Халқимиз маънавияти асрлар давомида миллий қадриятлар негизида шаклланиб, ривожланиб келган. Ахлоқ-одоб, хулқ-атвор, имон- эътиқод, илму маърифатга чанқоқликдек инсоний фазилатлар аждодлардан авлодларга мадрасаю мактабларда, оила даврасида, анъана ва удумлар орқали юқтирилган.
Панд-насиҳатлар, халқ оғзаки ижодининг сара намуналари– достонлар, маталлар ва эртаклар воситасида ёшлар қалбида ватанпарварлик, мардлик ҳис-туйғулари шакллантирилган. Кейинчалик фан ва техника ривожи туфайли инсон ақл-заковатининг буюк кашфиётлари — турли кўринишдаги оммавий ахборот, телекоммуникация воситалари ва бугунги кунда ахборот асрининг энг янги, илғор намуналари ижтимоий тармоқлар кўринишида бу оламшумул вазифаларни амалга оширишда инсониятга кўмакка келди. Бир қараганда умум манфаатига хизмат қилиш, келажак авлодни маънан юксак, заковатли инсонлар қилиб тарбиялашдек ишлар осонлашгандай кўринади. Аммо улардан фойдаланишдан кўзланган мақсадларнинг нечоғли холис ёки нохолислигига қараб, ўта мураккаб вазият ҳам юзага келганлигини инкор этиб бўлмайди.
Тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, инсоният тараққиётида зиёли қатлам, унинг илғор вакиллари — ижодкорлар ҳамиша таълим-тарбиянинг олдинги сафларида бўлган ва барча муваффақиятларга уларнинг фаол иштироки, фидойилиги туфайли эришилган. Маънан юксак инсонларгина буюк яратиқларни юзага келтирган. Жамиятда тинчлик, фаровонлик, тараққиётнинг калити ҳам тарғибот, ташвиқот ва амалда ибрат кўрсатиб яшашдадир.
Юртбошимизнинг Бўка тумани тажрибасида амалга оширилаётган бешта муҳим ташаббуслари доирасининг кенгайиб бораётганида ана шундай эзгу мақсадлар мужассамлашганини кўряпмиз.
Экспертларнинг фикрича, ушбу ташаббуслар ижроси, аввало, мактаблардан бошланиши керак. Ҳақиқатан ҳам, мактаблар маънавий ва жисмоний жиҳатдан баркамол янги авлодни шакллантирадиган қулай маскан. Маданият, маърифат, спорт ва компьютер технологияларини ўзлаштиришнинг бор имкониятлари мана шу илм-маърифат ўчоғида мавжуд. Авваллари ҳам шундай эди-ку, демоқчидирсиз. Шундай, аммо авваллари бу масалага ёндашув бугунгидай янгича бўлмаган. Ҳам соғлом, ҳам маънавиятли авлодни камол топтиришга эришиш барча муаммоларнинг олдини олади. Инсонда маънан юксак тафаккур шакллантирилгач, жамиятдаги барча муаммолар мушоҳада орқали таҳлил қилинади. Оқни оқ, қорани қорага ажратиш инстинкти пайдо бўлади. Фикрчан инсон жиноятга қўл урмайди. Қалбида ватанпарварлик, бунёдкорлик, яратувчанликка йўғрилган эзгу мақсад пайдо бўлади.
Шу кунларда Тошкент вилоятининг Бўка туманида давлатимиз раҳбари томонидан ҳаётга татбиқ этилган беш ташаббуснинг мазмун-моҳиятига назар солсангиз, уларда ўзаро боғлиқ узвийликни кўрасиз. Бу ташаббусларнинг дастлабкиси ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодларини юзага чиқаришга қаратилган. Бу бежиз эмас, албатта. Адабиётга, санъатга ошно кўнгилда ғубор бўлмайди. Ёшларнинг орзу-умидлари қанот ёзадиган фаслда онги ва қалби ҳам маънавий озиқланиши, шубҳасиз, келгусидаги ҳаёт йўлларини аниқ-тиниқ тасаввур қилиш кўникмаларини оширади. Биргина мисол. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган Ёш ижодкорларнинг Зомин семинари фаолиятига назар ташлайлик. Бу ишга масъул бўлган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан бугунги кунгача юзлаб ижодкор ёшлар кашф этилди. Уларнинг биринчи китоблари нашрдан чиқарилди. Ёки мамлакатимизда ташкил этилган ижод мактаблари фаолиятини олайлик. Қисқа муддатда ёшларни сифатли ўқитиш ва истеъдодларини юзага чиқаришда эришилган муваффақиятлар салмоғи олтин тарозиларда тортишга арзийди.
Авазжон Мараҳимов,
Мирзо Улуғбек номидаги ЎзМУ ректори:
– Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга тақдим этилган бешта ташаббус бугун ўзини жамият тараққиётига хизмат қилишга бурчлиман, деган инсонларнинг шуурини уйғотиб юборди. Масалан, шу пайтгача катта бир таълим даргоҳининг раҳбари сифатида менинг университет фаолиятини ташкил этиш, ўқув дастурлари, профессор-ўқитувчилар, талабалар муаммолари каби тўғридан-тўғри ваколатимга кирадиган ишларим кўлами мавжуд эди. Очиғини айтганда, бу ишлар шу даражада бир-бирига боғланиб кетган эдики, бошимизни кўтаришга вақт тополмасдик. Ўз ваколат доирамизда ишлаб, керакли, кераксиз ҳисоботлар билан машғул бўлиб қолаётгандек. Ён-атрофимизда эса мамлакатимиз тараққиёти, айтиш мумкинки, даврни ўзгартириш, омманинг дунёқарашини шакллантириш билан боғлиқ туб ислоҳотлар бошланиб кетганидан бироз бўлса-да, кечроқ хабар топдик. Катта салоҳият билан беш ташаббуснинг Бўка туманида амалга ошаётгани ва бугун у ерда янги даврнинг жўшқин ҳаёти бошлангани тафаккуримизни ўзгартирди.
Бевосита ўз фаолиятимиздан келиб чиқадиган бўлсак, беш ташаббуснинг барчаси бизга ҳам тегишлидир. Буни амалга оширишда университетнинг ички имкониятлари етарли. Масалан, “Ҳумо” талабалар театр студияси фаолиятини олайлик. Ҳозир бу ерга профессионал режиссёр Маъруф Отажоновни таклиф этганмиз. У кишининг кўмагида талабаларимиз Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”
асарини саҳналаштирди. Ёшларимизнинг бошқа актёрлардан иқтидори кам эмаслигини кўриб қувондик. Улар кимлар? Бири математик, бири тарихчи, бири кимё фани бўйича таълим олаётган йигит ва қизлар. Уларнинг қалби адабиётга ошнолигини айтмайсизми! Ёзувчилар билан бўлган учрашувларда айримлари ўз шеърларидан ҳам намуналар ўқиб беради.
Биз ҳайрон қоламиз. Талабаларимиз кечаги қишлоқ мактабларидан келган ўқувчилар. Биз беш ташаббус берган илҳом билан ўз режаларимизни ишлаб чиққанмиз. Ҳозир бунга тайёргарлик кетяпти. Ҳатто Олмазор туманидаги маҳаллалар, мактаб мутасаддилари билан биргаликда шу ишларни амалга оширяпмиз ҳам. Келгусида буни республика бўйича жорий қиламиз. Фанда юқори кўрсатгичларга эришган олимпиада ғолиблари, халқаро спорт мусобақаларида иштирок этиб, совринли ўринларни қўлга киритган ёш мутахассисларнинг амалиётини мактабларда ўтказишга киришганмиз. Олмазор туманида 35 та мактаб бор, улардан 3 таси ихтисослашган ўқув муассасаси. Илғор талабалар, бўлғуси педагогларимизни ёзги оромгоҳларга жалб этиш орқали беш ташаббус йўналишлари бўйича ёшлар онгига таъсир этиш, уларда адабиёт, санъат, тасвирий санъат, компьютер технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини ҳосил этишга эришиш бош мақсадимиздир. Худди шундай амалий учрашувлар машғулот кўринишида Бўка туманидаги мактабларда ҳам амалга оширилади. Бу ташаббус республика бўйича қанот ёзаётган экан, ҳеч ким бу хайрли ишдан ўзини четга тортмаса керак. Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет жамоаси бугун бу ишларга катта иштиёқ билан киришиб кетган. Бу борада қилинаётган ишларни биргина лавҳа орқали ифодалаб бериш қийин, албатта.
Комилжон ТОЖИБОЕВ,
Ўзбекистон Фанлар академиясиБотаника илмий-тадқиқот институтининг директори, академик:
— Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларни спортга жалб этиш, шунингдек, компьютер технологияларини пухта ўргатиш ва китоб мутолаасига қизиқтириш давлатимиз раҳбарининг бешта ташаббусида ўз аксини топди. Бу бежиз эмас. Зотан, ушбу саъй-ҳаракатлар замирида эзгу бир ният — комил инсонни тарбиялаш ва мамлакат ҳаётида ёшларнинг ўрни ва ролини янада кучайтириш мақсади мужассам. Дарҳақиқат, инсон эртага қандай касб-ҳунарни эгаллашидан қатъи назар, у аввало, янгича фикрлашга қодир бўлиши керак. Қолаверса, иқтидорли олимлар ҳам мана шундай интеллектуал ривожланган ёшлар орасидан чиқишига шубҳа йўқ.
Шу маънода айни кунда институтимиз илмий салоҳиятини мустаҳкамлашда кўпроқ ёшларга эътибор қаратаётганимизни айтиб ўтишни истардим. Бинобарин, кейинги уч йил ичида институтимиз илмий лабораторияларига ўттиздан зиёд ёш ишга жалб этилди. Уларнинг 70 фоиздан ортиғи турли олий ўқув юртлари, жумладан, ЎзМУ бакалавр ва магистратураси талабалари ҳисобланади. Асосийси, шу йиллар давомида ишга жалб этилган ёшлар ҳисобига институт кадрларининг 45 фоизи янгиланди.
Биргина ўтган 2018 йилда институтимизнинг 20 нафар ёш ходими Германия, Жанубий Корея ва Хитой Халқ Республикаси ва бошқа давлатларда малака оширишда ва халқаро анжуманларда иштирок этишди. Хитойнинг Кунминь ботаника институтида малака ошириб қайтган бир гуруҳ ёшларимиз кейинги 20 йилда биринчи марта Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон мамлакатларида бўлиб, бугунги кунда нафақат Марказий Осиёда, балки Ер юзида камёб бўлиб бораётган ўсимлик ва гиёҳларнинг гербарийларини йиғиб қайтишди.
Аброр Хидиров, Ўзму Ёшлар билан ишлаш, маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи:
– Жадид боболаримиздан бири Абдулла Авлонийнинг ўтган аср аввалида: “Таълим-тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё ҳалокат, ё саодат масаласидир” деган фикри бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган, десак адашмаймиз. Бугун ёшлар тарбияси, уларнинг тафаккур мезонларини кенгайтириш, жамиятга фикрли, орзу-умидли авлодларни тарбиялаб етказиш оламшумул масала бўлиб турибди. Ёшларнинг катта ҳаёт бўсағасида дуч келаётган муаммолар қаршисида эсанкираб қолаётгани бор гап. Баъзан уларнинг чорасизлигига на ота-она, на ён-атрофидагилар бирор кўмак бера олишади. Гўё, ёшлар вояга етиши билан ўз оламида ўзлари ёлғиз қолаётгандек. Замон ўзгаришлари бугун ёшлардан жуда кўп нарсани талаб қиляпти. Аввало, чуқур билим, кенг фикр, компьютер технологияларидан хабардорлик, жисмоний соғлом бўлиш… Буларга эришиш учун, албатта, китобхон бўлиш кераклиги шу пайтгача уларга етарли тарзда англатилмади. Бу хатолик, айниқса, айни глобаллашув жараёни турмуш тарзимизга жамики муаммолари билан кириб келганида яққол кўриниб қолди. Бугун университетимизда ёшлар муаммолари, умуман, жамиятда юз берадиган воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини ўрганиш, тегишли тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида махсус “Ижтимоий психологик марказ” ташкил этилган. Марказда социологларимиз мавжуд муаммоларнинг келиб чиқиши, уларнинг ечимлари билан шуғулланишади. Ўйлайманки, бундай илмий ёндашув бугунги кунда бошланғич синфлардан тортиб, ҳамма йўналишдаги таълим муассасалари учун кони фойда. Шу боис ҳам мен бу муҳим беш ташаббусни мамлакатимиз ёшларини ножўя хатти-ҳаракатлардан сақлашга хизмат қиладиган қалқон, деб тасаввур қиламан. Бугун бўлажак мутахассисларимиз замон талабларига жавоб берадиган технологиялар билан жиҳозланган, кенг ва шинам хоналарда, қулай шароитларда таҳсил олишяпти. Улар ҳам беш ташаббуснинг аҳамиятини, моҳиятини жуда яхши англаб етмоқдалар. Сабабики, улар эртанги мактаб ўқувчиларига таълим берадиган, улар қалбида маънавиятга, адабиётга, санъатга, компьютер техникаларидан фойдаланишга лаёқат уйғота оладиган, чин истеъдод эгаларини тарбиялайдиган ўқитувчилар, педагоглар, бир сўз билан айтадиган бўлсак, эртанги маърифатпарварлардир. Қолаверса, “Президент мактаблари” ташкил этиляпти. Улардаги таълим-тарбия сифатини шубҳасиз ана шундай малакали мутахассислар кўтаради, албатта. Шунинг учун ҳам беш ташаббуснинг барча йўналишлари бугунги олий таълим муассасаларига тўғридан тўғри дахлдордир. Агар беш ташаббуснинг туб моҳиятига назар солсак, кўзланган олий мақсад жамиятга комил инсонни тарбиялаб вояга етказишдан иборатдир. Энг олий натижа ҳам шу. Бу эзгу ишларни оғишмай амалга оширишда ҳар биримизнинг ўз ўрнимиз бўлиши керак. Ташаббуснинг иккинчи қаноти — ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятларини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратишга қаратилган.
Мамлакатимизда спортнинг кўпгина турларида юксак натижаларга эришаётган ёшларимиз сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Уларнинг янада юқори марраларга эришишлари учун бошланғич спорт тарбияси, кўникмаларини шакллантириш имконияти фақат клубларда ёки спорт мактабларидагина мавжуд. Ваҳоланки, шаҳар ва қишлоқларимизда спортнинг барча турлари билан шуғулланишни жон-дилдан истайдиган, жаҳоннинг машҳур футболчилари, боксчилари, курашчилар қаторида бўлишни дилига тугиб юрган ёшлар оз эмас, уларнинг ўз орзу-истак ва истеъдодларини юзага чиқариш учун махсус шарт-шароитлар керак. Энди аввалгидек, яйдоқ дала-даштларда туп суриб, қалбларидаги спортга бўлган чанқоқликни шунчаки қондириш билан кифояланиш биз учун мутлақо ярашмайди. Шу боис мазкур ташаббус юртимизда қанот ёзмоқда.
Ташаббуснинг яна бир қаноти — аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишдан иборат. Бу давр талаби. Бугун энг чекка ҳудудлардаги болалар ҳам қўл телефонларидан ўзи қизиққон дастурларни топиб зарур маълумотларни олаётир. Аммо бу етарли эмас. Мавжуд имкониятлардан тўла-тўкис фойдаланиш учун қишлоқларимизда ҳам шаҳарлардагидек аҳолининг Интернет тизимларидан фойдаланишига шарт-шароит яратилиши керак. Бунинг учун қишлоқларимизнинг инфратузулмалари ислоҳотга муҳтож эди. Давр шиддат билан ривожланмоқдаки, қисқа бир муддат ривожланишда сусткашликка йўл қўйиш тараққиётдан орқада қолиш билан баробар. Давлатимиз раҳбари буни Бўка туманида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар моҳиятида кўрсатиб берди. Оммавий ахборот воситаларида Бўка амалиёти — мамлакатимизда янги даврнинг бошланиши, дея баҳоланаётганида ҳам катта ҳикмат бор.
Тола зиё тушса, уйғонар умид,
Одамзод нур томон интилиб яшар.
Офтобни тож қилди покликка Ҳамид,
Сўнгра Китоб берди. Уйғонди башар.
“Иқро” деган сўздан бу олам порлар,
Шу боис, китобга ўхшагай офтоб!
Фикрингни чархлайди, ҳурликка чорлар.
Илитар қалбингни муз бўлса шу тоб.
Эзгу мақсадларга ҳамроҳ этади,
Шу боис, одамнинг кўзлари очиқ.
Қалблардан қалбларга меҳр кўчади,
Шу боис, кўнгилнинг нурлари сочиқ.
Шу боис, китобни излаб толмаймиз,
Унинг қатларида ҳикмат яширин.
Муҳаббат иси бор – унутолмаймиз,
Изтироби бордир, севгидай ширин.
Шоир таърифлаганидек, китобдан таралган зиёни офтобдан бошқа бирон-бир яратиқ билан тенглаб бўлмайди. Офтоб зим-зиё тунни ёритгани мисол китоб ҳам одамзод тафаккурига зиё бағишлайди, фикрий оламини кенгайтиради. Инсоният уйғоқ шуур, юксак онг билан ўзининг келажагини ёрқин кўра бошлайди.
Мазмун-моҳияти ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларга китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга йўналтиришдан иборат бўлган ташаббуснинг тўртинчи йўналиши бўйича бугун мамлакатимизда фаол тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Хусусан, Бўка туманидаги таълим муассасаларида бошланган маънавий-маърифий тадбирлар кўлами кун сайин кенгайиб бормоқда. Айни кунларда эл ардоғидаги шоиру ёзувчилар, хонандалару маънавият вакиллари иштирокида ўтказилаётган адабиёт ва санъат ҳафталиклари, жойларда мобил кутубхоналарнинг ташкил этилаётгани, нашриётларимизда кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган китобларни нашр этиш, ўқув қўлланмаларини такомиллаштириш, уларнинг савдоси билан боғлиқ муаммолар ўз ечимини топаётгани, шубҳасиз, бошланган ишларнинг самарасидир.
— Биз, Бўка туманининг чекка ҳудудларида жойлашган Рамадан қишлоғидаги 22-ўрта мактаб ҳамда Бўстон қишлоғидаги 38-ўрта мактабда бўлиб ўтган адабиёт ва санъат байрамидан ўзимиз ҳам руҳланиб кетдик, — дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Тошкент вилоят бўлими раиси ўринбосари, уюшма аъзоси, таниқли шоир Ботир Эргашев. — Тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тошпўлат Маткаримов, Республика маънавият ва маърифат маркази Тошкент вилоят бўлими раҳбари Моҳира Хўжаева, “Ижод” жамоат фондининг Тошкент вилоят бўлими раҳбари Улуғбек Қобилов иштирок этишди.
Бу каби тадбирлар нафақат Бўка туманида, балки турли кўринишларда мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлиб ўтмоқда. Чунончи, Маданият вазирлиги, Мактабгача таълим вазирлиги, Композиторлар ва бастакорлар уюшмаси ва Давлат Консерваторияси ҳамкорлигида Консерваториянинг катта залида ўтказилган “Болалар қўшиқлари Республика фестивали”, Тошкентдаги Фотосуратлар уйида очилган “Colibri” рассомчилик мактаби ўқувчиларининг “Ҳаёт ранглари” бадиий кўргазмаси каби тадбирлар ҳам беш ташаббуснинг амалда кенг қанот ёзаётганидан далолатдир.
Экспертлар хулосасига кўра, бугунги кунда мамлакатимизда тобора кенг кўлам касб этаётган беш муҳим ташаббуснинг, энг аввало, мактабларда жорий этилаётгани республикамиздаги беш миллион нафардан зиёд боланинг ўз келажакларини ишонч билан қуриши ва Ватан равнақига ҳисса қўша оладиган етук инсон бўлиб етишишига замин яратади, албатта.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган ушбу беш ташаббус мамлакатимиз тарихида, мустақиллигимизнинг 28 йиллиги нишонланадиган жорий йилда Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичини бошлаб берган ёрқин саҳифа бўлиб қолади. Маълумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва раҳнамолигида давлатимизни барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш, олиб борилаётган ислоҳотлар самарасини янада ошириш мақсадида, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилган эди. Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишнинг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Бугунги кунда унинг мантиқий давоми сифатида, аввало, маънавий ислоҳотларни таълим муассасаларидан бошлаш, шу мақсадда мактабгача таълим тизимини дунё стандартлари даражасига кўтариш борасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида ҳам беш ташаббуснинг мазмун-моҳияти намоён бўлади.
Инсон манфаатлари муҳофазаси, демократик тамойилларни қарор топтириш, сўз ва эътиқод эркинлигини таъминлаш борасида Ўзбекистон Республикасининг дунё давлатлари ўртасида нуфузи тобора ортиб бораётгани хориж ОАВда ҳам эътироф этилмоқда. Дунёни билиш, ундаги илғор ғояларга эргашиш, барча соҳаларда рақобатга бардошли, ижобий маънода, курашларда ғолиб бўлиш ва дунё ҳамжамиятида ўз ўрни, эътиборини топиш бугунги сиёсатнинг устувор йўналишларидандир.
Жамият тараққиётида хотин-қизлар иштироки, уларнинг фаоллиги ҳамиша муҳим аҳамият касб этиб келган. Дунё тамаддунининг бир бўлаги сифатида бизнинг мамлакатимизда ҳам шундай. Бугунги кунда хотин-қизларнинг, аввало, оилада она, ижтимоий ҳаётда жамоат арбоби сифатидаги мақомига эътибор қаратсак, шубҳасиз, бу борада дунё ўлчамлари даражасига етишиб борилаётганига гувоҳ бўламиз. Аммо ҳали қишлоқ шароитларида қилинадиган ишлар кўплигини ташаббуснинг бешинчи палласи – хотин-қизларни иш билан таъминлашдаги вазифаларда кўрамиз.
Бу йўналишда ҳам Бўка туманида бошланган ишлар умум фаолиятимизга андоза бўлмоқда. Хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи ҳамиша долзарб бўлган. Ўзбек хотин-қизларининг чеварлиги алоҳида тадқиқот мавзуси. Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё, Фарғона зардўзлиги, Қашқадарё, Хоразм гиламдўзлиги, Наманганда ривож олган тикиб-бичув ишларининг бугунги кунда саноатлашиб бораётгани алоҳида таҳсинга лойиқ. Уларнинг қўл меҳнати, ақлу шуури, қалб ҳарорати билан яратилган маҳсулотлар эндиликда дунё сайёҳларининг ақлини шошираётгани сир эмас. Амалга оширилаётган бешинчи ташаббуснинг тўқимачилик, енгил саноатнинг бошқа турларига хотин-қизларни жалб этишдек оқилона ечимда ҳам мамлакатимиз хотин-қизларининг санъаткорлиги, моҳирлиги — салоҳиятини янада оширишга имкон яратиш, уларнинг ҳалол меҳнат билан рўзғорини обод қилиш, уларни кўнгилдагидек иш билан таъминлаш орқали мамлакатимизнинг иқтисодий мустаҳкамлигини таъминлашга ҳисса қўшишлари учун шарт-шароитларни яратиш, албатта, ўз самарасини беради.
Ўктам МИРЗАЁРОВ,
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2019 йил, 21 сон
http://uzas.uz/articles/3731/
Китоб-улуғ неъмат. Онг — туғма қобилият эмас, тарбия билан шаклланади! Китобсиз тарбияланган онг ибтидоий даражада қолиб кетади. Шоир айтганларидек Китобдан таралган зиёни офтобдан бошқа бирорта нарсалар билан тенглаштириб бўлмайди.
Yurtboshimiz tomonidan amalga oshiralayotga beshta tashabbus, bir biriga uzviy bog’liq. Bu tashabbuslarni avvalo yoshlar ongiga singdirgan holda, maktablarda kengayib borishi maqsadga muvofiqligi barchamizni quvontiradi. Ayniqsa, xotin-qizlarni ish bilan ta’minlash, ularning salohiyatidan kelib chiqqan holda tahsinga loyiqdir.
Домла шеърларингизни ўқисам кайфиятим кўтарилади.
Ҳаётий тажрибалардан келиб чиқиб, йўналиш бериб ёзилган шеърингизга тасанно дейман
Kitob bizning do’stimiz, har qadamda hamrohimizdir. Kitob o’qigan inson hech qachon kam bo’lmaydi. Kitob faqatgina ezgulika chorlaydi. Uni o’qigan odamning ishi rivojlanadi. Buni misolida Prezidentimizning
kitobxonlikka bo’lgan e’tiborlarini keltirsak o’rinli bo’ladi deb o’ylayman.
Bu dunyoda Insonning eng sodiq dõsti bu kitob. U doyimo Insonni ezgulikka chorlaydi. Kitob õqigan inson xech qachon kam bõlmaydi.