“Стометровка”ми ёки марафонН?!

Айни дамда муҳтарам президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев

мактабларда адабиёт тўгараклари ташкил қилиш фармони билан катта бир ислоҳотга қўл урди. Шоҳлари шоир, шоирлари шоҳ, омма ёппасига шеър мухлиси бўлган кўҳна Туроннинг шонини тикламоқчи. Бунга “Офарин!” деймиз. Аммо, бир неча мингта тўгаракдан етишиб чиқадиган ёш шоиру ёзувчиларнинг ижодини сотадиган, ўтказадиган бозор қани?

Бу фармоннинг асл мақсади 100 тўгаракчидан 99 таси маънавияти ижобий шаклланган шахс бўлиб улғайишини, биттасини чинакам ижодкорга айланишини назарда тутганини тахминлайман. 100 та мана шундай маънавияти солиҳ ўқувчи камида уч ўртоғига ўрнак бўлади. Бирники мингга, мингники туманга. Болалар таълим тарбия, одобни асосан ўз тенгдошларидан ўрганади. 20% — 50% бошқа соҳалардан, 50%, ҳатто баъзан ундан ҳам кўпини ўз тенгмўйсалари, ўз даврасидан олади, рағбат топади. Бежизга дўстларинг кимлигини айт, мен сениинг кимлигингни айтиб бераман дейилмаган. Бу ерда устозлар тилга олинмаяпти. Устозлар асосан аввало шогирдга одобни ўргатиши керак. Одоб бир идишдир. Идишни ясаб-қотирсангиз, кейин унга қуйилган мазмун – маънавият, раҳмоният, маданияту шеъриятлар оқиб чиқиб кетмайди. Энг аввало ОДОБ. Мана шу жиҳат ҳозир энг долзарб бўлиб турибди.

            “Шунинг учун ҳам машойиҳлар: “Ким нимани ютса одоби билан ютади, ким нима билан қуласа, фақатгина беодоблик билан қулайди”, деганлар…” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг “Тасаввуф ва тасаввур китобидан, Nilol-Nashr, 2018, 257 с.)

Турли компаниялар бир кунда ходимларга иш бошида ва иш куни охирида мотивация бериш учун қисқача ўқув-тренингларига тўплар экан, пул топиш усуллари билан бирга мижозлар билан қандай муосмила қилиш, яъни одобга ҳам риоя этишларини қулоқларга қуйишни эсдан ҳориж қилмайди. Яхши муомила, одоб пулни кўпайтириш сари илк қадамлардир.

Пул топмайдиган, бюжетга боғлик маҳакамалар, айниқса ҳокимликлар, шифохоналар, мактабларда ҳам ходиимлар билан ҳам ана шундай қисқача “пятимиинутка”-тренинглар ҳафтада ҳеч бўлмаса бир маротиба ўтказилиши шарт. Тарбиячилар, бошқа ходимларнинг ўзи аввало тарбияли бўлмоғи керак. Ҳар бир ўқувчи, зиёрат буюрувчи, бемор уларнинг мижози. Яхши кутиб олиш ва кузатиб қўйиш, ширин муомиладан маошлар албатта ошиб қолмайди. Аммо орада меҳр товланади, ҳавас уйғонади, норозилик, ҳасад алангасига сув пуркалади. Алишер Навоийнинг “Муножот” асарида Аллоҳга ибодат шаклида шундай ёзиб ўтади: “Илоҳи, замиримга такаббурликни яқинлаштирма ва хотиримни элга фойдали ишлардан айб ахтаришга йўлатма…”

Инсон тийнати қилдан қийиқ ахтаришга мойилдир. Биров элга фойдаси тегармикин, дея бир ишни бошлаганда, бошқалар аввало бу ишдан ўша одам ўзига қандай манфаатларни кўзлаганини муҳокама қилишга тушиб кетади. Унинг ёнига кириб, ходани бир четини кўтариш ўрнига, бу ишдан жамиятга етадиган зарарнию унинг ўзи кўрадиган фойдани тафтиш қилиш билан овора бўлишади. Ҳа деган эса туяга маддаддир.

Ношукур бандаларга биттадан қўй тарқатган одам арқон ҳам қўшиб бермагани учун таъна-дашномларга қолади…

Энди ўз дардимизга қайтсам. Мавжуд газеталар бир неча соату кунлик умри бор ва бир хил мавзудаги ахборотлардан ортмаса, асрлардан ошиб келган шеъриятга, адабиётга битта ё яримта саҳифасини раво кўрмаса, раво кўрган тақдирдаям “муллажиринг”дан дарак бўлмаса, шоиру ёзувчи нимадан илҳомланиб шеър ёзади?!

Собиқ Шўролар тузимида саккиз қатор шеърингнинг қалам ҳақига бир кило гўшт олардинг. Ҳозир битта достон ёзгин, ақалли раҳмат эшитмайсан…

Демак, шунга етарли мотивация-иштиёқлантириш тизимига эҳтиёж пайдо бўлади. Бу маблағлар ижодкорга етиб боргунича талон-тарож бўлмаслиги назоратга олиниши керак.

Ҳали каминалари мактаб ўқувчиси бўлган ўтган асрнинг етмишинчи йиллари охирида “Муштум” журналида чиққан биттагина жумлам учун Тожикистонинг тупкани тагидай она-қишлоғимга 5 сўм гонорар келганди. Бу бир ўқувчи бўлса, унга пулни нима кераги бор, деган гап наҳотки ҳеч кимнинг хаёлига келмаган?

Шунга зид тарзда мустақиллигимизнинг ўнинчи йилига(!) келиб, Тошкентдан Бекободга келган минг сўмча гонораримни почат мудираси ўзи қўл қўйиб олиб ишлатиб юборибди. Ўн йил ичида касбий ҳалоллик қанчалар пасайиб кетганини қаранг! Анча суришитрувларимдан кейин бу пулни тутқазаётган аёл шундай деганди: “Эркакман деб, уялмай шу пулни суриштириб юрибсизми? Мен бунақа пулларни ўтирган жойимда топаман!” Узр сўрашдан, уятдан асар йўқ, қайтага… Ўз пулимни ана шундай таъналарга қўшиб олганман. Энг қизиғи кейин юз бериб, бир маъракада бу аёл билан қариндош эканимиз маълум бўлиб қолди. Иккимизни турлича уят қамради: ҳа, уятни уятдан, шармни шармдан фарқи бўлар экан…

Амир Темур салтанатинг пойтаҳти ҳақида испан элчиси Клавиҳо шундай ёзганди: Тун пайти бошига минг тилло солинган баркашни қўйиб олган киши Самарқанднинг бир четидан бошқасига етиб боргунча унинг жонига-ю молига на ўғрилару, на миршаблар даҳл қилмас экан. (Тенглаштиришни қаранг).

Шоирларни “қарсак гадоси” ҳам дейишади. Мақтову, олқиш яхши нарса, аммо бўш қоп тикка турмайди. Ҳокимликлар ўз тассаруфидаги “хужжатли” (аввал шуларни эплаб олайлик, “хужжатсиз”лари кейин бир гап бўлар) шоирларнинг тириккчилиги билан қизиқишсалар бўларди.

Ривоят: Иттифоқо Дамашқ шаҳар ҳоқимига шоир Фалонийнинг аризасини тутқазишди. Унда шоирнинг тирикчилиги танглашгани учун ё бир чопон, ё бир қоп ун, ё бир саноч ёғ, жуцда бўлмаса битта қўй берилиши сўралган экан. Аризани ўқиган ҳокимнинг жааҳли чиқди: “ Фалоний бизни шунчалар ҳиммати паст деб ўйлайдими — ё уни, ё буни деб сўрайдир. Ҳаммасини берингиз!”

Шоирликни бўйнига олган одамда эшитадиган қулоққа мухтожлик касали пайдо бўлади, аудиторияга мухтожлик пайдо бўлади, эфирга, кибр-ҳавога мухтожлик пайдо бўлади!

Нега хусусий телеканалларимздаги “Музқаймоқ-парти”лар, “Реал-хит”лардаги мухбир болалар одамлардан фақат қўшиқ айтиб бериш, қайси қўшиқчига овоз беришини сўрайди? Нимага мана шундай омма билан учрашувларда иштирок этиш учун шоирларни таклиф қилишмайди?

Нимага ўткинчилардан шеър ўқиб беринг, қайси шоирни севасиз, деган илтимослар, сўровномалар йўқ!

Биз мактаблардаги тЎгараклардан етишиб чиқадиган бўлғувси шоирларга ва айни дамдаги мавжуд шоирларга ўз ижодини реализация қиладиган бозорни, аудиторияни яратишимиз керак. Хусусий телеканларнинг бирортасида шеърият учун ўн дақиқа ҳам вақт ажратишмаган.

Ҳатто собиқ Шўролар тузимида ҳам адабиёт, шеъриятнинг хурмати баланд эди. Чунки, биринчи шахс бўлмиш Шароф ота Рашидовнинг ўзлари камтарин, юксак маънавиятли, адабиёт оламининг вакили бўлган шоҳлардан эди. (Ҳусайн Бойқарога монанд). Ўзкомпартия биринчи котиби Шароф ота Рашидов 26 ёшли Абдулла Ориповнинг “Баҳор” шеърини партиянинг биринчи рақамли газетаси “Қизил Ўзбекистон”да 1967-йили эълон қилганида шундай ёш шоир борлигидан хабар торган ва ўз ҳимоясига олган (иккинчи, янги замон Навоийси). Шароф отамиз яна “Сирдарё ҳақиқати” партия газетасида ёшгина қишлоқи шоира Халима Худойбердиева шеърларига кўзи тушиб, шоирани Москвадаги Адабиёт Институтига ўқишга юборган. Ўша пайти янги турмушга чиққан Халимага эрининг уруғлари ё оилани де, ё шеърни дея талаб қўйишганида, адабиётни танлаши осон бўлмаган. Ҳар ҳолда, у бегонагамас, ўз қариндошларига келин бўлганди. Етмишинчи йилларнинг Нурхони бўлган Ҳалима опамиз.

Ёки биринчи президентимиз Ислом ота Каримов 1997-йили Муҳаммад Юсуфга Халқ шоири унвони берганида ҳам шеъриятнинг обрўси анчагина бор эди.

Ёки, Абдулла ака Ориповнинг 60 ёшлиги нишонланган 2001-йили президент унга тўн кийгазиб, қучоқлаб кўтарганида, шоирнинг кўзидан қувонч ёшлари дувиллаб қййилгани-чи…

Собиқ Шўролар тузимини ҳар қанча сўкмайлик, у фақат танқид объекти эмаслигини эслатиб қўяйлик. У ўзимизнинг ўтмишимиз. Бизлар унинг нонини едик, суягимиз ўша дамларда қотди, харф танидик, савқод чиқардик. Абдулла аканинг 1966-йили, йигирма беш ёшида ёзган “Ўйларим” шеърида шундай дейилган:

Не тонг, ахир фарзандман-ку шу замонага,

Ахир, она сийнасидан фарзанд тонолмас,

Қўл кўтариб бўлармиди, ахир онага,

Зотан, унга қўл кўтарган – фарзанд саналмас!

Ёки шоир дўстим Иқбол Мирзонинг шеърига қулоқ солинг:

Чўнтаги йўқ экан деб чопонни ёмонлама.

Замон Худонинг номи, замонни ёмонлама!

Худди Юлдуз Усмонова каби, энди худоликларингни айтинглар: шўролар тузими шу қадар ҳам ёмонмиди? Ким ота-онани, ватанни танлабди-ки, биз танласак?! Ота-онамизни ёмон кўрамизми ўша даврда дунёга келтиргани учун?!

Ахир Собиқ Шўролар тузумининг ижтимоий таъминот, касаба уюшмалари, иш ўринлари ташкил қилиш тизими ғарбий капиталистик дунёлар учун ибрат мактаби бўлмадими? Ҳозир бу борада етакчи ўринда бораётган Швеция, Дания, Норвегия, Исландия, Австралия, Исроил, Япония давлатлари учун жонли конспект эди собиқ ватанимиздаги бу тизимлар иши. Ҳатто, капитализм авангарди бўлган АҚШ ҳам бу борада етакчи ўнталикдан жой ололмаётган бўлса…

Ҳозир ижтимоий тармоқларда айрим юртдошларимиз ўзининг Ўзбекистонда туғилганидан ва бу ерда яшаётганидан норози бўлаётганини ошкора айтаётганлари учун ҳам шу гапларни айтишга мажбур бўлдим: ўтган кунинг унутма, кўн чориғинг қуритма!

Ўша пайтлари унвондор шоирлар у ёқда турсин, биздек пиёда шоирларнинг шеърлари ҳам партия газеталарида чиққанидан кўксимиз тоғ, кайфиятимиз чоғ бўлиб юрардик.

Масалан менинг ҳажвияларим, шеърларим мустақилликнинг илк беш йилида журналист, атоқли публицист Анвар ака Жўрабоев бошқарган “Халк сўзи” парламент газетасида бир неча марта эълон қилинган ва яхшигина гонорар олганман. Ўша пайтлари буюк ёзувчи Шукур Холмирзаев “Адабиёт ўладими?” деган мақоласини ёзганида, шундай ақли дониш адиб ҳам некбинлик хасталигига чалинганини ким билибди, дейсиз?!

Янги уч мингинчи аср ўзбек шеърияти, адабиёти учун оғир келди. Марказий газеталар шеъру бошқа адабиёт намуналарига угай кўз билан қарай бошлади. Адабиёт фақат шунга ихтисослашган “Шарқ Юлдузи”, “Ўзбекистон Адабиёти ва Санъати”, “Ёшлик” каби нашрларга тегишли бўлиб қолди. Ўтган йигирма йил мобайнида партиялар, парламент газеталарида шеъри чиқиб, раҳбарлар кўзига тушган шоир борми? Умуман бу газеталарда шеър деган нарса чиқадими ўзи?

            Адабий тўгараклар – давр юзи! Шарқ адабий муҳитида тўгаракчилик мактаби узоқ тарихий илдизларга, умрбоқий анъаналарига эга мактабдир. Шеъриятимиз машъали, Мир Алишер Навоийнинг тўгаракчилик мактаби, ул зотнинг ҳовлисида ўтадиган “мажолисун нафоис”ларда шоирлару машшоқлар, рассомлару ҳаттотларнинг йиллар мобайнида шаклланган тўгаракларидан маданиятимиз, маънавиятимизга кўп хизматлари сингган устазодалар етишиб чиққан. Хоразм хонларидан Муҳаммад Раҳимхон- Феруз ҳомийлигида ташкил топган Огаҳий тўгараги, Қўқон хони Умархон — Амирий(шоирлик таҳаллуси) ҳомийлигидаги Увайсий тўгараги буларга мисолдир.

Тўгарак раҳбарлари худди мактаб муаллимларидек икки-уч умрга эга кишилардир. Уларнинг номлари тарбиялаган шогирду ўқувчилари билан бирга яшайди, эсланади. Ғайратий домла гарчи Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Ҳабибий домлаларга замондош бўлса-да, эллигинчи йиллар бошида тузган адабиёт тўгарагидан етишиб чиққан Эркин Воҳидов, Хайриддин Салоҳ, Ўткир Ҳошимов, Ўлмас Умарбеков каби шоир ва адибларнинг устози сифатида уларга тенгдошу замондошдек вақти-вақти билан эсланади.

Тўгаракда шеъру ҳикоя ёзиш қисман ўргатилади, аравани барибир ёш ижодкорнинг ўзи тортиб кетиши керак. Тўгарак машғулотиларида ёш болаларга асосан ўзига хос фикрлаш, мустақил танлаб-саралаб китоб мутолаа қилишлар, ўз тўгаракдошларининг танқидига кўникма ҳосил қилиш (устоз бу борада сал мурасозроқ бўлади) ва рақобат туйғуси шакллантирилади. Бу эса бир кунлик ишмас. Тўгараклар иши “стометровка”мас, марафонча югуришдир. Секундомерни тутиб, тезроқ натижа чиқишини кутмаслик керак. Бу ишларга мутасадди раҳбарларда озроқ сабр-тоқат бўлиши керак. Баъзан рақс тўгараклари билан адабиёт тўгарагини солиштиришади. Бу жуда ҳам тенг бўлмаган қиёслашдир. Одам рақсни гўдаклигидан ўрганади. Ҳатто бир яшар болачалар ҳам мусиқага ўйин тушиб бера олади. Ақли етмайди, аммо ўйнай олади. Ақли тўла бошлаши билан рақс онгли тарзда ижобий таъсир қилади. Чиройли либослар, ўйноқи оҳанг, олқишлар, давранинг гули бўлиш… Мусиқа дегани ҳамма ёқдан ёғилиб, ҳатто қулоғингга тиқиб олган қулоқчиндан ҳам таралётган бўлса, юрган йўлингда ҳам Жиммидек хиром қилиб юрсанг бўлади. Рақобат ҳам ўз-ўзидан пайдо бўлади. Болалар дастасиини тузиш, чиройли композициялар яратиш анчагина осон (“Йўқ, бу жуда қийин!”, — дейишга тайёрлар доим топилади. Тўғри, қийин, аммо шеър ёзишдан кўра осонроқ. Тўйга боринг-да табрик учун тўрт қатор шеър ўқиб берадиганларни изланг. Уч-тўртта тайёрланиб келганлар бўлмаса, бошқалар буни хоҳламайди, аммо музика чалиниши билан ўртага йигирма-ўттизта одам рақс тушагани чиқади: нимаси қийин…). Бу ерда реппер Богдан Титомирнинг: “Делай как я, танцуй как я, делай лучшее меня!!!” — каби слоганлари андоза. Рақс деярли тақлид санъати. Адабиётда шундай деб бўладими: “Мендай ёз! Мендай фикрла!” Тасаввур қилолмайман, сиз-чи?!

Шунинг учун, марафонча масофага чиққан тугарак аъзоларининг дастлабки бир-икки километрида ҳаммадан юз-икки юз метр олдинга ўзиб кетганлардан хулоса чиқаришга шошилмаслик керак. Маррага уч-тўрттаси орқама-кетин етиб келади, бир нечаси йўлнинг ярмида дисстанциядан чиқиб кетади, аста-секин бошқалар ҳам етиб келади. Яхши от охирида чопади, деган ибора ҳам ўзини оқлаши мумкин. Бизнинг мақсадимиз маррага етиб келган учлик ёки ўнликни қутлашмас, шу жараёнга қўшилган ҳаммани қутлаш. Бу ерда бир ўқ билан бир неча қуён отилади: учта зўр, етитача яхши шоир ва жами иштирокчилардан иборат онгли, фаол шахслрдан иборат адабий муҳит.

Тўгарак аъзоларид орассида танқидий фирловчилар кўпроқ чиқишини хоҳлардим. Масалан, бизнинг саксонинчи йиллардаги “Шуъла”Республика ёш ижодкорлари тугарагидан элликтача шоир, ўнтача насрнавис чиқди ва битта танқидчи – Раҳмон Қўчқор. Мана шу шоиру насрнависларни тарозини бир палласига қўйилса, барибир танқидчи Раҳмон Қўчқор тош босиб кетади. У кўтариб чиққан ва чиқаёттган муааммоларни унча-мунчамиз қила олмаяпмиз. Яна тўгараклардан публицистлар чиқишини истардим. Битта яхши публицист ўзида яхши шоир, носир ва танқидчини жам қилган ижодкордир. Донолардан бири шундай деган экан: Сен шоир бўлишинг кўпам шарт эмас, аммо гражданин бўлмоғинг фарз!

Шу ўринда буюк эртакчи Ханс Кристиан Андерсеннинг эртагидаги боланинг хитобига эътиборингизни қаратмоқчиман: “Ахир, қирол яланғоч-ку!”

Ҳа, болалар чинакамига “ёлғон дететектори”дир. Улар хушомадни, ёлғонни тез пайқашади. Ана шу болакайлардан тезда бўлғуси раҳбарлар, олимлар, ижодкорлар, жонтолмас меҳнаткашлар, муғамбир-муттаҳамлар етишиб чиқади. Улар орасида ижодкорлар ана шу “ёлғон детекторлиги”ни анчагина сақлаб қолишади ва мана шу жиҳати билан катталар жамиятида кўп қийналишади. Таниқли публицист Марк Дубовский ёзади: “Бизга намунали жамиятда ўзимизни тутишни ўргатишдию, намунали жамиятнинг ўзини яратишмади”.

Айни дамда президент Шавкат Мирзиёев ана шу намунали жамиятни шакллантиришга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳаракатларнинг қандай давом этиши эса олдинда турган сайловлардаги биз – сайловчиларнинг ё раҳмониятга, ёҳуд бошқаси — шайтанатга овоз беришимизга боғлиқ…

4

Оллоёр БЕГАЛИЕВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмаси аъзоси,

Носир номидаги мукофот совриндори

Вам может также понравиться...

Ответов: 4

  1. Sabina:

    Оллоёр Бегалиев билан бирга мактабда ўқиганмиз. Адабиёт бўй

  2. Sabina:

    Ёзувчи ва шоир Оллоёр Бегалиев билан бир мактабда, бошқа синфда ўқганмиз. Район газеталарида саккизинчи сиинфдан қатнашарди. Кейин Тошкентда ўқиди. Мен унинг ҳамма асарларин севиб ўқийман. Аммо, ўн йилдан бери кўрганим йўқ. Телевизорда кўриб қоламан.

  3. Sardor:

    Men bu maqolani maza qilib o’qidim. Gazetalarda she’rlar chiqishini istayman. Ijodiingizga omad!

  4. Sardor:

    Men bu maqolani maza qilib o’qidim. Gazetalarda she’rlar chiqishini istab qolardik. Ijodingizga omad!

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *