Талабалар мушкул аҳволда…ми?
Юртимизда давом этаётган «Карантин тартиби» шароитида ҳам дарслар
тўхтаб қолгани йўқ. Масофавий таълим бериш ҳақиқий воқеликка айланиб қолди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаларига юз фоиз https://nuu.uz сайтининг Масофавий ўқитиш тизими орқали дарслар тўлиқ ўтилмоқда. Булардан ташқари видеодарс, видеомулоқотлар жараёнлари ҳам тобора такомиллашиб бормоқда.
Бироқ, мамлакатимизнинг айрим ҳудудларида интернет тезлиги пасайиб қолиши ҳолларидан ҳам кўз юма олмаймиз. Бундай ҳолларда қандоқ йўл тутмоқ керак? Шу каби бошқа муаммолар пайдо бўлганида нима қилиш даркор?
Қуйида тақдим этилаётган мақола-суҳбат орқали талабаларимиз ўзларини қизиқтирган қатор саволларига Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мутасаддиларининг мухтасар жавоблари билан танишишлари мумкин.
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети кафедра мудири
«Сифатсиз интернет, якуний ва кириш имтиҳонлари тақдири ҳамда кечиккан стипендия» — ОТВ мутасаддилари билан суҳбат
Онлайн дарсларда қатнашолмаган ёки уни ўзлаштиролмаган талабалар курсдан-курсга қолдирилиши ёки талабалар сафидан четлаштирилиши мумкин эмас. Талабаларга карантин муддати тугашига қараб фанларни ўзлаштиришга қайта имконият берилади.
Карантин тартиби давом этар экан, Kun.uz сайтига олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалардан турли саволлар келиб тушмоқда.
Kun.uz мухбири Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов ва бошқарма бошлиғи Абдували Холиқов билан онлайн тарзда суҳбат ташкил қилди ҳамда ушбу саволларга жавоб олди.
— Айрим талабалар карантин муносабати билан ўқиш шартнома пулини тўлаш муддати узайтирилгани борасида савол беришмоқда.
Ҳақиқатдан ҳам бу муддат узайтирилганми ва агар узайтирилган бўлса, у кимлар учун?
Сарвар Бузрукхонов: Талабалар пандемия сабабли карантинга чиққан вақтида шартнома пулларини тўлаш муддатини узайтириш бўйича ваколат ректорларнинг ўзига берилган.
Талаба карантин вақтида талабалар сафидан чиқарилмайди.
Шу билан бирга ОТМ талабаларга шартнома пулларини онлайн тарзда тўлаш имкониятини ҳам яратиб беряпти.
Биз талабаларни биринчи курсга қабул қилишда шартнома пулининг биринчи ярим йиллик тўлови муддатини давлат комиссияси орқали белгилаб бердик ва унинг охирги муддати 20 март қилиб белгиланган эди.
Бу фақат биринчи курслар учун.
—Карантин муносабати билан ўтилаётган онлайн дарсларни ўзлаштиришдан кўпчилик талабалар интернет сифати пастлиги туфайли четда қолмоқда.
Онлайн дарсларни ўзлаштиролмаган талабалар тақдири нима бўлади, уларга қандайдир жазо қўлланилиши мумкинми?
Абдували Холиқов: Биз масофавий таълимга ўтишда барча шароитларни ҳисобга олганмиз.
Бу ҳали янги тизим ва янги тизимга ўтишда қандайдир нуқталарда муаммолар бўлиши табиий ҳолат.
Бугунги кунда олий таълим муассасаларида масофавий таълим олишга имконияти бор ва йўқ талабалар рўйхати тузилмоқда.
Масофавий таълим олишга имконияти йўқ талабаларга қайта имконият берилади.
Ушбу дарсларда қатнашолмаган ёки уни ўзлаштиролмаган талабалар курсдан-курсга қолдирилиши ёки талабалар сафидан четлаштирилиши мумкин эмас.
Талабаларга карантин муддати тугашига қараб ўқув йили охирида ёки ёзги муддатда график асосида фанларни ўзлаштиришга имконият берилади.
— Карантин тартиби давом этган тақдирда талабаларни битирув малакавий ишини топшириши қандай тартибда амалга оширилади?
Абдували Холиқов: Бизда якуний давлат аттестацияларини ўтказиш бўйича меъёрий ҳужжат бор. Унда бакалавр босқичини битираётган талабаларнинг битирув малакавий иши қилишга мажбур эмаслиги белгиланган.
Улар давлат имтиҳонларини топшириш орқали ҳам битиришлари мумкин.
Биз шу тартибдан келиб чиққан ҳолда,таълим муассасаларига талабалардан битирув малакавий иши ўрнига мутахассислик фанлардан онлайн тест шаклида якуний давлат имтиҳонларини олиш бўйича ҳам топшириқ берганмиз.
Талаба карантин муддати тугагач якуний битирув малакавий иши ёки имтиҳонни топшириши мумкин.
— Абитуриентлар учун давлат имтиҳонлари яқинлашмоқда. Бу жараён қандай амалга оширилади, агар карантин муддати узаядиган бўлса?
Абдували Холиқов: Бу масалада сиёсатни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази белгилайди.
Бугунги кунда бу масала Халқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари ҳамда Давлат тест маркази томонидан муҳокама қилинмоқда ва тез кунларда унга ойдинлик киритилади.
— Бир муддат аввал ўқитувчиларга ҳам хизмат таътили берилган эди ва бу муддат тугаб бормоқда.Айтинг-чи, таътил муддати тугаган ўқитувчилар иш жараёнига қайтариладими ёки таътил узайтириладими?
Абдували Холиқов: Ўқитувчиларда ўқув йили давомида икки ойлик меҳнат таътили олиш имконияти бор. 24 кунлик биринчи таътил муддати якунланиб бормоқда.
Масофавий таълим жорий қилингани учун эндиликда профессор, ўқитувчилар ишга қайтади ва уйда ўтирган ҳолда масофавий таълим беришни бошлайди.
Ўқитувчилар таътилнинг иккинчи таътил муддатини ёзда олишлари мумкин.
— Олий таълим тизимида мустақил топшириқлар: реферат, тақдимот, бошқаларни нега фақатгина электрон шаклда қабул қилиш мумкин эмас? Бу ортиқча қоғоз сарфига сабаб бўлади.
Топшириқлар алмашинувини оддий электрон почта орқали қилса ҳам бўлади-ку.
Абдували Холиқов: Бугунги кунда Олий таълим муассасаларида бундай текширувлар қисқартирилган.
Бу давлат дастурида ҳам Олий таълим тўғрисидаги концепцияда ҳам белгиланган.
Бу каби масалаларда таълим муассасаларини ўзига эркинлик берилган. Ҳаттоки, бу йилдан бошлаб магистрлик диссертациялари ҳам электрон шаклда тақдим этилади. Бунда илмий раҳбар ўз тақризларини ҳам электон шаклда тақдим этади.
Тан олиш керак ҳар бир тизимда янгиликларга мослаша олмайдиган инсонлар бор ва шу жумладан, бизнинг тизимда ҳам.
Ҳозирги ҳолатда топшириқларни қоғоз вариантда сўраш мантиқсиз ва ақлсиз иш.
— Талабалар масофадан ўқишга ўтгани муносабати билан ОТМ ўқиш харажатлари ҳам камайган бўлса керак. Шунга мос равишда, тўлов контракт суммаси ўзгарадими?
Сарвар Бузрукхонов: Талабаларни ўқитиш харажатлари деярли ўзгаргани йўқ. Чунки бизда масофавий таълим кенг жорий қилинди ва унга 300 мингдан ортиқ талаба жалб қилинган.
Бу янги тизим ва у харажатларни ҳам талаб қилади. Шунингдек, ўқитувчиларнинг иш ҳақи ва талабанинг стипендия харажатлари бор.
Бу ерда бир нарсани очиқ айтишим керак, талабалар икки ой университетда бўлмагани учун коммунал харажатлар камаяди, лекин бу талабаларни ўқитиш қийматини камайтиришга асос бўлмайди.
Аввал ҳам айтилганидек, талабани ўқитиш қиймати бизда ўқитиш харажатидан кам.
Базавий контракт ўқитиш харажатининг 68 фоизинигина қоплайди. Шунинг учун ҳозирча тўлов-контракт суммасини камайтириш масаласи бизда кўрилгани йўқ.
— Охирги вақтларда талабаларнинг стипендиялари ва ўқитувчиларнинг иш ҳақи ўз вақтида тўлаб берилмаётгани борасида эътирозли фикрларни эшитиб қоляпмиз. Ҳақиқатда шундай ҳолат борми ва бунга нима сабаб бўлмоқда?
Сарвар Бузрукхонов: Биз карантин даврида стипендия тўланиши лозим бўлган талабаларга стипендия тўлаб келяпмиз. Масалан, март ойи стипендиялари ёппасига тўланди. Апрель ойи стипендияларини тўлаш 15 апрелдан бошланди ва у ҳам деярли якунланди.
Ўқитувчиларнинг ойликлари масаласида, уларга март ойи иш ҳақлари 31 март кунига қадар тўлаб берилган. Ҳозир уларга апрель ойи аванслари тўланяпти.
Агар индивидуал тартибда кимгадир стипендия ва иш ҳақлари тўланмай қолган бўлса бу масалалар кўриб чиқилади.
Илёс Сафаров суҳбатлашди.
https://kun.uz/36996767#0
Сўнгги фикрлар