Сўнмас юлдузлар
Сўнмас юлдуз… Бу азалий тушунчани шундай талқин қиладилар: улуғ шахс
вафот этганидан кейин ҳам номи ўчмайди! Дарҳақиқат, ўзидан бебаҳо маънавий, адабий мерослар қолдирган кўплаб улуғ аллома, шоиру ёзувчиларнинг номлари ҳар куни турфа давраларда тилга олинади, бетакрор овоз соҳиблари куйлаб кетган ажойиб ашулалар ҳиргойи қилинади… Уларнинг рамзий маънодаги юлдузлари шу тариқа ҳеч қачон сўнмаслигини ортиқча изоҳлашга ҳожат йўқ.
Ўзбекистон телевидениесида бир неча йил илгари “Сўнмас юлдузлар” деб номланган кўрасатув намойиш қилингач, бу ибора оммалашиб кетди. Таниқли журналист Муҳаббат Ато ўша кезларда вафот этган таниқли шоир ва ёзувчилар, эл суйган санъаткорлар ҳақида тайёрлаган ғоят таъсирчан кўрсатувларни ҳамма ҳаяжон билан томоша қиларди. Бу кўрсатувда ўша ижодкорнинг адабий-маънавий мероси, ибратли ишлари, фотолавҳалар, оила аъзолари, устозу шогирдларининг хотиралари дилни ўртаб юборарди. Шу тариқа кўрсатув мухлислари сони ҳам ортиб борарди. Энг муҳими, кўрсатувда намойиш этилаётган лавҳалар охиротини ўйлаганлар учун ўзига хос ажиб сабоқ бўларди!
Ана шу кўрсатувлар ҳосиласи 2010 йилда “Тафаккур қаноти” нашриётида 5000 нусхада “Сўнмас юлдузлар” деб номланган салмоқли тўплам чоп этилди.
Аввало китоб муқоваси ўзига хос бадиий безатилган; бир даричадан сўнмас юлдузлар шуъла сочиб турибди. Муқова давомида миллатимиз фидойилари бўлган бир гуруҳ атоқли адиб ва санъаткорларнинг ажиб суратлари ва пурмаъно сўзлари эътиборингизни тортади. Дилни ўртаган ўша ҳикматли сўзлар беихтиёр қалбингизга муҳрлангандек бўлади. Озод Шарафиддиновнинг “Хотира одамзодни тарбиялаб туради”, Шукур Бурхоновнинг “Одам покиза туғилади, покизалигича қолиши керак”, Саид Аҳмаднинг “Муҳаббат – қудрат куч, у сени яшашга ўргатади”, Раззоқ Ҳамроевнинг “Санъат – ҳаётим мазмуни”, Одил Ёқубовнинг “Адабиёт – мўъжиза! Мен шу мўъжизага мафтунман”, Сойиб Хўжаевнинг “Сен ҳаётга кулиб боқ – у ҳам сенга табассум қилади”, Шукур Холмирзаевнинг “Адабиётга хизмат қилиш – буюк саодат, қисмат аслида…”, Ҳамза Умаровнинг “Менинг ҳурматимдан саҳна ҳурмати баланд. Саҳна ҳурматидан томошабин ҳурмати устун”, Муҳаммад Юсуфнинг “Шеър – бу ширин дард, азоб, шоир шу дард бемори”, Шавкат Раҳмоннинг “Фақат яхши бўлмоқ жудаям камдир, Жуда камлик қилар яшамоқ ҳалол…” каби сатрларига кўз югуртирар экансиз, худдики шу лаҳзада суратларига жон иниб, ўша сиймоларнинг ўзлари сўйлаётгандек таассурот қолдиради!..
Тўплам аввалидан ўрин олган қуйидаги сатрлар гўё унинг қаҳрамонлари руҳият оламидан келаётган пандона садога ўхшайди:
Ўтиб кетди деманглар,
Эслаганда тирикмиз.
Яхши-ёмон кунларда,
Мададкормиз-шерикмиз.
Вужудимиз тупроқдир,
Гул руҳимиз ҳавода.
Бизни эслаганларнинг,
Умри бўлсин зиёда.
Тўплам муаллифи билан қарийб тенгдошмиз. Демоқчиманки, биз тенггилар – ўтган асрнинг саксонинчи йилларида талаба бўлганлар юқорида номлари зикр этилган, қолаверса, шу салмоқли тўпламдан ўрин олган барча улуғ сиймоларни кўрганмиз, суҳбатларидан баҳраманд бўлганмиз! Айримлари билан тенгдош эдик. Бир пайтлар замондош, ҳамнафас бўлган замондошларинг ҳақидаги тўпламни қўлга оларкансиз, аввало, уларнинг ҳурматларини шу қадар жойига қўйган, руҳларини шод этган муаллифга тасанно айтгингиз келади.
Тўпламдан ўрин олган аксарият мақолалар, хотиралар ўз вақтида матбуотда ёритилган. Айтайлик, кунда-кунора телевизор ёки радиода янграётган дилтортар қўшиқлар муаллифи, Ўзбекистон халқ шоири Нормурод Нарзуллаев ҳақида Маҳмуд Сатторов “Қалбга синган сатрлар” сарлавҳали мақоласида шундай ёзади: “Нормурод Нарзуллаев – қўшиқчи шоир эди. Унинг 500 дан ортиқ қўшиғи хонандалар томонидан маҳорат билан ижро этилиб, қалбларга сингиб кетган”.
Ҳар биримиз ўзимизни қўшиқ шайдоси ҳисоблаймиз. Бироқ, нечта қўшиқни биламиз ва ўзимизча ҳиргоҳи қилиб юрамиз? Демоқчимизки, 500 дан ортиқ шеъри қўшиққа айланган шоир ижодий фаолияти бугунги ёш ижодкорлар учун ҳам ибрат эмасми! Муаллиф ёзганидек, “Қўшиқ ёзиш осон иш эмас. Халқнинг тили ва дилидан жой оладиган сатрларни битиш учун муаллиф, аввало, халқ қалби ва руҳига яқин бўлиши керак”. Хотиралар давомида раҳматли шоирнинг қалбларга муҳрланган шеърлари дилга малҳамдек бўлади.
Бирор ижодкор ё санъаткор ҳақида ёзганда “даврани кенгроқ олиш” керак! Бу тўпламдан ўрин олган ҳар бир сиймонинг таржимаи ҳолидан тортиб суратлари, у ҳақидаги мақолалар, хотиралардан тортиб, ижодидан намуналаргача жамланган.
Китобни иштиёқ билан варақлар экансиз, юқорида номлари қайд этилган сиймолар билан бир қаторда Саида Зуннунова, Ҳамид Ғулом, Рамз Бобожон, Рауф Парфи, Ҳожиакбар Шайхов, Тилак Жўра, Ҳамза Имонбердиев, Назар Шукур, Чори Аваз, Равшан Файз, Аъзам Ўктам, Муҳаммад Ражаб Имомов каби шоиру ёзувчилар, Эргаш Каримов, Ҳасан Йўлдошев каби ўнлаб таниқли санъаткорлар билан руҳан ошно бўласиз.
Бир сўз билан айтганда, бу тўпламни замондош сиймолар ҳақида ўзига хос қомусий китоб, дегинг келади. Унда мустақил мамлакатимизда адабиётга, санъат ва маданиятга бўлган эътиборнинг ўзига хос ифодаси акс этганини англайсиз.
Забардаст журналист ва адиба Муҳаббат Атога қарата беихтиёр шундай дегинг келади: бу эзгу ишни албатта давом эттиринг! Сўнгги йилларда сўнмас юзлдузлар сафига қўшилган Пиримқул Қодиров, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Оқилжон Ҳусанов, Отаёр, Абдуғафур Расулов, Неъмат Аминов, Машраб Бобоев, Омон Мухоров, Ўткир Саидов… каби ўнлаб ёзувчи-шоирлар, адабиётшунослар ва қанчадан-қанча санъаткорлар ҳақидаги хотиралар ҳам анча-мунча бўлиб қолди. Уларни ҳам жамласангиз худди шундай салмоқли тўпламни ташкил этади. Бунга Сизнинг маҳоратингиз ҳам, матонатингиз ҳам етади!
Тўлқин ЭШБЕК,
филология фанлари номзоди, доцент
Сўнгги фикрлар