СОБИР ЎНАРНИНГ СЎНГГИ САБОҒИ
Хотира
Яхши одамлар ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, чатоқлари ҳар бири ўзгача чатоқдир. Рус ёзувчиси Лев Толстойнинг бахтли ва бахтсиз оилалар ҳақидаги битикларига ўхшатма бу фикрни бежиз ёзмадик. Чатоқлар ҳақида ҳар куни ҳар қадамда гап-сўз бўлаверади. Негадир яхши одамлар ҳақида деярли ҳеч ким гапирмайди. Яхшиларни яхшилаб гапириш учун одамнинг ўзи кенгфеъл, оқкўнгил, самимий бўлиши керак. Афсуски, кўпчиликда ана шу кенгфеъллик етишмайди…
Яхшилар ҳақидаги гапингни ҳар ким ҳар хил тушунади, савиясига яраша турлича талқин қилишади. Биз талабалик давримизда Пиримқул Қодиров, Одил Ёқубов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Ўткир Ҳошимов, Оқилжон Ҳусанов, Худойберди Тўхтабоев, Анвар Обиджон каби раҳматли устоз ёзувчи-шоирларга ҳавас билан қараганмиз. Улар бирор марта баланд овозда гапирганларини, бировни ёмонлаганини эшитмаганмиз. Ҳар қандай қалтис вазиятда ҳам қўпол сўз айтганларини билмаймиз. Шу тариқа устозлардан одамийлик мактабини ҳам ўрганганмиз.
Яхши одам қандоқ бўлади, деган саволга ҳеч иккиланмасдан юқорида номлари зикр этилган Устозлардек бўлади, дегим келади. Бугун ёшларимизга яхши инсонлардан ибрат олиш зарурлиги ҳақида гапирган чоғда фақат ўтиб кетган Устозларнинг номларини тилга олишим камлик қилади. Ёшлар аввало ўзлари кўриб-билиб юрган Устозлардан ибрат олишга интиладилар. Ҳозир ҳам Иброҳим Ғафуров, Хайриддин Султонов, Эркин Аъзам, Муҳаммад Али, Хуршид Дўстмуҳаммад, Аҳмаджон Мелибоев, Орзиқул Эргаш, Маҳмуд Тоир, Сирожиддин Саййид, Фармон Тошев, Мирзо Кенжабек, Абдулла Шер, Мирзапўлат Тошпўлат, Шодмон Отабек, Муҳаммад Салом, Шарифа Салимова, Умида Абдуазимова каби ёши улуғ ижодкорлардан ибрат олсак арзийди. Улар бетакрор ижоди билан бир қаторда инсонийлик бобида ҳам ҳар жиҳатдан намуна кўрсатиб юрадилар.
Ана шу Устозлардан сабоқ олган навбатдаги авлод вакиллари ҳам худди шундай хушфеъл, хушмуомала, дунёқараши кенг бўлиб камолга етдилар. Улардан бири – таниқли адиб ва журналист Собир Ўнар эди…
Собиржон билан 1981 йили ТошДУ (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети) Журналистика факультетида танишган эдик. Биз 2-курсга ўтган кезларда улар 1-курсга қабул қилинган. Бу курсда даштлик йигит камтариги, одамохунлиги билан ажралиб турарди. Талабалар ётоқхонасида қўшни хоналарда турганмиз, бирга пахта далаларида жавлон урганмиз. Мен Самарқанд вилоятининг Иштихон, у қўшни Қўшравот тумани қишлоқларидан келганмиз. Шунга яраша меҳр ва самимий муносабатлар дўстлик ришталарига уланиб кетганди.
Ўқишни тамомлагач, ҳаммамиз ижод бўстони сари йўл олдик.
Собиржон “Ёшлик” журналида фаолиятини бошлади. Адабий ходим, бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари, бош муҳаррир вазифаларида фаолият кўрсатган кезлари бу таҳририят ёш қаламкашларнинг ҳақиқий ижод масканига айланган эди.
1989 йилда унинг «Орзуга тўла қишлоқ» насрий тўпламини ўқиб чиққач, ўзига шундай дегандим:
– Сиз ҳаётда – укам, ижод бўстонида – акам экансиз!
Бу ярим ҳазил гапим замирида унинг ижодига муносиб баҳоим кўриниб турарди. Собиржон бу эътирофимдан мамнун ҳолда ширингина жилмайиб қўйди. Ҳа, у кўп гапларга ўз муносабатини биргина ширин табассуми билан билдириб қўя қоларди.
Кейинчалик унинг қисса ва ҳикоялардан иборат, «Овлоқ адирлар бағрида» (1990), «Чашма» (1991), «Чамбилбелнинг ойдаласи» (2006), “Бибисора” (2011) китобларини иштиёқ билан ўқидик. Собиржоннинг қалами қай даражада чархланиб, ижодий маҳорат ошиб бораётганини навбатдаги асарлари мисолида кузатиб бордик. Энди ундан янада салмоқлироқ асарлар кутардик.
У 1993 йили ёш ижодкорлар учун таъсис этилган Давлат мукофотига сазовор бўлди. Фаолияти давомида кўплаб танловлар ғолиби сифатида эътироф этилди. Энг катта эътироф – мухлисларининг эътибори эди!
Собир Ўнар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига файз киритиб юрганини энди энтикиб эслаймиз… У истеъдодли адиб ва публицист сифатида умри бўйи ижод қилди. “Олдинда ёнган маёқ” деб номланган бадиий-публицистик мақола, суҳбат ва эсселаридан иборат тўпламини мутолаа қилсангиз, турфа тақдирлар-у, ҳаётнинг ажиб манзараларига руҳан ошно бўласиз .
Юқорида номлари ҳавас билан тилга олинган Устозлардан Собиржон ҳам қанчалик ибрат олганини унинг муомала маданиятидан, муаллифлар ва айниқса, ёшлар билан дилдан ишлашидан яққол кўриш мумкин эди. Унинг бирор марта нохуш сўз айтганини, ҳатто, овозини баландлатиб гапирганини эшитмаганмиз. У Устоз ёзувчи-шоирларнинг одамийлик мактабини давом эттираётган ҳақиқий зиёлилардан бири эди…
2022 йил ноябрь ойи охирларида мен ЎзМУ Журналистика факультети талабаларини Адиблар хиёбонига олиб бордим. Атоқли ёзувчи-шоирларнинг ҳайкалларини зиёрат қилиб юрганимизда Ёзувчилар уюшмасидан Собир Ўнар чиқиб қолса, денг! Очиғи, жуда қувониб кетдик. Шу ернинг ўзида ижодий учрашувни бошладик. Талабалар севимли адибига ҳавас билан қараб туришарди. Собиржон одатдагидек салмоқ билан сўзлади:
– Биз устозларинг – Тўлқин ака билан Журфакда ўқиган кезлар ҳаётимиз бошқача эди. Факультетда ҳам, Талабалар шаҳарчасидаги ётоқхонамизда ҳам қандайдир ижодий муҳит бор эди. Вақти-вақти билан шоир ва ёзувчилар билан ижодий учрашувлар ўтказиларди. Биз уларга ҳавас билан қарардик. Кўп китоб ўқирдик. Тинмай ёзиб, машқ қилар эдик. У пайтлар деярли ҳар куни газета чиқарди. Ҳар ойда бир нечта журналларнинг янги сонларини қўлма-қўл ўқиб чиқардик. Бирортамизнинг шеър, ҳикоя ёки мақоламиз чиқиб қолса, албатта ўқирдик. Талабалик давримизда Абдували Қутбиддин, Толиб Носир, Ҳайдар Акбар, Акром Эрдон, Ғаффор Расул, Аъзам Ўктам, Назар Эшонқул, Шодиқул Ҳамро, Тўлқин Эшбек, Муҳаммад Исмоил каби ўнлаб ёш қаламкашларнинг ижоди газеталарда ёритиб турилиши катта воқеа эди.
– Бу рўйхатнинг олдинги сафида Собир Ўнар турарди!– Унга қўшимча қилиб қўйдим мен.– Бугун эса миллий адабиётимизнинг энг пешқадам адиби!
Собиржон яна ширингина жилмайиб қўйганча сўзида давом этди:
– Талабалик даврида ижод бўстонига интилган ёш қаламкашлар йиллар давомида ҳар жиҳатдан улғайдилар. Бугун уларнинг мухлислари ҳам кам эмас. Демоқчиманки, ана шу анъанани сиз давом эттирсангиз, шунга яраша етук ижодкор бўлиб етишасизлар. Биз оддий қоғоз-ручкада машқ қилган бўлсак, сизлар учун телеграм каналлари фикр алмашиш учун жуда қулай. Янги давр, янги Ўзбекистон адабиётини яратиш сиздек истеъдодли ёшлар зиммасига тушади. Шунга яраша сизлар учун ҳамма шароит мавжуд. Ижодкорларга ҳеч бир замонда бугунгидек имконият яратилмаган. Куни кеча ўзимиз қишлоқда яшаб кўрган аҳвол ҳам бутунлай ўзгарди. Бугун қишлоқ одамлари ҳам, шаҳарликлар ҳам замонавий “камфорт” ҳаётга ўрганди. Кейинги йилларда ижодкорларнинг яшаши, дам олиши, ишлаши учун қулайликлар шу даражада бўлдики, бу бировнинг тушига ҳам кирган эмас. Ёзувчилар учун Дўрмон ижод боғида кўп қулайликлар яратилган. Бундан ташқари Зомин ва Паркент туманларида ижодкорлар учун замонавий ижод уйлари қуриб берилган! Бундай шароитлар қайси достон ёки қайси эртакда бор? Энди бир шундай даврда чинакам ижод қилиш, яхши асарлар ёзишимиз керак! Ортимиздан улғайиб келаётган ёшлар адабиётга янги руҳдаги асарлари билан кириб келса айни муддао бўларди. Очиғи, ўзбек адабиёти ҳозир ҳам сусайиб қолгани йўқ. Бугунги кун насри ҳақида сўз кетса, тўхтамасдан йигирмадан ортиқ яхши ёзувчини санаб беришим мумкин. Шеърият ҳақида гап кетганда, қирқдан ортиқ шоирни бемалол номма-ном айта оламан. Шунда ҳам хотирам панд бериб камида йигирма-ўттиз нафар шоир эсдан чиқиб қолади. Фақат улар орасида “биз-чи, даштда лайлак қўриб юрибмизми?” дегувчилардан чўчиб тураман. Ҳозир ахборот тарқатувчи тармоқлар кўп. Шуларнинг ичида юзлаб адабиёт тарғиботчилари бор. Мен “Ёшлик” журналида йигирма тўққиз йил фаолият кўрсатдим. Ўша даврда қанча истеъдод соҳибларини кашф этдик! Айни пайтда адабий нашрлар билан ҳамкорлик қилиб, яна қанча истеъдодли ёш қаламкашларни кузатиб юрибман. Сизлардек шижоаткор ёшларга ҳам умид билан қараяпмиз. Хуллас, ҳар бир ёзувчи-шоир ёш қаламкашларга ижод сирларини ўргатиши керак. Албатта, ёзувчиликнинг мактаби йўқ. Мундоқ-бундоқ қилгин, деган билан ўрганилиб қолмайди. Аммо ёш авлод ижодий машқларини танқид-таҳлил қилиб, ёзганларини баҳолаб туриш зарур. Ёзган бадиий асарлари юзасидан суҳбатлашиш, дўстона таклиф бериш яхши, албатта. Бу билан устознинг истеъдоди камайиб шогирдники ўсиб кетмайди. Ёшлар келажагимиз. Уларга меҳр-мурувват кўрсатсак, эртага бир кун олдимиздан чиқади.
Талабаларимиздан бири “Ёзувчи сифатида қалбингизда доим жўш уриб турадиган туйғулар ҳақида сўзлаб берсангиз…” деган таклифига Собир Ўнар шундай жавоб қайтарди:
– Ҳикоя ёзишни бошлаганимдан бери биринчи галда мухлисларимиз кўз олдимда туради. Ёзувчи ўзининг қалбига яқин одамларни, қаҳрамонларни, шунингдек, ўзига яқин бўлган инсонлар тақдирини назардан ўтказиб юриши одатий ҳол. Масалан, мен чавандозлар ҳаётига қизиқиш билан қарайман. Кўп кўпкари ўйинларини кузатганман. Улар полвон, мард, эпчил йигитлар бўлади. Мана шундай қаҳрамонларимдан бири ҳикояларимда бўртиброқ кўринади. Ўзимга яқин мавзу, кўнгилга яқин, керак бўлса, ўқувчигаям маълум маънода яқинлик касб этса, шундан хурсандман. Мен учун ижтимоий ҳаёт бўладими, севги-муҳаббат ёки сиёсий мавзуда бўладими, барибир, мухлислар қалбини забт этадиган асарлар яратиш зарур. Назаримда, ёзувчи реалист бўлиши керак. Мен айнан реализм тарафдориман. Чунки реализм эскирмайдиган услуб. Рамзийлик, тимсоллар, метафораларга қарши эмасман. Шарқ адабиёти – рамзийлик кўпроқ акс этадиган адабиёт. Керак бўлса, халқ оғзаки ижоди, достонларимизда ҳам, биз хоҳласак-хоҳламасак, ичидан тимсоллар чиқиб келаверади. Масалан, Гўрўғли образи. У мард инсон! Унинг қирқ йигити кўпаймайдиям-камаймайдиям. Қайсидир юртга юриш қиладими, албатта, ғолиб чиқади. Ва, айни пайтда бефарзанд. Унинг туғилиши ҳам ғалати. Онаси вафот этгандан кейин, гўрда туғилади ва ўзи париларга уйланади. Юнус пари билан Мисқол парилар унинг маликалари. Маълумки, ҳаётда ва афсоналарда, диний асарлардаям парилар фарзанд кўрмайди. Чунки улар фаришталар. Гўрўғли фаришталарга уйланган ва бундан кейин ҳам фарзанд туғилмаслиги аниқ. Бу ғалати бир тимсол. Лекин мардлик, полвонлик, жасорат, адолатсизлик устидан доим ғалаба қилишлари, Авазхон бўладими, Ҳасанхон бўладими ва бошқаларга ёр танлашда ҳар доим кўмакдош бўлиб келган. Маълум бир оддийлик бор, оддийликнинг орқасида сирлилик, яъни ўзи фарзанд кўрмай туриб, асранди ўғилларининг ҳаммасини бахтли қилишга ҳаракат қилган подшоҳ. Шу маънода, биз истасак-истамасак, бу асарларга қайтишга мажбур бўламиз. Менинг “Чамбилбелнинг ойдаласи” номли қиссам ҳақида мухлисларимиз кўп ва хўб фикрлар билдиришди. Бу қиссада “Гўрўғлининг туғилиши” достонидан фойдаланганман. Менинг замонавий қаҳрамоним ўлади-да, гўрдан тирилиб қайтиб келади. Қайтиб келгач, барибир аввалги пайтдаги ғирромликларнинг устидан чиқади. Замондош ва тенгдошларига қўшила олмайди. Яна унга ёндош бир образ бор. Отақул қирғий. У оқсоқол одам, гапи кескир, фақат қишлоғида эмас, бошқа жойларда ҳам таъсири кучли. Уям тақдир тақозоси билан ўғриларнинг қўлига тушади-да, даштда қолиб кетади. Чўлда йилқибоқарлик қилишига тўғри келади. Замонавий бойларнинг қўлига бежиз тушмаган, синчилиги, отбоқарлиги, кўпкаридаги беқиёс тажрибаси минглаб йилқиси бор бойга қўл келади. Бизнинг Гўрўғли билан иккови бир-бирини билган ҳолда ёндош яшайди. Уларнинг қариндошлик жиҳатлари ҳам бор. Отақул қирғий охирида ўша даштдан қочиш имконияти туғилганда “Сизни олиб кетаман”, деб таклиф қилинганида “Мен кетмайман”, дейди. Унинг ўзига хос сабаби бор. У эл устида юрган оқсоқол одам, элга ақл ўргатиб юрган одам маълум бир муддат қулчилик қилишга мажбур бўлди. Ана шу иснодни кўтара олмади. Иснод шундай, бундан кўра ўлиб кетгани ва дом-дараксиз кетгани афзал эди. Уни бедарак кетган деб қидиришади, топишолмайди. Бу ерда мен урғу бермоқчи бўлган гапим шу халқнинг оқсоқоли бўлган одам энди бир муддат йўқ бўлиб кетдими, бунақа ғурурли одам элга қўшилмаслиги аниқ. Буни энди эксперимент, маълум жиҳатлари модерн адабиётга тааллуқли деб талқин қилиш ҳам мумкиндир. Баъзи адабиётшунослар гапирган, лекин ўзим моҳиятини яхши англаганим учун ўша рамзлардан фойдаланишга ҳаракат қилганман. Бироқ реализм устувор. Ўша тимсоллар ҳам бор. Ўзимнинг замонавий қаҳрамоним хиёнат қурбони бўлди. Ўзининг дўсти хиёнат қилди. Оқибатда у ўлимга юз тутади-да, аслида ўлмайди, клиник ўлимни бошидан кечиради – бу реализм. Лекин айни пайтда қабристонга қўйиб, қайтиб келишгандан кейин у ўзининг аввалги ҳолатига қайтиб, тирилиб келади. Ўша чўлдаги Отақул қирғий билан учрашади. Менинг ўйлаганларим – дунё тор ва айни пайтда дунё кенг. Дунёнинг торлиги мана шу иккита, тақдири бир-бирига жуда ўхшайдиган одамлар шу дунёнинг ўзида ҳам кўришди. Улар вафот этиб, руҳлари нариги дунёда учрашиши шартмас деган фикрга келдим. Бу ҳақиқатга тўғри келадими-йўқми, билмайман, бироқ ёзувчи сифатида ишонтиришга ҳаракат қилдим.
Яна бир талаба қизимиз “Асар ёзишда шева сўзларига қандоқ қарайсиз?” деб савол берганида Собир Ўнар ётиғи билан жавоб берди:
– Адабий тил ва шева сўзлари мавзуи ҳамиша долзарб бўлиб келган. Бу мавзуда домлангизнинг туркум мақолаларини ўқиган бўлсангиз керак-а,– деди у бир менга, бир талабаларга юзланиб.– Тўлқин ака билан шу мавзуда кўп суҳбатлашганмиз. Устозингизнинг: “халқнинг жонли тили ҳисобланмиш шева сўзлари – адабий тил пойдевори” деган фикрига юз фоиз қўшиламан. “Ёшлик” журналида ишлаган кезларимда “Тил сандиғи” деган рукн пайдо бўлганди. Бу ерда аксарият шевалар келтириларди-да, адабий тил билан изоҳланар эди. Бир шоир билан бирга шу журналда фаолият кўрсатганимизда Қўшработ шеваларини тўплаганмиз. Кейин ўша сўзларнинг баъзи бирларини “Навоий асарларининг изоҳли луғати”да кўрдим. Биз шева деб ишлатаётган сўзлар қачондир халқ орасида бадиий сўз сифатида ишлатилган. Навоий ўз асарларида айрим шевалардаги сўзлардан адабий сўз сифатида фойдаланган. Сиз тилга олган сўзларнинг аксарияти адабий тилда муқобили йўқ сўзлар. Адабий тил доим бир жойда қотиб турмайди, у шевалар ҳисобига бойиб бориши ҳақида ёзган Тўлқин аканинг фикрларини ҳам қўллаб-қувватлайман.
Адиблар хиёбонидаги ижодий гурунг анча чўзилди. Севимли адибининг суҳбатига тўймаган талабалар уни факультетга таклиф этишди. Собир Ўнар ўзи таҳсил олган Журфакни соғинганини айтиб, тин олди. Кейин суҳбатнинг давомини келгуси ойда ўша қадрдон масканига бориб давом эттиришга сўз берди.
Не ҳолки, у сўзининг устидан чиқишига қисмати йўл бермади… Бир неча кундан сўнг Собир Ўнар сўнгги манзилга кузатилгани ҳақидаги совуқ хабар талабаларни ҳам ларзага солди…
Миллатимизнинг забардаст адиби Собир Ўнарнинг бу сўнгги суҳбати бўлғуси ижодкорлар учун унутилмас сабоқ бўлиб қолди…
Собир Ўнар устозлар изидан бориб шу даражага етгани ҳақида мухтасар фикримизни баён этгандик. Энди шу забардаст адиб асарларини қунт билан ўқиган ва ўша суҳбатда ўзидан ҳам озми-кўпми сабоқ олган ёш қаламкашлар келгусида ижод бўстонида муносиб ўрниларини топсалар, нур устига аъло нур бўлур эди…
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
2022 йил 30 декабрь
Сўнгги фикрлар