Талаба коррупцияга қарши!

Бугун жамиятга бефарқ бўлмаган талаба эртага унинг етакчиларидан бирига

айланади, дейди Дониш домла. Талаба қизнинг мақоласини мутолаа қилар экансиз, қандай авлод камолга етаётганини ҳис этасиз, кўнгингиз тоғдек кўтарилади, дилингизда уни дуо қиласиз. Буни айтишдан мақсад, баъзи тушкун кайфиятда юрган ёшлар ўша талабадан ибрат олишини истардик.

Дунё мутлақ коррупциядан сўнг

23:44 30 Ноябрь 2018 Жамият

Мулоҳаза

КОРрупциянинг илдизи корми?
Яқинда интернет орқали “пора” сўзини мазмунини қидириб кўрдик. Бир манба “порахўрлик” атамасини: “…моддий ёки мулкий манфаат эвазига муайян ҳаракатларни бажариш ёки бажармаслик” дея тавсифлади.

Қадимги дунёда баъзи қабилаларда муайян мавқега эга бўлиш учун сардорига турли совға-салом бериш одатидан коррупциянинг илдизлари бошланган экан. Луғавий жиҳатдан “поранинг маъноси ширинкома – ҳақ, мукофот” демакдир. Аммо “…пора билан совғанинг фарқи пора унга ёрдам берилиши учун берилади, совғада эса бундай шарт бўлмайди”.

Пора канда бўлмаган жой пароканда бўлади
Манбаларимиздан яна бирида келтирилган қуйидаги маълумотлар эътиборимни тортди: Геродотнинг хабар беришича, қадимги форс давлати – Аҳамонийлар салтанатида шоҳ Кир ΙΙ нинг ўғли Камбис ΙΙ даврида пора олган судянинг тириклайин териси шилиниб, курсисига тортиб қўйилган ва унинг ўғли шу вазифага тайинланганки, токи судда иш кўраётган чоғида қайси курсида ўтирганини унутмасин. Русларда эса 1556 йилда Ивань Грозний томонидан порахўрлик учун ўлим жазоси жорий этилган. Яна тарихдан маълумки, ўтмишда ўғрилар қўлга тушганда Хаммурапи қонунларига биноан қўллари чопиб ташланган. Тўғри, коррупция ўғрилик эмас. Аммо тўғрилик ҳам эмас. Иккиси бирдай жиноят. Бугунги замон елкалари бундай жазолар юкини кўтара олмаса-да, порахўр кимсаларнинг қўлини кеса олмасак-да, йўлини кесишимиз мумкин.

Таловчини йўловчидай тозалаб бўлмайди
Бир турк масалида келтирилишича, қадим замонда бир подшоҳ порахўр кимсани тутиб олиб, йўл ўртасидаги дарахтнинг энг баланд шоҳига осиб қўйибди ва ҳамма ерига асал, қиём суртиб ташлабди. Натижада кўплаб ари, пашша, чивин ва ҳоказолар уни талай бошлабди. Йўлдан ўтиб кетаётган бир кимсанинг унга раҳми келиб, ёрдам беришга йўл ахтарибди ва ҳеч йўл топа олмай, чўнтагидан бир тутам пул олибди. Пуллар билан порахўрни унга ёпишган ари ва пашшалардан тозалаб чиқибди. Порахўр: “эҳ, сен нима иш қилиб қўйдинг” дебди ранжиб. Йўловчи қилган ишидан мамнун бўлиб “сени таловчилардан халос қилдим, энди сени ҳеч нима чақмайди, таламайди”, деса, дарахтга осиғлиқ кимса: “йўқ, аксинча, энди уларнинг ўрнига бошқа очлари – янада ташна таловчилар келади” дебди тушкун ҳолда. Қиссадан ҳисса шуки, кўринишни эмас, зеҳниятни ўзгартириш, курашгандай эмас курашиш керак, дейилади ҳикоя сўнггида…

Қонун қамайди, дин лаънатлайди
Пора олиш-бериш, ҳатто ўртада воситачилик қилиш ҳам муқаддас ислом динида қатъий қораланган, лаънатланган. Жумладан, Қуръони Каримда “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси, 188 оят) дея таъкидланади.

Чуст туман имом-хатиби Баҳодирхон Шариповнинг фикрига кўра, порахўрлик — жамиятдаги адолат мезонларининг бузилишига, унинг тараққиётини орқага суришига сабаб бўлувчи энг ашаддий иллат. Порахўрлик, таъмагирлик барча нарсада ҳаромдир.

Коррупцияга йўл қўяётган шахслар қонун олдида ҳам жавобгарликка тортилади. 2017 йил 4 январдан кучга кирган “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида бу борадаги қатъий чора-тадбирлар белгиланган. Чунончи, қилмишнинг даражасига қараб, пора берган ва олган кишиларга ҳайфсан, жарима, лавозимидан озод этиш, ҳатто қамоқ жазоси қўлланилади.

Дунё мутлақ коррупциядан сўнг деган хаёлни тасаввур этиш мушкулдир эҳтимол. Уни бутунлай йўқ қилиб бўлмас. Аммо бироз бўлса-да соясини аритсак, аста-секинлик билан, бугундан, ҳозирдан, ўз атрофимиздан илдизини қуритиб борсак, ҳаёт бутунлай ўзгаради, янада ёрқинлашади, янгиланади.

Юлдуз ЎРМОНОВА,
талаба

http://xs.uz/uzkr/post/dunyo-mutlaq-korruptsiyadan-song

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *