“Суннат тўй” маслаҳати
“Таҳририятимизга Япониядан хат келди” дея рукн қўймоқчи эдик, қарасак,
https://www.facebook.com/sangin.jabborov/posts/10155130877721780 да аллақачон ёритилган экан, дейди Дониш домла ҳайратга тушиб.
Суратда: ўша воқеалар шоҳиди бўлган ҳамкасбларим Муҳаббат Солиева (ёнимда) ва Акбар Нурматов (орқа партада) 2010 йил
Суратда: илмий раҳбарим профессор Файзулла Мўминов. 2010 йил.
***
Журфак ҳаётидан ҳангомалар
“Суннат тўй” маслаҳати
Ҳаётда рўй берадиган айрим воқеаларнинг аҳамияти вақт ўтгандан кейин кўпроқ англанади. Халқаро журналистика факультетида ишлаб юрган кезларимдан бир воқеани эслаб қолдим. Воқеа бир кун ичида ўтди кетди ўшанда, кейин уни биров эсламади ҳам. Орадан йиллар ўтиб хотираларимни саралаб боқсам, у шунчаки беаҳамият ўтиб кетган воқеа эмас, ваҳоланки, алоҳида мазмун касб этган ҳодисадек туюлди менга. Ўша воқеани негадир улашгим келди.
Халқаро журналистика факультетига 2003 йилнинг ёзида ишга ўтганман, Миллий университетда номзодлик диссертациямни ёқлаб, Америкада бир йил малака ошириб қайтганимдан кейин. Айни пайтда факультет ташкил топганига энди уч-тўрт йил тўлган, тажриба, техник жиҳоз ва дарсликлар базасида анчагина танқислик сезилиб турса-да, қатъий оёққа туриб келаётган пайтлари эди. Доцентлар Сайди Умиров, Бойбўта Дўстқораев, профессор Файзулла Мўминов каби фанимиз дарғалари журналистика таҳсилининг энг яхши анъаналарини шу ерда давом эттириб, шогирдларга устозлик қилишар эди. Мен ҳам устозлар сафига қўшилиб, шу даргоҳда ўқитувчилик ва илмий изланишларимни давом эттирдим.
Юқорида эсламоқчи бўлган воқеа айнан ана шу устоз домлалар иштироки борлиги учун ҳам ўз маъносига эга. Ҳикоя бир инсоннинг илмий тақдири, қолаверса, касбий карьераси қил устига келиб қолган бир пайтда, устоз домлалар нафақат вазиятни қутқариб қолгани, балки усталик билан шу инсон изланишларига янги руҳ сингдиргани ҳақидадир. Воқеанинг аксарият қисми кечагидай ҳамон ёдимда.
Адашмасам, 2005 йилнинг эрта баҳор пайтлари эди. Факультетда меҳнат қилиб келаётган ёзувчи ва журналист дўстимиз Тўлқин Эшбек(ов) номзодлик диссертациясини ёқлаш учун мутахассислик бўйича имтиҳон топширди. Имтиҳон ректорат биносида ўтганлиги туфайли, биз домлалар имтиҳондан сўнг ўша ерда тўпланиб, баҳони “ювиш” баҳонасида Тўлқин Эшбекнинг уйига зиёфатга боришимиз керак эди. Мутахассислик имтиҳони расман охирда, якунловчи босқичда ўтади. Унинг муваффақияти диссертация ҳимоясига бевосита йўл очиб бериши боис, фан номзоди даражасини олиш талабгорлари ҳаётида (фаолиятида) муҳим воқеа ҳисобланади. Тўлқин Эшбек ҳам бундан мустасно эмасди: ўша кунги имтиҳондан ўтиб олса, ҳимоя учун йўлланмани нақд қилиб қўяр, фикрини бир жойга йиғиб илмий изланишга бутун кучини ташлаш имконияти пайдо бўларди. Ана шундай эзгу ниятлар билан унинг уйида ёйилган катта дастурхон ўз меҳмонларини кутаётган эди. Ахир хурсандчиликни устозлари ва ҳамкасабалар даврасида баҳам кўришга нима етсин?!
Мен ректоратга сал олдинроқ етиб олдим. Ниҳоят имтиҳон тугаб, ичкаридан ҳар уч ветеран домла ва Тўлқин Эшбек навбатма-навбат чиқиб келишди. Уларга пешвоз чиқар эканман, кутганимнинг мутлақо акси бўлган ҳолатга дуч келдим: тўртовлари ҳам индамай келишар, юзларда табассум эмас, пир бўлган ҳафсалага ўхшаш аломатлар сезилар эди. Тўлқин Эшбекнинг ўзи эса тарвузи қўлтиғидан тушган паришонхотир кишига ўхшаб бекайфият эди. Қандай йўл тутишни билмай, табрикни ҳам насия қилиб, орқароқда келаётган профессор Мўминовдан нима бўлганини сўрадим. Домла бироз хўрсингандай бўлди, кейин қисқагина қилиб “Тўлқин икки баҳо олди” деди. Ҳайратдан ёқамни ушлаб қолдим: “наҳотки… бир умр амалиётда ишлаб келган журналист бўлса, охирги йилларда миллий ва халқаро журналистика факультетларида узлуксиз дарс бериб келаётган бўлса… бу нима бало?!” ўйладим мен.
– Домла, эҳтимол техник хато ўтгандир, аппеляциянинг иложи йўқми? – деб сўрадим.
– Бу имтиҳонда аппеляция бўлмайди, ҳаммаси аллақачон расмийлаштирилди,– деди домла шартта, асабийлашган ҳолатини зўрға босиб турар экан. Профессорнинг гаплашишга унчалик кайфияти йўқлигини сездим. Тўлқин Эшбекнинг ўзидан ва бошқа домлалардан билганим, имтиҳон варақасига жавоблар батафсил туширилган ва оғзаки баён ҳам қилинган, лекин натижа салбий чиққан.
Шу куни Тўлқин Эшбек таниб бўлмас даражада ўйчан эди. Ўйларининг ниҳояси йўқ, миясида мингта хаёл, мингта тахмин, ечимлар эса мавҳум эди. “Кимнинг йўлини тўсдийкин, ё бировни арпасини хом ўрадими?”– тинимсиз хаёллар гирдобида эди у. “Э, тўхта…” калавани учини бирдан топгандай бўлди Эшбеков, “икки-уч ой олдин декан обрўсини бир пул қиладиган варақалар пайдо бўлган эди, факультет аудиторияларида. Декан ўша воқеаларни ундан гумон қилиб, бугун қасдини олдимикин?!” “Умуман, бу одамдан ҳар нарсани кутса бўлади…” яна ўйларини давом эттирди у, “чунки, деканни зимдан иш қилиши ҳақида анчагина эшитган жойи бор…” Эшбековнинг хаёлида декан билан боғлиқ тахминлар тобора қатъийлашаётган эди. Ҳақиқатан ҳам, ўша машъум варақалар воқеасидан сўнг, декан билан Эшбеков орасидаги муносабатлар совиди. Йиғилиш ва мажлисларда уни танқид қилиш ҳоллари пайдо бўлди. “Бироқ…” масаланинг бошқа тарафини ҳам ўйлади у, “гумонлари қанчалик тўғри келаркин-а? Ахир, декан имтиҳон комиссиясига раис бўлмаса, қолаверса, бир-икки ҳафта олдин факультет домлаларининг илтимосини олиб комиссия аъзолигига киритилган бўлса…” Унинг иккиланганига сабаб, асли касби журналист бўлмаган бу инсон (декан) факультет илмий Кенгаши йиғилишида мутахассислик бўйича имтиҳонни журналист домлаларнинг ўзлари ҳал қилиши масқадга мувофиқ эканлигини айтган. Аммо, Тўлқин Эшбекка деканнинг хатти-ҳаракати сохтадек туюди: “бўлмаса, нега бугунги ўтиришни бир кун қолганда рад этди?!” “Майли,– деди у ўзига, хаёлларидаги зиддиятни босишга уриниб,– ҳаммаси Холиққа аён!”
Имтиҳон комиссиясида журналист ихтисослиги бўлмаган яна бир аъзо, аниқроғи унинг раиси, ўқув ишлари бўйича проректор, профессор Гуландом Боқиева ҳам бор эди. Проректор опа билан деканнинг ўзаро муносабатлари яхшилиги ҳаммага маълум. Ҳар бир муҳим масала юзасидан декан, албатта, опа билан маслаҳатлашарди. Тўлқин Эшбек шуни ҳам бир зум фикридан ўтказди: “мабодо декан билан проректор опа тил бириктирган бўлса-чи?..” Аммо, бу фикрда ҳам нуқсон борлигини тезда англади: “борингки, тил бириктирилган ҳам бўлиб ҳам чиқсин,– ўйлади у,– лекин улар барибир озчилик-ку?”. Кўпчилик овоз журналист домлалар тарафида эди – илмий раҳбар Файзулла Мўминов, Сайди Умиров ва Бойбўта Дўстқораевлар ҳам имтиҳон аъзолари эди. Баҳо қўйиш масаласига келганда, биринчи навбатда, журналистика назариясининг довонлари ҳисобланган ана шу домлаларнинг фикри инобатга олинади, мантиқан ёндашса. Қолаверса, “проректор опанинг у билан илакишишдан бошқа иши йўқмиди?!”– ўзини овутди у. Хуллас, декан-проректор “конспирацияси” унчалик ўзини оқламади. Ниҳоят Эшбеков “заҳира”даги сўнгги тахминни тарозига тортди: “…бордию, барча сабаб ўзида бўлса-чи? Чиндан ҳам вариантларда адашиб саволларга нотўғри жавоб бергандир? Хато қилиши мумкин-ку, ахир?!” Ўзи шубҳаланиб қолди – ўйлаб қараса, барча тахминлар ичида ҳақиқатга яқинроғи ҳам аслида шу сўнггиси экан, бироқ… ишонгиси келмас эди…
Ўша кун Тўлқин Эшбек учун бу кўҳна чарх кажрафтор туюлди. Рўй берган ҳодисани охиригача англай олмай қийналар, ўзи қийналгандан кейин биров сўраса қандай тушунтириб берсин?! Умуман, шу илмий иш унга керакмиди деган хаёлларга ҳам борди – тинчгина муҳаррирлигини қилиб юрувди, битта район редакциясида… Ўйлаб-ўйлаб ниҳоят бир хулосага келгандай бўлди – ҳозир унинг қўлидан келадигани фақат сабр экан! Буни боя профессор Мўминов ҳам айтди унга: “Сабр билан сиз вазиятни ҳам ўзингизни ҳам енга оласиз. Қачондир сизни кунингиз келади, ўшанда муносиб баҳо билан барчасини исботлайсиз”. Тўлқин Эшбек энди сабаб қидиришлар бефойдалигини билди: “бўлар иш бўлди, ўтганига салавот”, ўйлади у. Муҳими, “тушкунликка тушмаслиги, кейинги тақдирини ўйлаши керак”.
– Тўлқинжон, уйингиз Шифокорлар шаҳарчасидамиди?– сўради Файзулла Мўминов баланд овоз билан, киракаш мошинани тўхтатар экан. Мурожаат Эшбековнинг қулоғигача етиб бормади. Унинг хаёли ҳамон ички ўйлари билан банд, шок ҳолати давом этар эди. “Тўлқинжон…” профессор янада баландроқ овозда чақиргандай бўлувди, бу гал етиб борди. Тўлқин Эшбек бироз сесканди-да, тезда жавоб берди: “ҳа, ҳа, домла, шаҳарчани ўзида”.
Профессор дамас мошинасини тўхтатди. Бойбўта Дўстқораев оёқ оғриғи сабаб ҳайдовчи ёнидан, қолганлар орқадан жой олдик. Одатда тўртта домла бир бўлса ҳазил-ҳузул, кулги, аския бошланарди. Бу гал акси эди – ҳамма сукутга чўмганча жим кетарди. Чамаси, 2,5-3 километр ана шундай ҳолат давом этди. Охири, Бойбўта Дўстқораев юзага келган вазиятга чидамади шекилли, ёки уни ўзгартиргиси келдими, ҳайдовчига қараб гапириб қолди:
– Шу, дамас деганлари зап ажойиб мошина чиқди-да, яқинда Қашқадарёга боргандим, Китоб-Шаҳрисабз йўлида битта ҳам автобус йўқ… Билсам, ҳамма дамасга ўтирганидан автобусга нон қомапти,..
Домла бу гапларни кулги учун айтдими билмадиму, сўзлардан шундай аскияомуз оҳанг чиқдики, олдинги қаторда кетаётган Сайди Умиров бехосдан биров қитиқлагандай шарақлаб кулгини қўйиб юборди. Сайди аканинг кулгиси қолган домлаларга баҳона бўлди – дамас ичи бардавом қаҳ-қаҳага тўлди. Ҳайдовчи ўз навбатида нимадир қўшгандай бўлди, уни гапи кулгилар баҳрида ғарқ бўлди. Шу дамда ҳайдовчининг гапи эмас, балки икки дақиқа бурун ҳукум сурган ғалати ҳолатнинг ўзгаргани кўпроқ муҳим эди. Буни ҳайдовчидан ташқари ҳамма сезар эди. Гўё булутлар сийраклаб офтоб нурлари туша бошлагандек, “Дамас” салонидаги ҳолатга ҳам илиқлик югураётган эди. Албатта, бундан умумий маъюслик ҳолати тўла ўчмаган бўлса-да, бояги совуқ вазият энди ортда қолган эди. Ниҳоят, Тўлкин Эшбекнинг уйига ҳам етиб келдик.
Меҳмонларни эшик олдида унинг хотини ва қизи қарши олишди. Ичкарида эса биздан бир мунча олдинроқ келган домлалар – Реклама ва PR кафедраси аъзолари Дилдора Рашидова, Муҳаббат Солиева, Аъзамжон, Юлдуз (шарифлар эсимда йўқ) ва яна қайсидир ёшроқ аёл домла кутиб ўтиришар эди. Саломлашиб, дастурхонга энди дуо қилинган эди, Солиева Эшбековга қараб тўсатдан сўраб қолди: “энди нима билан табриклаймиз сизни?” деб, хурсанд оҳангда. Кейин келган домлалар ҳаммамиз жим қолдик. Олдин келганлар эса ҳавасини яширмас, жавоб интизори эди. Албатта, бунга ўхшаган саволларнинг туғилиши кутилган бўлса-да, барибир, одамни шоширтириб қўйди. Ажабмаски, Тўлқин Эшбек уйига етиб келгунча ўзини руҳан тайёрлаган, аммо, саволнинг айнан шу тарзда ва айнан шу дамда қўйилиши унинг учун ҳам бемаҳал эди. Тутилиб қолди, ахир, “айланай, “икки” баҳо билан табрикланг мени” демайди-ку?! Шу пайтда тилига тузукроқ калима ҳам келмасди, дастурхонга қараб иймана бошлади: “бу сафар…, бу гал… сал бошқачароқ бўлди…”.
Солиева ҳеч нарсага тушунмади. Олазарак бўлиб устоз домлаларга қаради:
– Э-э, нега бошқача бўларкан?
Тўлқин Эшбек ҳамон жавоб беришда қийналаётган эди: “энди… ҳа, майли, энди буёғи… баҳо бўлмай қолди…” Саволдан кўра, берилган жавоб ўтирганларга кучлироқ таъсир қилди – боя иккита кўз олазарак бўлган бўлса, энди уларнинг сони ошди. Вазиятни тезда англаган Сайди Умиров орага кириб Тўлқин Эшбекни қутқариб қолди:
– Келин бола тўй куни қочиб кетди, шунга тўй бекор бўлди,– деди домла образли қилиб.
Кейин келган домлалар гуррос кулишди, один келганлар эса имтиҳон кўнгилдагидек бўлмаганини сезишди, фақат, Дилдора Рашидовадан ташқари. Дарвоқе, Дилдора таниқли журналист, “Известия” газетасининг собиқ мухбири Қаҳҳор Рашидовнинг қизи. Отаси узоқ командировкаларга чиққанда оиласини ҳам бирга олиб юргани учун, Дилдора собиқ совет элчихоналари (жумладан, Токио) қошидаги мактабларда, ва умуман, рус тилида таҳсил олган. Шунинг учун ҳам у, ўзбекчага тушунса-да, гапни тўғри маънода қабул қилар эди.
– “Қайси келин?.. Тўлқин ака? Файзулла Абдуллаевич, объясните пожалуйста, ничего не понимаю,– ҳайрон эди Дилдора.
– Дилдорахон, кўп ҳам уринманг, куёв болани суннати йўқ экан, буни билган бўлажак келин қочиб кетибди. Олдин суннатни қилиб олайлик, кейин тўйини ҳам ўтказворамиз,– деди Бойбўта Дўстқораев, янада ҳазилни чуқурлаштириб.
Хона кулгидан портлаб кетай деди. Олдин келган ҳам, кейин келган ҳам мириқиб кулар эди. Айниқса, Тўлқин Эшбек очилиб кетди. Бугун биринчи бор у дилдан кулаётган эди.
– Яшанг домла, бу гапларни михлашимиз керак энди,– деди у, қадаҳларни тўлдирар экан.– Рухсатингиз билан биринчи сўзни илмий раҳбаримиз, Файзулла Абдуллаевичга берсак.
Файзулла Мўминов сўз олар экан, мавзуга чиройлигина якун ясади:
– Бойбўта ака, Сайди Умирович, ниятлар яхши, келинглар, бугунги ўтиришни суннат тўй маслаҳати деб қўя қолайлик,– деди домла, ҳазил билан ўтирганларга мурожаат қилиб.– Маслаҳат оши яхши ўтса, суннат тўйи ҳам бўлади, бир кун келин ҳам қайтиб, тўйни каттасини ҳам ўтказворамиз.
Ўтирганлар қарсак чалиб юборишди. Албатта, профессор “катта тўй” деб ҳимояни назарда тутган эди. Шундан сўнг, у ҳамон анг қолиб турган Дилдорага қаради-да, бу галги имтиҳон муваффақиятсиз бўлгани, аммо бундан тушкунликка берилмаслик, тўғри хулоса чиқариб, танланган йўлда қатъий давом этиш кераклигини айтди. Бу нафақат Дилдорага, балки хонада ўтирган барча изланувчи ёш домлаларга қаратилган эди. Шу бўйи кеча давомида ҳеч ким мавзуга қайтмади, ҳатто ўтиришга бирламчи сабаб нима бўлганлиги унутилди ҳам. Ўтириш завқли ўтди, домлалар ўз “анъанасига” содиқ қолди – аския ва ҳазил-мутойибалар тинмади. Хуллас, ўтиришга келганлар баҳра топишди.
Трамвайга ўтириб Қора қамишдаги уйимга йўл оларканман, ўша кунги воқеаларни яна бир бор кўз ўнгимдан ўтказдим. Иккита масалага қойил қолмай илож йўқ эди: биринчидан, бўлган воқеа устоз домлалар томонидан хотиржамлик билан қабул қилинди, айбдор қидирилмади. Ҳатто, бўлган воқеа эътибори атайин пасайтирилиб, ёш изланувчиларга тафсилотни баён қилиш лозим ҳам кўрилмади. Орадан шунча вақт ўтиб яна бир бор назар солсам, ўшанда жуда ҳам тўғри тутилган йўл бўлган экан бу. Ҳақиқатан ҳам, ортиқча ахборот ва кераксиз гаплар ёш изланувчиларни ваҳимага солиши, шунингдек коллективдаги умумий кайфиятга салбий таъсир қилиши мумкин эди. Иккинчидан, кимгадир эҳзонга чўмаётган кун моҳирлик билан тўйга айлантирилди, хурсандчиликка уланди. Хуллас, киноларда бўлгани каби “ҳэппи энд”, яъни “бахли якунига” эга бўлган “қисқа метражли” фильмдай ўтди-кетди ўша кун. Энг муҳими, асорат қолмади.
Ана шундай устозлари, олижаноб инсонларию бебаҳо қалб соҳиблари бор илм гўшаси ҳар қанча фахрланса арзийди.
Суратда: Сангинжон Жабборов Япониядан сайтимиз учун махсус!
Сангин ЖАББОРОВ
Токио-Йокоҳама,
2 апрель, 2018 йил
P.S. 7-8 йил бўлди, шогирдимиз, тележурналист Нодир Шамсиддинов Ўзбекистон делегацияси таркибида Япония сафарига келди. Тиғиз график орасида биз Токиодаги қаҳвахоналарнинг бирида қисқа муддатда учрашдик. Ўшанда у гап орасида Тўлқин Эшбек номзодлик диссертациясини ёқлаганини айтиб қолди. Миямга келган биринчи фикр тилимга чиққанини сезмай қолибман: “хайрият, “суннат тўй” яхши ўтибди-да!” Нодир тушунмади, унга тушунтириш учун вақт ҳам йўқ эди. Суҳбат мавзуси тезда ўзгарди.
https://www.facebook.com/sangin.jabborov/posts/10155130877721780
______________________________
МАКТУБ
Ассалому алайкум азиз дўстим Сангинжон!
Ғоят ажойиб хотира ёзибсиз. Ўша воқеаларнинг ҳаммаси қайтадан бирма-бир кўз ўнгимдан ўтди. Атай қитмирлик қилганлар кейинчалик ҳимоя қилган диссертациямни 2007 йил 19 январь куни ОАКдан ўғирлаб кетишди (ва ёқиб юборган бўлса керак). Буни орадан беш ой ўтгач, июнь ойида билиб қолдим. Унгача Сиз юқорида номларини санаган “устоз”лар (илмий раҳбарим Файзулла Мўминовдан бўлак) негадир жуда суюниб, ҳатто менга юпатадиган гаплар айтиб юришганининг сабабини шунда билдим. Демак, атай имтиҳондан йиқитганлар шу қабиҳ ишга ҳам қўл уришган… Ўзларига ҳам худо бот-бот кўрсатмоқда, шунга қарамай ҳамон илм йўлига, чунончи, менинг қанчадан-қанча хайрли ишларимга тўғаноқ бўлишдан тўхтаганлари йўқ…
Сиз ёзгандек, ҳозиргача ҳаммасини кулги-мутойиба билан бартараф этиб келяпмиз. Ҳаёт шунақалар билан ҳам қизиқ-да.
Мени хушнуд этган ҳол шуки, бузғунчилар бештагина бўлса, ҳақиқий фидойи устозларим, дўстларим улардан юз баробар кўп!
Ҳар гал бирор ютуққа эришганда устоз-у дўстларимдан қанча мамнун бўлсам, ўша бузғунчилардан ҳам ичимда миннатдор бўламан. Негаки, улар бор экан, ҳар қадамда огоҳ, ҳушёр қадам ташлаймиз.
Хуллас, 2007 йилда фан номзоди (фалсафа доктори), 2011 йилда доцент дипломларини қўлимга олдим!
2008 йилда “Олтин қалам” мукофоти совриндори, 2013 йилда ОАК (ва яна бир гуруҳ муассасалар) томонидан ўтказилган “Журналистика – ижодий фан” танлови ғолиби бўлдим.
2009 йилда “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” унвонига муносиб кўришиб, ҳужжатларим тегишли идорага тақдим этилди. Ўша йили июль ойида мўътабар рўйхатга номим киритилгани ҳақидаги хушхабар мендан олдин ўшаларнинг қулоғига етиб борибди ва ҳар қандай бузғунчиликни қойиллатадиган ҳунарларини ишга солишиб, шундай туҳматлар уюштирибдики, ҳайратдан ёқа ушлайсан…
Асл ҳақиқатни сўраб-суриштирмасдан бузғунчиларнинг нағорасига ўйнаган иккита амалдор алал-оқибат ишдан кетди ўшанда.
Минг афсуски, менинг номимни ўша мўътабар рўйхатдан ўчиришга муваффақ бўлишган экан…
Ҳақиқат тиклангани билан номим рўйхатда тикланмай қолиб кетди…
Қойил қолганим, ҳар ким қилмишига яраша “насиба”сини олмоқда. Ҳеч ким жавобсиз қолмаяпти!
Шукрки, шу ёшимга ўзимга яраша илмий ва ижодий ишларим билан бешикаст етиб келдим! Келгусида янада улуғроқ мақсадларим бор.
Докторлик қилишдан жуда совиб кетгандим. Бугун шундай саодатли, ажойиб кунлар келдики, яшаган сари яшагинг, ишлаган сари ишлагинг келади!
ЎзДЖТУда қалбимни жароҳатлаган қинғирликлар бирин-кетин даф бўлмоқда!
Жонажон Ўзбекистон Миллий университетим улкан тоққа ўхшайди. Бу – бахту иқбол, ажиб истиқбол тоғи! Бу тоғда фақат эзгулик нурларидан баҳра олиб яшайсиз!
Мен ота-онам меҳрига монанд ҳаётни ЎзМУда кўрмоқдаман. ЎзМУ олдида қарздорман. Бу қарзимни то абад илмий, ижодий, мураббийлик ишларим билан адо этиш – умрим мазмунига айланиб бораверади.
Азиз Сангинжон дўстим!
Хотираларни бироз “қўзғаб” қўйланингиз учун миннатдорман.
Сиздан яна янги-янги асарлар кутиб қоламиз.
Камоли эҳтиром ила, дўстингиз Тўлқин ЭШБЕК.
2018 йил 4 апрель
***
Мактубимизга Япониядан https://www.facebook.com орқали жавоб йўлланди:
Sangin Jabborov Ассалому алейкум, азиз бародарим, дўстим Тўлқин ака.
Мактубингизни олиб хурсанд бўлдим. Шунингдек, мақолани «Уч илдиз»да эълон қилганингиз янада қувонтирди. Шогирдлар ҳам билиши, сезиши керак сиздек устозининг (ва нафақат сиз) ҳар бир ютуғи ортида қанчалик машаққат, меҳнат ва кечинмалар ётганини.
Ҳикояда тасвирланган ўша кунги сизнинг ички кечинмаларингизни мен дилдан ҳис қилганман. Шунинг учун ҳам, орадан шунча вақт ўтганига қарамай, бу ҳиссиётлар қоғозга томиб тушди. Мен ҳаммасини енгиб ўтишингизга ишонганман. Ўша воқеадан кейин ҳам анча қийинчилик ва изтиробларни бошдан кечирибсиз, булардан бехабар эдим. Шунга қарамасдан, энг муҳими, ўзингиз танлаган йўлдан кетаётганингизга хурсандман. Бундан буёғига ҳам изланиш, ижод ва шогирдларга таълим бериш йўлида чарчаманг. Факультетдаги барча ҳамкасаба-ю, дўстларимизга менинг саломимни етказинг.
Омон бўлинг!
Дўстингиз, Сангин.
Сўнгги фикрлар