Тарғиботчилар генерали

Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар – аскар эмас, деган ҳикматли

гап фақат ҳарбийларга қарата айтилмаган. Қайсики соҳада бўлмасин юксакликка интилаётган ёшларни маънан рағбатлантириш, унга қанот бахш этиш учун айтилгани аён ҳақиқат бу. Ёшлик чоғимизда биз ҳам бу ҳикматни кўп бора эшитганмиз ва ундан илҳомланиб, юксак чўққилар сари бел боғлаганмиз.

ж1

1980 йили талабалик бахтига мушарраф бўлганда бу ҳикмат янада қанот бахш этди. ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) Журналистика факультетида сабоқ берган устозларимиз бизни бамисоли келажак осмони сари парвозга шайлар эди. Ўша кезлар “қанотимизни обдан қайраган” Очил Тоғаев, Ориф Саидов, Анвар Шомақсудов, Файзулла Мўминов, Абдуғафур Расулов, Ғайбуллоҳ ас Салом, Нажмиддин Комилов, Абдулла Аюпов, Жамила Шермуҳамедова, Назира Абдуазизова каби кўплаб азиз Устозларимиздан олган сабоқларимиз билан парвоз қилиб келаётганимиздан ҳақли равишда фахрланамиз. Улар биз ёшларга таълим-тарбия бериш билан бир қаторда ўзларининг бетакрор ижоди, илму-маърифатлари ила мудом намуна кўрсатганлари ҳам энг катта сабоқдир. Кези келганда айтиб қўяй, айрим ўқитувчиларимизнинг “бизга дарс ўтгани”дан бошқа ишини (айтайлик, бирор китобини) эслай олмайман. Олий таълим муассасаси ўқитувчисининг мактаб муаллимидан фарқи нимада эканини ҳам фаҳмлаб олганмиз. Муаллим тайёр дарслик китобларидан ўқиб-ўрганганларини ўқувчиларга ўргатади. Университетга муносиб ўқитувчи эса ўқитадиган фани бўйича аввало ўзи дарслик, ўқув қўлланмаларини яратади. Бошқа адабиётларни қўшимча манба сифатида ўқиб-ўрганишни тавсия этади. Шул боис ҳам уларни илмий даражаси бор-йўқлигидан қатъи назар – профессор-ўқитувчилар деб таърифлашади.

Юқорида номларини эҳтиром ила тилга олган Устозларимизнинг ҳар бири олим, профессор даражасига етиш баробарида қатор дарсликлари, ўқув қўлланмалари, илмий-оммабоп асарлари, жамиятдаги фаолликлари билан ҳам эътибор қозонганлар! Уларнинг яна бир ғоят ибратли жиҳатларини барчага алоҳида намуна қилиб кўрсатгим келади. Яъни, бутун ҳаётлари давомида инсонийлик фазилатлари, муомала маданияти, шогирдларига ўз фарзандларидек меҳр-оқибатларини кўрсатдилар. Мен ҳақиқий Устоз деб билган сиймолардан бирор марта ножўя сўз эшитмадим, бировни ғийбат қилгани қулоғимга чалинмади. Шу ноёб фазилатлари билан бу Устозларимни ўзимга идеал Инсон деб биламан. Шундай Инсонларгина – Устоз мақомига муносиб кўрилар экан. Устоз – отангдан улуғ, деган мақол уларга берилган баҳо экан, аслида. (Шунга лойиқ бўлолмаган айрим ўқитувчилар мақолнинг моҳиятини ҳам тушунмасдан “отадан улуғи бўлмайди, “Устоз – отангдек улуғ бўлади”, дея ўзининг билими ҳаминқадарлигини кўрсатиб юрибди…)

2

Сўзимни генерал бўлишни орзу қилмаган аскардан бошлаган эдим. Ўйлаб кўрсам, бизнинг азиз Устозларимиз ҳам бир пайтлар мактаб, олий ўқув юртларида таълим-тарбия олиб камолга етганлар. Том маънода камолга етганларгина ўзидан кейинги авлодни камолот сари бошлай олар экан. Таниқли файласуф олима, профессор Жамила Шермуҳамедовани худди шундай соҳамиз “генарали” дегимиз келади.

Қизиқ бир ҳол, бирга улғайган замондошларинг табаррук ёшга етгани ҳам сезилмас экан. Наздимда, Жамила онахонимиз 1980 йилларда бизга дарс берган кезларидан шу кунга қадар асло ўзгармагандек. Ўша жўшқинлик, ўша виқор билан юришлари, оташин сўзлашлари ҳамон ўша-ўша! Республика Маънавият ва маърифат марказида таниқли олимлар, ёзувчи-шоирлар ва санъаткорлардан иборат тарғиботчилар гуруҳининг энг олдинги сафида бамисоли генаралдек шахдам одим ташлаётган Жамила онахонимизга ҳавас билан қараймиз. Шу кунга қадар кўп тадбирларда азиз Устозимиз билан бирга иштирок этаётганимдан ғуруланиб кетаман. Устоз қайсики даврага кириб борсалар, ҳамманинг чеҳраси бирдан ёришиб кетганини кўриб завқим ошади. Тадбир иштирокчилари қатори ўзим тингловчига айланаман, албатта. Ким қанчалик таассурот олаётганини кўплаб чеҳралардан завқ билан кузатиб ўтираман. Ўзим худди талабалик давримдагидек Устозимнинг сабоқларидан баҳра олиб, бахтиёр шогирдга айланаман.

Жамила опамиз 1980 йилларда талабалар аудиториясига қандоқ жон киргизган бўлса, бугунги давраларга ундан-да улканроқ жозиба бахш этади. Бунинг боиси бор, албатта. У давр мафкураси, сиёсати, ижтимоий фанлари тамомила бошқа эди. Бугунги давр билан ўша замонларни ҳатто таққослаб бўлмайди. Энг ибратли жиҳати, Жамила опамиз Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг нутқлари ва асарлари мазмун-моҳиятини теран англаган ҳолда сўз юритади. Қай бир мавзуда сўзламасин, фикрини қатор адабиётлар, ишончли манбалар билан асослаб тушунтиради. Мафкуравий, назарий билимларни амалиётга пайваста ҳолда тингловчилар қалбига жо қилади.

Давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланган халқ билан мулоқотни амалга оширишга масъул лавозимдаги ходимлар бу борада Устозимиздан ибрат олишларини истардик. Устоз мавзуни ўртага ташлагач, албатта тингловчиларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини тинглайди. Баъзи саволларга жавоб беришда аввало “сопи”ни ўзидан чиқаришга ҳаракат қилади. “Хўш, бу борада ким фикрини айтади?” дея тингловчиларни мушоҳада юритишга ундайди. Турфа фикрлар айтилгач, ўзлари албатта теран хулосасини баён этади.

Бугунги эллик-олтмиш ёшли авлод ёмон бўлмадик, наздимда. Шу кунга қадар турли соҳаларда эл корига яраб келаётган тенгдошу замондошларимга эҳтиром ила қарар эканман, бизни мана шу даражада камолга етишишимизда Жамила опамиздек азиз Устозларимизнинг хизматлари беқиёсдир.

Ҳар куни маънавият ва маърифат нурини таратиб яшаётган файласуф олиманинг телекўрсатувлар орқали бераётган сабоқлари ҳам улкан маънавий хазина, дегим келади. Жонли эфирда намойиш этиладиган “Муносабат” ва бошқа кўрсатувлар орқали Жамила Шермуҳамедованинг чиқишларини миллионлаб томошабинлар ўзгача завқ ҳамда ихлос билан кузатишларини биламиз.

Ойнаи жаҳонда чиқиш масъулияти жуда катта. Бу улкан “саҳна”да одам ўзини қандай тутиши, қай тариқа сўз юритиши зарурлигини талабаларимизга тушунтиришда албатта Жамила Шермуҳамедовадан андоза олишларини тавсия этаман.

Бир гал Устозимиз “Маданият ва маърифат” телеканалида намойиш этилган “Нонушта вақти” кўрсатуви орқали бамисоли дарс ўтди, миллионлаб томошабинларга, айниқса ёшларга катта сабоқ берди. Устоз санъат жозибаси ҳақида сўз юритар экан, бу соҳада ҳам аввало кўп китоб ўқиш зарурлигини алоҳида уқтирди. Инсон минг туғма истеъдод соҳиби бўлмасин, китоб ўқимаса, мақсадига эриша олмаслигини чиройли ифода этди.

Мухтасар қилиб айтганда, рамзий маънодаги генералимиз Жамила опа мафкурачилар армиясининг энг олдинги сафида бизни ҳамон олға бошлаб бораётганидан бахтиёрмиз!

 

Тўлқин ЭШБЕК,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети

Журналистика факультети кафедра мудири, доцент,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *