Текширувчининг талаби нима?
Шавкат Мирзиёев: Ҳақиқий аҳволни гапирган одам бизга дўст.
Давлатимиз раҳбарининг шу сўзлари замирида оламча маъно мужассам.
Яратганнинг ўзи ҳар бир хатти-ҳаракатингни кўргувчи, билгувчи, эшитгувчи, деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Буни яхши билганлар хато ва гуноҳ қилишдан ўзини тийишга ҳаракат қилади.
Аслида, ҳар бир инсон ўзини ўзи назорат қилиб бориши лозим. Қай бир хатти-ҳаракатинг тўғри, қайси хато…
Хато-камчилигингдан ўзгалар жавр кўрмаслиги, жамиятга зарар етмаслиги учун иш фаолиятингни раҳбарларинг, назоратчилар текшириб туриши фойдадан холи бўлмайди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Журналистика факультетида навбатдаги назорат-текширишлар аслида шу жамоа манфаати учун бўлганини тўғри англамоқ керак.
КЕЧИКИШ – МУДҲИШ ХАТО
Сўзим аввалида эслатиб қўяй, ёзаётганларим ўша текширувчиларга ҳеч қанақа «пахта қўйиш” эмас. Улар бировнинг “пахта”сига зор ҳам эмас! Камина ҳам ноҳақлик бўлган жойда «пахта» қўядиганлардан эмасман. Шу текширувчилар орасида (бошқа факультетларни текширганда) мен ёки бошқа ҳамкасбларимиз ҳам бўлишимиз мумкин эди-ку.
Хўш, бизга қандай талаблар қўйиларди? Қандай вазифалар юклатилар эди?
Биринчиси, ўқитувчи ва талабалар дарсга ўз вақтида келишяптими?
Иккинчиси, давомат қониқарими?
Учинчиси, таълим сифати, маъруза, амалий машғулотлар қай даражада?
Шуни аниқлаш учун 9.00 да эшиклар қулфланибди. Мақсад: ўқитувчилар ва талабаларнинг интизомга қанчалик риоя этишларини аниқлаш!
Минг афсус, бу борада анча камчиликлар аниқланган. Дарсга кеч келган баъзи домлалар ва талабалар “қўлга тушган”…
Менинг фикримча, кечикиш – мудҳиш хато. Уни бугун тузатмасак, эртага кеч бўлади. Ўқишга доим кеч келадиган талаба эртага ишлаб чиқаришга боргач, бир умр ишга ҳам кеч келади… Очиғи, баъзи таҳририятларга бориб, керакли ходимни соатлаб кутганда баъзилар тоқатинг тоқ бўлгач, асабийлашиб: “ҳе сенга таълим берганниям…” деб юборганини эшитганмиз. Ишга кеч келадиганлар шу қадар зарар келтирадики, алал-оқибат давлатимиз тараққиётдан кеч қолишига “ҳисса” қўшиб юборганини сезмай қолади…
Мени ҳам ҳар дарс бошланиши олдидан асабимни бузадиган ҳол шу: кўплаб талабалар кечикиб келишни “одатий ҳол”га айлантириб юборишган…
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтини бу борада ҳаммага ўрнак қилиб кўрсатгим келади. Институт атрофи баланд темир панжара билан ўралган. Ҳар куни соат 9.00 да дарвозаси бекилади. Кеч қоладиган домланинг ҳам, талабанинг ҳам кераги йўқ, вассалом. Бу қатъий талаб бутун институт жамоасида кўникма ҳосил қилди, интизомга ўргатди! Дарс бошланган лаҳзада институт атрофида кечикиб, ивирсиб юрганларни учратмайсиз!
Бизда эса “орқаси бақувват” талабалар кам эмас. Эшикни бекитиб қўйсанг, казо-казолар қўнғироқ қилиб, дўқ уради. Талабчан домлага жазо беришдан ҳам тоймайди. Эй, барака топгур, ақлинг бўлса, ўша арзанда талабангни тарбиялаб бер, дарсга кеч қолмасликни ўргат, дейдиган бўлсанг… ўзингдан кўр… Ахир, ўша казо-казолар бизга дўқ қилиш билан аслида ўқимайдиган, масъулиятни сира ҳис этамайдиган талабани талтайтириб, тарбиясини баттар бузиб қўймаяптими?
Баъзи ҳамкасбларим маъзур тутсинлар, кечикадиган талабага тарбия бериш ўрнига “қўлингни бер” дея деразадан ошириб киргизишлари қанчалик тўғри экан? “Сен кеч қолганда, жоҳил комиссия эшикни бекитса, ўзим тешикдан киргизаман” дейиш қаҳрамонликми, меҳрибонликми ёки уларнинг тарбиясини баттар бузишми?! Бу қилмиши учун комиссия “Тушунтириш хати” талаб қилиши жаҳолатми? Нима, домлага “ақлингга балли!” деб кетиши керакмиди? Домла бу ҳолатдан хижолат чекиш ўрнига… Ҳақиқатпарварлик шунақа бўладими?!
Ўша куни менинг дарсимга кириб ўтирган талабчан текширувчилардан бири машғулот сўнггида маърузамиз ва бўлғуси журналистларнинг эътибор билан тинглашлари, фаолликлари ҳақида билдирган холис фикрларидан аудиториямиз ёришиб, талабалар ҳаяжонланиб кетди!
Гапнинг дангали, текширувчидан айб излаш, уларни ёмонотлиққа чиқариш нотўғри. Мен борада бир ҳазил шеър ҳам ёзгандим. Марҳамат, ўқиб кўринг:
ТЕКШИРУВЧИ
Текширувчи келар бўлса,
“Яйраб” кетар дилимиз.
Келмай қолса “Хайрият!” деб
Сайраб кетар тилимиз.
Ана-мана келармиш, деб,
Очилади кўзимиз.
Гар келмаса, ғафлат ичра,
Юрамиз-да ўзимиз.
Шер наърасин эшитганда,
Ҳуркиб кетган кийикдек.
Ахтармаса бўлди, деймиз,
Гўё қилдан қийиқдек…
Аслида-чи, ўз ишини
Қойиллатган – шай турар.
Ким келишдан қатъи назар,
Доимо мағрур юрар.
Текширувчи келишини,
Огоҳликка йўйингиз.
Уни кутмай ишингизни,
Жой-жойига қўйингиз!
Боқибеғам одам учун,
Текширувчи – мисли нур.
Келишини билсагина,
Қилади югур-югур…
Текширувчи номи гўё –
Қалбингдаги саловат.
Ишни қойил қилиб қўйсанг –
Жонинг топар ҳаловат!
Факультетимиздаги навбатдаги назорат натижаларидан хижолат тортдик. Биз интизомсиз бўлсак, дарсга кеч келсак, дарсимиз қониқарсиз бўлса қандоқ қилиб яхши кадр етиштира оламиз? Талабани дарсга тўла жалб қила олмаслик, кечикиб келиш касалидан қутқара олмасак унда қанақа кадр етиштирган бўламиз? Текширувчилар шу хатоимиз учун чора кўриш керак, деган хулосага келишса, улардан айб қидириш керакми? Текширувчиларга шантаж ё пўписа қилиш билан ким нимага эришади?! Ақлирасо одам хатосини кўрсатган кишига раҳмат айтиши керак эмасми? Дўст ачитиб гапиради, деганларидек, сизни тўғри йўлга бошлаш мақсадида аччиқроқ гапирган инсондан миннатдор бўлиш одобдан бўлади-ку.
Аксинча, хатоларингизни давом эттираверсангиз, сизга ҳеч ким индамаса, бора-бора жиноят ботқоғига ботиб қолсангиз нима бўлади?
Университет мутасаддилари – текширувчилар аслида сизни бир балодан қутқараётганини наҳот тушунмасангиз?
Журналистика факультетининг ўзига яраша ютуқлари кўп. Бироқ, бу ютуқлар ўзимизники. Ютуғимизга яраша маош, мукофот-у устама ҳақлари олаётганимизни ҳам шукрона қилиб айтишимиз керак. Бироқ, нонини (маошини) ҳалоллаб ейиш кераклигини ҳам ёддан чиқармаслик лозим. Билъакс, гуноҳга ботасиз…
Факультетимизда аниқланган баъзи камчиликлар ортидан пайдо бўлган хижилликлар ҳақидаги ўйларим яна шеърий сатрларга уланиб кетди:
Дарсга келмай диплом олган – брак кадр бўлади,
Унга бўлган умидлар ҳам эсиз гулдек сўлади…
Шу кечикиш касалидан тузалмагач то абад,
Бирор ишда унум бўлмас, ўлда-жўлда ўлади…
Ўқитувчи кеч келса-чи, демак, устоз эмас у,
Талабага тарбияни асло эплаб бермас у.
“Ўлик жон”га ўхшагандан кутманг сира тирик жон,
Аёл бўлса – оқиламас, эркак бўлса – эрмас у…
Ким таълимга хиёнаткор – бўйнидадир катта айб!
Садқаи сар улуғ даргоҳ бундайларга дейман: ҳайф!
Гоҳо жўшиб, гоҳо қўшиб ёзганларим ўқиган,
Мийиғида кулиб қўяр, ҳатто ўзим қилдим кайф!
Тўлқин ЭШБЕК,
ЎзМУ Журналистика факультети жамоатчилик билан алоқалар назарияси ва амалиёти кафедраси доценти
Дониш домланинг куюнчаклик билан ёзганларига муносабат билдиришни лозим топдим.
Кўздан йироқ — кўнгилдан йироқ. Модомики, текширувчилар бизни кўз остига олибдими, бу бир бахт. Улар биз учун мисли кўзгу. Аксимизни кўрсатади, қусур ва нуқсонларимизни илғатади. Тўғри қадам ташлашга ундайди. Лек, баъзан шу кўзгусиз, ғафлат ичра яшамоқлик тарафида бўламиз.
Арслонни кўп кўрган ундан камроқ қўрқади. Бу ердаги “арслон” – текширувчилар. Демак, “комиссия”ни қанча кам кўрсак, шунча ҳайиқамиз. Йўқ. Гап қўрқиш-қўрқмасликда эмас. Гап обрўда. Мисқоллаб йиғилган имижни еру яксон қилиб қўймасликда. Журналистика имижини янада ошириш “ред”лардан қўрқиб юриш билан эмас, аввало, ўз факулътетимизга ҳурмат кўрсатиш билан мезонланади.
Ёмон одат қарздан баттар. Биз учун “Тарки одат амри маҳол” бегона. Ёмон одатни буткул тарк қилишнинг иложи-ю имкони бисёр. Ирода, қатъият, собитлик бўлса, бас. Дарсга кечикиб келмасликнинг ягона йўли — барвақтроқ келишдир.
Аҳмоқни қанча ўқитганинг билан эрталаб эсидан чиқиб кетади. Эсига киритиш қийин эмас. Бундайлар билан текширув комиссияси алоҳида ишлаши лозим. Тушунтириш хати ёздириш билан эмас, психологик тажрибалар асосида. Зеро, текширувчилар : “Ўғрини ўғриламасдан аввал ушла” нақлига риоя этишлари лозим ва лобит
.
Сенга дарс бўлган зарар — даромад. Зинҳор кулфат эмас. Балким, ундан муфидли хулоса чиқармоғимиз, ибрат олмоғимиз зарур. Журналистикадаги текширишлар натижаси қай аҳволда бўлмасин, бундан кейин кўрпага қараб оёқ узатиш керак.
Итнинг думини даста билан текислаганинг билан у қайрилганича қолаверади. Баъзи талабаларга минг ўргат, минг маъруза қил бефойда. Вақтинг кетгани қолади. Бундайларга ечим тахт : ҳужжатларини қўлтиғига қистириб, тинчгина хайр-хўшлашиш. Ўқишга кираман, деб зорланиб юрган истеъдодлар қанча.
Бировларнинг хатосидан хулоса чиқарган — бахтли. Келинг, мақолни ўзимизча давомлаймиз : Ўз хатосидан хулоса чиқарган ўн чандон бахтли. Хато бизники, уни тузатиш ҳам ўзимизники. Аввало, хато қилмасдан олдин, ўйлаб кўрайлик. Ҳамма ўз бурчини – талаба талабалигини, ўқитувчи ўқитувчилигини қилса, ортиқча текширишлар, асаббузарликларга ҳожат қолмайди.
She’rlar hazilomuz mazmunda lekin achchiq haqiqatlarga to’la yozilibdi.