини Одил ака деб чақиришарди, у ҳар бир эшикнинг ёнига келарди-да, қўлини оғзига карнай қилиб қичқирарди:

– Ҳабибулла-а-а-! Чоршанби кун наҳорга Нусратилланикига ошга-а-а-а!

Ёки:

– Баҳро-о-о-ом! Шанби кунига пешинга Мусаникига эҳсонга-а-а-а!

Хуллас, тўй ёки маросим эгаси меҳмонларни танлаб чақирмасди, маҳалла ёппасига бораверарди. Йигитлар эшикдан кирган заҳоти хизматга – қатор туриб олиб, лаганни қўлма-қўл ташигани шайланишарди, эсини таниб қолган болалар оналари пишириқ солиб, дастурхонга ўраб берган тоғораларни кўтариб келишарди. Пишириқларнинг ҳаммаси уйда тайёрланарди, у вақтда буюртма бериш, ярим тайёр маҳсулотларни сотиш деган гаплар йўқ эди.

Тўйлар ҳамиша гавжум, ғала-ғовурга тўла бўларди. Ҳовлилар аксаран кичик бўлса-да, маҳалла аҳлига бу кўпда сезилмасди. Саҳнга гир айлана терилган йиғма столлар атрофига харраклар қўйилиб, устига кўрпачалар солинарди. Қариялар уйга киритиларди, ёшроқлар эса мана шу харракларга жойлаштириларди. Аввалдан тайинлаб қўйилмаган бўлса ҳам катта йиғинларда одамларнинг ўзлари хизматга киришиб кетаверишар, барча нима ишни бажариш кераклигини ва уни қандай адо этишни яхши биларди, гўё бу аввалдан созлаб қўйилган бир механизм эди-ю, керакли тугма босилгач (яъни тадбирга чақирилгач), деталлар баравар ишга тушарди. Аслида эса булар йиллар давомида шаклланган удумлар, халқимиз маънавий қиёфасидаги бетакрор чизгилар эди.

Биз – болалар учун тўйнинг энг қизиқ жойи келиннинг келиши эди. Атрофда карнай-сурнайнинг ғат-ғати-ю, чийиллаши, болаларнинг қий-чуви, аёллар, йигитлар, эркакларнинг ғовур-ғувуридан иборат қуралаш бир шовқин, тўйхонада, кўчада одамлар тирбанд, ҳамма шошқин… Зарбоф чопон кийиб, бошига жиғали салла қўндирган куёвни икки томондан икки ўртоғи қўлтиқлаб олган, куёв жўралар келинчак ўтирган машина ойнасига эгилиб, янгалар билан музокара юритишади. Чунки келинни машинадан тушириб олиш учун янгаларни хурсанд қилиш керак, янгалар эса келинни бермаймиз, дейишади. Аслида янгаларнинг бу иши шунчаки бир гап, ахир никоҳдан ўтилган, элга ош берилган, келиннинг сепи келган, қудалар ачомлашиб ҳол-аҳвол сўрашиб туришибди, келинни бермай қаёққа ҳам боришарди? Аммо урф-одат тақозоси деган гап бор. Хуллас, келиннинг икки ёнидаги янгалар қўлига теккан ақчадан рози бўлишди, олд ўриндиқда ўтирган кайвони ҳам хурсанд бўлиб, куёв жўраларга: “Илонам пулларинг кўпайсин”, деб қўйди. Эндиги томоша – келиннинг оёғини босиш. Ким биринчи бўлиб оёқ босса, оилада шу устун бўлади, дейишади. Шунинг учун куёв чаққон бўлиши керак, агар келин унинг оёғини босиб олсами, тамом!

Лекин мен бирон марта ҳам келин куёвнинг оёғини босганини, ҳатто босишга ҳаракат қилганини кўрмадим. Келинлар гўё куёвнинг ниятини билмагандек бошларини эгиб ювошгина туришади, баъзи раҳмдил келинчаклар оёғимни излаб қийналмасин дегандек, узун этакларини хиёлгина кўтариб ҳам қўйишади. Келиннинг оёғи босилгач, йигитлар қийқириқ кўтаришади. Ҳовлининг гир айланаси стол ва харракларга тўлганидан, кўпинча рақсга тушадиганлар учун давра ўртасида торгина жой бўш қоларди, бироқ ҳеч ким бундан хижолат чекмасди. Чунки мезбонларнинг ҳам, меҳмонларнинг ҳам бағри кенг, ўйин-кулгини тор жойда ҳам уддалайверишарди. Даврага сиғмаганлар ўтирган столининг ёнида рақсга тушиб кетаверишарди, келинга ажратилган хонада ўтирган қудалар эса ясатиғлиқ уйнинг ичидаёқ ўйинга тушишарди.

Агар маҳалладан қиз узатиладиган бўлса, биз куёв навкарнинг келишини томоша қилардик. Олдинда карнай-сурнай, ноғорачи нағмани баралла қўйиб келишади, уларнинг ортидан икки-учта йигит рақсга тушади, куёв бошига дўппи кийиб, бир тўп йигитлар орасида ерга қараб келади, рақсга тушаётганлар вақт-вақти билан куёвнавкарлар тўпига қараб сакрайди-да, куёвнинг бошига қўли билан секингина уриб қўяди, буни кўрган атрофдаги йигитлар қийқириқ кўтаришади. Бу билан йигитлар куёвни бошини янада пастроқ эгишга ундайдилар, куёвга: “Сен қайнотангнинг уйига келяпсан, шу маҳалланинг қизини олиб кетгани келяпсан, бағрида авайлаб асраган фарзандини сенга бераётган оиланинг, сени куёвимиз деб тан олган маҳалланинг олдида бошингни эг, сенинг бугунги хурсандчилигингни эса биз ифодалаб берамиз”, демоқчи бўладилар. Бу ҳаракатнинг маъноси шу. Шунинг учун куёв қайнотанинг уйига бошини эгиб кириб келади.

Кетаётганда эса эгнига зарбоф чопон кийиб, бошига жиға тақилган саллани қўндириб, бошини баланд кўтариб чиқади. Чунки у қайнотанинг уйида кўрпалардан ясалган тахтга ўтқазилади, боши устида гўшанга осилиб туради. Куёв қадим удумга кўра гўё подшо мақомига эга бўлади, унга кийгазилган сарпо – зар чопон ва жиғали салла ҳам шундан далолат. Агар эътибор берган бўлсангиз, куёв кутиш худди подшоҳни тахтга ўтқазиш маросимини эсга солади.

Бешик тўйлар ҳам томоша қилишлик. Қуданинг эшиги тагига юк машинаси келиб тўхтайди-да, ундан ясатилган бешик, беланчак ва ҳоказоларни туширишади. Аёллар ичидан ёши улуғи, бардами бешикни елкасига кўтаради-да, олдинга тушади. Қолганлар унга эргашади, бешик кўтарган аёл алла айта бошлайди, бошқалар унга жўр бўлишади. Шу тахлит бир гала хотин ҳовлига алла айтиб кириб келади.

Ҳозир келин-куёвга тилак билдираётган аёллар (ё ажаб, қизлар ҳам) “келаси йил шу пайтга “алла болам”лаб бешик обориш насиб қилсин”, дейишади-ю, лекин нима учун тилак шу тарзда айтилишини билишмайди. Шунингдек, бешик тўйида ҳам аёллар эшикдан алла айтиб киришмайди.

 

* * *

1977 йил эди. “Шум бола” фильми суратга олинаётгани ҳақида хабарлар чиқди. Себзорда эса миш-миш тарқади: “Шум бола”ни шўтда сиёмка қилишармиш. Маҳалла камитетга режиссёр кепти, ҳовлилани кўришармиш…”

Миш-мишлар рост чиқди: чиндан ҳам Себзорга киночилар келишди.

Кўчамизнинг адоғида, Тарновбошидаги гузарга тушаверишда фильмнинг эпизодларидан бири суратга олинди. Маҳалла аҳли Тарновбошидаги чойхона ёнига тўпланиб олиб киночиларнинг ишини қизиқиб кузатар, уй бекаларидан тортиб, кексалар-у, бола-бақрагача кўчага тошиб чиққанди. Мана, қаҳрамонлар – Тешавой ака билан Қоравой пастга эниб кетган йўлдан тушиб келишди, бола бошига кулфат тушганидан хабар топди… Ўша пайтда бу эпизод фильмнинг қайси қисмига тегишли эканлигини билолмаганман. Чунки “Шум бола” қиссасини ўқигандим, унда тасвирга олинаётган воқеа йўқ, Қоравой асар охирида дурустгина пул билан онасининг ёнига қайтиб келарди.

“Шум бола” экранга чиққанда бизни синфимиз билан бирга кинотеатрга олиб боришган. Менга Себзорнинг қайси кўчалари фильмга кирганини, бу машҳур қиссанинг экрандаги талқини қандай чиққанини билиш қизиқ эди. Фильмнинг экран варианти ва қисса ўртасида каттагина фарқларни кўрдим. Аммо фильм, барибир, менга жуда ёқди. Себзордаги, Лабзакдаги кўчалар “суратга тушган” бешта эпизодни санадим. Фильм бошдан-охир Себзорда суратга олинмаганидан хафа ҳам бўлиб қўйдим.

“Шум бола” фильмида бош қаҳрамоннинг бешикдаги укаси ролига узоққа бормай, маҳалламиздаги митти болакайлардан бири – Себзорда ҳаммамиз ҳурмат билан Суннат амаки деб атайдиган Иброҳимни танлаб олишади. Суннат амаки тери-таносил касалхонасининг дорихонасида ишларди. Шундай қилиб, маҳалла Иброҳимга “Шум боланинг укаси” деган “унвон” берди. Ҳозир Иброҳимнинг ёши қирқ бешдан ошиб қолган, қатор-қатор фарзандлари бор. Лекин маҳалла аҳли учун у ҳамон “Шум боланинг укаси”.

Айтиш керакки, Себзор кино учун жонли декорация вазифасини жуда яхши ўтаган. Масалан, Себзор манзараларини “Жазирама қуёш остидаги уй”, “Оловли йўллар” каби фильмларда ҳам кўриш мумкин.

Ўзбек фильмларида Себзордаги ҳовлимизнинг дарвозаси ҳам “қатнашган”. Масалан, “Учрашув” фильмининг охирги лавҳасида Эргаш Каримов қудалар билан тўйнинг олди-бердиси ҳақида гаплашгани келганда бувамнинг нақшинкор дарвозалари ҳалқасини қоқади.

Режиссёр Латиф Файзиев 1953 йилда суратга олган “Бой ила хизматчи” фильмида кўринган Солиҳбойнинг данғиллама хонадони эса катта бобом Зокирхоннинг Аэроплан кўчасида жойлашган ҳовлиси. Солиҳбойнинг хотинлари Пошшо ойим (Зайнаб Садриева) ва Хонзодахон (Маръям Ёқубова) ясланиб олиб сирлашадиган супа тагида эса бир вақтлар бувимнинг тилла тақинчоқлари жойланган самовар ташланган ўша “машҳур” ҳовуз бор.

Жамила келин бўлиб тушганда аёллар унинг боши узра тутиб келган палак эса Тожинисо кеннойимизники (у бувимнинг акаси Шокирхоннинг хотини) бўлиб, фильм учун уни авайлаб сақланаётган жойи – сандиқдан чиқариб беришган экан.

– Ойим Замира Ҳидоятовала, Зайнаб Сайдриевала минам гаплашганман, деганла. Маръям Ёқубова роса қизиқ гапла минам ҳаммани кулдирарканла, кинодаги Хонзодага ҳечам ўхшамас эканла, ойим манга шунақа деганла, – дея ҳикоя қиларди Насиба кеннойим.

“Бой ила хизматчи”нинг суратга олиниши маҳалла ҳаётида жуда катта воқеа бўлган, Шукур Бурҳоновни кўриш учун одамлар Себзорнинг ҳар еридан келиб-кетишаркан.

Кеннойим бувимдан фильмнинг суратга олиниши билан боғлиқ баъзи воқеаларни эшитган, кейинчалик уларни кула-кула менга айтиб берган.

– Бойни кенжа хотини Гулбоҳор боласини чўмилтирадигон жойи бор-у, ўшани Тожи кенайимни уйида олишганакан. Мис жом, абдастаям Тожи кеннайимники.

Хуллас, сценарий бўйича Гулбаҳор (Яйра Абдуллаева) боласини чўмилтиришга тайёрланаётганда уни қайнона чақириб қолади. Хонзода эса кундошидан ўч олиш учун қаровсиз қолган гўдакни жомдаги қайноқ сувга ташлаб юборади…

Шунда ёшлари саксонга етиб қолган катта бувимиз Зебинисо хафа бўлиб: “Кино бўмий ўлсин, норасида боланиям куйдириб ўлдирадими? Яна Зокирхон бойни уйида-я?” – дейдилар. Киночилар “Энди Ҳамза шунақа ёзган-де”, деб ўзларини оқлаган бўлишади. Зебинисо бувимиз яна тинчимайдилар: “Қурибгина кетсин ёзмий, шуям гапми? Силаям шуни кино қиб, энди болани ўлдирсаям индамийсилами?” дея гина қиладилар. Киночилар Зебинисо бувимизни юпата бошлашади: “Ростакам ўлдирмиймиз. Мана, жомдаги қайноъ сувни кўрсатамиз, болани кўрсатамиз, бўлди. Артисла ўзи чиройли қип бутун трагедияни кўрсатиб беришади”.

Катта бувимиз, турган гап, кинонинг бундай ҳийлаларини тушунмайдилар. Шунинг учун фильмдаги бор фожиавий саҳна ўйналаётган пайтда болани Зебинисо бувимизнинг қўлига бериб қўйишади. Катта бувимиз, ниҳоят, болага зарар етмаганига ишонч ҳосил қилиб, кўнгиллари тинчийди…

 

* * *

Биз Себзорга бориш учун Эски жўвага қатнайдиган троллейбусга минардик. Троллейбус айланма йўллар билан Навоий кўчасига чиқиб, кейин Хадрадан Эски шаҳарга буриларди. Эски жўвадаги бекатнинг орқасида бир вақтлар халқ Жангоб деб атаган, кейин Акмал Икромов, Мирмуҳсин Шермуҳамедов ва ниҳоят, 1939 йилда Пушкин номи берилган боғ[2], сал орқароқда “Спартак” стадиони[3], нарироқда Йўлдош Охунбобоев номидаги Ёш томошабинлар театри[4], театрнинг чап томонида йиллар гардидан тупроқ рангига кириб кетган қадимий ғиштин иморатга жойлашган 1-босмахона, рўпарасида “Гулистон” ресторанининг ойнабанд биноси ва Калинин ҳайкали бўлиб, Эски жўва Калинин майдони деб аталарди. 1925 йил февралида СССР Марказий ижроия қўмитаси раиси Михаил Калинин Марказий Осиёнинг алоҳида республикаларга ажратилиши муносабати билан Тошкентга келади, советларнинг ушбу сиёсатини оммага тушунтириш учун Эски шаҳарда халқ олдида нутқ сўзлайди, 1956 йилда М.Калинин нутқ сўзлаган жойга унинг ҳайкалини ўрнатиб, майдонга шу арбобнинг номини беришади.

Ҳайкалнинг олдидаги кичкина хиёбон орқали бозорга кириш мумкин эди. Хиёбоннинг чеккаларида тиланчилар ва стаканда ўлчаб писта сотадиган майда олибсотарлар ўтиришарди.

Биз шу ердан еттинчи ёки иккинчи дея рақамланган троллейбусга минардик. Троллейбус театр ва босмахона ўртасидаги кўчага буриларди, кейин боғнинг орқаси билан юриб, паст-баланд пахса ва ғиштин уйларга тўла маҳаллалар оралаб чўзилган кўчадан Себзорга йўл оларди. Ва шу билан киши тамоман ўзга, қадимийлик ва замонавийлик қоришиғидан иборат ажиб муҳитга кириб борарди.

Мен Эски шаҳар ҳаётини троллейбус ойнасидан кузатишни яхши кўрардим. Троллейбус йўли кенг эмасди. Йўлнинг икки томони қадимий, аксарият пахса деворли, кўпчилиги лойсувоқ томини замонавийлаштириб шифер ётқизилган уйлар, одамлар эса менинг замондошларим, ўша пайтда урфга кирган “финка” деб аталувчи қайтарма енгли кўйлак кийган йигитлар, бошига дўппи қўндирган эркаклар, мактаб формаси кийиб жилдини орқалаган болалар, билагига сумка ташлаган, аксарият кўкрак бурма либосли аёллар, қизлар, аёлларнинг кўпчилиги бошига ялтироқ симли рўмол ўраган…

1978 йилдан бошлаб Себзорда кўзга ташланарлик ўзгаришлар рўй бера бошлади. Троллейбус йўлини кенгайтиришди, бунинг учун йўлнинг икки чеккасидаги уйларни бузиб ташлашди, Себзордан Хадрага, Эски жўвага ва Шайхонтоҳурга олиб борувчи кўчалардаги уйлар ҳам бузилиб, қурилиш бошланди. Энди Себзорга борарканмиз, ёзда троллейбус ичини қоплаган паға-паға чанг ичида қолардик, қишда эса маҳалламиз бошиданоқ пойафзалларимиз лойга беланарди. “Маҳалламиз бузиларкан”, – деган гап-сўзлар пайдо бўлди. Аммо маҳалламизга тегишмади. Қайтага, табиий газ қувурини тортиб келишди. “Газ келди-ю, энди бузилмаса керей…” – тахмин қилишди уйда.

1981 йилда учта кўча чорраҳасида янги тўққиз қаватли уйлар қурилиб битди, уларнинг биринчи қавати дўконлардан иборат эди. Айниқса, шу уйларнинг пастида “Ганга” магазинининг очилиши Эски шаҳар ҳаётида катта воқеалардан бири саналди. Магазин асосан Ҳиндистондан келадиган буюмларни сотарди, лекин Чехословакия, Югославия[5] ва Польша каби Шарқий Европа давлатлари, шунингдек, Болтиқбўйи республикаларида ишлаб чиқарилган, ўзимизда Тошкент модалар уйи тавсияси билан тайёрланган камёб кийим-бошлар ва турли-туман истеъмол моллари ҳам сотувга чиқарди. Шу боис бу магазин ҳамиша гавжум, деярли ҳар бир пештахта олдида одамлар узундан-узоқ навбатларда туришарди. Айнан шу магазинда пайдо бўлгани боис Тошкентда Ҳиндистондан келтирилган, оппоқ мунчоқлар қадалиб, тилларанг нақшлар билан безатилган қора бахмал сумкача ва ҳамёнлар, зар қўшиб тўқилган нозик ипакдан тикилган кўйлаклар урфга кирган, узатиладиган ҳар бир қизнинг сепида шулар бўлиши шарт, деган “қоида” пайдо бўлганидан аёллар соатлаб навбатда туришга ҳам рози бўлишарди. “Ганга”даги моллар арзон эмасди, кўплар атайлаб шу учун пул йиғишарди.

Чорраҳадаги тўққиз қаватли уйлар Себзорда қуриладиган шунга ўхшаш уйларнинг муқаддимаси эди. Шу билан беш-олти йил ичида бир-бирига ўхшаш, ўзбекнинг турмуш тарзига умуман мос келмайдиган қатор-қатор уйлар қад ростлади. Бу уйларнинг аксарида хоналар битта йўлакка келиб уланади, кўп хонали квартираларда эса хоналарнинг эшиги рўпарама-рўпара, кўпинча бир хонанинг эшиги ё ваннахона ёки ҳожатхона билан қарама-қарши бўлиб, бир оила ичида яна битта, баъзида иккита оилача, яъни келин-куёв ва неварачалар яшайдиган ўзбеклар учун ўта ноқулай эди. Аксар айвончаларнинг узунлиги олти метр бўлгани ҳолда эни бир метр келади ёки “иккига уч” биттагина ёпиқ айвонча, улардан жўялик фойдаланиб ҳам бўлмайди…

Бувамнинг Себзордаги қадимий уйи аждодларимизнинг қурилиш соҳасида биздан кўра оқилроқ бўлганларини кўрсатади, дея оламан. Уй ҳамиша ҳовлининг тўрига қурилган, шу боис хоналарда кўчанинг шовқини эшитилмаган. Бинолар аксар пахсадан кўтарилган бўлса-да, пишиқ бўлиб, 1966 йилги кучли зилзилада ҳам зиён кўрмаган. Бунинг сабаби уй деворларининг қўш синчли қилиб қурилганидир. Бунда девор, оддийроқ қилиб тушунтирса, икки қават қилиб кўтарилади, пойдевор устига бир-бирига туташ, гўёки бири иккинчисини суяб турган ёғоч синч ўрнатилиб, ораси пахса ёки гувала билан тўлдирилади. Мана шу синч зилзила пайти уйни “тўкилиб” тушишдан асраб қолади, қўш синч орасида эса ҳаво айланиб юради, бу ёзги-қишки кондиционер вазифасини ўтайди.

Хоналарнинг эшиги билан деразаси ёнма-ён қурилганидан уй ичида елвизак бўлмаган, пойдевор қуйилганда унинг бир чеккасида эшик учун жой қолдириб кетилган, чунки эшик пойдеворнинг устига ўрнатилмаган. Боиси эшикдан кираверишга кавшандоз ясалган, уйнинг “поли” эса кавшандоздан тизза бўйи баландда бўлган. Шунинг учун ҳатто қаҳратон қиш пайтида ҳам эшик очилганда ерга кўрпача ташлаб ўтирган одамларга совуқ шамол тегмаган.

Ётоқ ичига, хонанинг бир бурчагига пишиқ ғиштдан тўртбурчак ханик ясалган, у шаклан ҳозирги душ поддонларига ўхшаган, унинг тубида тешикча бўлиб, у сувни ташқарига чиқариб юборадиган махсус қувурга уланган. Ханикда ювиниш, чўмилиш осон, бу, айниқса, кексалар, болалар, ёш келин-куёвлар учун жуда қулай ҳисобланган. Кексалар, болалар чўмилгач, ханикдан чиқибоқ тўшагига ётқизилган ёки бешигига беланган, келин-куёвлар оиланинг бошқа аъзолари, хусусан, қайнота-қайнона олдида хижолатли аҳволга тушишмаган. Буни шарқона гигиенадан ташқари, шарқона ҳаё деб ҳам тушуниш жоиз.

* * *

Маданий хотира Эски шаҳардаги ҳаёт тарзи билан уйғунлашиб кетган. Бу ерда ҳовлилар, демакки, шу ҳовлиларда кечаётган ҳаёт ҳам йил фаслларига мос ҳолда ўзгариб боради. Бу ерда дарахтлар гуллаб, кунлар илиши билан сўриларни панадан олиб чиқишларини, унга шолча ва кўрпачалар тўшашларини, баҳор ёзга айлана бориши билан уй томлари, деворлар оша мевали дарахтлар, ток баргларининг яшилланиб бўй кўрсатишини, фақат Эски шаҳаргагина хос бўлган файзни кузатиш мумкин. Эски маҳаллаларни сақлаб қолиш бугунги ва келгуси авлодлар учун ҳам, шунингдек, бугун биз унутиб бораётган маънавий ва маданий ҳаёт унсурларини йўқотмаслик учун ҳам аҳамиятлидир.

Шу нуқтаи назардан Себзордаги маҳалламиз ҳақида ҳам шу сўзларни айтиш мумкин.

 Рисолат Ҳайдарова, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

 

[1] Тошкентда болалар боғчаларининг очилиши 1918 йилга тўғри келади. 1918 йилда пойтахтимизда 4 та, 1924-1925 йилларда 14 та, 1936 йилда 183 та болалар боғчаси бўлган. Таққослаш учун: 1991 йилда мактабгача ёшдаги болалар муассасалари сони 681 та эди.

[2] Ҳозир боғ Абдулла Қодирий номи билан аталади.

[3] Ҳозир “Спартак” стадиони ўрнида Эски жўва бозорининг автотураргоҳи жойлашган.

[4] Бино XIX асрда Нижний Новгород–Самара Ер банки агентлиги учун қурилган бўлиб, театрга 1934 йилда берилган.

[5] 1990-йилларда Чехословакия – Чехия ва Словакияга, Югославия – Македония, Хорватия, Словения, Сербия, Босния ва Герцеговинага ажралиб кетган.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *