Тарих зарварақларида зарҳал битиклар

Бир неча кун мобайнида жаҳон жамоатчилиги нигоҳи Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XV Паралимпия ўйинларига қаратилди.

па2 па3 па4 па5 па6па8 па9 па11

Ўзбекистонлик спортчилар ўйиннинг дастлабки куниёқ 3 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза медалга сазовор бўлгани барча юртдошларимизни ҳаяжонга солди. Ўша лаҳзалардан то бугунги кунга қадар бирор ўзбекистонликнинг кўзи телевизор ёки интернет сайтларидан узилмай қолди, десак муболаға бўлмайди.

Шунга яраша спортчиларимиз жумлаи жаҳонни ҳаяжонга солиб, кетма-кет олтин, кумуш, бронза медалларини қўлга киритишда давом этдилар. Улар дунёнинг 160 дан зиёд давлатидан тўрт мингдан ортиқ спортчи иштирок этишган нуфузли мусобақада дзюдо, сузиш, енгил атлетика, ўқ отиш ва пауэрлифтинг бўйича Ватанимиз шарафини ҳимоя қилдилар.

Тажрибали спортчимиз олтин медал соҳиби Ҳусниддин Норбеков диск улоқтириш баҳсларида 59,75 метр натижа қайд этиб, жаҳон ва Паралимпия ўйинлари рекордини янгилади.

Ғолиб спортчиларимиз шарафига ҳар гал Ўзбекистон байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганида курраи заминнинг бу тарафида миллионлаб ватандошлар фахр-ифтихор билан қўлларини кўксиларига қўйиб турдилар, десак асло муболаға бўлмайди.

Шундай қилиб, спортчиларимиз Паралимпия ўйинларида 8 та олтин, 6 та кумуш, 17 та бронза медалини қўлга киритдилар. Бу билан улар умумжамоа ҳисобида 15-ўринни (медаллар сони бўйича 12-ўрин), Марказий Осиё давлатлари ўртасида 1-ўринни, МДҲ давлатлари ўртасида 2-ўрин (1-ўрин Украина, 171 спортчи билан иштирок этган), Осиё давлатлари ўртасида 2-ўрин (1-ўрин Хитой, 326 спортчи билан иштирок этган), дзюдо спорт тури бўйича умумжамоа ҳисобида 1-ўринни эгалладилар.

Спортчиларимиз томонидан 6 та жаҳон, 7 та Паралимпия ўйинлари, 12 та Осиё рекорди ўрнатилди. Шу вақтга қадар бирорта давлат вакиллари, яъни иштирокчилар сони ва қўлга киритилган медаллар сони бўйича бундай натижа қайд этишмаган. Бу ютуқлар замирида давлатимиз томонидан ёшларга яратилаётган шарт-шароитлар, уларга бўлган ишонч ҳамда спортчиларимиз ва мураббийларининг тинимсиз меҳнатлари ётибди. Она Юртимиз ва халқимизнинг шундай Ватанни севгувчи фарзандлари бор экан, Ўзбекистон байроғи доимо баланд кўтарилаверади.

Рио-де-Жанейрода шаҳрида ўтказилган ёзги XV Паралимпия ўйинларидан ғолибларча қайтиб келишган спортчиларимизни катта шодиёналар билан кутиб олиш мақсадида минглаб юртдошларимиз, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олий таълим муассасалари талабалари, профессор-ўқитувчилар, санъаткорлар, спортчилар, паралимпиячиларнинг ота-оналари, оила аъзолари 21 сентябрь куни эрта тонгданоқ Тошкент халқаро аэропортига тўпландилар.

Ғолиб спортчиларимиз қўлларида Ватанимиз байроғини мағрур кўтарганча карнай-сурнай садолари остида чиқиб келдилар.

Тантанали кутиб олиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов, Ўзбекистон халқ артисти М.Азизов, ота-оналар номидан Р.Қўчқорова паралимпиячиларимизнинг бу юксак ғалабаси халқимизга чексиз ғурур-ифтихор бағишлаганини, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизда мустақиллик йилларида спортни ривожлантиришга, бу жараёнда жисмоний имконияти чекланган спортчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратган эътибор ва ғамхўрликнинг улкан самарасини бутун дунёга намоён қилганини алоҳида таъкидладилар. Ғолиб ва совриндор спортчиларимиз номидан сўзга чиққан Ш.Намозов, Ҳ.Олимова, М.Турсунхўжаев халқимизнинг ишончи, давлатимизнинг ёшларга қаратаётган юксак эътибор ва ғамхўрлиги учун миннатдорлик билдирдилар.

Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, иштирокчилари, уларнинг ота-оналари ва яқинлари усти очиқ автобусга ўтириб йўлга чиқдилар. Тошкент халқаро аэропортидан Ўзбекистон Паралимпия ассоциацияси биносига қадар музаффар спортчиларимизни барча бирдек олқишлаб турдилар.

Кутиб олиш маросими асносида биз бир гуруҳ тадбир иштирокчиларининг дил сўзларини қоғозга тушурдик.

па1

Абдураҳим Абдушукуров, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ректори:

– Ўзбекистон спортчиларининг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган ёзги XV Паралимпия ўйинларида қўлга киритган ғалабалари талаба-ёшларимиз қалбида она Ватанга муҳаббат ва садоқат, ифтихор туйғуларини янада жўш урдирмоқда. Бу ғалабалар мамлакатимизда ёш спортчиларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, уларга яратилаётган шарт-шароитларнинг самараси, дейишимиз мумкин. Иқтидорли ёшларимиз спорт билан бир қаторда халқаро фан олимпиадаларида ҳам шундай натижаларга эришаётганлари барчамизга ғурур бахш этади. Шуни қувонч билан айтишимиз мумкинки, иқтидорли талабаларимиз ғолиб спортчиларимиз каби халқаро фан олимпиадаларида ҳам олтин, кумуш, бронза медаллари соҳибларига айланмоқдалар.

па12

Ўктам Мирзаёр, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Публицистика кенгаши раиси:

– Жаҳон нигоҳида – XV Паралимпия ўйинларида Ўзбекистоннинг 32 нафар спортчиси Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиб, 31 та медални қўлга киритгани қайси ижодкорни илҳомлантирмайди! Бу йил барча спортчиларимиз эришган ғалабалари ҳақида очерк, бадиалар ёзсак, шунинг ўзи салмоқли китобга айланиши аниқ. Ўйлайманки, фаол ижодкорларимиз ана шу эзгу ишга ҳам қўл урадилар.

па7

Аброр Хидир, тарихчи олим:

– Тарих асли бугундан бошланади, деган гап бежиз айтилмаган. Бугун биз том маънодаги тарихий воқеалар ичра турибмиз. Аждодлари буюк миллатнинг авлодлари шундай буюк ишларга қодирлигини, юртимиз ёшларининг мардлик ва жасоратда, иқтидору истеъдодда ҳеч кимдан кам эмаслигини, аксинча, манаман деган давлат ёшларидан устун эканини исботлади. Спортчиларимизнинг ХХХI ёзги Олимпия ўйинларида халққа улашган, элнинг қаддини, ғурур-ифтихорини тоғдек кўтарган музаффар онларининг ҳовури босилмай туриб, яна ғалаба нашидаси, бахтиёр лаҳзалар шукуҳи қалбларимизни чулғаб олди. Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтган XV Паралимпия ўйинларида спортчиларимиз эришган натижалар ана шундай туйғуларни бахш этди. Ўйлайманки, ёш тадқиқотчиларимиз бугунги воқеликларни ҳам ўз илму ижодлари орқали тарих зарварақларига зарҳал ҳарфлар ила муҳрлайдилар.

Улуғбек Усмонов,

журналист

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *