Синаганимни зукко талабаларим сезиб қолишди…

Баъзи креатив (ижодий ёндашилган) дарсларимда атай хато, чалғитадиган

гапларни ташлаб қўяман. Кечаги дарсимда ҳам атай, «Искандар Македонский ва Искандар Зулқарнайн бир шахс бўлган» дедим. Анча билимли талабаларимиз дарҳол эътироз билдиришди. Йўғ-е, мен манбаларда шундоқ ўқиган эдим, деб яна синашга ҳаракат қилган бўлдим. Шунда Ботирали билан шоира қизимиз Гулмира «домла атай бизни синаб кўраяпти» дея «сирим»ни очиб қўйишди. Демак, уларда педагоглик қобилияти ҳам бор! Келгусида уларнинг профессор, академик бўлишига умид қилган ҳолда шода-шода «5» баҳолар қўйишни дилимга тугиб қўйдим, дейди Дониш домла.

Бу борадаги асосли манбалар қуйидаги мақолаларда тақдим этилмоқда.

9

Искандар Македонский ва Искандар Зулқарнайн бир шахсми?

Зулқарнайн қиссаси ҳақида Қуръони Каримнинг “Каҳф” сурасида бир қанча қимматли маълумотлар келган. Ана ўша энг ишончли ва етарли маълумотлардир.

Мазкур қиссадан маълум бўлишича, Зулқарнайн мўмин, мухлис банда бўлган. Ҳатто баъзи уламолар у Пайғамбар бўлган, деган эҳтимолларни ҳам айтганлар.

Зулқарнайннинг шахси, қаерда ва қачон яшагани, борган жойлари, қилган ишлари ҳақида жуда кўп гаплар бор. Турли-туман фикрлар, қарашлар ва таҳминлар ҳам кўп. Улардан айримлари тафсир китобларида ҳам келтирилган. Бу гап-сўзлар қиссачи ва тариҳчи одамларнинг ўрганиб топган маълумотларидир. Уларни ҳеч ким айнан Қуръонда зикр этилган Зулқарнайн ҳақида деб узил-кесил айтолмайди. Айтса ҳам, асоссиз, таҳмин билан айтган бўлади.

Мисол учун, баъзилар: “Қиссадаги Зулқарнайндан мурод македониялик Искандар”, дейишган. Бу гап умуман нотўғри. Чунки, у мушрик одам бўлган, бутларга, юлдузларга сиғинган.

Македониялик Искандарнинг номи (исми) Александр Македонский бўлиб, таҳминан милоддан 330 йил олдин ўтган ва Арастунинг шогирди бўлган. Дунёнинг кўп ерларини ишғол қилган. Форсда уриш олиб борган подшоҳ  Дорони енгиб, унинг қизига уйланган.

Зулқарнайннинг Александр Македонский билан чалкаштирилишига асосий сабаб, арабларнинг Александрни арабчалаштириб “Искандар” деб аташлари бўлган, дейди баъзи мутахассислар.

Нима бўлганда ҳам, македониялик Александр Аллоҳнинг ягоналигига ишонган мўмин эмаслигини, кофир бўлганини ҳеч ким рад қила олмайди. Қуръондаги Зулқарнайн эса, мўмин, солиҳ одамдир.

ЎМИнинг Андижон вилояти вакиллиги

ходими Искандарбек Закиров

***

Искандар… Зулқарнайнми ёки Мақдуний?

Бу масала ҳанузгача олимлар орасида тортишувлидир. Қуръони каримда келган Зулқарнайн ҳақиқатан ҳам македониялик Искандарми ёки бошқами?

Жумбоқни қўлимизда мавжуд манбалар асосида таҳлил қилиб кўрамиз. Қуръони карим Каҳф сурасининг 83-98-оятларида Зулқарнайн ҳақида баён этилган. «Аллоҳ таоло Зулқарнайнга ер юзида ҳукмронлик, молу дунё, аскарлар ва бошқа катта имкониятларни берган. Турли хил илмларни ўргатган». (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Тафсири Ҳилол, 3-жузъ, 514-бет.)
Қурьонда яна Зулқарнайннинг сафарлари ҳақида ҳам хабар келади: ғарбга боради, йўлида учраган қавмларнинг Аллоҳ йўлидан узоқ бўлиб кетганларини жазолайди, мўминларини мукофотлайди. Машриққа сафари ҳам шундай кечади. Борган жойларининг ҳукмронлиги унинг қўлига ўтаверади. Бир қавмнинг илтимосига кўра Зулқарнайн уларни Яъжуж ва Маъжуж бузғунчиликларилан асраб темир ва мис эритмаси қоришимасидан бир мустаҳкам девор қуриб беради. Зулқарнайн барча яхшиликларини Аллоҳнинг раҳматидан деб билган. Бундай хулқ фақат ҳақиқий мўминларга хос хулқдир.
Ибн Касир ўз тафсирида бу масалага бошқа битта олим қараши асосида тўхталади ва шундай дейди: «Искандар Зулқарнайнни румлик деювчиларнинг далиллари кучсиздир. Румлик иккинчи Искандар Филис (Филипп) ўғли Мақдуний (македониялик)дир». Қуръонда келган Зулқарнайн тўғрисида Азроқий бундай дейдилар: «Байтуллоҳни Иброҳим (а.с.) билан бирга тавоф қилишган, вазирлари Ҳизр (а.с.) бўлган..Искандар Мақдунийнинг вазири эса Арасту бўлган ва милоддан тахминан 300 йил олдин ҳукмронлик қилган. Қуръондаги Зулқарнайн Иброҳим (а.с.) замонларида яшаган».(Ибни Касир. Тафсирул Қурьанил Азим, Каҳф сурасининг тафсири. Дарул маърифа, Байрут. 3 жузь, 1989 й. 106-бет.) Демак, Қуръонда келган Зулқарнайн билан Мақдуний Искандар яшаган даврлар ораси тахминан 2700 йилга фарқ қиляпти. Жалолиддин Суютийнинг «Тафсири Жалолайн» асарида келишича: «Зулқарнайн солиҳ киши, одил подшоҳ бўлган, пайғамбар бўлмаган. Баъзилар Иброҳим (а.с.) замонларида яшаган ва Иброҳим (а.с.) қўлларида Исломга кирган дейишади. У Искандария шаҳрини қурган Искандар Мақдуний эмас. Чунки у мушрик бўлган ва Зулқарнайндан анча кейин яшаган. Ораларида минг йилдан ошиқ муддат ётибди. Иккаласини битта деганлар ҳам бор. Масалан. Иби Асир «ал-Комил» ва Ибн Хишом «Сийрат» ларида шундай келган, Зулқарнайннинг исми ҳақида аниқ далил йўқ. Бу ҳақда айтилган гаплар далилсиздир. Аллоҳ таоло айтганидек, «Зулқарнайн» дейиш бизга кифоя қилади».(Тафсири Жалолайн. Қаҳф сураси тафсири. Дорус саъада, Истанбул. 392-бет.)
Турк тилидаги «Қуръони карим ва маънолари таржимаси»да қуйидагича изоҳ келади: «Зулқарнайннинг ким бўлгани тўғрисидаги яҳудийларнинг саволига аниқ бир жавоб йўқ. Байзовий тафсирида унинг Буюк Искандар экани, пайғамбарлиги аниқ бўлмаса-да, лекин солиҳ бир банда бўлгани, баъзи олимларнинг фикри бирлиги зикр этилади. Ҳалбуки Зулқарнайн, Аллоҳнинг китобида ойдинлашишига кўра, қирол Искандардан анча олдин келган, пайғамбарлиги эҳтимоли барибир кучли кўринади».(«Қуръони карим ва маънолар таржимаси», муаллифлар жамоаси, Каҳф сураси тафсири, Анкара, 1993й.. 301бет.)
Ғарб шарқшуносларининг аксарияти Александр Македонскийни Қуръондаги Зулқарнайн деб ҳисоблайдилар. Масалан, Ольга Бибикованинг «Кругосвет.net»да эълон қилган мақоласида Қуръонда келган қиссалар тўғрисида фикр билдирилади, шунда Зулқарнайнни Александр Македонский бўлган деб тушунтиради. Бошқа Ғарб олимлари ҳам Зулқарнайн ҳақида ёзсалар, қавс ичида Александр Македонский деб қўшиб қўядилар.
Искандар Мақдуний 356-323 йилларда яшаган юнон-македон давлати раҳбари, жуда кўп давлатларни босиб олган подшоҳ. Ҳатго бизнинг диёримизгача ҳам келган. У тузмоқчи бўлган салтанатига марказ қилиб Бобилни танлайди. Эрта вафоти туфайли мақсадига эриша олмайди. У Бобилда вафот этади.(А Кабиров. Жаҳон тарихи. 6-синф учун. Тошкент. Ўқитувчи. 2001. 240-248 бетлар.)

Қиёсий таҳлил

Искандар Мақдуний асосий тарбияни устози Арастудан олган. Эътиқоди қандай бўлганини Арастудан қиёс қилиб билишимиз мумкин. Шунда бу Макдуний Қуръондаги Зулкарнайн эмаслиги ўз-ўзидан ойдинлашади.
Қуръонда фақат «Зулқарнайн» тарзида келган, исм айтилмаган. Шунинг учун «Тафсири Жалолайн» китобида: «Зулқарнайн бўлиб келдими, фақат шундай аташимиз кифоя қилади» (Тафсири Жалолайн. Каҳф сураси тафсири. Дорус саъада, Истанбул. 392-бет.), дейилади.
Зулқарнайн яшаган давр ҳам тортишувли масала. Ибн Касирда келган Азроқийнинг фикрича, Зулқарнайн Иброҳим (а.с.) замонларида яшагани тўғрисидаги хабарни ўқидик. Буни тўғри дейдиган бўлсак, Абу Лайс Самарқандий тафсирларида бунга тўғри келмайдиган маълумот берилган: «Дунёнинг деярли барча жойларини босиб олган тўртта йирик подшоҳ ўтган, шулардан иккитаси мусулмон, иккитаси мушрик — кофир. Мусулмонлари Сулаймон (а.с.) билан Зулқарнайн, кофирлари Намруд ва Навахуданаср бўлган».(Абу Лайс Самаркандий. Баҳрул улум. Каҳф сураси тафсири.)
Намруд Иброҳим (а.с.) замонларида яшаган машҳур подшоҳ. Зулқарнайн билан Намруднинг замондош бўлишгани ишончсизроқдир.
Зулқарнайнни пайғамбар дейдиганлар ҳам бор. Ҳазрати Алидан (р.а.) пайғамбар бўлганми деб сўралганида: «Одамларни тўғри йўлга бошлаган Аллоҳнинг солиҳ бандаси бўлган»,(Ибни Касир. Тафсирул Қуръанил Азим, Каҳф сурасининг тафсири. Дарул маърифа, Бай-рут, 3 жузъ, 1989 й. 106-бет.) деб жавоб берганлар. Қуръони каримда номи зикр этилган учта шахснинг пайғамбарлиги баҳслидир. Улар Луқмони Ҳаким, Ҳазрати Ҳизр ва Зулқарнайнлар. Турк олими Мустафо Осим Кўксол ўзининг «Пайғамбарлар тарихи» китобида Зулқарнайнни ҳам киритган. Лекин, Зулқарнайннинг пайғамбарлигини инкор этувчилар ҳам бор, дея изоҳ беради. (М.О.Кўксол Пайғамбарлар тарихи, 2 жилд Анқара, 1993. 286-бет.) Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг «Қуръон мавзуларининг маънавий-тарихий аҳамияти» номли китобида келган: «Икки шохли Искандар»атамаси Македония хукмдорининг кейинчалик Амон худоси — буқа сифатида тасвирлаганидан келиб чиққан (Раҳматуллоҳ Обидов. Курьон мавзуларининг маънавий тарихий аҳамияти. 306-бет. 2006.). деган таъриф Қуръондаги Зулқарнайн билан македониялик Искандар бир шахслигига ишора қилади. Искандар Мақдуний ва ундан кейинги тарих анча яхши ўрганилган. Макдуний ҳам «Зулқарнайн» деб ном олган бўлиши мумкин.

Мумтоз адабиёт нима дейди?

ХΙΙΙ-ХΙV асрларда, айниқса, Мовароуннаҳр ва Хуросон адабиёт аҳллари орасида «Хамса» ёзиш удум бўлган. Маълумки, Хамса бешлик дегани. Яъни. бешта мустақил достондан иборат битта йирик асар. Шу бештадан биттаси албатта Искандарга бағишланган достон бўлган. Низомий Ганжавийнинг «Искандарнома», Хусрав Деҳлавийнинг «Ойнаи Искандарий», Абдураҳмон Жомийнинг «Хирадномаи Искандарий» достонлари шулар жумласидандир. Алишер Навоий ҳам худди шу йўлда «Хамса» битган ва ичида «Садди Искандарий» достони бор. Унда шоир македониядик Искандарни қаҳрамон қилиб олади. Унинг ҳарбий юришлари, устози Арасту билан савол-жавоблари, суҳбатлари, умуман олганда, қилган ишлари ҳақида сўз юритади.
Достонда «Зулқарнайн» сўзи учрамайди, Искандар бўлиб келади ва асосан Искандар Мақдуний яшаган давр тасвирланган. Савол туғилади: нега достон «Садди Искандарий» деб номланган? «Сад» девор дегани ва уни, Қуръонга кўра, Зулқарнайн қурган. Тўғри, Алишер Навоий достонни «Садди Искандарий» деб номлайди, лекин бевосита девор ҳақидаги тасвирларни бор-йўғи икки бетга жойлаган. Унда келишича, Искандар девор қурдиради, девор хом-ашёси асосан тош бўлади ва темир билан мустаҳкамланади. (Алишер Навоий. «Садди Искандарий». 11 том, 465-466 бетлар.)
Ваҳоланки, Қуръонда зикр этилган Зулқарнайн деворни Яъжуж ва Маъжужлардан сақланиш учун темир ва мис эритмаси қоришмасидан қуради. Алишер Навоий «Искандар Мақдуний кўчманчи қабилалар ҳужумларига қарши Ўрта Осиё ва Қовқозда қурган девор»10ни назарда тутган бўлиши мумкин. Алишер Навоий замонида ҳам бу икки шахс ҳақида тортишувлар бўлган. Тўғри, «Садди Искандарий» достони тарихий асар эмас ва ундаги воқеаларга биз тарихий ҳужжат сифатида қарай олмаймиз. Шоир «Хамса»нинг қолган достонларида — «Фарҳод ва Ширин»да жавонмард йигит, «Лайли ва Мажнун»да афсонавий ошиқ, «Сабъаи сайёр»да адолатсиз подшоҳ тимсолларини тасвирлагани сингари, «Садди Искандарий» да ҳам бадиий ижод маҳсули ўлароқ буюк ва фазилатли подшоҳ тимсолини яратди. Яъни, улуғ шоир инсонпарварлик ва адолат ҳақидаги ғояларни етказишга аниқ шахс — шоҳ Искандар номидан фойдаланган. Бадиий ижодкор бундай усул қўллашга тўла ҳақлидир.
Келтирилган манбалардаги маълумотларни кўриб битта ва узил-кесил хулоса чиқаришга етарли далил-ҳужжатлар учрамади. Фикрларни умумлаштирадиган бўлсак, аксинча, илм аҳли орасида уч хил қараш бор экани маълум бўлади. Бир тоифа олимлар Зулқарнайн ва Искандар Мақдунийни бир одам дейишади. Яна баъзилари бошқа-бошқа бўлган дейишади. Учинчи тоифа олимлар, ҳали бир тўхтамга келишмаган. Бу уч хил фикрнинг мавжудлиги Зулқарнайн билан Мақдуний масаласининг аниқ ечимга эга эмаслигини билдиради. Лекин ўтмишда Зулқарнайн лақабли бир нечта подшоҳлар ўтган. «Зулқарнайн» дейилиши уларни буюклик даражасини кўрсатган, балки шунинг учун ҳам одамлар бу икки шахсни бир деб адашаётгандирлар. Кейинчалик тарихий изланишлар натижасида бу мавзу яна ҳам ойдинлашади, деб ўйлаймиз.

Файзуллох Нуруллоҳ ўғли

***

Искандар Зулкарнайн

 

Ушбу номни биз агар эслаган булсангиз Александр Македонскийга нисбатан ишлатганмиз. Негаки айрим иттифок давридаги тарихга оид асарларда Искандар Зулкарнайн номи Александр Македонскийга нисбатан кулланилган. Бу эса жуда катта хато саналган. Сабаби Искандар Зулкарнайн ва Александр Македонский бошка бошка шахслардир. Энди хар доимгидай асосли манбаларга таянган холда мавзуни еритишни бошлаймиз. Куръони Каримда Аллох Шундай дейди. Сиздан эй Мухаммад : Зулкарнайн хакида сурарлар. сиз « Сизга унинг хакидаги зикрни тиловат килурман », деб айтинг Албатта, Биз унга ер юзида имконият бердик ва хар бир нарсага ( эришиш ) сабабини ато килдик. ( Кахф сураси 83-84 оятлар ) Куръони Каримнинг Кахф сурасида келган харзати Зулкарнайин. Баъзи олимларни сузларига кура Хазрати Зулкарнайин, Нух алайхи салом невараларидан Ёсаф алайхисаломнинг шажарасидан хазрати Туркнинг авлодларидандир. Бошка ривоятларда хазрати Иброхим алайхисаломнинг замондоши солих бир киши дийилади.

Эслатиб утамиз Александр Макидонский билан бу шахснинг на динида, на миллатида, на даврида, на ватанда умуман аълокаси йук. Зулкарнайин : зу сузи арабча суз булиб эга, подшох демакдир. Карн : эса шох, чодир, тепалик , куёш демакдир. Айин : эса икки маъносини билдиради яни карн — айин икки шохни, икки куёш ёки икки замон — вакт ва хоказоларни билдиради. Тарихчиларнинг айтишларича Хазрати Зулкарнайин хакида кухна Урхун ёзувларида хам анчагина кимматли маълумотлар мавжуд. Зулкарнайин хакида турли хил фикирлар бор. Шулардан баъзи тафсир уломолари икки шохли дубулга кийганлиги учун Зулкарнайинга шундай икки шохли дея изох беришган. Ва яна шундай ривоятлардан бирида хазрати Зулкарнайин зохирий ва ботиний илмлар олими булгани ва дунёнинг жанубидан гарбигача хукумдори булгани, ота онаси насли насаби буюк инсонлар фарзанди булгани учун Зулкарнайин лакабини олгани хакида айтилган. Шундай олимлардан хусусан Абулкалом Озод, Мухаммад Хусайин Табатабоий, Наср Макорим Сарозийлар Искандар Зулкарнийин хакида энг керакли маълумотларни езиб колдиришган. Тафсири Куртубийда айтилишича : дунёга хукм килгани энг кудратли 4 подшох келди, уларнинг иккиси муъмин иккиси эса кофирдир. Муъмин подошлар хазрати Сулаймон алайхисалом ва хазрати Зулкарнайиндир, кофирлари эса Намруд ва Бухтунасфдур.

 

Ислом тарихида хазрати Зулкарнайинга Жаноби Аллох куч кувват, илм ва дунё хазиналарининг калитларини эхсон килган, солих мусулмон, вали ёки бир пайгамбардур дейилади. Яна ривоятларга кура хазрати Хизир алайхисалом айнан Искандар Зулкарнайннинг даврида яшаган,баъзи ривоятларда эса Хизир алайхисалом , хазрати Зулкарнайиннинг саркардаларидан бири булган. Хазрати Зулкарнайин уз даврида уз мулки булган жанубга ва гарбга сафар килиб халкни иймонга даъват этган. Зулм ва адолатсизлик килганларни жазолаган ва мазлумларга ёрдам берган. Улардан Куръонда келган машхур хикоялардан бири Яъжуж ва Маъжужлар хикоясидир. Хазрати Зулкарнайин Сафарларидан бирида сузларига тушуниб булмайдиган бир халкга дуч келди, улар эса ер юзида бузгунчи, одамларни улдириб молу мулкини талон тарож киладиган Яъжуж ва Маъжуж деган халкдан озор кураётганликларидан шикоят килидилар ва хазрати Зулкарнайиндан ёрдам сурайдилар. Табийки хазрати Зулкарнайин ёрдам беришини айтади. Куръонда Аллох улар тилидан шундай хикоя килади:

 

Улар: « Эй Зулкарнайн, албатта, Яъжуж ва Маъжуж ер юзида бузгунчилик килгувчилардир. Биз сенга харож берсак, биз билан уларнинг орасида тусик килиб берурмисан? » дедилар У эса: Роббим менга берган имконият яхшидир. Бас, сиз менга ( инсон ) кучи ила ёрдам беринг. Сиз билан уларнинг орасида бир девор килажакман. (Кахф сураси 94-95 оятлар) Шундан сунг Хазрати Зулкарнайин Яъжуж ва Маъжуж йулини тусиш учун темир парчаларидан баланд девор куради ва халкни тахликадан куткаради. Баъзилар бу девор Буюк Хитой девори деса баъзилар кавказ тоглари орасида жойлашган бу девор деб тахмин килишади. Бутун бу тахминларнинг Хазрати Зулкарнайин курган девор билан хам, Александр Макидонский билан хам умуман аълокаси йукдир. Хазрати Зулкарнайин курган асил деворнинг каердалигини Ёлгиз Яратганнинг Узидан бошка хеч ким билмайди.

Вам может также понравиться...

Ответов: 9

  1. «Ботирали билан шоира қизимиз Гулмира «домла атай бизни синаб кўраяпти» дея «сирим»ни очиб қўйишди. Демак, уларда педагоглик қобилияти ҳам бор! Келгусида уларнинг профессор, академик бўлишига умид қилган ҳолда шода-шода «5» баҳолар қўйишни дилимга тугиб қўйдим, дейди Дониш домла.» Albatta ustoz fikringizga qo’shilaman. Chunki xuddi shu bizga qadrdon bo’lgan kursdoshlarimiz judayam aqlli va zukkolar… ! Kelgusidagi ishlariga, o’qishlariga OMAD tilaymiz… .

  2. Ustoz bilib turgandim.Sezib turgandim.
    Siz bizga faninggiz doirasidan kelib chiqib,bizni sinash uchun axborot huruji qilib koʻrdinggiz.
    Koʻrdingizmi ustoz,bizda huddi siz xohlagandek mafkuraviy immunitet shakllangan.Jurnalistik sinchkovlikni ham esdan chiqarmadik.Men hamma narsaga shubxa bilan qarayman.Albatta kasbim doirasidan kelib chiqib!Hayron qoldim butun respublika taniydigan,Donish domla nega bunaqa deyapti?Oʻyladim bu sinov!
    Iskandar va Aleksandr haqida hammada qiziqish uygʻotdingiz,qoil.Muhokama hali ham davom etyapti…

  3. She’r zoʻr chiqibdi ustoz. Bu she’ringizni oʻqib talabalaringizni qanchalik yaxshi koʻrishingizni bilib olish mumkin.

  4. Ustoz bizga dars yuzasidan axborat xuruji qilib ko’rib ,bizning mafkuraviy imunitetimizni sinab ko’rayotganizni his qildim. Chuni sizdek ko’pni ko’rgan, jurnalistikaning zabardas vakili buni bilmasdan iloji yo’q edi. Sinab ko’rib, bizga bergan ta’limizdan ko’nglingiz to’ldi degan umiddaman.

  5. Sitora Samadjonova:

    Ustoz siz bu darslar mobaynida bizni izlanishga chorlaysiz.Bizni asoslar, fikrlarga tayanib ish ko’rishimizni istaysiz.Biz bunday darslaringiz orqali bizni yanada ilm egallashimizga sababchi bo’lasiz.

  6. Baratjonova Janona:

    Eng so’nggi darsimiz biz talabalar o’rtasida ajoyib baxs-munozaralarga sabab bo’ldi. Turli xil mavzularda fikr mulohaza yuritdik. So’nggi darsimiz ham esda qolarli tarzda o’tdi. Bu uchun ustozimizga katta rahmat!

  7. Ustoz kursdoshlariniz bilan faxrlansak arziydi.Sababi shunday kursdoshlarimiz atigi 1 yoki 2 ta emas,balki ko’pdir.Masalan,yuqoridagi fikringizni xato ekanligini dastlab hammamiz ilg’adik,ammo Nozimov Nig’monxo’ja kursdoshimiz siz bilan baravariga tortishib,sizning fikringiz xato degan to’xtam bilan bahslashdi.Menimcha,shoda-shoda «5»ni ko’pchilikka qo’yishni noyat qilgansiz shekilli!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *