ТАРАҚҚИЁТИМИЗ ЎҚ ИЛДИЗИ

Унда коррупцияга барҳам бериш ўз қўлимизда!

photo_2023-11-28_22-29-50

Юртимиз тараққиёти ўқ илдизи ҳисобланмиш олий таълим соҳасида бугун коррупцияни таг-томири билан суғуриб ташлаш ҳаракати жадал тус олмоқда.

Айтиш жоизки, фарзандини ўқишга юбораётган баъзи ота-оталарнинг хаёлидан аввало қандай ўй кечишини кўпчилик яхши билади: «Таниш-билишчилик қилсам, қанча билан ҳал бўларкин?» Чунки қандайдир миш-мишчилар «Танишинг бўлмаса олий ўқув юртига кириш мушкул» деган бемаъни гапни уззу-кун тарқатганларидан кейин…

Уларнинг бу хатти-ҳаракатлари худди ахборот хуружига ўхшайди. У хуруж тинчлик ва осойишталикка рахна солса, буниси ишонч туйғусини поймол қилади, умидларни пучга чиқаради. Хўш, бундай чиркин фикрлар онгимизга қачон ўрнашиб қолган? Бу иллатдан қутулишнинг йўли борми?

Сўнгги саволга мухтасар жавоб шу: ҳаётда имконсиз ишнинг ўзи йўқ! Демак, бу иллатдан ҳам тамомила халос бўлишимиз фақат ўз қўлимизда! Бу ҳақда аввал дангалига сўзлаймиз, кейин аниқ мақсадни кўзлаймиз, қинғирлик қиладиганларни боплаб тузлаймиз! Қарабсизки, адолатли жамиятимизда яна бир адолат байроғи кўтарилади! 

АВВАЛ ЎЗИНГГА БОҚ

ёхуд ўзим «қанча билан ўқишга кирганим»ни айтайми?

Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бировга, деганларидек, ўқишга кириш ҳақида ким билан баҳслашмайин, у мени шундай «мот» қилишга уринади: «тўғрисини айтинг, ўзингиз университетга қандай киргансиз? Ўшанда сиз ёш бўлгандирсиз, балки отангиз «ҳал» қилганини сезмай қолгандирсиз?»

Уруш ногирони бўлган отамга бу қабилда тил теккизганларидан хафа бўлсам-да, баҳс маданиятига риоя этишга ҳаракат қиламан. Бу билан «аввал ўзингга боқ, кейин ноғора қоқ» дея писанда қилмоқчи эканликларини яхши тушунаман. Мендек бўла олсанг, дўппингни осмонга от, дейишдан тилимни тияман. Негаки, айримлар бу гапимни мақтанчоқликка йўйиши мумкин.

«Таниш-билишчилик» деган иллатни 1980 йили мактабни тамомлаганда сезганман. Университетга бориш тараддудига тушганимда баъзилар: «таниш-билишинг бўлмаса, овора бўлма!» дея ҳафсаламни пир қилган. Ўшанда отам кўнглимни кўтарган: «акаларинг ўз кучи билан ўқишга кирган. Ҳеч кимга пул берганим йўқ!» (Кўз тегмасин, тўрт акам ва опам олий маълумотли, икки акам механизаторлик, шофёрлик касбини танлаган).

Аслида, оиламизнинг бировга бирор тийин берадиган ҳоли ҳам йўқ эди. Ҳатто мен акаларимга торлик қилиб қолган кийим-кечакларини кийиб катта бўлганман…

«Арзончилик замони» дейиладиган ўша даврда қишлоғимдан Тошкентга бир келиб кетиш учун йўл ҳақи бир қоп олий навли уннинг пулига тенг эди. Отам билан келиб кетсак, одмигина яшайдиган оиламизни икки қоп ундан бенасиб қилиш дегани эди-да. Кейин катта шаҳарда юриш-туришнинг ўзи бўлмасди…

Хуллас пул топиш илинжида қишлоғимизда мардикорчилик қилиб ғишт қуйганимни ҳам яширмайман. Шу ҳолимизда кимга ҳам пул бера олардик?

Бир нарсага ишонардим: кириш имтиҳонларида саволларга тўғри жавоб берсам, атайлаб йиқитишмас! Уларда ҳам виждон бордир!

Ҳақиқат бор экан! Ҳеч қанақа таниш-билишларсиз Ўзбекистон Миллий университети (ўшанда ТошДУ деб номланарди) Журналистика факультетига (ўз кучим билан!) ўқишга кирдим!

Ўшанда барибир қишлоғимизда «Тўлқин камида беш минг билан ўқишга кирган бўлса керак» деган миш-миш тарқаганди.

Бу миш-мишни кимлар нима мақсадда тарқатганини кейинроқ англадим: «Бирор ўқишга таниш-билишсиз кириб бўлмайди, келинг, яхшиси ўзим ҳал қилиб бераман» дегувчи «ҳожатбарор»лар атай гап чиқаришар экан…

Афсуски, ҳозир ҳам қишлоғу маҳаллаларимизда шунақа устомонлар йўқ эмас. Улар олий ўқув юртида ўқишни хоҳлаган соддадил ёшлардан тортиб ота-оналаригача «сиртмоқ»қа илинтириш пайида изғиб юрибдилар…

Бунга баъзи ота-оналар ҳам айбдор эмасмикин? Боласи ҳужжат топшириб улгурмасидан «таниш-билиш» излаб қолганларидан кейин…

Таассуфки, кейинчалик ҳам «таниш-билишчилик» деган гапларни кўп эшитдим, аммо шусиз кўп мақсадларимга эришиб келяпман. Таҳририятларга ишга қабул қилиндим, уйлар олдим, китобларим нашр этилди, мукофотлар беришди. Юртимиз мустақил бўлганидан буён ишларим ўн чандон юришаётганини чексиз эҳтиром ила айтаман! Тўғри, орзуларимга осонликча эришаётганим йўқ. Заҳматли меҳнатнинг нони эса нақадар тотли эканини ҳис этиб яшаяпман!

Бироқ, салгина қийинчиликка дуч келгани ҳамоно «таниш-билиш»га кўз тикиш номаъқул ишлигини ҳам аллақачон англаб етганман.

Агар бошқалар ҳам шу ҳақиқатни англаб етсалар нима бўлади, деган ўй тинчлик бермайди баъзан. Билганим шуки, одамларнинг ҳуқуқий маданияти ошгани ва маънавий дунёси юксалгани сайин бунақа майда-чуйда иллатлар ўз-ўзидан барҳам топиб кетаверади.

 ТАНИ БОШҚА БЎЛСА ҲАМ…

дардингизни билгандек ўзлари сизни топиб олишади!

Пул бўлса, чангалда шўрва, деган мақолни эшитгансиз. Пулингиз кўпроқ эканлигини билиб қолишса ўша «таниш-билиш»ларнинг ўзлари сизни топиб олишади! Улар пулни ҳидидан билишади. Болангиз мактабни тамомлашга улгурмасидан ўзлари уйингизгача кириб келадилар.

«Ўзимиз репетитор ёллаб, тайёрлаймиз, – дейишади умид уйғотиб. – Сиз пулини тўласангиз бас».

Очиғи, билимли болалар репетиторларсиз ҳам юқори баллар билан олий таълим муассасаларига киришмоқда. Бўлмайдигани барибир бош оғриқ…

Мисолни ўз оиламдан олиб гапирсам: қизим мактабда олган билими билан ЎзДЖТУ Халқаро журналистика факультетига (ўз кучи билан бюджетга!) қабул қилинди ва имтиёзли диплом билан тамомлади. Ўзингиз қарашворгандирсиз, дейсизми? Йўқ, аксинча, ўшанда қизимнинг дилини оғритадиган гаплар айтгандим. Яъни, мен кўрган уқубатлар камми, яхшиси онангга ўхшаб ўқитувчи бўла қол, дегандим…

Бугун оиламиз ҳақиқат нашидасини суряпмиз!

Катта ўғлим эса тўрт йил репетиторга қатнаб, бешинчи йил деганда ўз кучи билан ўқишга кирганди.

Акасидан анча билимли иккинчи ўғлим ҳам бир йил ўқишга кира олмай, анча хуноб бўлди. Хайрият, иккинчи йили «контракт»га илинди…

Отам мени қинғир йўллар билан ўқишга киритмаган эди, мен ҳам отам тутган йўлни танладим.

Бугун қизим бир таълим муассасасида мураббий, ўғилларим турли ижодий муассасаларда фаолият кўрсатишаётганидан фахрланаман. Яратганга шукрона қиламан.

Бу мавзуда ёруғ юз билан гапиришнинг эса гашти бошқача экан!

 ҲОЖАТБАРОР «ЗЕМЛЯК»ЛАР

баъзилари «машенник»лик қилгани чатоқ-да… 

Лисонимизга ўзга тиллардан антиқа сўзлар кириб келган. Бир вилоятдан келганлар негадир «земляк» деб муомала қилишни хуш кўрадилар. Шаҳарда илгарироқ қўним топганлари, айниқса, боласини ўқишга етаклаб келганларга шу қадар меҳрибон бўлиб кетадиларки, хизматдан қайтаётган аскар болани талашган таксичилар ҳам йўлда қолиб кетади баъзан.

«Фалон пул сарфлаб меҳмонхона – мусофирхонада ётиб нима қиласиз? – дейди меҳрибончилик қилиб.
– Юринг шу пулга бозорлик қилиб, бизнинг уйга бора ­қоламиз».

Бозордан бели қийшайиб чиққан «земляк» тақдирга тан бермай кўрсин-чи!.. Меҳмондан бозор-ўчар, мезбондан қозон-товоқ, чўмич-қошиқ…

«Земляк»лар баҳри дили очилиб қилган ҳангомаси: «Эчкига жон қайғуси, қассобга ёғ қайғуси» деган мақолни эслатади. Меҳмон фарзандини ўқишга киргизиш қайғусида, мезбон эса унинг «атагани»ни бегона қилмаса!

«Таниш-билишчилик» деганлари худди шу ердан бошланади. Мезбон ҳар қандай олий ўқув юртига «киргизиб» қўйишга қодирлигини дангал айтиб, «битириши гарантийний» деб қистириб қўяди.

Иложи борича – бюджетга! Бўлмаса контрактга… деган гаплардан қайси ота-она сармаст бўлмайди, дейсиз.

Шарти ўша-ўша: соққасини аввалдан бериши керак…

Тилимизга кириб келган яна бир антиқа сўз: «машенник».

Ўзбекчасига уни: фирибгар, учига чиққан устомон дейиш мумкин. Таассуфки, баъзи шаҳар кўрган «земляк»лар келиб-келиб ўз ҳамқишлоғига шунақа ҳунар кўрсатса-я… Умидвор боқиб турган ота-онанинг кўнглини пуч ёнғоққа тўлдиришни шу қадар қойиллатадики, асти қўяверасиз. У университет ҳовлисида ўзини эмин-эркин тутиб юради, битта-яримта таниш чеҳралар (иложи бўлса, домлалар, мутасаддилар) билан қуюқ сўрашади ва албатта тўрт-беш қадам кузатган киши бўлади, гўё шивирлаб нимадир дейди. Ҳатто, битта-яримта маъмурий бинога кириб-чиққан, қандайдир ишни «есть» қилган бўлади. Қарабсизки, олисдан келган содда кишилар кўз ўнгида у гўё ҳаммасини дўндирди!

Илгари таниш-билишчилик озми-кўпми бўлгандир, яъни имтиҳон оладиган домлага олдиндан «қистириб» қўйишгандир. Энди бирор киши бу ишга аралаша олмаслигини, тестнинг афзаллиги ҳам шунда эканлигини ким билмайди!

Қизиғи, шундай эканлигини билса ҳам фирибгарлар сиртмоғига бошини тутиб берадиган лақмалар кам эмас.

Ҳожатбарор «земляк»дан нима кетди! Ортидан қора тортиб келганлардан «заявка» қабул қилаверади. Ўнтасидан жилла қуриса тўрт-бештаси ўзи кириб кетар-ку! Шулардан қолган муллажиринг ҳам етиб ортади!..

Ўқишга киролмаганларни юпатадиган гаплар ҳам топилади. «Пешонага ёзганини ўчира олмайсиз, йўғини ёза олмайсиз, тўғрими, ҳой мусулмон? Бу йил бўлмаса, келгуси йил бир гап бўлар. Эшикни қаттиқ ёпмасдан кетсангиз ўзингизга яхши бўларди…»

Улуғ каломларни эшитганда ҳайтовур анча-мунчаси тинчиб қолади. Шаҳар кўрган «земляги тушмагур» эса шунга шукр қилиб қолаверади…

Энг қизиғи, ўша «таниш-билиш»ларнинг деярли бирортаси бирор олий таълим муассасасида ишламайдиган фирибгарлардир…

Ачинарлиси шундаки, иши битганлар ҳам, битмаганлар ҳам олий таълим муассасаси, алалхусус, отангдан улуғ деб эъзозланадиган устоз-мураббийлар ҳақида ўзгача фикрда кетадилар…

Шу ўринда таниқли ҳажвчи Мухтор Худойқуловнинг қуйидаги сатрлари ёдга тушади:

 

Йўл қолиб сўқмоқни кўзлар барчаси,

Билмагайлар – бу жиноятдир, холос.

Йўқ билимга «бор» деб имзо чекай,

Э, оғайни, салгина ўпкангни бос!

Ким ҳақиқий толиби илм – йўл очиқ,

Кўз бўяшлик сен каби ғирромга хос.

Ошнолар, менда ҳам бор бир илтимос:

«Илтимос»лардан тамом айланг халос!

 ПУЛ БЎЛСА – ЧАНГАЛДА ШЎРВА

бироқ ўзингиз унинг ҳузуридан чиқсангиз бўлмайдими?

 Бераман, десангиз, оладиганлар топилаверади.

Қанча кўп берсангиз, қўйнингизни шунча пуч ёнғоққа тўлдираверади! Ҳалиги каломдаги гап бўлиб чиндан ҳам болангизнинг пешонасига ўқишга кириш ёзилган бўлса, «таниш-билишчилик» қилган кишингизга ҳам Худонинг бергани шу-да!

Аслида, «таниш-билишчилик» қилганларнинг ўзлари шу иллатни баттар урчитмоқда, қонун тарозисига солиб айтганда – жиноий хатти-ҳаракатларни бошламоқда…

Бир нарсани аниқ биламан, жуда кўп иқтидорли ёшлар ўз билими билан ўқишга кириб кетади!

Иккиланиб ё қандайдир хаёл билан кимгадир пул бериб қўйган бўлса, унга «эсиз, эсиз…» дейишдан ўзга гап айта олмайсан.

Тасаввур қилинг, сиз ҳеч кимга ҳеч нарса бермасангиз, ким сизга қўл чўзади? Фарзандингизнинг кўксидан қайси номард итаради? Шу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Ҳуқуқий маданиятингиз юксалиб, «таниш-билиш­чилик» деган иллатни ҳатто хаёлингизга ҳам келтирма­сангиз нима бўлади?

Бирор киши шунақа номаъқулчиликка қўл урмаса, жамиятимиз қанчалик юксалишини тасаввур қиляпсизми, оғайни!

 «ТАНИШ»ЛАРНИНГ ТАҚДИРИ

улар экканини ўришга маҳкум бўлдилар

 Камина собиқ шўро даврининг «таниш-билишчилик» иллати урчиган дамларини ўз кўзим билан кўрганман. Чиндан ҳам баъзи тенгдошларим фалон пул билан ўқишга кирганини, талабалик даврида сессияларни қандоқ «ёпгани»ни оғиз кўпиртириб гапиришарди. Ҳар ким экканини ўради, деганларидек, уларнинг дипломлари уйида чанг босиб ётибди, эсиз! «Олий маълумотли муҳандис» ёки «бухгалтер»ларнинг киракашлик ёки савдогарлик қилиб юрганларини кўриб куларингни ҳам, куярингни ҳам билмайсан…

Афсуски, бугун ҳам озми-кўпми шунақа қинғир йўл топиб олий таълим муассасаларига суқилиб кираётган кимсаларнинг эса эртага қисмати шу бўлса ажабмас…

«ЎЛЖА»ЛАР

кошки эди, улар ўзларига завол етказмасалар…

 Баъзи хом сут эмган бандалар гоҳо шундоқ хато қилиб қўядики, унинг заҳри бутун умрга татийди. Айтайлик, олий таълим муассасасида таҳсил олишдек энг улуғ ниятга кимки ҳаром-ҳариш йўл билан эришмоқчи бўлса, уёғи ҳам шунга яраша бўлишини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Яъни, юқорида айтганимиздек, дипломи ҳам кераксиз нарсага айланиши ҳеч гап эмас экан…

Кимгадир ёққан, кимнингдир энсасини қотирган фикримизга қуйидаги сатрлар билан нуқта қўямиз:

«Иллат излаганга иллатдир дунё,

Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё.

Ким нени изласа топгай бегумон,

Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё»

– деган шеърга ўхшатма:

«Қопқон» излаганга қопқондир дунё,

Ўйламай сочганга ўпқондир дунё.

Ҳақиқат йўлини гар изласа ким,

Ҳақиқий бахтини топқондир дунё! 

АКучим-720x340

Тўлқин ЭШБЕК,

ЎзМУ Журналистика факультети доценти,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

«Коррупциясиз ҳаёт завқи» (Маърифий қўлланма) китобидан, 2023 

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *