Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори


Мамлакатда экологик вазиятни яхшилашга, шу жумладан, сув объектларини муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, тошқин ва сел ҳодисаларида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу билан бирга, қонунчиликда мавжуд бўшлиқлар дарёлар ўзанлари ва сувни муҳофаза қилиш зоналари, кўллар, сув омборлари, каналлар, коллекторлар ва бошқа сув объектларини тозалаш, шунингдек, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш (кейинги ўринларда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш деб юритилади) ишларини амалга оширишда қум-шағал материалларини рухсатсиз қазиб чиқариш учун шарт-шароитлар яратмоқда.

Ўз навбатида, қум-шағал материалларининг рухсатсиз қазиб чиқарилиши аксарият ҳолларда ер усти ва ер ости сувлари камайиб кетиши, сувни муҳофаза қилиш зоналари ботқоқлашиши ва ифлосланиши, уларнинг қирғоқлари, суғориш тизимлари, транспорт ва гидротехника инфратузилма объектларининг бузилишига, шунингдек, фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тадбирлар самарадорлигининг пасайишига олиб келмоқда.

Фақат 2017 йилда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга ошириш бўйича 228 та ҳолат, шу жумладан, давлат экологик экспертизаси хулосаси ёки норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензияси мавжуд бўлмаган 176 та субъект томонидан ноқонуний амалга оширганлик ҳолатлари аниқланган.

Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларининг ноқонуний амалга оширилишига йўл қўймаслик, атроф-муҳитга салбий таъсирининг олдини олиш, шунингдек, транспорт ва гидротехника инфратузилма объектларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш мақсадида:

Белгилаб қўйилсинки:

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сел, тошқин ва ер кўчкиси хавфи бўлган туманларда қирғоқни мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш ва тиклаш ишлари бўйича ихтисослаштирилган муҳандислик-техник отрядлари (кейинги ўринларда ФВВ ихтисослаштирилган отрядлари деб юритилади) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 февралдаги ПҚ-585-сон қарори билан ташкил этилган Тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиш ва ер кўчки ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича Ҳукумат комиссиясининг (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) қарорларига асосан бошқа ташкилотлар томонидан фақатгина тошқин сувлари ва сел оқимларини ўтказиб юборишнинг имкониятсизлиги билан боғлиқ салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади;

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш тўғрисида Комиссия қарори Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазиpлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг дарё ўзанларини ўрганиш ҳамда тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юбориш имкониятларини баҳолаш натижалари бўйича қўшма хулосаларига асосан қабул қилинади;

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишга лойиҳа ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши шарт;

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 февралдаги ПҚ-585-сон ва Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 29 майдаги 135-сон қарорларига мувофиқ амалга оширилади;

дарёлар ўзанларида норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш тасдиқланган захиралар мавжудлиги ва сув режимига салбий таъсирга йўл қўймаслик шарти билан норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензияга қатъий мувофиқ равишда амалга оширилади;

норуда фойдали қазилмалар конини ишлаб чиқиш “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ер қаъридан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминловчи ишлаб чиқиш тизими бўйича амалга оширилади;

ФВВ ихтисослаштирилган отрядлари ва бошқа ташкилотлар норуда фойдали қазилмалар қайта ишланган ва сотилган ҳолларда ер қаъридан фойдаланганлик учун белгиланган тартибда солиқ тўлайди. Бунда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини молиялаштириш норуда фойдали қазилмаларни сотишдан олинган даромадлар миқдорига камайтирилади.

2. Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш тартибининг бузилишини аниқлаш ва олдини олиш бўйича доимий фаолият кўрсатувчи Идоралараро гуруҳлар (кейинги ўринларда идоралараро гуруҳлар деб юритилади) ташкил этилсин ҳамда уларнинг намунавий таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Белгилаб қўйилсинки:

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар идоралараро гуруҳлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазиpлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг қўшма қарори билан, туман ва шаҳар идоралараро гуруҳлари эса, сув объектларининг жойлашувини инобатга олган ҳолда, уларнинг ҳудудий бўлинмалари қўшма қарори билан ташкил этилади;

идоралараро гуруҳларнинг фаолияти устидан раҳбарлик прокуратура органлари томонидан амалга оширилади.

3. Қуйидагилар Идоралараро гуруҳларнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларининг ҳолатини Комиссия қарорларига, лойиҳа ҳужжатларига, норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензияларда назарда тутилган шартларга, шунингдек, қонун ҳужжатларининг бошқа талабларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ўрганиш;

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга ошириш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш юзасидан тадбирларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш;

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш тартибининг бузилишида айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш чораларини кўриш;

ушбу соҳадаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш масалалари бўйича аҳоли ўртасида профилактика тадбирларини ташкил қилишда ва ўтказишда иштирок этиш;

ўтказилган тадбирлар ва аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақидаги ахборотларни, шунингдек, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш тартибини такомиллаштириш бўйича таклифларни мунтазам равишда Комиссияга киритиш.

4. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларининг ушбу қарор талабларига мувофиқ амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин.

Бунда ушбу назорат жараёнида ўтказиладиган текширишлар Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши билан келишилмаган ҳолда амалга оширилиши белгилансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси давлат органлари томонидан ушбу қарорнинг 4-бандида кўрсатилган назорат функцияларининг лозим даражада бажарилиши устидан назорат ўрнатсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда ФВВ ихтисослаштирилган отрядларини ташкил этиш тўғрисидаги Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари бир ҳафта муддатда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш учун ер участкаларини ажратиш бўйича олдин қабул қилинган қарорларини бекор қилсин, шунингдек, бундан кейин Комиссиянинг тегишли қарорисиз ер участкаларини ажратишга йўл қўймасин.

8. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликлари билан биргаликда тадбиркорлик субъектларига ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун сув объектлари ташқарисида норуда фойдали қазилмаларнинг муқобил хомашё манбаларини аниқлашга кўмаклашсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш тартибини бузганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилишгача жавобгарликни кучайтиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини;

Дарё ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлашни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини;

қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Вазирликлар ва идоралар бир ой муддатда қабул қилинган идоравий ҳужжатларини мазкур қарорга мувофиқлаштирсин.

11. Ушбу қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори И.Б.Абдуллаев зиммасига юклансин.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                      Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри, 2017 йил 25 сентябрь

* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув объектларини муҳофаза 
қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига 
ШАРҲ

Кейинги вақтларда дарёлар ўзанлари, кўллар, сувни муҳофаза қилиш зоналари, каналлар, коллекторлар ва бошқа сув объектларини тозалаш, шунингдек, уларнинг қирғоқларини мустаҳкамлаш (кейинги ўринларда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш деб юритилади) ишларини ўтказиш кўринишида амалга ошириладиган қум-шағал материалларини назоратсиз қазиб олиш ҳолатлари кўпайди.

Ушбу фаолият дарё тубларининг ювилиб кетишига, қирғоқларнинг ўпирилишига сабаб бўлади, бу, ўз навбатида, фавқулодда вазиятлар юзага келиши ҳамда фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мулкига, шунингдек, атроф табиий муҳитга зарар етиши учун шарт-шароит яратмоқда.

Фақат 2017 йилнинг ўтган даврида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга ошириш бўйича 228 та ҳолат аниқланган. Ушбу ҳолатлар бўйича прокуратура органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилган.

Юзага келган вазиятнинг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, мазкур соҳада ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор билан дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга оширишга йўл қўймаслик бўйича комплекс чора-тадбирларни рўёбга чиқариш назарда тутилган.

Бундан ташқари, транспорт ва гидротехника инфратузилмаси объектларининг хавфсиз ишлашини таъминлаш соҳасида аниқ вазифалар белгиланди.

Хусусан, дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари фақатгина тошқин сувлари ва сел оқимларини ўтказиб юборишнинг имкониятсизлиги билан боғлиқ салбий оқибатларнинг олдини олиш мақсадида амалга оширилади.

Мазкур ишларни бажариш учун Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида сел, тошқин ва ер кўчкиси хавфи бўлган туманларда қирғоқни мустаҳкамлаш, ҳимоя қилиш ва тиклаш ишлари бўйича ихтисослаштирилган муҳандислик-техник отрядлари ташкил этилади. Ушбу фаолият билан бошқа ташкилотлар ҳам шуғулланиши мумкин.

Бундай ишларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 19 февралдаги ПҚ-585-сон қарори билан ташкил этилган Тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиш ва ер кўчки ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича Ҳукумат комиссиясининг қарори асос ҳисобланади.

Бунда Комиссия томонидан шундай қарор Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазиpлиги ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг дарёлар ўзанларини ўрганиш ҳамда тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юбориш имкониятларини баҳолаш натижалари бўйича қўшма хулосаларига асосан қабул қилинади.

Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишга лойиҳа ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши шарт.

Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини молиялаштириш бюджет маблағлари, марказлаштирилган капитал қўйилмалар лимитлари, вазирликлар ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишни тартибга солиш, унинг экологияга салбий таъсирини бартараф этиш мақсадида дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлашда амалга ошириладиган мазкур фаолият лицензияланиши шарт.

Дарёлар ўзанларида норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ҳуқуқи учун лицензия Норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензиялар бериш бўйича Вазирлар Маҳкамаси Комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 2 майдаги ПҚ-1524-сон қарори билан белгиланган тартибда тасдиқланган захиралар мавжудлиги ва сув режимига салбий таъсирга йўл қўймаслик шарти билан берилади.

Норуда фойдали қазилмалар конини ишлаб чиқиш “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ер қаъридан оқилона фойдаланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминловчи ишлаб чиқиш тизими бўйича амалга оширилади.

Мазкур соҳадаги қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида вилоят, туман ва шаҳарлар даражасида таркибига 12 та вазирлик, идора ва ташкилотларнинг, шу жумладан, давлат чегараларини ҳимоя қилиш, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, қишлоқ ва сув хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг вакиллари киритилган доимий фаолият кўрсатувчи идоралараро гуруҳлар ташкил этилади.

Ушбу гуруҳлар республикада мавжуд умумий узунлиги 12,7 минг километрни ташкил этувчи 437 та дарё ва бошқа сув объектлари ҳудудлари бўйича ўз фаолиятини олиб боради.

Идоралараро гуруҳлар фаолиятига раҳбарлик прокуратура органларига юкланади.

Идоралараро гуруҳларнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

– дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларининг ҳолатини лойиҳа ҳужжатлари, лицензия шартлари ва қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан ўрганиш;

– дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишларини ноқонуний амалга ошириш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш, шунингдек, айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш;

– ушбу соҳадаги қонун ҳужжатларига риоя этиш масалалари бўйича профилактика тадбирларини ўтказиш.

Бундан ташқари, давлат раҳбари томонидан дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш тартибини бузганлик учун маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли ҳисобланган ёки бевосита шундай нарса бўлган ашёни мусодара қилишгача бўлган жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Ушбу қарорнинг рўёбга чиқарилиши, шак-шубҳасиз, дарё ва сув ҳавзаларининг ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишларини амалга оширишни, норуда фойдали қазилмаларни қазиб олишни тартибга солиш, шунингдек, қум-шағал материалларини ноқонуний қазиб олишнинг атроф-муҳитга салбийни таъсирини бартараф этиш имконини беради.

http://uza.uz

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *