Тарғиботнинг анъанавий ва замонавий усуллари

Ҳар бир тарғиботчи амал қилиши зарур бўлган тавсиялар фаолиятингизда асқотади, дейди Дониш домла узоқни кўзлаб.

жф

Одамларнинг юз-кўзларига қараб сўз айтиш нотиқдан аввало билим ва маҳорат, бағоят улкан масъулият талаб этади.

Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши лозим, деган ҳикмат тарғибот бобида ҳам ғоят муҳим ўрин эгаллайди. Негаки, тарғиботчи – асли тарбиячи, таълим берувчи мураббий ҳисобланади. Шундай экан, тарғиботчи аввало ўқимишли одам бўлиши лозим.

Ўқимишли инсон айтмоқчи ёки ёзмоқчи бўлган ҳар бир фикрини аввало ишончли манбалардан ўқиб, ўрганиб, сўнг сўзлаши мақсадга мувофиқдир. Қайсики мавзуда бўлмасин, ўқимасдан, кимлардандир эшитганларинигина гапирган одам хатоликка йўл қўйиши кўп кузатилган. Ўз кўзи билан ўқиб кўрмасдан гапирган одам – ўқимишсиз, ишончсиз одамга айланиб қолади.

Маълумки, ҳар бир фикр(мавзу)нинг қуйидаги учта муҳим асоси бўлади:

  1. Методологик асоси (Ўзбекистон Республикаси Президенти асарлари, нутқлари, маърузаларида баён этилган фикрлар);
  2. Ҳуқуқий асоси (Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ҳамда бошқа меъёрий ҳужжатлар);
  3. Назарий асоси (илмий асосланган китоблар, дарсликлар, қўлланмалар, мақолалар ва бошқа ёзма манбалар).

Тарғиботчи сўз юритишдан аввал мавзунинг ана шу асосларини пухта ўрганиб олиш лозим. Айниқса, сўзларнинг луғавий маъносини билмасдан сўзлаш – маънавиятимизга путур етказиши турган гап.

Бунинг учун ҳар бир тарғиботчининг иш столида Ўзбекистон миллий энциклопедияси, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”, она тилимиз жилоларини юксак маҳорат ила баён этган атоқли адиб Пиримқул Қодировнинг “Тил ва эл” илмий бадиаси, улуғ шоир Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати”, “Ўзбек халқ мақоллари” каби китоблар туришини тавсия этган бўлардик.

Бебаҳо маънавий хазинамиз – халқ мақоллари ҳақида сўз юритишдан илгари “Ўзбек халқ мақоллари” китобини қайта-қайта ўқиб кўриш, бу борадаги билимларни бойитиш талаб этилади. (Афсуски, айримлар кўча-кўйда ундан-бундан эшитганларини “мақол” дея тиқиштириб кетаверишини кўп кузатганмиз). Ҳар бир мақол замирида миллий қадриятларимиз, бебаҳо маънавий бойликларимиз ўз ифодасини топган. Ўзбек халқ мақоллари асли битмас-туганмас маънавий хазина ҳисобланади.

Афсуски, баъзи тарғиботчилар мақоллар ҳақида сўз юритганда тегишли манбаларни ўқиб кўрмасдан маънавиятимизга завол етказаётганига бефарқ қараб бўлмайди. Айтайлик, “Устоз – отангдан улуғ” мақолини баъзилар: “Устоз – отангдек улуғ” шаклида бузуб талқин қилаётганини асло оқлаб бўлмайди. “Ўзбек халқ мақоллари” китобида, 5-синфнинг “Одобнома” дарслигида ва бошқа қатор (илмий тасдиқланган) манбаларда мақол – “Устоз – отангдан улуғ” деб тўғри кўрсатилган ва унинг асл маънолари жуда теран изоҳлаб берилган. Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир Эркин Воҳидовнинг “Сўз латофати” китобида “Устоз – отангдан улуғ” дейиш асносида аслида оталар яна бир карра улуғланаётгани жуда тўғри талқин қилинган.

Яна бир қизиқ мавзу. Кўп давраларда сўзимни ўқимишли бўлмоқ муҳим аҳамият касб этиши ҳақида бошлайман. Тингловчиларимнинг “қай даражада ўқимишли эканлиги”ни аниқлаш мақсадида бир-иккита савол бераман. Масалан, “Бакалавр қайси даражадаги олий маълумотли ҳисобланади?”

Бу саволга жавобан кўпчилик тап тортмасдан: “Тугалланмаган олий” ёки “Тўлиқсиз олий” деган ғайришуурий жавобларни беради. Бундай жавоблар хато эканлигини изоҳлаб, энг тўғри жавоб Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунида, Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурида баён этилганини тушунтираман.

Шуни ёдда тутмоқ жоизки, бугун қайсики даврада маъруза қилманг, зукко тингловчилар ҳар бир сўзингизни “тарози”га солиб кўрадилар. Бирор мужмал сўз чиқиб кетса, шартта мобил телефони орқали интернетга кириб, ўша сўз ва манбасини топади. Нотиқнинг сўзлари қанчалик ҳақ-ноҳақлигини бир зумда аниқлаб олади. Катта даврада хато гапириб қўйган нотиқнинг хатосини дарҳол юзига солиб, уялтириб қўйишлари ҳам ҳеч гап эмас…

Ҳозирги кунда кўп суҳбатларимиз мавзуси Биринчи Президентимиз Ислом Каримов асарларини ўрганишга бағишланади. Зеро, замондошларимиз ҳамон Биринчи Президентимиз асарларига катта қизиқиш билан қарайдилар.

Демак, бу мавзуда сўз юритишдан илгари аввало ўша асарларни қайта-қайта ўқиб чиқмоқ, мазмун-моҳиятини пухта ўрганмоқ зарур. (Таассуфки, уларни эътибор билан ўқимасдан, юзаки кўз югуртирганча гапирадиганлар ҳам кам эмас…)

Хўш, бу асарларни қунт билан ўқиган маънавият тарғиботчиси қандай сўз юритади? Тингловчилар эътиборини ўша асарнинг қай бир жиҳатларига қаратади? Қуйида бу борадаги мухтасар фикрларимизни баён этамиз.

Юртимиз истиқлоли йилларида бетакрор маънавиятимиз ҳақидаги энг ёрқин фикр-мулоҳазалар Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида ўз ифодасини топган. Бу асарни том маънода замонамиз маънавиятининг гултожи десак арзийди. Маънавий бойликларимизни асраб-авайлаш ва ёш авлод қалбига жо этиш учун аввало уларнинг мазмун-моҳиятини теран англамоқ зарур. Бу асар маънавият мавзусижа ғоят муҳим манба, таъбир жоиз бўлса – ишончли қўлланма, дейиш мумкин. Бу асарни ўқиган саринг маънавий юксакликка парвоз қилаверасиз.

Айтиш жоизки, маънавият тарғиботчиси “Юксак маънавият – енгилмас куч” асари ҳақида сўз юритиши учун биргина ўша китобни ўқиб чиқиши камлик қилади. У айни пайтда тарихимизни чуқур билиши, бой ўтмишимиз ўз ифодасини топган кўплаб китобларни, манбаларни ўқиб чиқиши лозим. Шу билан бир қаторда шарқона тафаккур тарзи, буюк аждодларимизнинг бой мероси, фалсафа илмини билиши зарур.

Асарнинг кириш қисмида, асрлар давомида не-не босқинларни кўрган аждодларимизни ҳеч ким тилидан, иймон-эътиқодидан, урф-одатларидан, миллий қадриятларидан жудо қила олмагани ҳақида сўз боради. Демак, бу мавзуда сўз юритганда унга монанд асарлардан ҳам фойдаланиш, иқтибослар келтириш, муҳими, мавзуни имкон қадар бойитиб талқин қилиш мақсадга мувофиқдир.

Хўш, аждодларимиз асрлар давомида қандай босқинларни кўрган? Бу мавзуда ўнлаб тарихий асарлар она тилимизда чоп этилган. Ёзувчи Ёвдод Илёсовнинг “Сўғдиёна” романида бир замонлар Александ Македонский ўз армияси билан қай тариқа бостириб келгани, заминимизни вайрон қилгани, “Авесто”дек нодир асаримизнинг катта қисмини ўтга ташлатиб ёндиргани, ниҳоят, ўзи ҳам аянчли қисматга дучор бўлгани ҳақида кўп маълумотларга эга бўласиз. Энг қизиғи, ўша босқинчилар ҳам буюк аждодларимизнинг юксак маънавияти таъсирида аста-секин туб ерли маҳаллий халқ бағрига сингиб кетгани тарихий ҳақиқатдир.

Кейинчалик юртимизга тиғ кўтариб келишган эронийлар, араблар, мўғуллар ва бошқа босқинчиларнинг ҳам қисматлари шундай якун топгани кўплаб адабиётларда атрофлича ёритиб берилгандир. Соҳибқирон Амир Темурнинг “Темур тузуклари”, Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи”, Миркарим Осимнинг “Широқ”, “Тўмарис”, Пиримқул Қодировнинг “Амир Темур сиймоси” каби ўнлаб дурдона асарларни қунт билан мутолаа қилган кишининг бу мавзудаги маърузаси шунга яраша сермазмун бўлади.

“Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида баён этилганидек, эл-юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бундай машъум хатарларни неча бор кўрган, уларнинг жабрини тортган. Шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз. Ана шу фожиали ўтмиш, босиб ўтган машаққатли йўлимиз барчамизга сабоқ бўлиши, бугунги воқеликни теран таҳлил қилиб, мавжуд таҳдидларга нисбатан доимо огоҳ бўлиб яшашга даъват этиши лозим. Ўз тарихини билмайдиган, кечаги кунини унутган миллатнинг келажаги йўқ. Бу ҳақиқат кишилик тарихида кўп бора ўз исботини топган.

Маълумки, биз бошимиздан кечирган собиқ мустабид тузум даврида миллий маънавиятни ривожлантиришга мутлақо йўл қўйилмаган. Аксинча, халқимизнинг табиати, яшаш тарзига ёт бўлган коммунистик мафкурани ҳар қандай йўллар ва зўравонлик билан жорий этишга ҳаракат қилинган.

“Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида тилимиздаги меҳр-оқибат, меҳр-муҳаббат, меҳр-шафқат, қадр-қиммат деган, бир-бирини чуқур маъно-мазмун билан бойитадиган ва тўлдирадиган иборалар таҳлил қилинар экан, қанчалик ғалати туюлмасин, уларни бошқа тилларга айнан таржима қилиш ўзи мушкул бир муаммо эканлиги қайд этилади. Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги кўп-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин. Чунки ҳар бир миллат ёки халқнинг маънавияти унинг бугунги ҳаёти ва тақдирини, ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилашда шак-шубҳасиз ҳал қилувчи аҳамият касб этиши асарда атрофлича талқин этилган.

Она юртимиз бахту иқболи – маънавий-маърифий суҳбатларимиз бош мавзусига айланган. Она Ватанимизнинг буюк келажаги йўлида хизмат қилиш ҳар биримиз учун – энг олий саодатдир! Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китоби ўз даврининг солномаси бўлган десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Унда она юрт бахту иқболи ҳақида фахр билан сўз юритилмоқда! Буюк келажагимиз йўлида хизмат қилиш – энг олий саодат эканлиги ҳақидаги фикрлар ҳар биримизга ғурур бахш этади.

Шуни фахр-ифтихор билан айтиш жоизки, “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китобининг бош қаҳрамони – муаллифнинг ўзлари бўлса, асосий қаҳрамонлари – Биринчи Президентимиз атрофига жипслашиб Ватан равнақи учун астойдил хизмат қилган заҳматкаш халқимиз, мўл-кўл ҳосиллар етиштираётган бободеҳқонлар, серҳосил боғлар яратаётган боғбонлар, замонавий бинолар барпо этаётган бунёдкорлар, равон йўллар қуришаётган йўлсозлар, борлиққа нур таратаётган энергетиклар, узоқ манзилларни яқин қилишаётган ҳаво кемаларидан тортиб поезду автомобилларгача бошқариб келишаётган фидойилар, зиёлилар, олимлар, ихтирочилар, санъат ва маданият ходимлари, пиру бадавлат отахону онахонлар, камол топаётган ёшлар ва барча эзгу ниятли замондошларимиздир!

Ушбу китобда муаллифнинг мамлакатимизни сиёсий ва иқтисодий ривожлантириш, жумладан, ижтимоий соҳалар – таълим-тарбия, илму фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, спорт тизимини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, жамиятимизда аёллар, кексалар ва ёшларнинг ўрни, уларга янада қулай шароит ва имкониятлар яратиш билан боғлиқ масалалар; ҳар бир ҳудуд ва минтақа бўйича яқин ва ўрта истиқболга мўлжалланган режалар, устувор лойиҳалар; қадимий ва янги тарихимиз ҳақида, собиқ советлар тузуми моҳиятини фош этадиган мисоллар, бугунги кунда дунёнинг айрим ҳудудларида бу тузумни тиклашга бўлаётган ҳаракатлар ҳақидаги фикр-мулоҳазалари, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсат концепцияси тўғрисидаги қарашлари ҳар томонлама пухта асосланган ҳолда баён қилинган. Китобда баён этилган кўп воқеа-ҳодисалар мустақил Ўзбекистонимиз, халқимизнинг янги тарихини ўрганишимизда ғоят қимматли манбадир.

Ўтмишини унутган халқнинг келажаги қандай бўлишини изоҳлашга ҳожат йўқ. Бу борадаги билим ва маънавий оламимизни янада бойитиш учун ҳаётга теран нигоҳ билан боқиш билан бир қаторда ушбу мавзудаги ишончли манбаларни, китобларни чуқур ўрганиб боришимиз мақсадга мувофиқдир.

Бу китобнинг асосий мазмун-моҳияти унинг мундарижасидан ўрин олган мавзуларида ўз ифодасини топган. Мазкур тўпламнинг бош ғоясини қуйидаги сўзларда мужассам бўлган энг муҳим ўзак фикр ташкил этади: «Биз ўтган даврда амалга оширган ишларимизга баҳо берар эканмиз, «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?» деган савол асосида уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ўзимизга чуқур тасаввур этамиз. Айни вақтда «Эртага ким бўлишимиз. кандай янги марраларни эгаллашимиз керак?» деган савол устида ўйлашимиз, нафақат ўйлашимиз, балки амалий ишларимиз билан бунга жавоб беришимиз лозим».

Китобда шундай ёндашув асосида мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тарихий йўли теран таҳлил қилиниб, бу ҳаётий саволларга чуқур ва ҳаққоний жавоблар берилган.

Миллий тафаккуримиз хазинасига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшиладиган, бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг энг муҳим устувор йўналишларини ўзида мужассам этган ушбу китоб биз учун аввало янги ва яқин тарихимизнинг ҳали биз тўла англаб етмаган кўплаб қирраларини яна бир бор кашф этишга асос бўлади. Шу билан бир қаторда бу асар жамиятимиз тараққиёт фалсафаси, мамлакатимиз ва халқимиз келажаги, унинг равнақи ўша даврда қандай бўлганини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

Ҳар қандай китобни ўқиш билан бирга унинг мазмун-моҳиятини теран уқиб олиш учун у ҳақда жонли мулоқотлар жуда муҳим ўрин тутади. Маънавият тарғиботчиси “Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир” китобида баён этилган эзгу ғоялар моҳиятини теран англаган ҳолда эл ичра маънавий нур ва зиё таратишни ҳам олий саодат деб биладилар.

Турли давраларда суҳбат мавзуи қандай бўлишидан қатъи назар нотиқ тингловчиларга албатта бирор янгилик, янги фикр бериши, шу аснода улар тафаккурини бойитиши мақсадга мувофиқдир. Суҳбат жонли бўлиши учун назарий фикрларни албатта амалиёт билан пайваста қилиб сўзлаш, халқона иборалар, мавзуга тегишли мақолу маталлардан ўринли фойдаланиш зарур. Халқона тилда гапириш ҳаммада қизиқиш уйғотади.

Айтайлик, ёшлар онгини бузғунчи ғоялардан муҳофаза қилиш мавзусида сўз юритганда мавзуни оиладан бошлаган маъқул. Маълумки, кўп фанлар ибтидоси оилада ўргатилади. Эшитган эртакларимиз – адабиёт фани ибтидоси бўлса, санашни ўрганиш – математиканинг илк сабоғи. Ўсимликлар дунёси – ботаника, жониворлар – зоология, қуёш ва ойнинг чиқиб-ботиши – астрономия, чақмоқ чақиб, ёмғир ёғиши – табиат ва физика фанлари ҳақида тасаввур уйғотган. Ота-онамиз руҳиятимизга сингдиришган одоб-ахлоқ ва тарбия замирида миллий ғоя, шарқона фалсафа, этика-эстетика фанлари илк сабоқлари мужассамлигини англаш қийинмас. Оилада ҳатто тарих, диний қадриятлардан ҳам сабоқ беришган. Ҳуқуқбузар қандай жазога тортилишини ҳам қулоғимизга қуйишган: “ўғирлик ё безорилик қилсанг, мелиса қамаб қўяди…” Демак, қонунчилик қирралари ҳам гўдакликдаёқ қалбимизга жо бўлган…

Шулар қаторида турли хил “ахборот хуружлари”дан ҳимояланиш учун мафкуравий иммунитетни ошириш муаммоси ҳам оила тарбиясидан четда қолмаган. Оналаримиз илк бора нима яхши-ю нима ёмонлигини ўргатишган. Мана бу яхши, буниси – ёмон, уни оғзингга солма!.. Ёмон болаларга қўшилма, мана бу гапдан эҳтиёт бўл, унга ишонма ва ҳоказо. Шу тариқа мурғак қалбимизда ёмон нарсаларга, бўлмағур гап-сўзларга салбий ҳодисаларга қарши иммунитет пайдо қилишган.

Яна бир қизиқ ҳол; гўдаклигимизда айрим қўни-қўшниларнинг оиламизга нисбатан “ахборот хуружлари”га қарши кураш усулларини ҳам ўргатишган. Эндигина тили ва оёғи чиқиб, кўчага ўйнагани отланган боласининг қулоғига айрим оналар “керакли” гапларни қуйиб қўяди…

Шу тариқа “ахборот хуружлари”га қарши иммунитети юқори даражада бўлган айрим болакайларнинг кўча-кўйларда оилалари, қолаверса, қишлоғи, маҳалласи, шаҳри шаънини қанчалик ҳимоя қилаётганини кузатган бўлсангиз керак.

Оила – ҳаёт бешиги. Бола туғилган кунидан бошлаб оила муҳитида яшайди ва дунёқараши шаклланади. Оилага хос анъаналар, қадриятлар урф-одатлар боланинг маънавий оламини бойитади. Демак, фарзандларида илк мафкуравий иммунитет ҳосил қилиниши оила тарбиясининг табиий жараёнига айланган. Яхши ва ёмонни фарқлаш, ёмон гаплардан эҳтиёт бўлиш мавзуси қуйидаги мақолу нақлларимизда ҳам ўз ифодасини топган: “Яхшига эргашдинг – етдинг муродга, ёмонга эргашдинг – қолдинг уятга”, “Қозонга яқин юрсанг – қораси юқади, ёмонга яқин юрсанг балоси уради”, “Яхши гап ҳам, ёмон гап ҳам бир оғиздан чиқади”, “Миш-мишга ишонган – ҳаром ўлармиш”, “Яхши гап – жон озиғи”, “Яхши гапдан илон инидан, ёмон гапдан қилич қинидан чиқар”, “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир”, “Гапни гапир уққанга – жонни жонга суққанга”, “Бир ёмонни кўрмай яхшининг қадрига етмайсан” ва ҳоказо. Бу мақолу нақллар замирида одамнинг онги заҳарланиб қолишидан сақланиш ғоялари ҳам мужассам.

Оила тарбияси мактаб таълимига пайваста бўлади. Яъни, оиладаги илк тасаввурлар мактабда фан сифатида тушунтирилади.

Собиқ мустабид тузум даврида қардош республикаларда, жумладан, бизда ҳам тарих, фалсафа каби ижтимоий фанлар бутунлай ўзгача тушунтирилар эди. Миллий маънавият ҳақида гапириш ҳам мумкин эмасди. Худо йўқ, дин – афьюн, деган сохта “назариялар” мажбуран ёш авлод онгига сингдириларди. Шундай оғир шароитда мафкуравий иммунитет ҳақида гап бўлиши мумкинмиди? Биринчи Президентимизнинг “Ўзбекистон XXI асрга интилмоқда” асарида таъкидланганидек, “ноинсоний ғоя ҳукмрон бўлган мустабид тузум ўзининг бор мафкуравий кучини, оммавий ахборот воситаларини, бутун маориф тизимини ишга солиб одамлар онгини кенг миқёсда заҳарлар эди. Уларнинг миллий ва диний туйғуларини қўпол равишда камситар, тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатар эди. Ўз она тилини, миллий анъана ва маданиятини, ўз тарихини билмаслик кўплаб одамларнинг шахсий фожиасига айланиб қолган эди”. Ўша даврда миллатимизга, миллий ғуруримизга нисбатан меҳр уйғотиш ўрнига аксинча унга қарши давлат сиёсати даражасида даҳшатли “ахборот хуружлари” қилинар эди. Миллий ўзликни англашга бўлган табиий интилиш жоҳилона инкор этилар эди. Наврўз, Рамазон, Қурбон Ҳайити каби кўплаб муқаддас байрамлар тақиқ этилган эди. Амир Темур, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Аҳмад ал-Фарғоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳмад Яссавий, Нажмиддий Кубро, Маҳмуд аз-Замаҳшарий, Хожа Аҳрори Валий, Абдулхолиқ Ғиждувоний каби буюк аждодларимизнинг, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Усмон Носир каби миллий-озодлик ҳаракати фидойиларининг номларини халқимиз хотирасидан ўчириб ташлашга ҳаракат қилинар эди. Бугунги кунда айрим ижтимоий тармоқларда тарқатиладиган иғво ва бошқа бузғунчи гапларни “ахборот хуружи” деб атасак, бутун собиқ иттифоқ миқёсида юритилган бунақа “сиёсат”ни нима дейиш мумкин? Ўша даврда онги шаклланган ёшларда миллатга меҳр уйғотиш ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмасди. Биринчи Президентимиз таъбири билан айтганда, собиқ империя даврида бизни иккинчи даражали одамлар деб ҳисоблашарди…

Собиқ мустабид тузум даврида ҳам миллатимизга қарши оммавий тус олган бундай “ахборот хуружлари”га қарши кўпгина ижодкорлар дадил курашганлар. Жумладан, атоқли шоирлар Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон – Ватаним маним” шеърлари ўзбек элимизга отилган тошларга қарши қаратилган эди!

Юртимиз истиқлолининг илк йилларидаёқ миллий қадриятларимиз, тарихимиз, бобокалонларимиз аслида қандай буюк зотлар бўлгани, бетакрор урф-одатлар, байрам ва анъаналаримиз ҳақида баралла айта бошладик. Диний қадриятларимиз ҳам ижтимоий воқеликка айланиб кетди.

Ўзбекистон мустақил давлат сифатида жаҳонга юз тутиши баробарида дунё билан бўйлаша бошлади. Компьютер технологиясининг ажиб мўъжизаси бўлмиш интернет курраи заминни ягона ахборот маконига айлантирди. Бунинг кўпгина ижобий жиҳатлари билан бир қаторда салбий томонлари ҳам борлигини англадик. Ўша салбий ҳолатларнинг битта кўриниши – “ахборот хуружи”дир.

Оилада ана шу “ахборот хуружи”га қарши қай тариқа иммунитет пайдо қилинган бўлса, Ватанга қарши хуружларга нисбатан ҳам ўз вақтида ёш авлод онгида тўғри тасаввур ҳосил қилиб бориш улкан заруриятга айланди. Бу ижтимоий ҳодиса илмий тадқиқ қилиниши ва ўз навбатида унинг сиру синоати таълим муассасаларида ёш авлодга ўргатилаётгани ҳам бежиз эмас. Зеро, болаларимизнинг онгини ва ҳаётини бузадиган, эртанги кунига мутлақо ишончини йўқотадиган мана шундай ғояларга қарши биз қурол билан эмас, ғоя билан курашишимиз зарур. Буюк аждодларимиздан мерос қолган миллий ғоямиз, юртимиз истиқлоли даврида янада такомиллашган мафкурамиз ҳар қандай таҳдидларни бартараф этишга қодир!

Синалган ғояларимиз оилаларда мудом куртак отади. Эътибор берган бўлсангиз, нуронийлар яратгандан асосан тинчлик-хотиржамлик тилаб дуо қиладилар. Оила – кичик Ватан, ўз навбатида Ватан – умумий оиламиздир! Жонажон Ватан сарҳадлари қанчалик бепоён бўлса, ундаги муаммолар, турфа ишлар, ҳатто гап-сўзлар ҳам шунга яраша бўлиши шак-шубҳасиз. Юртимиз истиқлоли туфайли беқиёс бахтга эришдик. Энди ана шу бахтимиз пойдеворини ҳар томонлама мустаҳкамлаш йўлида қўлни қўлга бериб, елкама-елка туриб курашмоғимиз лозим. “Биз халқимизнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаслиги, фарзандларимизнинг биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлиб яшаши учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этаётган эканмиз, бу борада маънавий тарбия масаласи, ҳеч шубҳасиз, беқиёс аҳамият касб этади. Агар биз бу масалада ҳушёрлик ва сезгирлигимизни, қатъият ва масъулиятимизни йўқотсак, бу ўта муҳим ишни ўз ҳолига, ўзибўларчиликка ташлаб қўядиган бўлсак, муқаддас қадриятларимизга йўғрилган ва улардан озиқланган маънавиятимиздан, тарихий хотирамиздан айрилиб, охир-оқибатда ўзимиз интилган умумбашарий тараққиёт йўлидан четга чиқиб қолишимиз мумкин,– деб алоҳида таъкидлаган эди Биринчи Президентимиз.– Эл-юртимиз ўзининг кўп асрлик тарихи давомида бундай машъум хатарларни неча бор кўрган, уларнинг жабрини тортган. Шундай асоратлар туфайли тилимиз, динимиз ва маънавиятимиз бир пайтлар қандай хавф остида қолганини барчамиз яхши биламиз”. Демак, бундай фожиали ўтмиш бугунги авлодлар учун ҳам сабоқ бўлиши табиий. Шунга яраша ягона ахборот маконида мавжуд таҳдидларга нисбатан доимо огоҳ бўлиш ҳаётий заруратга айланган.

Демак, бу мавзуда ҳам сўз юритганда маънавият тарғиботчиси билимли, зукко, нутқи равон, сўзлари таъсирчан бўлмоғи даркор.

Одамларимиз, замондошларимиз, айниқса, онги эндигина шаклланиб келаётган ёшлар орасида бундай мавзуларда сўз юритиш масъулияти нечоғли залворли эканлигини ҳар бир маънавият тарғиботчиси теран англамоғи шарт.

 ф3

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

филология фанлари номзоди, доцент

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *