Собир Раҳимов дивизияси жангчиси Усмон Эшбеков уй-музейига саёҳат қилинди

учрашувга шоир, ёзувчи, зиёли ҳамда ҳарбийлар таклиф этилди.

Усмон Эшбек 1941 йилгача Оқдарё туманидаги Ойтомол қишлоғида мактаб ўқитувчиси бўлган. Иккинчи жаҳон уруши бошлангач, Эшбек отанинг тўрт ўғли — Суннатилла, Омон, Исмон ва Усмон Эшбековлар жангга отланган. Кўп ўтмай Суннатилла ва Омондан қора хат келади…

Усмон Эшбеков Собир Раҳимов қўмондонлик қилаётган 37-гвардиячи ўқчи дивизияси таркибида жанг қилди. 1944 йил бошларида Усмон жангда ярадор бўлди. Ўша кезларда Олий бош қўмондоннинг буйруғига биноан уруш ногирони бўлган ўқитувчилар захирага бўшатилиб, улар зиммасига тезда мактабларни қайтадан очиш вазифаси юклатилади.

Усмон Эшбеков урушдан ногирон бўлиб келган пайтида уларнинг Таллак қишлоғи Оқдарёдан Иштихон тумани таркибига ўтказилган эди. Шу тариқа бу қишлоқда ҳам мактаб очиш зарурияти пайдо бўлди. Ўз даврининг илғор зиёлиси Таллак қишлоғида ҳозирги 7-ўрта мактабни бунёд этишда ва уруш туфайли тўхтаб қолган таълим соҳасини йўлга қўйишда фаоллик кўрсатади. 1960 йилларгача кечки мактабда дарс бериб, кундузи хўжалик ишларида меҳнат қилади.

Усмон Эшбековнинг умр йўлдоши Хурсанд Норматова уй боғчаси ташкил этиб, узоқ йиллар қишлоқда далага чиқадиган аёлларнинг ёш болаларини парвариш қилди. Ўзи 10 нафар фарзандни вояга етказиб, “Қаҳрамон она” бўлди.

Президентимизнинг ташаббуси билан “1941-1945: Ўзбекистон халқининг фашизм устидан қозонилган ғалабага қўшган ҳиссаси” китоб-альбомида Усмон Эшбековнинг “Биз Раҳимовчилар эдик” сарлавҳали мақоласи сурати билан киритилди.

Ўтган йили Усмон Эшбеков таваллудига 100 йил тўлиши муносабати билан у яшаган хонадонда уй-музей ташкил этилди. Музейдан жангчининг ҳарбий формаси, олган унвон, медаллари, суратлари ва китоблар жой олган. Ҳатто оилавий шажараси, ўша давр руҳини акс эттирувчи рўзғор буюмлари ҳам бор.

Тадбирга йиғилганлар жангчи ва унинг оиласи ҳақида илиқ гапларни айтди. Айниқса, Усмон Эшбековнинг ўғли, филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбекнинг хизматларини эътироф этишди.

— Тўғриси, кўп шаҳар, туманларда меҳнат қилдим, аммо отасининг хотирасини ёд этиб, уй-музей ташкил этилганини Иштихон туманига келиб кўрдим, — деди туман ҳокими Фазлиддин Рўзиев. – Уй-музейни кўриб, ҳавас қилдим ва уйимда шундай уй-музей ташкил этишни ният қилдим. Келажак авлод бобоси ким бўлган, отаси ким бўлган, улар қандай ишларни бажарганини билиши керак. Тарихини билган миллат ўзлигини унутмайди.

Тадбирда Самарқанд марказий ҳарбий округи ҳарбийлари томонидан қилинган чиқишлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ва туман ҳокимлиги томонидан уй-музейга китоблар совға қилинди.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА

https://zarnews.uz/post/sobir-rahimov-diviziyasi-jangchisi-usmon-eshbekov-uy-muzeyiga-sayohat-qilindi

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *