Телерадиожурналистика тадқиқотчилари анжумани
Телекўрсатув ёки радиоэшиттириш тайёрлаш журналистдан пухта билим ва ижодий маҳорат талаб этади.
Ўзбекистон Телерадиокомпанияси Медиамарказида бўлиб ўтган “Ўзбекистоннинг бугунги телерадиоси: назария ва амалиёт” мавзуидаги 3-анъанавий республика илмий-амалий конференциясида бу ҳақда атрофлича сўз юритилди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети проректори Исмоил Фозилжонов, Ўзбекистон Телерадиокомпанияси раиси ўринбосари Фарҳод Рўзиев, Журналистика факультети декани Маҳлиё Мирсоатова, Телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар кафедраси мудири Шавкат Ибрагимов, доцентлар Зоир Тоҳиров, Шавкат Миралимов, таниқли сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков ва бошқалар давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда миллий журналистика, хусусан, телерадиожурналистика соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилганини алоҳида таъкидладилар.
Айтиш жоизки, бугунги кунда юртимизда 66 та телеканал, 34 та радиоканал фаолият кўрсатаётгани электрон медиа тармоқларнинг самараси ва салмоғи ҳам тобора юксалиб бораётганидан далолат беради. Айни пайтда мамлакатимиз аҳолисининг 54 фоизи рақамли телевидение имкониятларидан фойдаланмоқда. Жорий йилнинг ўзида мамлакатимиз бўйича яна 84 та юқори қувватга эга бўлган телеузатгич мосламалари ўрнатилди ва шу тариқа барча ҳудудларимизни 100 фоиз рақамли телевидение билан қамраб олишга эришилмоқда. Ҳозирги вақтда биргина Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканалларнинг бир сутка давомидаги умумий эфир вақти 520 соатни ташкил этмоқда. Ҳолбуки, яқин ўтмишда бу рақам бор-йўғи 24 соатга тенг эди. Миллий теледастурларимиз сунъий йўлдош орқали дунёнинг юздан ортиқ давлатларига узатилиб, жаҳон жамоатчилигини Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, бой маданияти, бугунги сермазмун ҳаёти билан таништиришда катта роль ўйнамоқда.
Шундай кезда мамлакатимизда телерадио соҳасида етук журналист-кадрлар тайёрлаш борасида ҳам қатор вазифалар амалга оширилмоқда. Журналистика факультетида жаҳон таълим стандартларига мос ўқув режалари, маърузалар тайёрланмоқда. Телестудия ва радиостудия фаолияти такомиллаштирилмоқда.
Анжуманда телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар сифати ҳамда мазмундорлигини янада ошириш, муҳим ахборотларни ҳозиржавоблик билан ёритиш, тил ва услуб, ижодий маҳорат масалалари юзасидан маърузалар тингланди.
Талабалар ва ёш тадқиқотчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.
Улуғбек УСМОНОВ,
журналист
Сўнгги фикрлар