“Совуқ”дан гапи совуқ
Бир аскияни эшитиб, мириқиб кулгандик.
Биттаси “Шимолдаги музликлар совуқми ё музлатгичнинг музхонаси?” деса, унга жавобан: “Икковидан ҳам сенинг гапинг совуқроқ…” деган экан.
Бу аскиядаги нимкоса гапни пайқагандирсиз, совуқлик ҳақидаги гапдан одам баттар совқотиб кетади.
Ҳар бир ташкилот, муассасада ёз бўйи қишги мавсумга албатта тайёргарлик кўрилади. Бироқ, ҳайҳотдек биноларнинг катта-катта хоналарини худди ёздагидек иситиб туришнинг ўзи бўлмайди. Айниқса, кескин ҳаво ўзгариб, қора совуқ бирдан бостириб келганида ҳатто уйимиздаги мўъжазгина хонадонлар ҳам анча совиб қолиши бор гап.
Бу билан совуқ тушса, хоналарни иситиш қийин бўлади-да, дея ҳеч кимни оқламоқчи эмасмиз. Биноларни иситиш, қиш мавсумини рисоладагидек ўтказишга масъул кишилар бепарво юришса, уларни албатта танқид қилиш, керак бўлса, чора кўриш лозим. Энди, имкон қадар елиб-югураётган, вазифасини сидқи-дилдан бажаришга ҳаракат қилаётган ўша мутасаддиларга қўлдан келганча қарашиш, ёрдам бериш ўрнига уларни ижтимоий тармоқларда маломат қилавериш ҳам қуюшқонга сиғармикин?
Манаман деган ривожланган мамлакатларда ҳам қора совуқ тушганда ўқув даргоҳларида бошида телпаги билан қўлига куҳ-куҳлаб, жунжикиб ўтирганларни телекўрсатувлар орқали бўлса-да кўп кузатганмиз-ку.
Бир ижтимоий тармоқда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Кимё факультети биноларини 7 йил таъмирланганидан кейин ҳам иситиш тазимлари “умуман ишламайди”, “Айрим лаборатория хоналарида сув чиқмайди” дея бонг урилган.
Биз ўринли танқидни ўринсиз гаплар билан хаспўшлаш фикридан йироқмиз. Фақат, уззу кун шу университет равнақи учун жон куйдириб ишлаётганларни ҳадеб айблайвериш ўринлимикин? Шу билан ҳамма хоналар бирдан исиб қолармикин? Танқидий фикрини ёзғувчилар аввало шу даргоҳга келиб, масаланинг моҳиятини ўрганса, мутасаддилар билан очиқ гаплашса, масаланинг ечимини баҳамжиҳат ҳал этиш борасида таклифларини айтса, мақсадга мувофиқроқ бўлармиди…
Совуқ хонани совуқ гаплар, ижтимоий тармоқларда жар солиш билан иситиб бўлмаслигини тушунтиришга ҳожат бўлмаса керак…
Бизнинг ниятимиз, ўқув даргоҳимиз хоналарини имкон қадар исиққина қилиб, жўмракларидан оби-ҳаёт келтириб қўйишга амалда эришишдир.
Бу эзгу йўлдаги ҳаракатларга баракот тилаб қоламиз.
Дониш домла
Сўнгги фикрлар