Сурхоннинг бағри қайноқ

Адиба Рисолат Ҳайдарова «Уч илдиз» маҳорат мактаби ёш ижодкорлари билан ижодий суҳбат ўтказди.

 рх2

Истеъдодли адиба 1966 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетини тамомлаган. Ёзувчи ва таржимоннинг тарихий ҳамда замонавий мавзудаги ҳикоялари, шунингдек, Шарқий Европа адабиётидан қилган таржималари республика матбуотида эълон қилинган. “Мағрура” қиссаси ва “Жавзо” романи муаллифи. Айни дамда “Шарқ юлдузи” журнали наср бўлими бошлиғи вазифасида хизмат қилади.  Бўлғуси ижодкорлар устоз адиба Рисолат Ҳайдаровадан маҳорат сирларини ўрганар экан, адабиёт оламида ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олдилар.

Қуйида адибанинг “Сурхоннинг бағри қайноқ” сарлавҳали публицистикаси тақдим этилди.

OLYMPUS DIGITAL CAMERA

 

Сурхондарё сафарига жўнаётганимни эшитган яқинларим “вой-бўй, жуда жазирама-ку, салқинроқ пайтда борсанг бўлмасмиди”, дейишган эди. “Жазирама ўзимизники, – деб кулгандим. – Ўзбек бўлиб жазирамадан қочсак, уят эмасми?”

Самолёт салони салқинлигидан ҳатто совқотиб қолган эканман, трапга оёқ босишим билан гуп этиб қайноқ ҳовур юзимга урилди. Термиз менга ўзининг қайноқ бағрини очган, ўзимизнинг қадрдон саратонимиз тугаган бўлса-да, қуёш ўз қудратини сусайтиришни истамаётган эди. “Термизда ҳаво шунчалик бўлса, дашт туманларида қандай экан?” дегандим, ҳамроҳларим кулишди: “Сурхондарёнинг энг иссиқ нуқтаси Термиз шаҳри, ҳатто даштда ҳам иссиқ бунчалик эмас”. Демак, ўйлаганим тўғри, Термиз менга ростдан ҳам ўзининг қайноқ бағрини очган эди.

Сафаримнинг бошланиш куни вилоятда ўтаётган ҳосил байрами кунларига тўғри келибди. Буғдой ўрими якунига етган, деҳқонлар ёзги маррани якунлаб, куз сари юзланган бир пайт эди. Жорий йилда вилоят фермерлари 98 минг гектар майдондан ўртача 55 центнердан дон йиғиб олишибди. Ҳосилдан бўшаган ерларга дуккакли экин, ерёнғоқ, турли кўкатлар ва бошқа маҳсулотлар экилиб, 43 минг гектар аҳоли томорқасида ҳам турли озиқ-овқат маҳсулотлари парваришланаётган экан.

Термиз шаҳри янада кенгаяётган, янги бино ва кўчалар кўп қурилаётганидан гўёки қурилиш майдонига ўхшарди. Аэропортдан то шаҳарнинг бош кўчаси – Ислом Каримов кўчасига етгунча неча жойда тўсиқлар билан ўраб олинган, кун иссиғига қарамай, ишчилар куймаланаётган бинолар, бордонлар тепасида қўққайган қурилиш кранларига дуч келдик. Шаҳарнинг кўчаларида енгил машиналар қаторида қурилиш ашёлари ортган юк машиналари қатнови фаол.

Сафар режасига кўра, вилоятнинг энг чекка қишлоқларида бўлишимиз керак эди.

– Энг чекка ҳудудгача Термиздан машинада икки ярим соатдан мўлроқ йўл юрилади, – деди вилоят Маънавият ва тарғибот маркази бошлиғи Фирдавс Шарипов. – Бу дегани, шаҳардан чиқиб олгач, трасса бўйлаб “яхшигина” тезликда, ҳеч қаерда тўхтамай, суръатни қўлдан бермай йўл босиш дегани.

– Олис қишлоқларга борганимиз, албатта, маъқул, – деди сафар гуруҳимиз бошлиғи, Республика “Оила” илмий-амалий маркази етакчи илмий ходими Ҳулкар Абдуллаева. – Чунки олис қишлоқлардаги одамлар билан мулоқот қилиш бизга фойдалироқ.

Шундай қилиб, Узун туманига йўл олдик. Йўл аввалига кенг далалар оралаб ўтган трассадан ўтган бўлса, кейин тоғ йўллари бошланди. Фақат иккита машинагина ёнма-ён сиға оладиган торгина йўлдан юқорилаб боряпмиз. Чап томонимиз палахса-палахса этиб ўйилгандек таассурот берувчи тоғ – девор, чап томонимиз пастга қараб қиялаб борувчи тоғ бағри… Баъзи жойларда пастга қадар етиб борган тупроқ “оқим”лари кўринади. Булар сел қолдирган излар.

– Бундан уч йил олдин бу ерга катта сел келган эди, – ҳикоя қилди автомобилни бошқариб келаётган йўл бошловчимиз. – Булар мана шу селдан қолган “эсдалик”.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аскарлари ўша пайтда уйма-уй юриб, аҳолини огоҳлантиришган, офат келишидан аввал ҳаммани хавфсиз жойга кўчиришган экан.

– Одамларнинг ҳатто ит-мушуги, эчки-улоғи ҳам кўчирилди, – деди йўл бошловчимиз. – Биронта ҳам талофат бўлмади, ҳаммаси уюшқоқлик билан ўтди.

– Аҳоли тушунса, яхши-да, – дейман мен.

Йўл бошловчимиз кулди:

– Аммо бир ҳамқишлоғимиз тоза овора қилди. Уйим юқорида, сел етиб келадими, дейди, вакилларнинг сўзига ишонмайди-да! Бир уйимнинг деворига отамнинг қўли теккан, нима бўлса пешонамдан кўрдим, деб қўяди. Охири кўндириб, кўчини кўплашиб мошинга ортишди. Тўрт кунлардан кейин сел келди. Ваҳимаси катта…

Атрофимда қолган изларга қараб селнинг кучини тасаввур қилишга уриндим. Биз кетаётган йўлдан пастроқда, томи чиройли, замонавий яшил металл шифер билан ёпилган бино кўринади. Бу – маҳаллий коллеж биноси. Ундан йигирма метрча нарида қотиб қолган тош ва лой палахсаларидан ҳосил бўлган нотекис, қалин девор. Оқим, гўё илм масканини аягандек, шу ерга келганда тўхтаган. Юқорироқда илдизи очилиб қолган тоғ арчаси, дарахтнинг танаси лой ичида қолиб кетган, фақат учигина бўртиб чиқиб турибди. Сел юқоридан оқизиб келадиган лой ва тошдан иборат оқимнинг кучи жуда катта бўлади. Сув ўзининг йўлига тушиб қолган нимаики бўлса, барини ўйинчоқдек ўйнатади, оқим эса бор нарсани вайрон қилади. Беихтиёр ер юзининг турли нуқталарида юз берган сел, кўчки балолари, ушбу офатлар етказган талофатлар ҳақида эшитган хабарларимни эсладим.

– Ўша ҳамқишлоғимиз селдан омон қолганига шундай шукроналар қилди-и… “Фавқулодда вазият”дагилар сел худди шу ерга қараб оқишини қандай билибди, деб ҳайрон бўлади. Бари билимнинг кучи-да! – йўл бошловчимиз бурилишлардан чапдастлик билан автомобилни олиб ўтаркан, ҳикоясини давом эттирарди. – Сел тугагандан кейин кўрсак, мўъжизани қаранг, лойқа ўша ҳамқишлоғимизнинг уйини суриб янаям тепага чиқариб қўйибди. Уй худди каттакон тўлқиннинг устида турганга ўхшайди. Истасангиз кўрсатаман.

…Бориб кўрдим. Вақт ўтиб, қотиб қолган лойқа ўркачлари устига хиёлгина қийшайиб қўниб турган, олди очиқ айвонли пахса уй. Қишлоқ аҳолиси бу ерлар хавфли ҳудуд деб топилгани учун қайтадан кўчиб келмаган, пастда қурилган янги уйларда яшаб қолган…

Машинамиз навбатдаги тоғ ёнбағрини айланиб ўтгач, Десулҳ қишлоғига кириб келди. Йўл аста-секинлик билан юқорилаб борарди, қишлоқ кўчасининг икки четида қад ростлаган уйларнинг аксарияти болохонали, пастак деворлари лойсувоқ, энг қизиғи, уйларнинг деворидан бошлаб томигача – бари қизғиш, худди сополдан ишланганга ўхшайди. Беихтиёр телевизорда кўрганим – Ҳиндистондаги, қизил қумтошдан бунёд этилган Жайпур шаҳрини эсладим. Билсам, бу ернинг тупроғи қизғиш бўлганидан, шу тупроқдан қуйилган ғишт ҳам сопол рангида, лойсувоқ учун аралаштирилган сомон эса деворда қизғиш “фон”дан ялтираб ажралиб туради. Баъзи уйларнинг сувоғига турфа нақшлар ўйиб туширилган. Бу – маҳаллий иморатсоз усталарнинг ижоди.

Қишлоқ болалари қизиқсиниб, биз – меҳмонларга қараб қўйишади. Биз эса яна-да юқорилаб, Хонжизза қишлоғига қараб кетдик.

Хонжизза – форс-тожик тилида “хон қалъаси” деган маънони билдирар экан. Дарҳақиқат, қишлоқ худди арк деворларини эслатувчи тоғлар ичига кириб кетган. Аҳолиси асосан тожиклардан иборат. Биз Хонжизза болалар ёзги лагерига кириб келдик. Йўлбошловчимиз менга лагернинг рўпарасидан, тоғ бағридан оқиб келаётган булоқ сувидан олиб берди. Муздек, мазаси чучук, томоғимдан ўтган салқинлик зум ўтмай танимга тарқади.

Хонжизза қишлоғининг аксар аҳолиси боғдорчилик, асаларичилик билан шуғулланади, бу жойларнинг табиати, об-ҳавосининг ўзига хослиги шу ерлик тадбиркорларга яна бир турдаги бизнес ташкил этишга имкон берган: маҳаллий аҳоли меваларни қишда асраб бериш билан ҳам шуғулланади, мева савдоси билан шуғулланувчи бошқа вилоятлардаги тадбиркорлар кейинги мева пишиғигача бузилмай туриши учун машина-машина меваларни олиб келишади. Харажат ўзини оқласа керак-да, маҳаллий бизнес дурустгина қулоч ёзган.

1979 йилда халқимизнинг фидойи фарзанди Шароф Рашидов лагернинг ҳовлисидаги катта ёнғоқ дарахти тагига қишлоқ аҳлини тўплаб, мажлис қилган, шундан сўнг бу ерда “Хонжизза” боғдорчилик совхози ташкил этилган экан. Ўша йили тоғ ёнбағирларига 150 минг туп олма, нок, ўрик, ёнғоқ кўчатлари экилган, 800 минг асалари уяси олиб келинган, бедазорлар ташкил этилиб, шу йилнинг ўзида 25 тонна беда уруғи, 40 тонна асал топширилган. Ҳозир эса совхоз ўрнида бир нечта фермер хўжаликлари бор.

Маърифий-маънавий тарғибот тадбирига қишлоқнинг аксар аҳолиси тўпланди. Қишлоқ қизлари, аёлларининг бошида турфа рангдаги дуррачалар, қизалоқлар чиройли миллий кўйлакчаларини ҳилпиратиб югуришади, эркакларнинг бошида оқ қалампир нақшли, тепаси гумбазсимон дўмпайган дўппилар.

Гуруҳимиз аъзоси, рассом Зебинисо Шарипова лагерь болалари чизган суратларни кўздан кечиради, тасвирий санъат тўгараги аъзолари учун маҳорат дарслари ўта бошлайди, Ҳулкар Абдуллаева маъруза қилади, кино артисти Шуҳрат Усмонов ўзининг ичакузги ҳикоялари билан тўпланганларни кулдиради, шоира Умида Абдуазимова шеърларини ўқийди, мен маърифий суҳбатлар ўтказаман. Сўнггида болалар лагерини айланиб чиқаман. Бу маскан бинолари янгича талаблар асосида таъмирдан чиқарилган, қулай мебеллар билан жиҳозланган, каравотлар устига озода чойшаблар ёпилган, ўйин майдончаларида хавфсиз арғимчоқ ва сирпанчиқлар ўрнатилган, ошхонадаги столлар устида оппоқ чинни идишлар ярақлайди… Болаларнинг бир сменадаги дам олиши 13 кунга мўлжалланган бўлиб, йўлланма нархи – 225 минг 500 сўм. Агар бу маблағнинг ярми касаба уюшмалари томонидан қопланишини ҳисобга олсак… Жуда яхши! Айниқса, нархи жиҳатидан ҳатто пойтахтимиз атрофидаги болалар дам олиш лагерларидан устунроқ. Мазкур ором маскани 1964 йилда очилган. Ўша пайтда Узун туманидаги “Коммунизм” колхози раиси Бобомурод Омонов ушбу хайрли ишнинг ташаббускори бўлган экан. 1986 йилда эса бу маскан “типовой”, яъни ўша пайтда амалда бўлган стандартлар асосида 250 нафар болани қабул қилишга мўлжаллаб қайта қурилиб битказилган. 2014 йилда Республика Касаба уюшмалари федерацияси маблағ ажратиб, лагерь капитал реконструкция қилинган. Бунинг учун 4 млрд. 200 млн. сўм сарфланган.

– Лагерь фақат ёздагина ишлайди, – дейди маскан директори Раҳматулла Соҳибов. – Бу масканнинг имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш мумкин. Бу жойларнинг табиати йилнинг тўрт фаслида ҳам жуда чиройли бўлади. Шундан фойдаланиб, лагерни йил бўйи ишлайдиган дам олиш масканига айлантирсак, ҳар томонлама даромадли бўлиши мумкин. Масалан, ҳозир бизда доимий равишда 6 киши, мавсумий равишда эса 37 киши ишлайди. Ёз тугаса, кейинги мавсумгача 37 кишига жавоб беришга тўғри келади. Агар маскан йил бўйи дам олувчиларни қабул қилса, у ҳолда 40 нафардан ортиқ доимий иш ўрни очилади. Тўғри, бунинг учун анча-мунча ишларни бажариш керак: қишки иситиш тармоғини яратиш, қишки бассейн қуриш… Лекин бу харажатлар тез орада ўзини қоплайди. Бунинг учун бир қанча ташкилотлардан рухсат олиш керак экан. Ҳозир шу таклифимни ишлаб чиқяпман.

Бу серғайрат инсонга нияти ва ҳаракатлари рўёбини тиладим.

Шу куни ушбу лагерь бош етакчиси Субҳонқул Тоғаймуродов бошчилигида Хонжизза қишлоғидаги яна бир эътиборли жой – Шароф Рашидов яшаган уйни бориб кўрдик.

Бунинг учун оромгоҳдан юқорига қараб сой бўйлаб ярим соатдан мўлроқ йўл юрдик. Уй камтарона, икки қаватли қилиб қурилган, биринчи қаватида учта мўъжазгина хона, икки қаватида эса иккита хона ва айвонча. Уй адир бағрига ўрнаштириб қурилгани учун биринчи қаватига олд томондан, иккинчи қаватига орқа тарафдан, худди биринчи қаватга кирган каби кирилади. Уй ичида биронта ҳам зина йўқ. Ҳовлиси кичиккина, аксарият олма дарахтлари кўкарган, орт тарафда тошдан қурилган ҳовуз, ўчоқ. Қурилишда маҳаллий иморатсозлик анъаналаридан унумли фойдаланилган. Уй 1975 йилда қурилган, Шароф ота аксарият ёз кунлари оиласи билан шу ерга ҳордиқ олгани келар экан. Аммо… уй қаровсиз, анча тўкилиб қолибди. Хоналарни айланиб чиқа бошлаймиз. Хоналар ўртасидаги эшиклар, аксарият хоналарнинг ромлари йўқ, шифтларнинг бўёқлари, деворларнинг сувоғи ўчиб кетган, шифтнинг баъзи жойларида бир вақтлар кўкиш бўёқда чизилган нақшларнинг омон қолган қисмлари кўринади. Хуллас, уй капитал таъмирга, аниқроғи, реконструкцияга муҳтож.

– 1990-йилларнинг бошида бу уйга хўжайинлик қилишни истовчилар чиқиб қолди, – дейди Субҳонқул ака афсусланиб. – Шароф отанинг номи 80-йилларнинг охирида қоралангани баҳона бўлди, шекилли… Уйни эгаллашга-ку, эгаллай олишмади-я, аммо зиён етказиб кетишди. Кейинроқ тоққа дам олгани келганлар бу ерда “яйрашди”, вақт ҳам ўз ишини қилди, албатта.

Шароф Рашидовнинг таваллудига 100 йил тўлганлиги байрам қилинаётган шу кезларда ушбу ҳурматли зот яшаган бу масканни тартибга келтириш, уни эътиборга молик зиёратгоҳга айлантириш масаласи жуда муҳимдир. Уйни тиклаш арзонга тушмаслиги мумкин, бироқ тарихий хотирага бўлган ҳурмат томонидан туриб қаралса, ҳар қандай харажатни оқлаш мумкин.

Халқимизнинг ардоқли ўғли қадамлари теккан маскан яна ўз қиёфасини тиклашига умид боғлаб ортга қайтдим.

Сафаримизнинг кейинги куни Шерободга йўл олдик. Режага кўра, Зарабоғ қишлоғида тўхтадик. Қишлоқдаги 33-ўрта умумий таълим мактаби ҳовлисига киришимиз билан кўзим дарвозанинг чап ёнига ўрнаштирилган тракторга тушди. Бундай тракторларни мен ўтган асрнинг 30-йилларига оид кинохроникада кўрган эдим. Бошдан-оёқ оғир пўлатдан, ғилдираклари тишли, Германияда 1932 йилда ишлаб чиқарилган пастаккина бу машина кўнгилда ҳайрат уйғотади, киши юзига табассум чақиради. Ҳозирги тракторлар олдида у ўйинчоқдек кўринади, лекин ўша давр учун у техникавий инқилобнинг ўзгинаси эди. Айтишларича, трактор машина-трактор станциясида анча йиллар давомида турган, уни ҳеч ким минмай қўйган бўлса-да, воз кечишга кўзлари қиймаган, ниҳоят, 1980-йилларнинг охирида, станцияга келган комиссия эски техникаларни ҳисобдан чиқаришни талаб қилгач (шундай қилмаса, бухгалтериядаги ҳисоб-китоблар тартиби бузилар экан, тавба, шунча йиллар тартибни “бузиб” келишган эканми…), уни ҳисобдан ўчиришган, темир-терсакка топшириб юбормоқчи бўлишган. Барибир кўз қиймаган шекилли, кимнингдир (ўша одам кимлигини ҳеч ким эслай олмади) хаёлида бўлғуси тракторчиларни станцияга амалиётга олиб келишганда ўсмирларнинг тракторга қизиқиб миниб кўришаётганини кўриб бу “моддий ашё”ни тарихий ёдгорлик сифатида мактабга олиб келиш фикри туғилади. Тракторни шатакка олиб мактабга судраб келишнинг ўзи қишлоқ аҳли учун томоша бўлган экан.

Қизиқиб тракторнинг ғилдиракларини, рулини, пўлат ўтирғичини ушлаб кўрдим. Бундай тракторларни миниш ҳақиқий жасорат бўлгани аниқ, чунки уларнинг шовқини жуда баланд, тезлиги паст, бошқариш ҳам осон эмас, яхшигина жисмоний куч керак, ҳозирги ўтирғичи юмшоқ, кондиционерли, педаллари қулай тракторлар унинг олдида шоҳона мосламага ўхшайди.

Шу куни мактабда “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида бўлиб ўтган тадбирга бутун қишлоқ аҳли тўпланди, биз Мустақиллик, Истиқлол, Ватан туйғуси, халқимиз тарихи ва бугунги куни, унинг келажаги ҳақида сўзлашдик. Гуруҳимиз аъзоси, Муқимий номли Ўзбек давлат мусиқали драма ва комедия театри актёри Бозорбой Холмўминовнинг миллий драма ва комедиялардан жонли ижро этган ариялари тўпланганларни хушнуд этди.

Кейинги манзиллар – Вандоб ва Кампиртепа қишлоқларига йўл олдик. Сурхон давлат қўриқхонаси чегараси ушбу қишлоқлар атрофидан ўтади. Мана, Вандобдаги тадбирдан кейин Кампиртепага, “Бешбулоқ Сурхон-Шеробод” болалар дам олиш лагерига қараб кетяпмиз. Атрофдаги гўзаллик табиатнинг истеъдодли қўли билан яратилган: машиналаримиз айланма тоғ йўли бўйлаб илгариларкан, ғилдираклар остида тупроқ билқиллайди, ўн метрча пастда Тангидеволсой тошдан-тошга урилиб шовуллайди…

Кўҳитанг тоғлари бағридаги бу лагерь денгиз сатҳидан 1800 метр баландда бўлиб, бир чети Сурхон давлат қўриқхонасига уланиб кетади. Лагерь ҳудудидан тепароқда худди қалин табиий девор янглиғ қудратли тоғ кесмалари қад керган. Бу “девор”дан нариги томони – Туркманистон.

Лагердаги ёзги дам олиш мавсуми охирлаган кунлар эди. Тадбиримизнинг узвий қисми сифатида кутубхонада “Китоб – менинг тақдиримда” номли мулоқот ўтказдик. Мулоқот чоғи қизиқиб кутубхона жавонларини кўриб чиқдим. Ажойиб! Китобларни кўпроқ маърифийлик нуқтаи назаридан тўплашибди. “Болалар энциклопедияси”нинг ҳамма томлари, “Ҳайвонот олами”, “Ўсимликлар олами”, “Коинот сирлари”… Жаҳон болалар адабиётидан ўзбек тилига таржима қилинган нодир намуналарнинг замонавий нашрлари – “Маугли”, “Миттивой ва Карлсон”, “Рикки-тикки тави”, “Ўн беш ёшли капитан”… Алоҳида жавонда “Шум бола”, “Сариқ девни миниб”, “Даҳшатли Мешполвон”, “Синган сетор”…

Дарҳақиқат, болаликда севиб ўқилган китоб киши тақдирида ўзига хос из қолдиради, ҳатто унинг ҳаётини кутилмаган ўзанга буриб юборади. Шуҳрат Усмонов “Сариқ девни миниб” китобини севганидан актёр бўлганини ҳикоя қилди: “Болалик пайтим шу китобнинг кўп ўринларини ёд олганман, ўша пайтларда бу китоб фильм қилинмади, ҳолбуки, мен Ҳошимжон ролини ўйнашни орзу қилганман, китобнинг кино талқинини хаёлимда кўриб юрганман. Мана, Мустақилликдан кейин шу китоб экранлаштирилди, Ҳошимжон ролини ижро этган укамни алоҳида табрикладим”. Мен эса Миркарим Осим қиссалари таъсирида ёзувчи бўлишга аҳд қилганимни, Зебинисо Шарипова “Кичкина шаҳзода” асари таъсирида ўзининг дастлабки жумбоқ-суратларини ишлаганини, Бозорбой Холмўминов “Тоҳир ва Зуҳра” эртагини севиб ўқиганини, кейинчалик “Тоҳир ва Зуҳра” достонини топиб мутолаа қилганини, достондаги баъзи шеърларни куйга солиб айтиб кўрганини, бора-бора юрагида қўшиққа ҳавас уйғонганини айтиб берди. “Мана ҳозир театрда “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали спектаклида Тоҳир ролини ижро этяпман”, деди охирида.

Тадбир сўнггида вилоят Маънавият ва тарғибот маркази томонидан кутубхонага талайгина китоблар топширилди. Болаларнинг ҳайрат порлаган кўзларини кўриш мароқли эди. Лагернинг капитал таъмирдан чиққан бинолари, дам олиш масканининг энг баланд нуқтасига қурилган концерт шийпони, деворларига рангдор суратлар илиб ташланган тасвирий санъат тўгараги хонаси, чим яшнаган футбол ва баскетбол майдончалари, лагерни мусаффо ҳаво ва яшил рангга тўйинтириб юборган дарахтлар, бари биз – тарғибот гуруҳи аъзоларининг таассуротларини яна-да бойитди.

Эртанги кунги манзилимиз Бойсун туманига тушди.

Бойсун азалдан мамлакатимиз иқтисодида муносиб ўринда бўлиб келган. Масалан, ҳозир “Шарғун” ҳамда “Бойсун” кўмир конларидан йилига 4,5 миллион тонна қаттиқ ёқилғи қазиб олинаётган бўлса, унинг асосий қисми энергетика соҳаси корхоналарига етказиб берилаяпти, айни пайтда Бойсун туманида газни қазиб олиш ва қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 май фармонига биноан вилоятнинг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятидан янада унумли фойдаланиш мақсадида мамлакатимизнинг қатор туманлари қатори “Бойсун-фарм” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилмоқда. Бу зонанинг асосий фаолият йўналиши доривор ўсимликлар хомашёсини қайта ишлаш ва дори воситалари, тиббиёт буюмлари, ёрдамчи ва қадоқлаш материаллари ишлаб чиқариш бўйича янги замонавий ишлаб чиқариш ва қувватларни ташкил этишдан иборат. Шу аснода кўплаб иш ўринлари яратилади, дори-дармон ишлаб чиқариш маҳаллийлашади, яъни кўпгина дорилар ўзимизда ишлаб чиқарила бошлайди ва натижада уларнинг нархи арзонлашади. Қолаверса, бу мамлакатимизда фармацевтика саноати билан бир қаторда фарцевтика борасидаги илмий изланишларни янада кенгайтириш имконини беради.

Биз Бойсундаги Юқори Мачай ва Қуйи Мачай қишлоқларида бўлдик.

Мачай деган номнинг келиб чиқиши ҳақида шундай ривоят бор. Гўёки, шу ерларга келиб қолган икки дарвеш шу ернинг ширин сувидан баҳра олиб, уни бир-бирига “Мана, чой”, деб узатган эмиш.

Юқори Мачайга кираверишда ўнг ёнда энг янги меъморий андозалар асосида қурилган коллеж биносини кўрдик. Аҳоли бизни янада юқорида, мактаб ҳовлисида кутаётган экан. Тадбирга кетар эканмиз, йўл четларида қад ростлаган уйларга разм солдим. Хумдонда пишган ғишт рангидаги лойсувоқ уйлар, уй ёнига аксаран катта дарвоза ўрнатилган, лекин, ажабки, қўшнилар ўртасида девор олинмаган, дарвозаларда қулф тугул, калит солинадиган тешикларнинг ўзи йўқ. Аёллар узун, сурхонча кенг-мўл кўйлакларини ҳилпиратиб ўтадилар, бошларида ёрқин, гулдор рўмоллар, кичик қизчаларнинг бўйинлари-ю билакчаларида ярақлаган мунчоқчалар…

Тадбирга келган саксон икки ёшли, қора тўни устидан қирмизи белбоқ таққан отахон ҳар бир айтилган сўзга муносабат билдириб қўяди, даврани бошқараётган Шуҳрат Усмоновга ҳам луқма ташлаб, одамларни кулдиради, баъзан ҳамқишлоқларини ўйлантириб ҳам қўяди. Биз “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” лойиҳаси доирасида маърифий-тарғибот дастурида кўзда тутилган суҳбатларни ўтказяпмиз-у, ўзимиз ҳам тўпланганлардан нималарнидир “оляпмиз”. Бу таассуротлар, ҳайрат, завқ, ғаройиб топилмалар… Халқимиз маънавий дунёсида биз ҳали кашф этиб улгурмаган қирралар талайгина, одамларимизнинг топағонликлари, тадбиркорликлари (бунда мен уларнинг бизнес соҳасида кўраётган тадбирларини эмас, уларнинг ҳар қандай масала ва муаммонинг ечимига тадбир топа билишларини, замондаги ўзгариш ва янгиликларга жавоб бера олишларини, давр бир инсон олдига қўйиши мумкин бўлган жамики саволларга нисбатан жавоб излаб, тадбир топиш қобилиятини назарда тутяпман), руҳ кўтаринкилиги, келажакдан умидворлик…

Қишлоқда уйларни икки қаватли қилиб қуриш расм бўляпти, шекилли, янги қурилаётган кўплаб уйлар қўшқаватли. Пойдевори тошдан, девори қизғиш хомғиштдан, аксар уйларнинг иккинчи қавати терак ёғочидан ишланган содда устунлар билан кўтарилган пешайвондан иборат. Тоғ шароитида бундай уйлар чидамли бўлармикин, деб ўйладим, ҳамроҳимиз Бойсун транспорт ва алоқа коллежи Мачай филиали директори Норқобил Турдибоевга ҳам шу саволни бердим. У кулди:

– Синглим, миллий қурилиш “стандарт”ларимизга жаҳоннинг ақли лол қолса арзийди. Сиз уйнинг пойдеворига, синчига эътибор қилинг, қўш қаватли, бақувват синч, ғиштнинг лойи бири ёқдан қориб, иккинчи ёқдан қуйиб кетилмайди, лой уч кун давомида тепкилаб “пишитилади”, саратоннинг қуёшида қуритилади (ҳатто саратондан бир кун кечикса ҳам ғишт қуйилмайди бу ерда), лойнинг тупроғи ҳам оддий эмас, тоғ минералларига тўйинган. Шунинг учун хомғишт дейилса ҳам, пишиқликда хумдоннинг ғиштидан қолишмайди, лойимизнинг мустаҳкамлиги цементдан кам эмас. Ёғоч ҳам ўзимизники, ўзимиз ўстирган терак, арча, пишиқлигига юз фоиз кафолат бор.

Шу куни Юқори Мачай қишлоқ фуқаролар йиғини котибининг уйида меҳмон бўлдик. Каттагина, дарвозадан ўн қадамча ўтгач, саҳни пастга қараб эниб борувчи ҳовлининг майдони тугаб, экинларга қадалган жойга, шундоққина ариқ лабига гилам ташлаб, кўрпачалар тўшабдилар. Оёқ ёзиб, сўзлашиб ўтирарканмиз, тагимиздаги гиламга эътибор қилдим. Юпқагина, содда йўл-йўл нақшли, қизғиш гилам. Бундай гиламлар фабрика станокларида эмас, қўлбола дастгоҳларда тўқилса керак. Чунки бунақасини биронта дўконда кўрмаганман. Ўйлаганим рост чиқди, бу гиламни уй бекаси тўқиган экан.

– Бу қишлоқда ҳар уч аёлдан бири шундай гилам тўқийди, – дея изоҳ берди гуруҳимизга ҳамроҳлик қилаётган ҳунарманд қиз Назокат Собирова. – Бу ерда узатилаётган ҳар бир қизнинг сепида албатта, шундай гилам бўлиши керак. Биз аёлларимизга буюртма берамиз, кейин буюртма бўйича тўқилган гиламларни сотиб оламиз. Бу касаначилик асосидаги меҳнат дейилади.

– Харидор топиш қийин эмасми? Ахир бозорни фабрика гиламлари “босиб” кетган…

– Йўқ. Мачайда тўқилган, деган гапнинг ўзи реклама. Чунки гилам табиий жундан, бўёқлари табиий, жунни ҳам, бўёқни аёлларимизнинг ўзлари тайёрлашади, нақшлари содда, лекин ранги ёрқин бўлади. Энг муҳими, бир гилам иккинчисига ўхшамайди. Нақшини бир хил қилиб тўқисангиз ҳам, рангида фарқ қилади. Шунинг учун харидор масаласи бизда муаммо эмас.

Назокат Собирова ёш тадбиркорлардан. Бу қиз раҳбарлик қилаётган кичик корхонада гиламдан ташқари, турли ҳунармандчилик маҳсулотлари, жумладан, сурхонча дўппи, жияк, ҳамёнча, жойнамоз, дастурхон кабилар ишлаб чиқарилади. Туман тоғли ҳудуд бўлгани сабабли, касаначилик меҳнатидан унумли фойдаланишади. Бу иқтисодий жиҳатдан икки томонлама манфаатли. Чунки аёллар корхонага етиб бориш учун йўл босиб юришларига ҳожат йўқ, уйларида рўзғор юмушлари ва болалар тарбияси билан шуғулланиш орасида маҳсулот яратадилар. Маълум бир кунларда тайёр маҳсулот олиб кетилади, аёлларга пул тўланади.

Қишлоқ аҳлининг турмуши меҳнатдан кўриладиган самара асосига қурилган. Дастурхонга тортилган нон ҳам ўзларининг меҳнати, аксарият аҳоли буғдой экади, қишлоқдаги электртегирмонда торттириб, ун қилиб келади, ёғ ва гўшт ҳам, тухум ва асал ҳам, савзавотлар ҳам ўзлариники, аёллари гиламдан ташқари, каштачилик билан шуғулланишади…

Мен шу қишлоқ қиёфасида халқимизнинг бор хислатларини кўргандай бўлдим. Турмушларида ўзбекка хос меҳнаткашлик, тадбиркорлик, гап-сўзларида самимийлик ва тўғрилик, бироз дўлворлик кўринади. Бундай халқи бўлган мамлакатимизнинг келажаги ёруғ бўлиши шубҳасиз.

…Тошкентга тунги самолётда қайтдик. Термиз аэропортидан ҳавога кўтарилган самолёт илюминаторидан ташқарига боқдим. Шаҳар ўзининг чироқлари билан киши дилида ажиб сурур уйғотди. Бу ўзбек элининг муносиб бир шаҳри, ажойиб ўлкаси ёққан чироқлар эди.

 

Рисолат ҲАЙДАРОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *