Сукунат садоси

Бекзод САЛОМ – 1990 йил 9-майда Қашқадарё вилояти

Яккабоғ тумани Жийда қишлоғида туғилган. 2011-2015 йилларда Тошкент Ирригация ва мелиорация институтида таҳсил олган. 2013 йил “Мумтоз сўз” нашриётидан “Ҳудудсиз туйғулар” номли илк шеърий тўплами чоп этилган. 2015 йили юзга яқин шеърларини “Сукунатдан чиққан садолар” номи билан ўз албомини мухлисларига тақдим этган. Шеърлари матбуотда эълон қилинган.

 Бекзод Салом

ХАЛҚИМ

 

Бошингдан ўтмади қанча тўфонлар,

Йўлингни тўсмади, қанча тўғонлар,

Шукр, ўтиб кетди ўша замонлар,

Бугун қўлинг етар тўрт томон Халқим,

Бардошингга балли, бўл омон Халқим.

 

Ёдингдами ўша машъум у кунлар,

Қодирийни отиб, сўнг кулган кимлар?

Озодлик қўшиғим нечун жим тинглар?

Сенинг юзларингда минг хандон Халқим,

Кўрмоқ – Қодирийга лек, армон Халқим,

 

Кимдир эшик қоқиб келса номингга,

Шерик қилдинг уни бурда нонингга,

Дунё таъзим қилар бугун шонингга,

Кўнглида сурури боғ дармон Халқим,

Кўксида ғурури тоғ қалқон Халқим.

 

Кўролмаснинг кўзи кўриб куйсинлар,

Ўз кўксини ўзи тилиб ўйсинлар.

Сенинг кимлигингни билиб қўйсинлар,

Кўкларга оч қулоч, хушзабон Халқим.

Кўзлари кўзмунчоқ, меҳрибон Халқим,

 

Бардошингга балли, бўл омон Халқим.

 

КУЛИБ ЮРИБМАН…

Гоҳида ўйинда ютқазиб қўйсам,

Салқи қавоқ билан уйга қайтардим.

Онамни қучоқлаб, ўксиниб бирдан,

Ноҳақлик бўлди деб йиғлаб айтардим.

 

Ўша эски девор, тандир бўйида,

Кулча нон узатиб муштипар онам,

Дуолар қиларди:  — “тақдир – ўйинда

Ютқазиб қўймагин кўнгли бўш болам”

 

Йиғлоқи болакай эмасдим мен ҳам,

Арзимас нарсага йиғламайман-ку.

Коптогим йўқотиб қўйсам беҳосдан,

Онам тиззасида йиғлардим дув-дув…

 

Бошимни силарди: –“тўқ тут кўнглингни,

Қўлингда бўлади бутун бир олам”

Дуолар қиларди:  — “тақдир йўлингни,

Йўқотиб қўймагин кўнгли бўш болам”

 

Бугунчи, кўнгли бўш бола дарбадар,

Ўзимча кўнглим тўқ, тўлиб юрибман.

Онамнинг ҳолидан олмасдан хабар,

Бемалол, хотиржам кулиб юрибман…

 

АЙТИБ БЎЛАДИМИ…

Айтиб бўладими… Эрта ё индин

Изимдан изласа анвойи гуллар.

Онажон, уларни овитиб тургин,

Токи йўқлигимни билмасин улар.

 

Айтиб бўладими… саболар – дайди

Мени излаб келса бир куни бехос.

Шаҳарга кетган деб алдагин майли,

Уларни кўнглини олиб тур холос.

 

Айтиб бўладими… айвонда қушлар

Мени сўраб қолса кутмаган пайтинг.

Ҳасратинг билдирмай, ўзингни ушлаб,

Ҳозир келади деб йиғламай айтгин.

 

Айтиб бўладими… ҳув ўша минг-минг

Тошлар ҳам сўроқлаб келса қошингга.

Кечикиб келса ҳам, умидлар бергин,

Болишлар бўлгиси келган бошимга.

 

Айтиб бўладими…  кўкдан юлдузлар

Сўраб келса мени бир кунмас бир кун.

Уларни ранжитма, улар – ҳур қизлар,

Фақат сен уларга таскинлар бергин.

 

Айтиб бўладими… гўзал мажнунтол

Сочларин қирқ ўриб келса ҳам агар,

Йўқлигим сезмасин, кулиб қарши ол,

Унинг хам бошини сила шу қадар…

 

Айтиб бўладими… айтиб бўларкан,

Мана мен айтдим-ку сезганларимни.

Дунёдан ҳар кимса бир кун кетаркан,

Йиғлатиб кетгим йўқ Севганларимни…

 

Айтиб бўладими…

Эрта ё индин…

 

“БОЛАМ  ШОИР”  ДЕБ…

Ватан деб ёзмадим, жон бериб, лекин

Муҳаббатни ёздим, шошиб, кўз юмиб.

Бутун бошли китоб, варақлаб чиқинг,

“Отам” деб ёзилган бирорта сўз йўқ.

 

Тинмай ёзавердим гулларни мақтаб,

Шаҳарда юриб мен дайдиб дарвишдек.

Отам эса қишлоқда, бир мени алқаб,

Мақтаниб юрибди: “болам шоир” деб…

 

Кўп кутди, бормадим, сочи оқарди,

Ёзмадим: — “бу менинг отам армони”

Қўлидан етаклаб юргандир балки

Бир умр ҳамроҳи – ўша кетмони…

 

Бола эдим… Эккан ўша нав-ниҳол,

Бўйимга тенг эди… кўкларга етган…

Зарангдан ясалган таёқ эҳтимол,

Отам қўлларида кўкариб кетган…

 

Неча ой бўлди-ки, балки йил бўлди,

Отам даласига бўйлаганим йўқ.

Дунё кезиб топганларим шеър бўлди,

Отам ҳолини бир дам ўйлагани йўқ…

 

Қўнғироқ қилади, шом ё саҳарда:

“Йиғиб келиш керак ғўзапояни”

Мени ишларим кўп дейман шаҳарда,

Худди зап этгандай баланд қояни…

 

Қишлоққа борсам гар қаршилар отам

Ёлғон шеърларимга қуллуқлар айтиб.

Отам-чун бир сатр ёзмадим, зотан

Мақтаниб юрибди: “болам шоир” деб…

 

КЎНГЛИМ

Нима дейсан, У шундай кўнгил,

Унга ўтмас ҳеч кимни гапи.

Мана у ҳам силтаганча қўл,

Ташлаб кетди, мени Сен каби.

 

Сени жуда соғинган экан…

Қолган гапни менга айтмади.

Ёки мендан оғринганмикан?!

Шу кетишда, ҳали қайтмади…

 

Менга тордир энди ер-у кўк.

Усиз келди яшаш ҳам малол…

Унинг бошқа борар ери йўқ,

Сени излаб кетди эҳтимол…

 

ТАСОДИФ

Тасодиф учрашдек, тасодиф сўзлар –

Негадир мос келди дил сиримизга.

Аввал ҳам кўргандек тикилди кўзлар,

Айтинг, ким эдик биз бир-биримизга?

 

Аслида телбалик – ўзликдан тониш,

Бироқ, мен йўқотиб қўйган ман ўзни,

Жуда ҳам танишсиз, жуда ҳам таниш,

Балки, тушларимда кўрганман сизни…

 

ИҚРОР

Яхшиям қуёшга бўлмайди этиб,

Бўлмаса уни ҳам бизники дердик.

Ерни писанд этмай, ойни заб этиб,

Оқибат ўзимиз ерники бўлдик.

 

ҚИСМАТ

Хаёллар суради узундан-узун,

Гоҳида дилхира, гоҳида дилхуш.

Бугун кўкка боқиб, туради маҳзун,

Дайди ўқ дастида ярадор бир қуш.

 

“Ғўрлик ҳам ўтди, ҳам ўтди зўрлик,

Бир пайтлар эдим-а, кўкнинг лочини”

— Қисматим шу экан, дейди у шўрлик,

Бироқ, қарғамайди ғилай овчини…

 

БИЛДИМ

Айтишган, айтяпман, айтади,

Дунёда биргина қоида.

— Наҳотки ҳаммаси ўткинчи,

Наҳотки ҳаммаси бефойда.

 

Армонлар ётармиш қалашиб,

Армондан ҳеч кимса безмаса.

Оқарган сочингга қарашиб,

Ҳеч кимса, ҳеч нарса сезмаса.

 

Кўнглига бегона бўлса ким,

Йўллардан адашиб кетаркан…

Юрагинг измига боқсанг жим,

Туйғулар чалкашиб кетаркан.

 

Саволлар туғилди “Кейин-чи?”

-Дунёда биргина қоида.

Билдимки ҳаммаси ўткинчи,

Билдимки ҳаммаси бефойда…

 

ИЗОҲ

Кет десанг, кетишим мумкин,

Ўзи аранг энггашиб келдим.

Ўзим хоҳлаб келмадим, тушун,

Соғинчимга эргашиб келдим.

 

Сени кўргим келмагани рост,

Лек, кўзларим райига кўндим.

Ҳа, шунчаки келгандим, холос,

Шу баҳона сени бир кўрдим.

 

Ваъдамни бузмоқчи эмасдим,

Не бўлганин билолмай қолдим.

Менга қолса сира келмасдим,

Юракка йўқ деёлмай қолдим.

 

Нега менга бунча тикилдинг?

“Севдим” дейиш жуда ҳам оғир.

Не-чун мени бағримни тилдинг?

Кўнглим олиб келди-ку ахир.

 

Ўлимдан қийин-ку сўз демоқ,

Бироқ, мен йиғлайман, куламан.

Зарур эмас сенга тиз чўкмоқ,

Қаршингда тик туриб Ўламан…

 

ЙИҒЛАЙДИ

Ўлсам, юлдуз йиғлар кўкда мўлтираб,

Юлдуз нима бўпди, осман йиғлайди,

Булутлар кўксига бошини тираб,

Изим ўполмаган нарвон йиғлайди.

 

Ўлсам, мени гўрга кузата туриб,

Устуни эгилиб айвон йиғлайди.

Девордаги михга бошини уриб,

Елкасин чанг босган чопон йиғлайди.

 

Ўлсам, қавариқ қўлларим соғиниб,

Чўпон таёқ билан кетмон йиғлайди.

Виждон азобидан баттар оғриниб,

Орзуга тўйинган армон йиғлайди.

 

Ўлсам, тулпорларим қайғули кишнаб,

Ҳаммадан ўтказиб ёмон йиғлайди.

Ҳатто, тобутимни бир четин тишлаб,

Наҳот “айрилдек” деб ҳайрон йиғлайди.

 

Ўлсам ҳеч қайтмайман отилган ўқдек,

Пайкондан айрилган камон йиғлайди.

Энди майса бўлмоқ имкони йўқ деб,

Юзлари сарғайиб сомон йиғлайди.

 

Ўлсам, қайтмас бўлиб кетавераман,

Қадрдоним кўзларда қон, йиғлайди.

Мен-чи жим жилмайиб туравераман,

Ўлсам, бошимда тик  ИНСОН йиғлайди.

 

САБР

Ваъда – кўнгил учун айтилган бир гап,

Сабрнинг таги ҳам сариқ олтинмас.

Деворга суяниб, тик туриб ухлаб,

Умрингни бой бериб қўясан холос.

 

ДУНЁ ҚОНУНИ

Шодликдан қувониб яшасанг агар,

Кимнингдир ўпкаси тўлиб кетаркан.

Агарда бошингда ғам кўрса улар,

Шубҳасиз олқишлаб, кулиб кетаркан.

 

Қарғалар бир-бирин чўқиб юришмас,

Гадонинг душмани гадо бўларкан.

Ҳақни айтарларга сўз ҳам беришмас,

Барибир ким учундир хато бўларкан.

 

Достон қилиб юрма дардингни асло,

Менга нима у бало сеники деркан.

Шундайлар ҳам учраб қолади гоҳо,

Қўйиб берсанг дунё меники деркан.

 

Агар бахтинг кулиб, омадинг чопса,

Дўстликка тиланиб, душман келаркан.

Вафодор итлар ҳам эгасин қопса,

Одамга жуда ҳам алам қиларкан.

 

Қадрга тиланиб қаддингни букма,

Бевафо дўстлардан кечишни ўрган.

Ўзгалар олдида кўз ёшинг тўкма,

Гоҳида кўз ёшинг ичишни ўрган.

 

Одамни тушунмас одамзод насли,

Ҳар ким билганича яшаб ўтарлар,

Дунёни қонуни шундайдир асли,

Келганлар шубҳасиз бир кун кетарлар…

 

ВАТАН ТУЙҒУСИ

Оёғим чалишди ғаним ортимдан,

Мен эса шунда ҳам олдга йиқилдим.

Ҳатто ер силкинди менинг зарбимдан,

Тупроққа бир ҳовуч тутдай тўкилдим.

 

Ота, сенда ҳам саволлар бир талай,

Она, дейсанми – “Не эди гуноҳинг?”

Гуноҳим шуки – ҳайқириб жар солмай,

Ватанни жимгина севмоқчи эдим.

 

Ака, қўрқма ҳали таслим эмасман,

Курагим ер кўргай фақат қабрда.

Нима бўпди, кўксим ёрса ёрибди,

Фақат ачинаман шўрлик қадрга.

 

Атрофга қўл чўзиб йиғлаганим йўқ,

Бошим ерга тираб, учдим самога.

Бандага сиғиниб яшаганим йўқ,

Мен фақат бўйсиндим ёлғиз Худога.

 

Ахир билмайсанми асл туйғулар,

Диллардан тилларга кўчмоғи душвор.

Айтиш ҳам шарт эмас, англамоқ лозим,

Кўксимда Ватанга шундай севгим бор,

 

Ахир ВАТАН сўз шунчалар буюк,

Уни тарифлашга ожиздир тилим.

Билиб қўй, унвонсираб қолганим йўқ,

Тилдамас дилимда ВАТАН севдим.

 

ҲАЁТ

Тўнимдан торқилар ғайир бу йўллар,

Юрувдим телбавор хаёлдек дайдиб,

Сенга буйсунмайман, хайр эй йўллар,

Кетавер, кўрганга саломим айтиб.

 

Лабимни бурмайман, юзим тиришмас,

Не бўлар, ҳайқирса, ҳайқирсин оҳлар.

Дунёнинг иши ҳам меҳр беришмас,

Мен учун тинмайинқазийди чоҳлар.

 

Аямай тилини кесиб ташлайман,

Раҳмимни келтирган ёлғон йиғини,

Тавонимда янчиб, эзиб ташлайман,

Энг разил туйғуни, ҳудбин туйғуни.

 

Менсимай яшайман минг битта ғамни,

Пойимда жон берди қанча — қанча дард.

Ҳаёт! Эзолмайсан ҳали елкамни,

Ҳозирча сен менга сиғинмоғинг шарт.

 

МЕН БУГУН ЖАНГДАМАН

Мен бугун жангдаман, аёвсиз жангда,

Талашиб юрибман ўзим билан оҳ!

Яшагим келар-у, лекин, чамамда

Оғирлик қилади менга бир гуноҳ…

 

Рўҳимни истаги – бағрингда паноҳ,

Ташвишлар тирмашиб олган танамга,

Яшагим келар-у, барибир ногоҳ

Ташвишлар рўҳимга оғир чамамда…

 

Ҳозирча тирикман, ҳаётни ҳамда

Ташвишни энгиб яшайман иллоҳ,

Жамолинг соғиниб йиғлаган дамда,

Рўҳимни қандайин юпатай Аллоҳ?!

 

ЙИҒЛАЙСАН

Йиғлайсан кўзингда ёшларинг қалқиб,

Оламни тутгандай бўларлар оҳинг.

Мен эса кетаман дилга ўт ёқиб,

Кечдим, куйиб кетди барча гуноҳинг.

 

Бўлди бас, севгидан қолмади илинч,

Ўз билган қўшиғин куйлар бу дунё.

Дод солиб йиғлайди қайдадир соғинч,

Ўз ҳолига кулиб, ўйнар бу дунё.

 

Биламан кўнглингни банд этганим йўқ,

Кечиргин мендайин дайди, юпунни.

Ранжиш йўқ, дарвоқе ранжитганинг йўқ,

Унутдим кўнглимни куйдирган кунни…

Бекзод САЛОМ

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *