Таълим сифатини оширишда инновациянинг ўрни
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим
муассасаларида таълим сифатини ошириш ва ривожлантиришда инновациянинг ўрнига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда олий таълим тизими муассасалари ўз йўналишлари бўйича дунёнинг етакчи илмий-таълим муассасалари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиши, ўқув жараёнига илғор хорижий тажрибаларини жорий этишига алоҳида эътибор берилаётгани таъкидланди. Хориждаги нуфузли илмий-таълим муассасаларида истиқболли педагог ва илмий кадрлар малакасини ошириш борасида ҳам тизимли чоралар кўрилмоқда.
Давра суҳбатида олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, халқаро стандартлар даражасига мос олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш учун зарур шароитлар яратиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан фикрлашилди. Бу жараёнда ахборот-коммуникация ва инновацион педагогик технологиялардан оқилона фойдалана оладиган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга.
– Самарага эришиш учун таълим жараёни, олий таълимнинг ўқув режаси, дастурлари, ўқитиш усуллари, магистратура илмий-таълим жараёнини сифат жиҳатидан тубдан янгилаш, янги авлод ўқув адабиётларини яратиш лозим,– деди тарих факультети деканининг ўринбосари Ҳикмат Полвонов.– Бугунги давра суҳбатида профессор-ўқитувчилар ва талабаларнинг бу борадаги таклифлари тингланди. Бу фикрлар инобатга олиниб, керакли тавсиялар ишлаб чиқилади.
Тадбирда олий таълимни янада ривожлантириш, унинг академик доиралар билан интеграциялашувини кучайтириш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, иқтидорли талаба-ёшларни илмий фаолият билан шуғулланишга кенг жалб этиш каби мавзуларга доир маърузалар тингланди.
Сўнгги фикрлар