Энг катта минбар — телевидениедаги ҳар бир тасвир ва сўз маънавиятимизни
ё обод ё барбод қилади, дейди Дониш домла. Шунақа бўлмағур кўрсатувларни эфиргача олиб чиққан тележурналистлар қаерда таълим олишган экан? ЎзМУ Журналистика факультетида ўтиладиган «Ахборот-психологик хавфсизлик» фанида беҳаё кўрсатувлар, «оммавий маданият» — миллий маънавиятимизнинг кушандаси эканлиги батафсил тушунтирилган-ку.
«STV» телеканали фаолияти тўхтатилди, «Sevimli» телеканали қатъий огоҳлантирилди
«Интернет тармоғида республикамизда фаолият юритаётган айрим телеканаллар томонидан порнографик ва ҳаёсизликни тарғиб қилувчи материаллар тарқатилгани ҳақидаги лавҳалар пайдо бўлди ҳамда улар фойдаланувчиларнинг кескин муҳокамасини келтириб чиқарди.
Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссиясининг 2018 йил 27 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги йиғилиши мазкур масалага бағишланди», – дея хабар бермоқда Матбуот ва ахборот агентлиги.
Йиғилишда Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги «Master media production and broadcast»масъулияти чекланган жамияти муассислигида ташкил этилган «Sevimli» ва «STV» телеканаллари мониторингида бир қатор қонун талаблари бузилганини маълум қилди.
Хусусан, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи «Sevimli» телеканали орқали 2018 йил 15 июль куни cоат 21:10да эфирга узатилган «Ҳурлиқо» («I feel pretty») бадиий фильмининг 45-дақиқасида порнографик мазмундаги саҳна мавжудлиги аниқланган.
Бундан ташқари, ушбу телеканалда маънавиятимиз ва миллий қадриятларимизга зид, ёшларнинг одоб-ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ёзишмалар, матнида ҳаёсизликни ташвиқот қилувчи жумлалар мавжуд хорижий қўшиқлар намойиш этилгани кузатилган.
Самарқанд шаҳрида фаолият юритувчи «STV» телеканали 2018 йил 21 июль куни cоат 09:17да ҳаёсизликни тарғиб қилувчи, айниқса, ёшлар одоб-ахлоқига, тарбиясига салбий таъсир этувчи«Sausage party» номли хориж мультфильмини эфирга узатган. Жумладан, мультфильм қаҳрамонларининг ҳаёсизликни тарғиб қилувчи беўхшов қилиқлари, беҳаё суҳбатлари, наркотик моддаларни қабул қилиш, сурбетларча қовушиш саҳналари очиқ-ошкора намойиш этилган.
Болалар учун мўлжалланган бундай «мультфильм»ларни эфирга узатаётган муҳаррирлар, журналистлар, канал раҳбарлари ва техник ходимларининг фарзандлари, оиласи, аёли, набиралари йўқми? Улар бундай хатти-ҳаракатлари билан келажагимиз эгалари – азиз фарзандларимизга нима демоқчи? Улар бу ҳаракати билан кимнинг тегирмонига сув қуймоқда? Бу саҳналарни эфирга узатганлар фарзандларининг кўзига қарай олармикан?!
Бундан ташқари, мазкур телеканал орқали 2018 йил 22 июль куни соат 22:45да хорижнинг «Я легенда» фильми эфирга узатилган. Мазкур фильм сюжетида вирус тарқалган ҳудудда одамхўрлар ва ваҳший ҳайвонларнинг одамга ҳужум қилиш, уни ейишга уриниш билан боғлиқ ваҳшийлик, шавқатсизлик саҳналари мавжудлиги аниқланган. Сюжетида томошабинларни даҳшатга солувчи қўрқинчли тасвирлар мавжудлиги боис, мазкур фильм «Ўзбеккино» Миллий агентлигининг эксперт комиссияси томонидан «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида намойиш этиш, кўпайтириш ва тарқатиш тавсия этилмаган фильмлар рўйхати»га киритилган.
Телеканаллар томонидан номлари қайд этилган фильм ва мультфильмларни эфирга узатиш оқибатида Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунининг 6-моддаси, «Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида»ги қонунининг 5-моддаси, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунининг 16-моддаси, «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунининг 14- ва 15-моддалари талаблари бузилган.
Юқоридаги қонунбузилиш ҳолатларидан келиб чиқиб, Идоралараро Комиссия қарорига асосан«Master media production and broadcast» масъулияти чекланган жамияти муассислигидаги «STV»телеканалини эфирга узатиш номуайян муддатга тўхтатилди.
«Sevimli» телеканали масъул ходимларига кескин чоралар қўлланилгани инобатга олиниб, бундай ҳолатларга қайта йўл қўймаслик шарти билан телеканал раҳбарияти қаттиқ огоҳлантирилди.
Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги барча телерадиоканаллар, бошқа турдаги оммавий ахборот воситаларини мамлакатимизда мавжуд қонунлар талабларини ҳурмат қилишга, маънавиятимиз, урф-одатларимиз, ёшлар тарбиясига зарар келтиришга қаратилган материалларни тарқатмасликка чақиради ҳамда бундай ҳолатлар такрорланган тақдирда қатъий чоралар кўрилиши ҳақида ОГОҲЛАНТИРАДИ!
ЎзА
http://www.uza.uz/oz/society/stv-telekanali-faoliyati-t-khtatildi-sevimli-telekanali-atiy-28-07-2018
Сўнгги фикрлар