Султонмурод Олимнинг сеҳрли сатрлари
Ёш авлод катта ёшдаги сиймолардан ибрат олиб, кези келганда уларга
ҳавас қилиб улғаядилар. Шахсан ўзим узоооқ йиллардан (раҳматли Устозларим Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Оқилжон Ҳусанов, Ўткир Ҳошимов, Худойберди Тўхтабоев, Нажмиддин Комилов, Носир Фозилов, Анвар Обиджон, Шукур Холмирзаев, Тоғай Муродлар билан бир қаторда) то ҳозиргача Иброҳим Ғафуров, Хуршид Дўстмуҳаммад, Хайриддин Султон, Султонмурод Олим, Зуҳриддин Исомиддинов, Муҳаммад Али, Аҳмаджон Мелибоев, Абдусаид Кўчимов, Мирзапўлат Тошпўлатов, Ойдин Ҳожиева, Шарифа Салимова, Дилбар Саидова, Санобар Фахриддинова сингари улуғроқ ёшдаги Устозлардан ҳамиша ибрат олишга интиламан.
Улар билан оддий суҳбатлар ҳам менга олам-олам завқ бахш этади.
Бу Устозларнинг кўпчилиги ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида таҳсил олганлари билан ҳақли равишда фахрланамиз. Шу даргоҳда фаолият кўрсатаётган доцент сифатида мен бугунги талабаларимизга ҳам ана шу Устозларни ибрат қилиб кўрсатаман.
Устоз Султонмурод Олимни адабиётимизнинг жонли қомуси, дегим келади. У 1954 йили Бухоро вилоятининг Вобкент туманидаги Қирғизон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университетини имтиёзли диплом билан тугатган. 1993 йилдан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтида лаборант, катта лаборант, кичик илмий ходим, илмий ходим, катта илмий ходим, докторант, Ташқи ишлар вазирлигида «Спич райтер» гуруҳи раҳбари, бўлим мудири ўринбосари, таҳририят мудири, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида консултант, етакчи консултант, бош консултант, Республика Маънавият тарғибот маркази раҳбари ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Кўксини қатор орден ва медаллар, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими унвони безаган Устозимиз айни пайтда пайтда «Нақшбандия» журнали бош муҳаррири лавозимида фаолият кўрсатмоқда.
Қуйида ҳавола этилаётган Устознинг ажиб шеъри қалбингизга жой бўлиб қолишига ишонамиз.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети доценти,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
МИЛЛАТНИНГ ГУЛИ
(ХХII аср шоиридан мактуб)
Бешинчи асрдан тош битик топдим,
Минг йилда қабрдан “Хамса”га етди.
Бобуру Машрабу Вайсий, Нодира,
Муқимий Фурқату Ҳамзага етди.
Дилларга шеър бўлиб кирди туркий сўз,
Яссавий, Боқирғон ёки Рабғузий
Ёзишди туркона, соддаю дилгир,
Кўпи ‒ бармоқда-ю, ози ‒ арузий.
Минг йил қаламини йўнган буюк тил
Амир Навоийга елка тутди хос.
Ўзбек Қуёш қадар бўй чўзди, янграб
Сўзи Соҳибқирон савлатига мос.
Бу ёқда Мужриму Мунис, Огаҳий,
Баландлаб чалишди дўмбирасини.
Гўзал маъноларга ўради буткул
Шеърият қўрғони кунгурасини.
Йигирманчи аср талотўпида
Шоирлар, барибир, созини чолди.
Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, Олимжон,
Миртемир сўзидан эл қувват олди.
Изланди, азалий бармоққа қайтиб,
Жаҳоний шеър аро йўл ҳам қолмади.
Воҳидов, Орипов чиққан чўққига,
Ҳеч соҳиби қалам ета олмади.
Бир нарсага аммо жуда ҳайронман,
Гарчи замонамдан анча кўнглим тўқ,
Йигирма биринчи асрда нечун
Абдулла Ориф ё Эркин Воҳид йўқ?
Бунга нима сабаб, не тўсиқ бўлди,
Жамиятда йўқми асло гард ёки?
Ғурури баландга ўрламадими,
Миллатнинг қалбида йўқми дард ёки?
Мукофот илинжи, қўрқувми ёхуд
Қаламни доимий титроққа солди?
Билим етмадими порлаб чиқмоққа,
Шоирлар яхши шеър ёзолмай қолди?
Ўқимай қўйдими ёки шеър бу эл,
Шоирни боқмасми шеърининг пули?
Пулга сиғиниш авж олган асрда
Шоир бўлмадими миллатнинг гули?
Султонмурод ОЛИМ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими.
2021 йил 7 сентябрь
Сўнгги фикрлар