Сериаллардан афзал театр
Кино ва сериалларда ҳаёт ҳақиқати акс этиши лозим.
Кинони кўрган инсон шунга яраша тарбияланади, ижобий қаҳрамонларга ҳавас қилиб, ундан ибрат олади, шу тариқа улғаяди!
Афсуски, сўнгги пайтларда намойиш этилаётган анча-мунча сериалларни кўриб энсамиз қотмоқда. Ўзбекистон (аниқроғи, асосан Тошкент шаҳри) кўрсатилиб, унда ўзбек актёрлари рол ижро этаяптими, демак, бу – мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётидаги воқеликлар, деб қарашимиз керак. Чет элдагилар ҳам уларни албатта Ўзбекистон ва ўзбеклар ҳаёти сифатида талқин қилишади.
Эътибор берсангиз, кўп сериалларда томошабин ибрат олишига арзийдиган ижобий қаҳрамон йўқ ҳисоби. Ҳаммаси бадбашара безори, бузғунчи, ахлоқи бузуқ ва бошқа салбий кимсалар…
Ахир, феъли-атвори нақадар ажойиб, оқкўнгил ва олижаноб ўзбек халқимиз орасида бунақа кимсалар (қарийиб 35 миллионлик аҳолимизнинг!) неча фоизини ташкил этаркин?
Шунақа бузуқларнинг бузғунчилигини кино қилиб намойиш этаверишса, унақаларнинг уруғи урчиб кетмайдими?
Яхши инсон бўлиш қанчалик мушкул бўлса, кинода унинг образини яратиш ҳам шунчалик қийинлигини яхши биламиз. Бироқ, масалан, “Маҳаллада дув-дув гап” фильмида бунинг уддасидан чиққанлар-ку! Фильмда бирорта хунук одамни кўрмайсиз! Ҳаммалари бири-биридан яхши қаҳрамонлар!
Бунинг учун ижодий изланиш керак, вассалом!
Ёмон одам бўлиш жуда осон, демак, ёмонларнинг образини яратиш ҳам мароқли. Шундай енгил-елпи йўллар билан томошабинлар эътиборини қозонишга муккасидан кетаётганлар аслида миллионлаб ёшларнинг онгини бузаётганларини, оилаларга дарз кетказаётганларини, миллат тарбиясини издан чираётганларини билмасмикинлар?
Бугун Ўзбекистон давлат драма театри (Циркнинг орқасидаги Сатира ва юмор театри номи билан машҳур томошахона)да намойиш этилган ажойиб саҳна асарини томоша қилар эканман, шууримдан шундай ўйлар кечди.
Итальян адиби асари асосида тайёрланган театрни бошидан охиригача завқ билан томоша қилдик. Истеъдодли актёрлар итальянлар сиймосини, у ердаги комик воқеликларни кўз ўнгимизда жуда жонли бир тарзда намоён этдилар.
Томоша сўнггида кўнглимдан ўтган фикр: баъзи ўзбек сериалларидан афзал театр!
Буюк маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий театрни ибратхона, деб атагани бот-бот ёдга тушади.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетининг тиниб-тинчимас декан ўринбосари, фаол маънавият тарғиботчиси Равшанжон Омонов ташаббуси билан талабаларимиз ҳам тез-тез ана шундай театрларга олиб борилаётгани таҳсинга лойиқдир.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти,
Усмон Носир номидаги Ёшлар мукофоти соҳиби
Сўнгги фикрлар