Тажриба: қуён устида ўтказилган муваффақиятли жарроҳлик

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Биология факультети талабалари учун амалий кўргазмали очиқ инновацион дарс бўлиб ўтди.

Физиология ва биофизика кафедрасида ўтказилган жарроҳлик ўқув амалиётида қуён ингичка ичагида овқат ҳазм қилиш жараёни устида олиб борилаётган изланишлар кўрсатиб берилди.
Юртимизда биринчи марта ўтказилган ўқув жарроҳлик амалиётида кафедра ўқитувчилари, талабалар ва магистрлар ассистентлик қилишди.
Физиологияда ўткир ва сурункали тажриблар ўтказиш, ҳайвонларда тажрибалар ўтказишнинг инсон саломатлигини барқарор сақлаш ва тиклашдаги аҳамияти, ватандошимиз, тиббиётнинг асосчиси Абу Али ибн Синонинг жарроҳлик усуллари, кейинчалик талабалар бу тирик қуён организмида (in vivo) физиология фанидан турли мавзуларда курс ишлари, диплом ишлари, магистр ва изланувчилар диссертация ишларини амалга оширишлари мумкинлиги ҳақида маърузалар қилинди.
Сўнгра наркоз бериб ухлатилган қуён жарроҳлик столига ўтқазилиб, қорин бўшлиғини очиш, ингичка ичакнинг 10 сантиметр қисмини изоляция қилиб ажратиш, ингичка ичакнинг кесилган кисмини бир бирига улаш (анастомоз), изоляция қилинган ичакнинг иккала қисмига фистулаларни (найчаларни) ўрнатиш ва тикиш, очилган қорин бўшлиғини ёпиб тикиш, тикилган майдонни яна бир бор стериллаб, йод ёки бриллиант яшили (зелёнка) суриш каби амалиётлар бажарилди.
Муваффақиятли жарроҳликдан сўнг қуён яна сабзи ейишни бошлади.
Қайд этиш керакки, 1 соат 10 дақиқа давом этган жарроҳлик амалиёти келгусида физиологик жараёнларни, шу жумладан табиий шароитларда ингичка ичакда ҳазм жараёни ва сўрилишни узоқ муддат ўрганиш имконини беради.
ЎзА

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *