Тил ва адабиёт таълимини оптималлаштириш ўзини қанчалик оқламоқда?

2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили 9 / 12 / 2017

Тил ва адабиёт таълимини оптималлаштириш ўзини қанчалик оқламоқда?

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши, 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори жамият маънавиятини юксалтиришда адабиётнинг ўрни нечоғлик юксак эканини кўрсатади.

Юртимизда таълим соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар туфайли адабиётни ўқитишда ҳам салмоқли ютуқлар қўлга киритилди. Бироқ бу борада эътибор қаратилиши лозим бўлган айрим масалалар ҳам йўқ эмас. Жумладан, узлуксиз таълим тизимида адабиёт фанини ўқитиш, бу йўналишда юқори малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш жараёнини янада такомиллаштириш шулар сирасига киради.

Бадиий адабиёт аниқ, табиий ёхуд техника фанлари сингари ишлаб чиқариш равнақига бевосита таъсир кўрсатмаса-да, ишлаб чиқаришни бунёд этувчи кадрлар, жамият аъзолари маънавиятига таъсир кўрсатиб, камолотга ундовчи қудратли воситадир. Шу боис ҳам адабиёт таълимига алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Мамлакатимизда “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг қабул қилиниши туфайли ўзбек тили ва адабиёти мутахассислари тайёрлайдиган олий ўқув юртларидаги факультетларга эътибор кучайтирилиб, ўқув соатлари кўпайтирилди. Шунингдек, нофилологик йўналишларда ҳам ўзбек тили ва адабиётидан махсус курслар ўтилиши юзасидан буйруқлар чиқарилди. Лекин икки-уч йилдан сўнг бу ҳаракатлар деярли барҳам топди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги мамлакатдаги ўқув юртларининг нофилологик факультетларида, лицей ва коллежларда ўзбек адабий тили ва адабиётини махсус курс сифатида ўқитиш тўғрисида (1992 йил 25 октябрь ва 1996 йил 14 ноябрь) икки марта буйруқ чиқарган, улар асосида тузилган дастурни ҳам вазирликнинг ўзи 1998 йили тасдиқлаган эди. Шу дастур асосида икки нафар академик (Ғ.Абдураҳмонов ва С.Мамажонов) ёзган дарслик 2002 йилда нашр этилди. Ҳозир бу курслар ўтилмаяпти. Савол туғилади: бундан 10—15 йил аввал ўқиган талабалар учун ўзбек тили ва адабиёти зарур бўлгану ҳозиргилар учун керак эмасми?

Тил ва адабиёт масаласи миллат тақдирига бевосита дахлдор. Кейинги йилларда давлат тилида иш юритиш бўйича қатор муаммолар вужудга келаётгани шу каби сабабларга боғлиқ.

Ўқитувчи қайси фандан дарс бермасин, фикрини ўқувчиларга аниқ, равон баён эта олиши, тушунарли, таъсирчан нутққа эга, ёзма саводхонлиги юқори бўлиши лозим. Афсуски, ҳозир аксарият ўқитувчилар фаолиятида нутқ ва ёзма саводхонлик билан боғлиқ қатор муаммоларга дуч келинмоқда. Бу педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг барча факультетлари намунавий ўқув режасига она тили ва адабиёт фанларини киритиш, Ўқитувчи нутқ маданияти фанини асосий фан сифатида ўқитишга, ажратилган соатларни кўпайтиришга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатмоқда.

Ўзбек тили ва адабиёти йўналиши намунавий ўқув режасини такомиллаштириш пайти келди. Мазкур йўналишда умумкасбий (яъни, ўзбек тили ва адабиёти) фанларига 1999-2000 ўқув йилида 4050 соат ажратилгани ҳолда, ҳозирги вақтга келиб бу кўрсаткич деярли минг соатга камайган. Математика ва табиий фанлар блокидаги предметларга эса 1030 соат, жумладан, демо¬графия асослари учун 120 соат, олий математика учун 120 соат ажратилган. Талаба математика фани бўйича мактаб, лицей ёки коллежда ҳаётда қўллаш учун зарур билимга эга бўлади. Қолаверса, математик саводхонлик умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ўқув режасидаги барча фанларнинг таянч компетенциялари таркибидан ҳам ўрин олган. Филолог мутахассис тайёрлайдиган олий таълим йўналишида математика фани учун яна шунча соат ажратилиши ўринли эмас. Унинг ўрнига мутахассислик фанларини жорий этиш ёки соатларини кўпайтириш мақсадга мувофиқ. Сўнгги 10—15 йилда етишиб чиққан филологларнинг аксарияти олий таълимда берилган билимлар касбий фаолиятида жуда асқотмаётганини таъкидлашмоқда.

Давр тақозосига кўра, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими намунавий ўқув режаларига янги фанлар киритиляпти. Масалан, инглиз тилини ўқитиш ва ўрганиш зарурати режадаги бошқа фанларга ажратилган соатларга таъсир этиши шуб¬ҳасиз. Лекин етук кадр тайёрлашда мутахассислик фанларининг салмоғи талаб этилган даражадан кам бўлмаслигини инобатга олиш лозим.

“Оптималлаштириш” атамаси ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида рўй бераётган ижобий ҳодисаларни, янгиликларни англатади. Бироқ адабиёт таълимида амалга оширилаётган оптималлаштириш баъзан ўзини оқламаяпти.

Фан, предмет, ўқув курс¬ларини тўғри номлаш таълим жараёнини ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга. Кейинги пайтда олий ўқув юртларининг филология факультетлари намунавий ўқув режасидаги адабиётшуносликка кириш ҳамда адабиёт назарияси фанлари бирлаштирилиб, адабиётшунослик назарияси номи остида ўқитиладиган бўлди. Бир қарашда, моҳиятан шундай қилиш ўринлидек. Бироқ “Адабиётшунослик назарияси” деган мазмунан ҳеч қандай тушунча англатмайдиган қурама атама янгилик бўлди. Боз устига, иккита мустақил фаннинг битта ўқув предметига айлантирилиши натижасида мутахассислик фани 270 соатнинг деярли 27 фоизидан мосуво бўлди.

Яқин йилларгача филолог талабалар ўзбек мумтоз адабиёти тарихи, миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти, янги ўзбек адабиёти тарихи, ўзбек адабий танқиди тарихи, жаҳон адабиёти тарихи, туркий халқлар адабиёти тарихи сингари алоҳида-алоҳида фанлардан таҳсил олар, адабий таълимнинг бу даражадаги дифференцияси ўзини тўла оқлар эди. 2015-2016 ўқув йилига келиб (эҳтимол, яна соат қисқаришлари туфайли бўлса керак), юқоридаги предметлар “оптималлаштирилди”. Бунинг натижаси ўлароқ ўзбек мумтоз ва миллий уйғониш адабиёти, янги ўзбек адабиёти ва адабий танқиди тарихи, жаҳон ва туркий халқлар адабиёти каби кенг қамровли фанлар юзага келди. Тўғри, бирлаштирилган фанларда умумий нуқталар бисёр, бироқ уларнинг ҳар бири ўз мақсад ва вазифаларига, ўз ички хусусиятларига эга. Ўз навбатида, бу талабаларнинг бадиий адабиётни, ундаги ҳодиса ва жараёнларни тўлиқ идрок этиши ҳамда ўзлаштиришига салбий таъсир этмоқда. Айни хулоса адабиёт муаллимлари ва мутахассислари ўртасида ўтказилган сўровномаларда ҳам ўз аксини топди.

Ҳамма соҳаларда қўлга киритилган ютуқлар замирида мутахассислик фанларидан олинган билимлар туради. Адабиёт таълими ҳам бундан мустасно эмас. Афсуски, кейинги йилларда таълимдаги янгиликлар соатларни қисқартириш ёки оптималлаштиришдангина иборат бўлиб қолмоқда.

Инсон маънавиятини шакл¬лантиришда, дунёқарашини ўстириш ва сўз бойлигини оширишда ҳеч қайси восита адабиётга тенглаша олмайди. Шундай экан, талабаларга, айниқса, бўлғуси педагогларга адабиётни ўқитиш кечиктириб бўлмайдиган вазифадир. Педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг барча факультетлари ўқув режасига адабиётни фан сифатида киритиш орқали етук малакали кадрлар тайёрлаш, жамиятда китобхонлик маданиятини юксалтириши мумкин.

Педагогика йўналишидаги олий ўқув юртлари таркибида мусиқа таълими йўналиши мавжуд. Унда 2014-2015 ўқув йилига қадар ўқитилган ўзбек адабиёти (поэзия) предмети ўқув режадан чиқарилиб, ўрнига физика қўйилди. Бу фан талабалар замонавий чолғу асбобларининг техник жиҳатларини билиши учун зарур, бироқ мусиқани азалий йўлдоши бўлган шеъриятдан мосуво этиш қанчалик тўғри?

Бизнингча, факультетлар ва кафедраларни бирлаштириш масаласига ҳам жиддий ёндашиш керак. Баъзи олий ўқув юртларида (масалан, Гулистон давлат университети) 2015-2016 ўқув йилидан ўзбек филологияси йўналишидаги “Адабиётшунослик” ва “Ўзбек тилшунослиги” кафедралари бирлаштирилиб, педагогика факультети таркибига ўтказилди.Бундан 50—60 йил илгари юқори малакали мутахассислар йўқлиги сабабли тилшунос ва адабиётшунос мутахассислар бир кафедрада фаолият кўрсатган. Кейин малакали мутахассислар етишиб чиққач, ҳар икки йўналишдаги кафедралар мустақил фаолият олиб боргани, таълим тизими бундан кўп нарса ютгани сир эмас. Тил ва адабиёт юзаки қараганда бир-бирига яқин бўлгани ҳолда ниҳоятда катта фарқ ва ўзига хосликларга эга.

Ҳозир тест синовлари борасида турли фикр, мулоҳазалар билдирилмоқда. Она тили ва адабиёт таълими нуқтаи назаридан оладиган бўлсак, тест синовлари бу фанларнинг мазмун-моҳиятига унчалик тўғри келмаслигига амин бўламиз. Чунки айни пайт¬даги тест тизимида асосан фактларни ёдда сақлаш тамойили устунлик қилади. Абитуриент ёки талабанинг адабий ҳодисаларга ижодий ёндашувини, улар ҳақида мустақил мушоҳада юритиши, фикрини оғзаки ва ёзма равишда саводли баён этиб беришини аниқлашнинг иложи йўқ. Фикримизча, филология йўналишларига талабаликка қабул қилиш бўйича синовлар ижодий ёзма иш ва суҳбат тарзида амалга оширилиши лозим.

Бахтиёр НАЗАРОВ,

Ўзбекистон Фанлар академияси академиги,

Умурзоқ ЎЛЖАБОЕВ,

Гулистон давлат университети доценти,

Қурдош ҚАҲРАМОНОВ,

филология фанлари доктори,

Ислом ЁҚУБОВ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти,

Шаҳноза ЭРГАШЕВА,

филология фанлари номзоди

http://marifat.uz/marifat/ruknlar/Xalq_bilan_muloqot/895.htm

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *