Соҳибқирон сиймоси
9 апрель — Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун!
Буюк бобокалонимиз Соҳибқирон Амир Темур сиймоси асрлар оша авлодларда катта қизиқиш уйғотиб келган. Бу улуғ сиймо ҳақида нафақат ўзимизда, балки жаҳондаги турли мамлакатларда ҳам катта эътибор билан қаралиб, турли даврларда унинг ҳаёти ва фаолиятига бағишланган юзлаб асарлар яратилгандир. Юртимиз истиқлолга эришганидан сўнг тарихий қадриятларимиз қаторида улуғ аждодимизнинг муборак номлари чинакам қадр топмоқда. Шаҳрисабзда, Самарқандда, Тошкентда унинг маҳобатли ҳайкаллари қад ростлади. Сўнгги йилларда Соҳибқирон сиймоси акс этган салмоқли китоблар орасида атоқли олим Бўрибой Аҳмедовнинг «Амир Темур», севимли шоир ва адиблар Абдулла Ориповнинг «Соҳибқирон», Муҳаммад Алининг «Буюк салтанат», Пиримқул Қодировнинг «Амир Темур сиймоси» асарлари тенгсиз маънавий мулкимизга айланди.
Бу асарлар орасида севимли адибимиз Пиримқул Қодировнинг 2007 йилда «Ўзбекистон» нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган «Амир Темур сиймоси» илмий бадиаси алоҳида ўрин тутади. Юксак бадиий лавҳаларда акс этган ғаройиб воқеа-ҳодисалар илмий асосланган ҳолда талқин этилгани боис «илмий бадиа» деб номланган бу китоб асли адабиёт ишқибозлари учун ажойиб романдир. Ўқувчи уни зўр иштиёқ ва ҳаяжон билан мутолаа қиларкан, кўз ўнгида аввало буюк Амир Темурнинг улуғвор сиймоси гавдаланади. Соҳибқироннинг замондошлари, ўғиллари ва бошқа тарихий шахслар жонли образларга айланади. Не-не тақдирлар, турфа характерлар, ҳаётда учрайдиган зиддиятлар ва уларнинг ечимлари китобхонни ҳаяжонга солади.
Соҳибқироннинг 660 йиллиги нафақат унинг туғилиб ўсган диёри – Ўзбекистонда, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Париждаги қароргоҳи бўлмиш ЮНЕСКОнинг муҳташам саройида юксак эҳтиром билан нишонлангани чинакам тарихий воқеадир.
Адиб ва олим илмий бадиасида Амир Темур ҳаёти ва фаолиятига оид фактларга теран илмий нуқтаи назардан ёндашади. Тарих осмонида мангу нур таратиб турган улуғ сиймо ҳақида турли даврларда тарихчилар ва тадқиқотчилар томонидан жуда кўп холис фикрлар ёзилганини эҳтиром билан тилга олади. Айтайлик, Амир Темурнинг ўз ота-онасига меҳру оқибати машҳур Оқсарой тимсолида кўринишини, испан элчиси Клавихонинг китобида ёзилишича «Амир Темур Кешда қурдирган муҳташам Оқсаройни отасининг хотирасига атаб бунёд этганини» ёзгани эътиборга моликдир. Яна бир тарихий манбада эса «бу гўзал ва бетакрор бино Амир Темурнинг онаси шарафига 1404 йилда қуриб битирилган»и баён қилинган. Бу манбалардан иқтибослар келтириш асносида муаллиф ўз ўқувчиларининг ҳам тафаккурларини янада бойитишга хизмат қилгани айни муддаодир.
Темурбек ёшлигида қанчалик зеҳни ўткир, заковати тенгсиз бола бўлгани, у камолга етганда ҳам буюк ақл-идрок соҳиби, донишманд сиймо, адолатли амир сифатида ном қозонгани ҳақида кейинчалик унинг саройида котиб бўлиб ишлаган Ҳафизи Абрўнинг «Зубдат-ут таворих», Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Низомиддин Шомийнинг «Зафарнома», темурийлар хизматида бўлган Муйиниддин Натанзийнинг «Мунтахаб-ут таворих», француз олими Люсьен Кэрэннинг «Амир Темур салтанати», Бошқирд халқ ёзувчиси Ахияр Ҳакимовнинг «Карвон», рус тарихчиси Михаил Арнольднинг «Бир муҳораба сири» асарларида, француз ёзувчиси Марсель Брюннинг «Мен жаҳонни очган Темурман» романига Эрон олими Р.Мансурий ёзган сўзбошисида, Озарбайжон олими Абулфайз Раҳимовнинг «Амир Темур Озарбайжонда» асарида эътиборга молик фикрлар баён этилганини муаллиф эҳтиром билан тилга олади. Кўплаб тарихий асарлар билан бир қаторда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома», Алишер Навоийнинг «Мажолисун нафоис» сингари ўз бобокалонларимизнинг тарихий асарларида ҳам Амир Темур шахси қанчалик улуғланганини зукко адиб теран таҳлил қилган.
Турли даврларда Амир Темур ҳақида яратилган асарлар орасида тарих ҳақиқатини бузиб талқин қилинганлари ҳам кам эмас. Улар нечоғли асосли бўлганини илмий таҳлил қилиш, пировардида, Соҳибқирон сиймоси ҳақида ҳаққоний хулосалар чиқариш мақсадида адиб «ишимиз давомида «Темур тузуклари»дан иқтибослар келтириш орқали унинг ўзини сўзлатишга, маънавий дунёсини ўз нутқи орқали очишга ҳаракат қиламиз» дея масалага тўғри ёндашиш йўлини танлайди.
Бугунги кунда беқиёс маънавий хазинамизга айланган «Темур тузуклари»ни Амир Темур умрининг охирларида ёзиб тугатгани ва унда ўз хулосаларини авлодларига васият тарзида ёзиб қолдиргани, бу китоб асрлар давомида махфий сақлангани ва бизга етиб келгунича ажойиб ҳодисаларга дуч келгани ўзи бир тарих эканини муаллиф қатор тарихий мисоллар воситасида ҳам тасвирлайди. Соҳибқирондан сўнг темурий шаҳзодаларнинг тенгсиз маънавий мулкига айланган бу китобга Мирзо Бобур чексиз эҳтиром ила қарагани борасида кўп далиллар келтирилган. «Бобур Мирзо умрининг охирида ўғли Ҳумоюнга ёзган махфий васиятномасида «Ҳазрат Соҳибқирон Амир Темурнинг корномасини доим ёдингда тутгил» деганлиги унинг «Темур тузуклари»ни назарда тутганидан далолат беради,– деб ёзади муаллиф.– Истиқлол шарофати билан тарихий адолат тикланганидан сўнг Бобур Мирзонинг Амир Темурга бўлган садоқат ва ихлосига бағишлаб «Юлдузли тунлар» романининг тўлдирилган нашрига янги боблар киритдим. Бу мавзу «Она лочин видоси» романи ҳамда «Тил ва Эл» номли бадиада баҳоли қудрат давом эттирилди».
Юқорида таъкидлаганимиздек, Амир Темур ҳаётига оид асарлар орасида қайсидир маънода «тўқиб-бичилган» гаплар, шошма-шошарлик билан «яратилган образлар», улуғ инсон шахсиятига тўғри келмайдиган «лавҳалар» ҳам кам эмас. Буюк тарихий шахс ҳаёти, зафарли юришлари ҳақида ортиқча эҳтиросга берилиб ёзиш «одати» ўтган асрларда ҳам кам бўлмаган… Бундай адабиётлар тарих ҳақиқатини бузиб кўрсатиш баробарида ўқувчини чалғитади.
Соҳибқирон ҳақидаги асарларнинг қай бири ҳаёт ҳақиқатига монанд-у қайсида англашилмовчиликлар, уйдирмалар, сохта гаплар борлиги «Амир Темур сиймоси» китобида аниқ далиллар билан исботлаб берилган. Жонкуяр адиб тарихий манбалардаги Амир Темур шахси билан боғлиқ ҳар бир деталга синчковлик билан ёндошади. «Сўнгги асрларда пайдо бўлган баъзи китобларда Тарағай баҳодирнинг номини «Тўрғай» деб ёзиш ҳоллари ҳам учрайди. Бу ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди,– деб изоҳлайди у.– Тўрғай – кичкина сайроқи қуш. Баҳодирлар авлодидан бўлган амирга бундай нисбат бериш тўғри эмас. Туркий тилда Тарағай сўзи «нурдай таралсин, кўпайсин, катта ҳудудларни эгалласин» деган маъноларни билдиради». Бундай тилаклар ижобат бўлишига урғу берган муаллиф шу ўринда Амир Темур ўзининг суюкли невараси Улуғбекка дастлаб Тарағай деб исм қўйганини ҳам эслатиб ўтади.
Мевали дарахтга тош отилиши азалий қисмат эканини Амир Темурга нисбатан турли тарихчи олимларнинг уйдирмаларидан ҳам билса бўлади. Жумладан, Ибн Арабшоҳнинг «Темур тарихида тақдир ажойиботлари», М.Брюннинг «Мен жаҳонни очган Темурман», 1992 йилда Москвада босилиб чиққан «Тамерлан», инглиз адибаси Хильде Хуккемнинг «Етти иқлим султони», А.Ю.Якубовскийнинг «Темур» деб номланган китобларида ҳақиқатга тўғри келмайдиган хаёлий уйдирмалар кўп учраши, академик В.В.Бартольднинг айрим сўзларида Амир Темурни «саводсиз бўлган» деган гаплари қанчалик ассоссиз эканлиги «Амир Темур сиймоси» китобида теран илмий таҳлиллар воситасида очиб берилган. Бу билан ўша чалкашликларга катта нуқта қўйилганини ҳис этасиз.
Айрим тарихчиларнинг Чингизхон ва Амир Темур сиёсатидаги бир-бирига «ўхшаш жиҳатлари»ни кашф қилганлари ҳақида ўқиганмиз. Аслида бу икки тарихий шахс саъй-ҳаракатларида, мақсадларида мутлақо ўзгача ҳолатлар юз берганини ҳам муаллиф аниқ далиллар билан асослаб берган. «Чингизийлар ҳукмронлиги даврида айниқса сипоҳийлар ва беку амирлар орасида субутсизлик, беқарорлик, алдамчилик авжига чиққан эди,– деб ёзади адиб.– Шуни яхши биладиган Амир Темур энди одамларга нисбатан иложи борича кечиримли бўлиш ва яхшилик қилиш йўли билан уларни оғир иллатлардан қутқариб олишга астойдил ҳаракат қилади». Бир ўринда, Чингизхон лашкарларини ярим оч ҳолда жанг қилдиргани ва улар оч бўридек одамларни талагани, Амир Темур эса лашкарларига яхши маош тўлаб, уларни адолат учун курашга чорлагани ҳақида мароқ билан ҳикоя қилинган.
«Амир Темур сиймоси» китобида буюк бобокалонимизнинг бутун фаолияти содда ва равон тилда ҳикоя қилинган. Соҳибқироннинг улуғвор ишлари, бунёдкорлиги, буюк инсоний фазилатлари, замондошларига, илм аҳлига нисбатан оқилона муносабатлари, зафарли юришлари ва қудратли давлат бунёд этиши, авлодларига қолдирган тенгсиз мерослари ҳақида юксак бадиий маҳорат билан ёзилган китобни мутолаа қиларкансиз, хаёлан ўтмиш билан юзма-юз бўлгандек ҳис этасиз ўзингизни.
Муаллиф буюк бобокалонимизнинг ўз даврида эришган тарихий ғалабаси билан бугунги тенгсиз истиқлолимизни шундай муқояса қилади: «Энг баланд тоғ чўққиси ана шундай баланд чўққидан кўзга аниқроқ кўринади. Биз ҳам Амир Темур етакчилигида халқимиз эришган мустақилликнинг нақадар юксак қадрият бўлганини Ўзбекистон истиқлоли йилларида яққол кўрдик ва дил-дилдан ҳис қилдик».
Мазкур илмий бадиа «Озодлик йўлидаги тик довонлар» ва «Жаҳон миқёсига чиққан фаолият» деб номланган иккита қисмдан иборат бўлиб, улар моҳиятан буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг Ватан озодлиги, юрт истиқлоли йўлидаги мардона курашлари тафсилотларини илмий асослашга хизмат қилади. Юксак бадиий маҳорат ила битилган ушбу асарни Амир Темур ҳақидаги ҳужжатли роман ҳам дейиш мумкин. Бу китоб ўқувчига маънавий озиқ бериш билан бир қаторда унинг тафаккурини бойитишга ҳам хизмат қилади. Бу маънавий бойлик эса – аниқ далиллар, ишончли манбалар асосида яратилгани билан ҳам қадрлидир.
Тўлқин ЭШБЕК,
Раҳимқул МАҲАММАДИЕВ,
халқ депутатлари Олмазор туман Кенгаши депутатлари
Сўнгги фикрлар