Сиртқи ва кечки таълим контрактлари камайтирилди
Бугун, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида
Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги раҳбар ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Тадбирда маълум қилинишича, жорий ўқув йилида сиртқи ва кечки таълим учун контракт миқдори ўтган йилгига қараганда 35-40 фоизга камайтирилди. Ўтган йили бу сумма 9 млн сўмга тенг бўлган, жорий йилда эса 6 млн 300 минг сўм этиб белгиланган.
Шунингдек, тўлов-контракт нархи нега 18 фоизга ошгани ҳақидаги саволга жавоб қайтарилди.
«Бу сумма талабани олий таълим тизимида ўқитиш учун кетаётган хизматларнинг таннархи, холос. Бунда ҳеч қандай фойда устамаси қўйилмаган. Контрактни камайтиришнинг иложи йўқ. Коммунал тўлов, ўқитувчиларнинг ойлик маоши тўланмай қолиши мумкин», дея Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи Абдували Холиқовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Республика олий таълим муассасаларида тўлов-контракт нархи 18 фоизга ошди.
Контракт суммаларини ойма-ой бўлиб тўлаш имконияти берилади.
«Агар янги контракт миқдори жамоатчилик муҳокамасига қўйилса, ўзи ёки яқинлари контрактда ўқийдиганларнинг барчаси суммани камайтиришни талаб қилади. Бу табиий. Давлат бу суммани камайтирди ҳам дейлик. Лекин бу чегирманинг ўрнини қоплаш яна халқнинг ўз бўйнига тушади. Яъни, контрактни камайтириш ҳисобига харажатларнининг қопланмай қолаётган қисмини давлат бюджети кўтариши керак бўлади. Бюджет эса аҳолидан олинадиган йиғим ва солиқлар ҳисобидан шаклланади. Шуни тушуниш керак», дея муносабат билдирди тадбирда қатнашган ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худайбердиев.
Сўнгги фикрлар