Суғурта компаниялари инвестицион фаолиятини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари
Бугун Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети
Иқтисодиёт факультети ҳамда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш Агентлигининг қўллаб қувватлашида “Суғурта компаниялари инвестицион фаолиятини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари” мавзусида республика онлайн-масофавий илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
Конференцияда ЎзМУ Иқтисодиёт факультети профессор-ўқитувчилари, талабалар ва илмий тадқиқотчилар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси депутати, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раиси, и.ф.д. Ш.Назаров, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш Агентлиги директори К.Толипов, “Кафолат суғурта компанияси” АЖ Бошқаруви раиси С.Насретдинов, “Ўзбекинвест” ЭИМСК бош менежери Б.Шамсуддинов, “Kafil-Sugʻurta” МЧЖ СК, Бош директор ўринбосари У.Худойбердиев кабилар иштирок этишди.
“Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш” йили Давлат дастурида мамлакатнинг инвестициявий салоҳиятини юксалишида суғурта компанияларининг ўрнига ҳам алоҳида аҳамият берилган. Юртимизда суғурта бозорини ривожлантириш ва рақамлаштириш йўналишлари, аҳоли ўртасида суғурта маданияти (саводхонлиги) ва уни шакллантириш муаммолари конференция мавзусининг асосий қисмини ташкил қилиб, мутахассислар томонидан таҳлилий фикрлар билдирилди. Хусусан, Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш Агентлиги директори Камолиддин Толипов Сирдарё вилоятида “Сардоба” сув омборининг ўпирилиши оқибатида содир бўлган ҳодисадан келиб чиқиб суғурта хизматларини кенгайтириш ва бундай шароитларда аҳоли кўрган талофат қопланишига бўлган имкониятлар хусусида берган таклифлари суғурталовчилар томонидан кўрсатилаётган хизмат турларини такомиллаштириш кераклигини кўрсатади.
Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги ҳузуридаги Суғурта бозорини ривожлантириш Агентлиги, Суғурта фаолияти методология бошқармаси бошлиғи Ботир Усмоналиевич Ўзбекистон суғурта бозорини ривожлантириш тенденциялари ва истиқболларига бағишланган маърузалари билан иштирок этди. 2019 йил мисолида етакчи компанияларнинг суғурта мукофоти ва суғурта тўловлари кесимидаги улушини компаниялар фаолиятидан келиб чиқиб таҳлил қилди.
ЎзМУ “Эконометрика ва иқтисодий моделлаштириш” кафедраси мудири, ф.-м.ф.н. Шахноза Насретдинованинг “Суғурта компаниялари инвестицион фаолиятининг компания молиявий барқарорлигига таъсирини моделлаштириш” мавзусида қилган маърузалари илмий ва амалий жиҳатдан очиб берилди. Конференция иштирокчилар ва маърузачилар ўртасида қизғин савол-жавоб тарзида ўтказилди.
http://uza.uz/oz/society/su-urta-kompaniyalari-investitsion-faoliyatini-rivozhlantiri-08-05-2020?sphrase_id=7493596
Сўнгги фикрлар