Талабанинг маънавий олами
Келгусида бахтли инсон бўлиб камолга етишни истаган талаба ҳозирданоқ ҳаётга катта-катта учта маънавий илдиз отмоғи лозим.
Бу илдизларнинг биринчиси – ҳақиқий Инсон бўлиш! Иккинчиси – етук кадр ва чинакам мутахассис бўлиб етишиш! Учинчиси – келгусида бахтли оила қуриш учун муносиб умр йўлдошини танлаш ва чин севгисига эришиш! Бу улуғвор ғоялар атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Уч илдиз” романида ғоят қизиқарли ва таъсирчан бир тарзда ифода этилган.
Юртимиз мустақилликка эришганидан буён ёшларга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Буни биргина Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни мисолида ҳам кўриш мумкин. Мазкур қонунда белгилаб қўйилганидек, “ёшларга оид давлат сиёсати — давлат томонидан амалга ошириладиган ҳамда ёшларни ижтимоий жиҳатдан шакллантириш ва уларнинг интеллектуал, ижодий ва бошқа йўналишдаги салоҳиятини камол топтириш учун шарт-шароитлар яратилишини назарда тутадиган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий ва ҳуқуқий чора-тадбирлар тизими”дир.
Математика факультети 1-босқич талабалари билан ўтказилган суҳбатларда ЎзМУ Мураббийлар кенгаши раиси Аброр Хидиров ва Ахборот хизмати раҳбари Тўлқин Эшбек бу мавзуда атрофлича сўз юритдилар.
Дарҳақиқат, камолга етаётган ҳар бир йигит-қиз билимли, ўқимишли ва етук инсон бўлиб вояга етмоғи лозим. Бунинг учун улар фанларга оид адабиётлар билан бир қаторда бадиий асарлар, газета-журналларни ҳам муттасил мутолаа қилиб боришлари мақсадга мувофиқдир.
Талаба кийиниш маданияти, одоби билан ҳам бошқа тенгқурларига намуна кўрсатиб юриши лозим.
Кундалик муҳим ахборотлардан хабардор бўлиб юриш бўлғуси зиёлилар учун қанчалик муҳим аҳамият касб этишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу борада талабаларга қулайлик яратиш мақсадида Миллий университетимизнинг nuuz.uz ва талабаларнинг эркин минбарига айланган uchildiz.uz сайтларида мунтазам ёритиб борилаётган “Ахборот соатлари” рукни остидаги хабар ҳамда мақолаларни ўқиб бориш тавсия этилади.
– Мен талабаларга дарсни бошлашдан аввал ҳар гал маънавият, одоб-ахлоқ ҳақида сўз юритаман,– дейди атоқли олим, Кимё факультети профессори Туйғун Бобоев.– Дунёга довруқ солган буюк алломаларимиз қандай кашфиётлар қилишидан қатъи назар аввало маънавий етук инсонлар бўлганларини жуда яхши биламиз. Демоқчиманки, ҳар бир мураббийнинг дарси аввало маънавиятдан бошланиши мақсадга мувофиқдир.
Эркин УСМОНОВ,
ЎзМУ газетаси мухбири
Сўнгги фикрлар