ТАБИАТ ФАРЗАНДЛАРИ
“Яшил макон” яратиш йўлида
Халқимнинг бир номи эди “чўлқувар”!
Кўз тикиб кўкартгай кетмондастани…
Бироқ, ўттиз йилки парвона бўлиб,
Даволаш истаймиз Орол – хастани.
Маворауннаҳр – қўш дарё юрти,
Сайҳуну Жайҳунга туташ томирлар.
Оппоқ чўққисидан узатар ҳаёт
Чотқолу Туркистон ила Помирлар.
Ҳамиша биргадир яшиллигу сув,
Дарахтнинг пойига чекинади қор.
Яхши келган Хутнинг шарофатидан
Қизғалдоқ кўрпасин ёяди баҳор.
“Яшил макон” эса оммавий ҳашар,
Чўлларни тўсгайдир ниҳоллардан ғов.
Соясини еру сувларга солар
Умид-ла тикилган милён-милён дов.
Ўғил кўрса ўнлаб терак эккан эл,
Қиз учун мевали боғ этган барпо,
Улуғ бир ҳашарга боғланганда бел,
Пайкал, хиёбонлар бўлсинлар сарпо.
Баҳор сувларини асрамоқ учун
Сардобалар қурган қадим меъморлар.
Карвон йўлларининг чорраҳасида
Йўлчиларни кутган қудуқ-туморлар.
Азиз билган элмиз нон ила сувни:
Тоза тутмоқ бурчдек хас ила гарддан.
Оқар сув оқизар ёмон хаёлинг,
Танингни поклайди чарчоғу дарддан.
Бугун улар ўзи мададга муҳтож:
Магар туз айниса нени соламиз?!
Қуруган оғочдан тополмай соя,
Дарёлар бўйида чанқаб толамиз.
Барчамиз табиат фарзандларимиз,
Фарзандлик бурчини оқламоқ фарздир.
Берган оқ сутию, нон-тузнинг ҳаққи
Оналар олдида кечилмас қарздир.
Тўлқин ЭШБЕК,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Маънавият фидойиси
Сўнгги фикрлар