Тилшунослик меъмори
Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Абдузуҳур Абдуазизов таваллудига 80 йил тўлди.
Таржима асарлари билан турли эллар, халқларни якдил қилган моҳир таржимонларни “Олтин кўприк” деб таърифлашади. Таржимонларни камолга етказган, она тилимиз мавқеини дунё қадар кўтаришга умрини бахшида этган олимни эса ҳақли равишда “Тилшунослик меъмори” десак арзийди.
Ижод, бадиий асар яратиш машаққатини қалам аҳли яхши билади. Бадиий асарни бир тилдан бошқасига таржима қилиш ундан ҳам залворлироқ меҳнат талаб қилади. Бунинг учун таржимонда икки тилни мукаммал билишдан ташқари ўша адиблар қадар бадиий маҳоратга ҳам эга бўлмоғи лозим. Шундай таржимонларни камолга етказган инсонни эса том маънода устозлар устози, десак арзийди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети тарихида ёрқин из қолдирган атоқли олим, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор Абдузуҳур Абдуазизов тилшунослик илми бўстонида ўзининг маърифий мактабини яратган фидойи инсонлардан эди.
Устоз 1938 йили Тошкент шаҳрида ҳунарманд оиласида таваллуд топган. 1955 йили шаҳардаги 40-сонли ўрта мактабни тамомлаб, 1956-1961 йилларда Тошкент давлат чет тиллар педагогика институти (ҳозирги Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети) инглиз филологияси факультетида, сўнг Тошкент давлат чет тиллар педагогика институти аспирантурасида таҳсил олган. 1967 йили Москва шаҳрида “Герман ва туркий тиллар” ихтисослиги бўйича номзодлик диссертациясини ёқлаб келди. У бутун умрини инглиз ва ўзбек тиллари фонологиясининг назарий ва амалий масалаларига қаратилган тадиқиқотларга бахшида этди. 1974 йили Москвада 36 ёшида Марказий Осиё ва Қозоғистон миллий кадрлари ичида биринчи бўлиб “Герман ва туркий тиллар” ихтисослиги бўйича докторлик диссертациясини ёқлади, филология фанлари доктори илмий даражасига эга бўлди. “Фонологик системаларнинг типологиясига доир” мавзусидаги мазкур докторлик диссертацияси қиёсий тилшуносликни янгиликлар билан бойитди.
Абдузуҳур Абдуазизов ўзбек, рус, инглиз ва дари тилларида бир қанча мукаммал илмий ишларни нашр қилдирди. Домланинг илмий ишлари қамрови ниҳоятда кенг бўлиб, тилшуносликнинг турли соҳаларини муҳим, ишончли ва чуқур, бой лисоний маълумотлар асосида таъриф ва тавсиф этилганлиги билан фарқ қилади. Шу сабабли улар илмий ишлари мамлакатимиз ва хорижий мамлакатлар илмий жамоатчилиги томонидан юқори баҳоланган.
Унинг 1-босқич талабалари учун “Инглиз тили дарслиги” (1979 й.), ўзбек тилида нашр қилинган “Умумий тилшунослик” (1979 й.), “Тилшуносликка кириш” (1981 й.), “Ўқитувчилик мутахассислигига кириш” (1982 й.), 1-2-босқич сиртқи бўлим талабаларига мўлжалланган “Инглиз тили дарслиги” (1985 й.), “Тилшуносликка кириш” (1989 й., рус тилида), “Инглиз тилининг амалий фонетикаси” (1992 й.) каби қатор дарслик ва ўқув қўлланмалар муаллифдир. Бу нодир китоблар республикамизнинг барча олий таълим муассасаларида кенг қўлланилмокда. 400 дан ортиқ илмий рисолалар, мақолалар, ўқув қўлланмалар ва дарсликлар муаллифи бўлган олимнинг “Умумий ва қиёсий-типологик фонология элементлари” (1981 й., рус тилида), “Инглиз тилининг назарий фонетикаси” (1986 й., инглиз тилида), “Тиллар оламига саёҳат” (1988 й.), “Ўзбек тилининг фонологияси ва морфонологияси” (1992 й.) каби китобларида ўзбек ва инглиз тиллари фонетикаси ва фонологиясининг асосий йўналишлари бўйича муҳим масалалар ўртага қўйилди ва улар ўзининг илмий ечимини топди. Шу ўринда шуни таъкидлаш керакки, ўзбек ва инглиз тиллари чоғиштирма фонетикаси ва фонологиясининг пойдеворини қўйишда устоз Абдузуҳур Абдуазизовнинг қилган хизматларини ҳеч ким инкор қила олмайди.
Устознинг туркий тиллар ичида турк тилидан кейин иккинчи ўринни эгаллаб турган ўзбек тили фонологияси ва морфонологиясини илмий ёритиб бериши умуман туркийшуносликка, хусусан ўзбек тилшунослигига қўшган улкан ҳиссасидир.
Абдузуҳур Абдуазизов 1991-1993 йилларда Тошкент давлат университети тиллар факультети декани лавозимида, 1993-1994 йилларда Халқаро алоқалар бўйича ректор ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган. ЎзМУ хорижий филология факультетига декан этиб тайинланган даврда яъни, 1994-2007 йилларда эса устоз ўз фаолиятини факультет илмий салоҳиятини кўтаришдан бошлади. Бу даврда факультетнинг барча ўкитувчилари илмий иш билан шуғулланишди. Устоз мазкур ишларга бош-қош бўлган. Аспирантуранинг сиртқи ва кундузги бўлимларига кўплаб ёшлар қабул қилинди. Натижаси эса ёмон бўлмади, домла факультетга деканлик қилган даврларда диссертация ишларини ҳимояга тайёрлаш ва ҳимоя килиш ишида ўзининг қимматли вақтини аямаган. У билимдон ва зукко олим, талабчан, зийрак, эътиборли ҳамда меҳрибон устоз сифатида 10 дан зиёд ёш олимларнинг докторлик ва номзодлик ишига раҳбарлик қилган, домланинг илмий раҳбарлигида шогирдларидан 2 нафари докторлик ва 11 нафари номзодлик диссертациясини ҳимоя килган.
Заҳматкаш олимни ҳамкасблари фонология фанининг отаси, дея эътироф этадилар. Зотан, туркий ва герман тиллари фонетикаси, фонологияси ва морфонологияси, умумий тилшунослик ва нутқ маданияти, социолингвистика ва психолингвистика фанлари ҳамда ғарб-у шарқ тилларининг билимдони бўлган заҳматкаш олим онгли ҳаётини шу соҳанинг камини тўлдиришга, ўзбек ва жаҳон тилшунослигини пайваста қилишга бахшида этди.
Устоз ўзининг “Тиллардан тилларга” сарлавҳали мақоласида рус тилидаги кўпгина сўзлар туркий тиллардан ўзлашганини исботлаб беради.
“Мисол: казна – туркий “ғазна”, арабча “хазина”дан олинган. М.Фасмер тузган рус тилининг этимологик луғатида бу сўз туркча xazna, қрим-татар тилида хазна, деб берилган. Казначей – казначы/казнацы – “ғазначи” ҳам шу сўз асосида яратилган. Ёки рус тилида баш (“бош”) сўзи “бошқа” шаклида ҳам қўлланади. Шу сўз асосида “бошма бош” – “баш на баш” сўз бирикмаси ясалган. Славян тилларида, хусусан, рус тилида сургуч (“сўрғич” сўзидан), очаг (“ўчоқ” сўзидан), таз (“тос” сўзидан), инжир (“анжир” сўзидан), изюм (“узум” сўзидан), чалма (“салла” сўзидан), каурдак (“қовурдоқ” сўзидан), куржун (“хуржун” сўзидан), шаровар (“шарвар” сўзидан), камыш (“қамиш”сўзидан), кирпич (“ғишт” сўзидан) каби юзлаб сўзлар қўлланиб келмоқда.
Орда, ўрда — “хон тўхтайдиган жой”, “сарой” маъносини ифодалайди. Бу сўз рус тилидан ташқари мўғул тилида “орд (он)” ва бурят тилида “ордон” шаклларида учрайди.
Алый – “ола”, каурый/коурый — “қўнғир” сўзлари асосида ҳосил бўлган ва улар рус ҳамда бошқа славян тилларида фаол қўлланиб келмоқда. Биҳи/беҳи аслида bigh ўзагидан ҳосил бўлиб, эрамиздан аввалги IV-VI асрларда скиф ва сарматлар томонидан қўлланган. Кейинча “б” товуши “p”га ўтган, pigy шаклида туркий тилларида қўлланган ва форс тилида pihi – беҳига айланган”.
“Ҳар бир халқнинг тили ўзига тегишли сўзлар билан бирга бошқа тиллардан ўзлашган сўзларга ҳам эгадир. Лекин биз “ўзлашма сўз” деб атайдиган сўзлар келиб чиқиши – этимологияси жиҳатидан ўз тилимиздаги сўз бўлиб, бошқа тилларга ўзлашган,– деб ёзганди устоз мазкур мақоласида.– Мана, бир мисол. Машҳур тилшунос, герман ва туркий тиллар билимдони В.Д.Аракиннинг (1904-1983) ёзишича, рус тилига туркий тиллардан ўтган “достакан” сўзи “Игор жангномаси” асарида қўлланган ва “тостакан/тустуган” шаклида “сув ичиладиган ёғоч идиш”ни ифодалаган. Кейинча бу сўздаги биринчи бўғин -до тушиб қолиб, у “стакан” шаклини олган. Яна бир мисол: шиш — “пуфак” сўзи туркий тилларнинг аксариятида мавжуд. Лекин XIV асрдан бошлаб бу сўз рус тилида “ҳеч нима, ҳеч нарса” маъносида “шиш получишь” иборасида қўлланиб келинмоқда.
Инсон ўзини англаши ва англатиши тил орқали амалга ошади. Шу билан бир қаторда тил кишиларнинг миллат сифатида бирикуви, халқ сифатида шаклланиб, дунёда ўз ўрнига эга бўлишида ҳам тил етакчи маънавий ва руҳий омил саналади. Жаҳон халқлари тиллари орасида ўзига хос мавқега эга бўлган ўзбек тили дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган. “Алпомиш”дек буюк эпосни берган, “Хамса”дек муаззам бадиий обида яратилган ўзбек тили инсоният маданияти, бадиий тафаккури миқёсларини бор бутунича қамраб олишга қодир тиллар сирасидандир. Устознинг “Тилимизга лоқайд бўлмайлик” сарлавҳали суҳбатида ҳам ғоят долзарб мавзуда сўз юритилади.
“Ҳар бир халқ ҳаётида, ҳар бир давлат тараққиётида тилнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс аҳамиятга эга. Зеро, миллатнинг тили унинг ўзи каби бетакрор хазина. Хусусан, бизнинг она тилимиз ҳам даҳо шоиримиз ҳазрат Алишер Навоий таъбири билан айтганда “мамлакатни якқалам” қилган — туркий қавмлар ва элатларни бирлаштирган қудратли куч бўлгани тарихдан маълум,– дейди тилшунос олим.– Ҳозирги ўзбек тилшунослигида кўпгина долзарб муаммолар мавжуд. Жумладан, ўзбек тилининг фонетика, фонология ва морфологияси, грамматикаси, лексика ва семантикаси, стилистикасига доир фундаментал тадқиқотлар яратиш, уларни нашр этиш лозим. Чунки бундай тадқиқотларга эҳтиёж катта. Айни пайтда фан ва техниканинг турли соҳаларига оид икки (ўзбекча-инглизча) ва уч тилдаги (ўзбекча-инглизча-русча) катта ва кичик луғатлар, ўзбек тили қатори хорижий тилларни ҳам амалий ўрганувчилар учун турли дастурлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилаётгани қувонарли ҳол. Зеро, бугунги ўзбек тилини унинг мустабид шўро замонидаги аҳволи билан қиёсласак, жуда катта фарқ борлиги яққол кўринади. Она тилимиз жаҳондаги энг йирик тилларда мавжуд бўлган белгиларга эга. Эндиликда тилимиз халқаро анжуманларда, нуфузли саммитларда, интернетда қўлланилиши билан юксак мулоқот воситасига айланди. Бу, албатта, мустақиллигимиз шарофатидир”.
Тилшунос олим Абдузуҳур Абдуазизовнинг бу қуйма сатрлари бугунги глобаллашган замонда янада муҳимроқ аҳамият касб этади.
Бугун орамизда жисман бўлмаса-да, илмий, маърифий хазинаси билан замондошлар, ёш авлод қалбида мангу яшаётган олимнинг беқиёс мероси то абад миллат тараққиётига хизмат қилаверади.
Тўлқин Эшбек,
ЎзМУ Ахборот хизмати раҳбари
Сўнгги фикрлар