Сен менинг борлиғимсан…
Ёш журналист Малика Рўзиева ижод бўстонига ўзига хос овози билан кириб келаётгани қувончли ҳол, дейди Дониш домла умид билан.
Ишқ балоси бошқа тушса нолон қилур,
Ақлинг олиб, беҳуш қилиб ҳайрон қилур.
Аҳмад Яссавий
Бир кўришдаги муҳаббатни чин, узоқ йиллар мобайнида юзага келган муҳаббатни ўрганиш дейишади. Аслида қайси фикр тўғри-ю, қайси бири ҳақиқатга яқин. Қанчадан-қанча алломаларимиз ошиқлик ва ишқ бобида жар солганлар, у ҳақда асарлар, достонлар яратилган. Лекин, мени бир савол ҳамон қийнайди, руҳимга, жисму-жонимга азоб беради. Икки қалб туташганда муҳаббат қанчалик кучли ва вафо, садоқатга мойил бўлади?!
Ҳар кимни кўрганингда, суҳбатлашганингда кўз олдингдан ёрингни сийрати ўтаверади. Унинг гапларини, эркалашини, ҳаттоки дилинга озор етказган кунларни эслайсан. Кўнглингни туб-тубида унинг исмини муҳрлаб қўйганинг учун кечираверасан ва яна севишда давом этасан, балки, ҳақиқий муҳаббат шудир аслида.
Русларда бир мақол бормуш. Эркак аёлини урса демак севармуш. Бу мақол ўзбек хонадонига, эркаклик ғурурига қанчалик тўғри келади?! Бир туйғуни инсонлар ўзларига турли йўналишда қабул қилиб, ўзларига мослаштириб олсалар тўғримикан.
Ўзбек эркагига бундай фазилат асло ярашмайди. Аёл мўтабар, аёлнинг буюклиги ҳам уни ожизалигидадир. Аёлга биргина ширин сўз, озгина эътибор кифоя. Унинг САБРИ ва МАТОНАТИдан дунё яралган. Аёл садоқат ва вафо тимсоли. Буни тушунган ҳар қандай инсоннинг оиласида бахт юзага келади. У гулга ўхшайди. Уни парваришлаганинг сари очилиб ҳид таратади. Эътибор бермай қўйганинг сари сўлиб бораверади.
Азизим, бугун аёлинга “Ҳаётимда борлигинг учун рахмат” деб бир оғиз айтдингми?! Кўзларига қараб “Сен менинг борлиғимсан” деб кўрдингми. Бир синаб кўр. Шунда унинг дунёдаги энг бахтли аёл эканлигини хис қиласан. Бахтдан сармаст қувноқ кўзларни кўрасан ва бу сен учун туганмас бойликдир!
Малика РЎЗИЕВА,
журналист
Сўнгги фикрлар