“ТИЛДА, ФИКРДА, ИШДА БИРЛИК”
бу маърифатпаврвар жадид боболаримиз шиор қилиб олган эзгу ғоя эди
Шахс камолоти учун орзу-идеал қанчалик зарур бўлса, жамият равнақи учун ғоянинг аҳамияти ундан кам эмас. Ўтган аср тонгида жадидчилик ғояси миллатнинг уйғониш мафкураси бўлиб, катта кучга айлангани сингари Янги Ўзбекистон ғояси замонавий тараққиётга қувват бағишлаётгани сабаби шунда. “Жадид” атамаси янги, янгилик маъноларини англатиши эътиборга олинса, жадидчилик ва Янги Ўзбекистон ғояларининг нечоғлиқ уйғун экани янада ойдинлашади. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисида бунга алоҳида урғу берди: “Маърифатпарвар жадидларимизнинг мероси бугун биз қураётган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти учун пойдевор бўлиб хизмат қилиши табиийдир. Чунки уларнинг ғоя ва дастурлари Янги Ўзбекистонни барпо этиш стратегияси билан ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳангдир”. Айни уйғунлик моҳиятини чуқур таҳлил этиш, ўз ғоялари атрофига жамиятнинг барча қатламларини жалб эта олган маърифатпарвар жадидларнинг адабий-илмий мероси ва ижтимоий-маърифий фаолиятидан бугунги тараққиётни таъминлашда тўлақонли фойдаланиш, шунинг учун ҳам, ҳаётий эҳтиёждир.
ХХ юзйиллик аввалида жадидлар миллий ғояни ҳаёт-мамот масаласи сифатида кун тартибига қўйган эди. Қардош қрим-татар мутафаккири Исмоилбек Гаспрали 1895 йили “Ғоя” номли мақола эълон қилган. Унинг фикрича: “Халқлар ҳаётидаги барча буюк воқеаларнинг таг-заминида у ёки бу ғоя ётади. Энг улуғ кашфиётлар, аввало, улар ҳақидаги орзу-ниятлардан бошланган. Ислом ғоялари ярим дунёни бир ҳовуч араблар атрофига бирлаштирди. Москва атрофига бирлашув ғояси қудратли Россияни майдонга келтирди. Тенглик ва озодлик ғояси французлар мавқеини Европада сарбаланд қилди. Ғоясизлик-чи! Миллатни заифлаштирувчи, турғунликка – таназзулга олиб борувчи мана шу ғоясизлик, мақсадсизликдир… Ғоясиз халқлар ёлғиз шу куннинг, шу дақиқанинг манфаати, шу биргина қоринни тўқлаб олиш манфаати билан яшайди, ҳозиргидан бир неча марта яхшироқ ишламоқ ва яшамоқ мумкинлигини билмайди. Шундай экан, маорифга, тараққиётга интилишни ўз олдимизга вазифа ва орзу қилиб қўймоқ керак эмасми?!”
Ватанимизни дунёдаги юксак даражада ривожланган давлатлар, халқимизни мутараққий миллатлар ёнида кўрмоқ – жадидчилик ғоясининг асоси. Таъкидлаш керакки, бу – Янги Ўзбекистонни барпо этиш ҳамда Учинчи Ренессансга эришиш ғояси билан ҳар жиҳатдан мутаносиб. Ушбу ғояни ҳаётга татбиқ этмоқ учун жадидлар, биринчи навбатда, янги усулда таълим олган, оламда кечаётган сиёсий-ижтимоий жараёнлардан огоҳ, маърифатли ёшларни етиштирмоқ зарур, деб билган. Интеллектуал салоҳият мусобақасида дунё ёшларидан ўзиб кета оладиган, юксак маърифатли, ватанпарвар ва миллатпарвар авлодни тарбиялаб етиштириш бугунги куннинг ҳам муҳимдан муҳим, долзарб вазифаларидандир. Давлатимиз раҳбари томонидан янги 2024 йилнинг “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилингани ҳам бунинг исботидир.
Республика Маънавият ва маърифат кенгаши мажлисида Юртбошимиз мана бундай саволларни кун тартибига қўйди: “…биз бугунги кескин шароитда ғоявий-мафкуравий соҳада рақобатга тайёрмизми?
Ёш авлодимиз тарбияси мураккаб замон талабларига жавоб бераяптими?
Мана, бугун маънавий-маърифий соҳада масала қандай ўткир ва кўндаланг бўлиб турибди.
Булар оддий саволлар эмас. Одамни жиддий ўйлантирадиган, ташвишга соладиган саволлар. Агар биз бу ёруғ дунёда “ўзбек”, “Ўзбекистон” деган номлар билан яшаб қолишни истайдиган бўлсак, бу саволларга бугун жавоб топишимиз ва уларни ҳал этиш бўйича амалий ҳаракатларни айнан бугун бошлашимиз шарт. Эртага кеч бўлади”.
Дарҳақиқат, бу саволлар ҳар бир уйғоқ қалбли зиёлини ўйлантириши, ташвишга солиши, тафаккур юритишга ундаши керак. Бу масала чинакам миллатпарвар зиёлининг танидан ҳаловатни, кўзидан уйқуни олиши лозим. Ёшлар тарбиясини бугунги зиддиятли давр талаблари даражасига кўтариш учун жадид боболаримиз ўгитларига қулоқ тутишимиз, уларнинг фидойилигидан ўрнак олишимиз зарур. Туркистон жадидчилик ҳаракати бонийси Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолияти бунга ёрқин мисол бўла олади.
Жадидчиликнинг тамал тоши дея эътироф этилган маориф ислоҳи жадидлар учун ҳаёт-мамот масаласи бўлгани аён. Негаки, илму маърифатда мутараққий мамлакатлар ёшларидан қолишмайдиган, оламнинг аҳволидан хабардор, янгича фикрлайдиган авлодни тарбияламай туриб, миллатни таназзул гирдобидан тараққиёт соҳилига, инқироз зулматидан тамаддун ёруғлигига олиб чиқиш имконсиз эди. “Янги мактаб ғоясининг назариётчиси ва амалиётчиси” (Бегали Қосимов таъбири) Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолиятида таълим ислоҳоти масаласи концептуал аҳамиятга эга бўлгани сабаби шунда.
Устози Исмоилбек Гаспрали Туркистон мактабларида ўқитиш тизимини ислоҳ қилиш таклифи билан генерал-губернатор барон Вревскийга мурожаат этган 1892 йилда Маҳмудхўжа Беҳбудий навқирон 17 ёшда эди. Демак, ёш Маҳмудхўжа қалбида “усули савтия” мактаблари ғояси Исмоилбек Гаспрали таъсирида шаклланди. Кейинчалик саёҳатлари давомида таълим соҳасидаги дунё тажрибаси билан танишиш баробарида, Гаспрали билан бевосита учрашгач, бу ғоя унинг ҳаётий аъмолига айланди. Беҳбудий ушбу ғояни Ватан мустақиллиги ва миллат тараққийси мақсадларига йўналтирди. Бу жиҳатдан, у ўша даврда туркий дунёнинг энг машҳур сиймоларидан бирига айлангани сир эмас. Туркистон жадидчилигини ўрганган немис олимаси Ингеборг Балдауф улуғ маърифатпарварнинг бу борадаги фаолиятини: “Маҳмудхўжа фаолиятининг ғоят ўзига хослигидан қатъи назар, у Қримда Гаспрали, Қозон татарларининг Қаюм Носирийси, усмонли туркларнинг Аҳмад Мидҳати сингари Ўрта Осиёнинг халқ муаллими эди”, дея баҳолайди.
Беҳбудийнинг таълим ислоҳотига доир фаолияти икки йўналишда кечди: 1) назарий ва 2) амалий. Улуғ мутафаккирнинг янги мактаб ғояси асосида уч концептуал масала туради: биринчиси, авлоднинг саводи ўз она тилида чиқмоғи зарурлиги; иккинчиси, таълим жараёнини замонга мослаштириш, яъни “усули ҳижо” ўрнига “усули савтия”ни жорий этиш, таҳсил усулини янгилаш; учинчиси, мактабда эътиқодимиз асоси бўлган диний илмлар билан бир қаторда замон тақозоси ҳисобланган дунёвий фанларни ўқитиш ва бу орқали миллатнинг мутараққий халқлар даражасига юксалмоғига хизмат қиладиган салоҳиятли авлодни тарбиялаш.
Беҳбудий авлоднинг саводи ўз она тилида чиқмоғи зарурлигини миллий таълимнинг бош шарти деб билди. Шу боис ўзи муҳаррир бўлган “Ойна” журналида тил масаласига асосий эътиборни қаратди. “Икки эмас, тўрт тил лозим” мақоласида “Барча мадрасаларда шаръий ва диний китоблар арабий таълим берилса ҳам, мударрисларни(нг) тақриру таржималари форсчадир. Бу қоида, яъни дарс китоби – арабий, муаллим – туркий, тақриру таржимани(нг) форсийлиги хийла ажибдур”, дея она тилига эътиборсизликдан таажжубланади. “Тил масаласи” сарлавҳали мақоласида улуғ маърифатпарвар тил нозик масала экани, шунга кўра унинг софлигини сақлашга чуқур мантиқ билан ёндашув зарурлиги ҳақида ёзади. Туркий халқларни ўзаро ҳамкорликка чақиради. Арабий ва форсийни имкон қадар камроқ қўллаб, тараққий этган туркий шевалардаги илм-фан китобларини англашга саъй ва ғайрат этмоқ кераклигини таъкидлайди.
Бу муаммолар бугунги кунда ҳам аҳамиятини асло йўқотган эмас. Давлатимиз раҳбари ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини ошириш бўйича катта аҳамиятга эга ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, умумтаълим мактабларида ўзбек тилини ўқитиш самарасини ошириш, бунинг учун миллий сертификатга эга “Ўзбек тили ва адабиёти” фани ўқитувчиларига келгуси йилдан 50 % устама тўланишини, бу мақсадлар учун 2024 йилда қўшимча 10 миллиард сўм, 2025 йилда эса 30 миллиард сўм маблағ ажратилишини таъкидлади. Бошқа тилларда таълим олган ҳамюртларимиз давлат тилидан махсус сертификатга эга бўлса, ўқиш харажатлари давлат томонидан қоплаб берилиши, ўзбек тилидан ўзга тилларга ихтисослашган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилиши бу борадаги муҳим амалий ташаббуслардир.
Жадид боболаримиз таълим усулини замонга мослаштириш, яъни “усули ҳижо” ўрнига “усули савтия”ни жорий этиш, шунингдек, усули таҳсил – ўқитиш методикаси масалаларига алоҳида эътибор қаратган. Маҳмудхўжа Беҳбудий фикрича, муаллим, биринчидан – олим, иккинчидан – ғайратли, учинчидан – усули таҳсилдан хабардор бўлмоғи зарур. Жумладан, мутафаккир “Ислоҳи таҳсил” мақоласида мана бундай ёзади: “Агар муаллимнинг ўзи ҳозирги аксар мактабдор ва мударрислардек камҳавсала ёинки камилм бўлса, ёинки илми бўла туруб, усули таҳсилдан хабарсиз бўлса, ани(нг) шогирдлари нодон қолур”. Аллома таълимни замон талабларига кўра ислоҳ этмоқ учун дастурий аҳамиятга эга фикрларни билдиради. Унинг қарашича, замона уламоси турк билан туркча, форс билан форсча, араб билан арабча эркин ва мунтазам сўзлаша олиши, ҳаттоки бу уч тилдаги матнларни юқори савияда таҳрир этиш иқтидорига эга бўлиши зарур. Бугунги кунда муаллимларнинг она тили қаторида дунё тилларидан бир нечтасини мукаммал билиши, уларда нашр этилаётган илмий кашфиётлардан, аввало, ўзи хабардор бўлиши ва албатта, ёш авлод онгу шуурини илмдаги энг сўнгги ютуқлар билан ёритиши муҳимдир. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Икки эмас, тўрт тил лозим” мақоласи ана шу масала таъсирли ифодалангани билан алоҳида ажралиб туради.
Давлатимиз раҳбари болаларимиз Хоразмий, Беруний, Ибн Сино сингари буюк мутафаккир аждодларимизнинг қайси асарини ўқий олиши, Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек ва Али Қушчининг болалик даврини ким билиши ҳақида савол берар экан, зиёлиларга мана бундай мурожаат қилди: “…ана шундай алломаларимизнинг ёшлиги ҳақида китоблар ёзиш, ёзганда ҳам болаларбоп қилиб ёзиш керак.
Фурсатдан фойдаланиб, мен ўз соҳасида илмий мактаб яратган ҳурматли олимларимизни адиблар ва ноширлар билан ҳамкорликда болалар учун қизиқарли ва сермазмун китоблар яратишга чақираман”. Давлат раҳбарининг бу сўзлари Абдурауф Фитратнинг “Авлод тарбияси – миллат тарбияси” деган ёниқ фикрларини ёдга солади. Ҳақиқатан, биз ёш авлод, айниқса, болаларимиз қалбига буюк мутафаккир боболаримиз даражасига етишмоқ орзусини жойлашимиз шарт. Халқимизнинг: “Чўққига интилган ҳеч бўлмаганда тепага чиқади” мазмунидаги мақоли бор. Ёш авлод қалбида илм-маърифатга чексиз рағбат туйғусини уйғотишимиз ва бу йўлда жидду жаҳд қилмоғимиз лозим.
Маҳмудхўжа Беҳбудий фикрича, чинакам тараққийга эришмоқ учун ёш авлод ўз даври илмларини ўрганиш билангина кифояланмаслиги керак. Эртанги кун учун ҳам қайғурмоқ, келар замон илмини-да пухта эгалламоқ зарур. Улуғ маърифатпарварнинг: “Эй мусулмонлар! Болаларинғизга келар замон илмини ўргатингиз! Зероки, аларни Худойи таоло халқ этди, сизларнинг замонингиздан бошқа, яъни келар замон учун”, деган сўзлари бунинг исботидир. Аслида, буюк аждодларимиз замондан ўзиб кетиш борасида ҳам беқиёс ибрат намунасини кўрсатганлар. Боболаримизнинг илмий кашфиётлари неча асрлардан ўтиб, бугун ҳам башарият тафаккури ва тамаддуни юксалишига хизмат қилаётгани бунинг исботидир. Демак, авлодларимизнинг тараққиёт билан ҳамқадам бўлиши, ҳатто замондан бир қадам олдинда юришига эришмоқ учун асослар бор.
Маърифатпарвар жадидларимиз: “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғояни шиор қилиб олган ва амалда бунга эришган. Лекин қаттол мустамлака маъмурияти Ватан ва миллат фидойиларининг қанотини синдирди, уларни аёвсиз маҳв этди. Тарихнинг адолатини қарангки, жадидларни қатағон гирдобига ташлаган, қатл этган тузум узоқ яшай олмади. Бугун у тузум йўқ. Лекин жадидлар ҳануз тирик. Миллатнинг ҳар бир фарзанди қалбида, давлат раҳнамоси қалбида ҳамон яшаётир. Жадидларнинг бебаҳо асарлари миллатни олға – юксак марраларга ундайдиган Учинчи Ренессанс деган ҳаётбахш ғояга хизмат қилаётир. Эски даврларни қўмсаб, ҳар-ҳар замонда жон қадар, иймон қадар азиз истиқлолимизга раҳна солишга интилаётган бадбахтларга қарши курашга ундаётир. Ҳақиқатан, бугунги мураккаб ва зиддиятли давр ҳар биримизнинг жадид бўлишимизни тақозо этмоқда. Тилда, фикрда, ишда бирликни ҳаётий эҳтиёжга айлантирмоқда. Сиз бунга нима дейсиз, азиз замондош?!
Нурбой ЖАББОРОВ,
филология фанлари доктори, профессор
“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2024 йил 19 январь
Сўнгги фикрлар