Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ҳар бири чиқишларида кишилик тарихидаги энг қонли, энг катта йўқотиш ва мислсиз қурбонларга, эл-юртимиз ўртасида қанча-қанча мусибат ва офатлар, ғам-аламларга, бева-бечоралар ва етимларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган бешафқат уруш ҳеч қачон қайтарилмаслиги учун бундай фожиа ва балоларнинг олдини олиш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиш зарурлигини таъкидлаб келади.
Афсуски, бугунги кунда дунёнинг турли ҳудуд ва минтақаларида, олис ва яқин атрофимизда қарама-қаршилик ва зиддиятлар тобора кучайиб бораётганини кўрмоқдамиз. Айрим жойларда қон тўкилаётгани, низо ва адоватлар авж олаётгани, фашизм деган бало яна бош кўтараётгани, миллатчилик, шовинизм каби ҳавфли офатлар майдонга чиқаётгани, бир сўз билан айтганда, вазият тобора кескинлашиб, хавф-хатарлар ортиб бораётгани барчамизни ташвишга солмасдан қўймайди. Бугунги кунда ҳар бир инсон албатта бундай ғоят хавфли ҳолатларни, шулар қаторида собиқ иттифоқ ҳудудларида пайдо бўлаётган қарама-қаршиликларни кўриб, кеча яқин дўст бўлганлар эртага ўзаро душманга, ўта хатарли вазият юзага келиб қонли урушга айланиб кетмаслигини истайди.
Бугунги кунда инсоният бир қатор глобал муаммолар – экологик таҳдидлар, одамзотнинг яшаб қолиши, урушлар, қуролли тўқнашувлар билан тўқнаш келмоқда. Таҳлилчилар урушларни олдини олиб, ер юзида тинчлик ўрнатиш, экологик муаммоларнни бартараф этиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири эканлигини таъкидлашади. Бу муаммоларни бартараф этиш инсониятнинг келажак манфаатларига хизмат қилади. Агар бу муаамолар хал қилинмайдиган бўлса, у холда инсоният келажаги хавф остида қолади. Урушлар инсониятининг “тарихий йўлдоши” бўлиб келгани тан олинади. Олимларнинг фикрича, беш минг йиллик тарих давомида ер юзида 14 500та уруш бўлиб ўтган. Бу урушлар оқибатида 3,5 миллиард киши ҳалок бўлган. Энг қисқа уруш 1896 йилда Англия ва Занзибар ўртасида юз берган. Бу уруш 38 дақиқа давом этган. Энг узун уруш эса Голландия ва Силли ўртасида салкам тўрт аср давом этган.
Авваллари ибтидоий даврда урушлар бўлмагани айтиб келинар эди. Энди маълум бўлишича, ўша даврларда хам аждодларимиз бир-бирларига қурол ўқталган экан.
Инсоният тарихи шуни кўрсатиб турибдики, шу кунга қадар одамлар табиий офатлар (зилзила, сув тошқинлари, қурғоқчилик, турли касалликлар)ни бартараф этиш билан шуғулланиб келган бўлса, эндиликда инсонларнинг ўзлари табиат ва жамият инқирозига сабаб бўлмоқда. Жамиятдаги хар қандай ўзгариш табиатга таъсир қилмасдан қолмаяпти. Ядро қуроли яратилиши билан инсоният олдида уруш ва тинчлик муаммоси долзарб ахамиятга эга бўлди. Журналистлардан бири А.Эйнштейнга учинчи жахон уруши ҳақида савол билан мурожаат қилганида, у “учинчи жаҳон урушида қандай қуроллар билан жанг қилишларини билмайман-у, аммо тўртинчи жаҳон уруши таёқлар билан бўлишига ишонаман” деган экан. У бу сўзлари билан учинчи жаҳон уруши ер юзини остин-устун қилишига шаъма қилиб ўтганига шубха йўқ. Бугунги кундаги қуролланиш, давом этаётган қирғин-баротлар буюк олимнинг фикрларини исботламоқда. Тахлилчиларнинг сўзларига қараганда, бугунги кунда дунё мамлакатлари эга бўлган ядро қуролларининг атиги беш фоизи ишлатилган тақдирда ер шарини ўз ўқидан чиқиб кетишига олиб келар экан. Агар вазият шу даражада давом этадиган бўлса, у холда ер юзидан нафақат инсонлар йўқолиб кетади, балки сайёрамизнинг ўзи ҳам йўқ бўлиб кетиши турган гап. Ўзи нимани талашаяпмиз, деган саволни берадиган одам борми?
Таҳлилчиларнинг фикрича, XIX асргача урушлар мамлакатларнинг иқтисодиётиига деярли таъсир қилмаган. Аммо XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрдан бошлаб урушлар нафақат мамлакат иқтисодиётига, балки кенг омманинг турмуш тарзида акс эта бошлади. Эндиликда ҳарбий ҳаракатларда бир-икки давлат эмас, балки кўплаб мамлакатлар иштирок этмоқда. Биринчи жаҳон урушида 70 миллиондан ортиқ киши иштирок этган бўлса, Иккинчи жаҳон урушида 110 миллионга яқин киши қатнашди. Европа мамлакатларида бўлиб ўтган урушлар таҳлил қилинар экан, XVII асрда — 3,3 миллион киши, XVIII асрда — 5,4 миллион киши, XIX аср ва XX аср бошларида (Биринчи жаҳон урушига қадар) — 5,7 миллион киши, Биринчи Жаҳон уруши (1914 йилнинг 28 июл – 1918 йилнинг 11 ноябри)да — 9 миллиондан ортиқ киши, Иккинчи Жаҳон уруши (1939 йилнинг 1 сентябр – 1945 йилнинг 2 сентябри)да эса 50 миллиондан ортиқ кишининг ҳалок бўлгани айтилади. 1945 йилдан 1990 йилгача бўлган даврнинг 2340 хафтасида атиги уч ҳафтасида ер юзида уруш бўлмапти. ХХ асрнинг 90-йилларида ер юзида 100 дан ортиқ ҳарбий ҳаракатлар қайд қилинган. 90 дан ортиқ давлат иштирок этган бу урушларда 9 миллионга яқин киши ҳалок бўлди. Биргина 1990 йилда ер юзида 31 та қуролли тўқнашув қайд қилинган. Урушлар хукмдорларнинг шуҳратпарастлиги туфайли келиб чиқади. Ўтган асрнинг 90-йилларидан бошлаб қуролли тўқнашувларнинг янги кўриниши — миллатлараро тўқнашувлар, рангли инқилоблар пайдо бўлди. Рангли инқилоблар юз берган мамлакатлардаги вазият таҳлил қилинадиган бўлса, одамларнинг турмуш тарзи яхшиланиш ўрнига баттар ёмонлашгани, мамлакат турли бўлакларга бўлинган ҳолда маҳаллий кланлар томонидан бошқарилаётганини, миллатчилик, шовинизм авжига чиққанини кўрамиз. Хокимиятни қўлга киритган мухолифат вакиллари ўртасидаги келишмовчиликлар ҳам мамлакат пароконда бўлишига сабаб бўлмоқда.
Қуролланиш пойгасини тўхтатиш, ҳарбий ҳаражатларни камайтириш орқали маблағларни мамлакатлар иқтисодиётининг бошқа тармоқларига йўналтириш мумкин. Ҳарбий харажатлар ўндан бир қисмига камайтирилган тақдирда хам ривожланаётган мамлакатларнинг иқтисодиётини яхшилашга, бу мамлакатлар ахолисининг турмуш шароитини тубдан ўзгартиришга омил бўлар экан.
Урушлар туфайли шахарлар, тарихий обидалар вайрон бўлаётганидан асло кўз юмиб бўлмайди. “Ироқ ва Шом Ислом Давлати” (ДАИШ), кейинроқ эса “Ислом давлати” деб аталган террор ташкилоти Мосулни ўз пойтахти деб эълон қилганидан кейин у ердаги бебахо маданий мерос жиддий ҳавф остида қолди. Жангарилар Мосулдаги марказий кутубхонани портлатиб юбориши ва ўт қўйганларидан сўнг жаҳондаги энг қадимий деб айтилаётган кутубхона ҳовлисида китоб ва қўлёзмаларни ёқиб, гулхан ясашди. Умумий ҳисобда маданият, фалсафа ва тарихга оид 10 минг том китоб йўқ қилинди. Улар орасида юзлаб манускриптлар бор эди. Жанггарилар Мосул музейидаги дурдоналар – минглаб йиллар давомида кўзни қувонтириб турган бебаҳо санъат асарларини бир неча дақиқа ичида ер билан яксон қилди. Террорчилар булдозерлар ёрдамида Юнус пайғамбарнинг қабри ва масжидини ҳам бузиб ташлашди. Шу ўринда бундан 14 йил аввал Афғонистоннинг Бомиён вилоятида Толиблар томонидан қадимий улкан Будда ҳайкалларининг вайрон этилганини хам эслатиб ўтиш керак. Тоғ бағрига эрамизнинг 3-7 асрларида ўйиб ишланган ҳайкаллар портловчи моддалар ёрдамида портлатилганди.
Малидаги вазият ҳам кишини ташвишлантиради. Жанггарилар Тимбукту шаҳридаги ноёб архивга ўт қўйди. Бу ердаги қадимий омборхона ва янги Тадқиқот Марказида жахон мероси саналмиш – яъни 12- 13 асрларда яратилган биология, астрономия, тарих, математика, мусиқа ва бошқа фанларга оид юз мингдан ортиқ қўлёзмалар, манускриптлар сақланарди. Террорчилар шахарнинг маданий қадриятларини, жумладан қадимий Жингуеребер масжиди ва сўфийларнинг қадамжолари хамда мақбараларини тахқирлашди, бузиб ташлашди. Террорчиларнинг кўр-кўрона хатти-харакатлари оқибатида инсоният ўзининг тарихий ва маънавий бойлигидан махрум бўлмоқда. Мусулмон мамлакатларида истиқомат қилувчи аҳоли террорчиларнинг бу ишлари муқаддас ислом динига мос келмаслигини англаб етган. Бироқ, номусулмон халқлар эса, бу каби ишларни кўриб, “ислом дини бузиш, вайронагарчилик келтириш, бегуноҳ одамларни ўлдириш экан-да”, деган фикрга келишии аниқ. Тарихий обидаларни йўқ қилиш халқнинг ўтмишидан жудо қилишни англатади. Маданият ўзини янгилай олмайди. Йўқ қилинса, қайта тикланмайди. Ироқ, Сурия, Афғонистон, Малидаги қадимий санъат асарлари энди йўқ ва ҳеч қачон қайтмайди. Бу жиноятни сиёсий ва диний жихатдан ҳам асло оқлаб бўлмайди. Бегуноҳ одамларнинг қонини тўкаётган ва шу тариқа муқаддас динимизга доғ тушираётган “Аш-Шабаб”, “Боко харам” каби террор ташкилотларининг кирдикорларига хам асло кўз юмиб бўлмайди.
Агар халқаро жараёнларни таҳлил қиладиган бўлсак, инсоният олдида пайдо бўлаётган муаммо ва зиддиятлар дунёда ҳамжиҳатликнинг йўқлиги, бир-бирини эшитмаслик, ўз кучига ортиқча баҳо бериш,ўзгаларга беписанд қараш натижасида юзага келаётганига гувох бўлиш мумкин. Айниқса, давлатлараро муносабатларда ўзаро ишончнинг сусайиши ва ишончсизлик кайфиятининг ўсиб бораётгани глобал муаммоларни тинч йўл билан, музокаралар воситасида ҳал этишга сезиларли таъсир кўрсатмоқда. Мамлакатимиз президенти Ислом Каримов Шанхай шаҳрида бўлиб ўтган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг IV саммитидаги маърузасида халқаро муносабатлардаги ишонч масаласига алоҳида тўхталиб, қарама-қарши томонларни муросага келтириш учун, авваламбор, улар ўртасида юзага келган муаммони ҳал этишга қаратилган ўзаро хайрихоҳликка эришиш зарурлигини, акс ҳолда улар ўртасидаги барча музокаралар бир-бирига эътироз билдиришдан нарига ўтмай қолиши ва бу ҳолат чексиз давом этавериши мумкинлигини таъкидлаган эди.
Урушлар жамиятда ижтимоий бош-бошдоқликларни келтириб чиқаради. Урушга қарши энг самарали кураш бу урушлардан воз кечишдир.
Яна бир неча кундан кейин Иккинчи жахон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 71 йиллиги кенг нишонланади. Агар урушдан олдин мамлакатимизда 6,5 миллионга яқин аҳоли яшаган бўлса, шундан 1,5 миллиондан кўпроғи жангларда қатнашган. Ўша ёвуз урушда 500 мингга яқин юртдошларимиз ҳалок бўлган, қанча одам бедарак кетган, қанча-қанча инсонлар майиб-мажруҳ бўлиб қайтган. Бу рақамлар халқимизнинг фашизм устидан ғалаба қозонишга қандай улкан, ҳеч унутилмас ҳисса қўшганини кўрсатади ва буни бирортамиз ҳам эсимиздан чиқармаслигимиз даркор.
***
Уруш ҳеч қачон, ҳеч қандай шаклда қайтарилмасин
Мамлакатимизда Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда ҳам ўзлигини йўқотмаган, имони бутун юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш том маънода миллий қадриятга айланди. 1999 йил 2 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов уруш фахрийлари, иштирокчилари ва урушда қурбон бўлганларнинг оилаларидан тушаётган кўплаб илтимосномаларни, халқимизнинг, жамоат ташкилотларининг билдираётган хоҳиш-иродасини инобатга олиб, Иккинчи жаҳон урушида фашизмга қарши курашиб ҳалок бўлганларнинг, мамлакатимиз озодлиги ва мустақиллиги учун жон берган Ўзбекистоннинг барча ўғлонлари хотирасини абадийлаштириш муҳимлигини назарда тутган ҳолда, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган барча кишиларнинг ҳурматини жойига қўйиш мақсадида “9 Май Хотира ва Қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида фармон қабул қилди.
Фармонда “Хотира ва Қадрлаш кунининг умумхалқ байрами сифатида, кенг нишонланишини таъминлаш барча давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларининг, идора ва корхоналарнинг, биринчи галдаги вазифаси, барча Ўзбекистон фуқароларининг ор-номус, виждон иши ва анъанавий бурчи деб белгиланиши, фашизм устидан қозонилган ғалабага ҳисса қўшган, Ватанимиз мустақиллиги учун жонини, бор куч-қувватини аямаган бирор бир фахрий, бирор бир киши унутилмаслиги кераклиги, уларнинг ҳар бирига муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатилиши шарт”лиги белгилаб қўйилди. Инсон хотираси муқаддас, қадр-қиммати азиз ва мўътабардир. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай инсонпарвар тамойиллар ўз ифодасини топган.
Шуниси эътиборлики, Ўзбекистонда қабул қилинган тарихий фармондан беш йил ўтиб, 2004 йил 24 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси резолюциясия қабул қилиб, унда Иккинчи жаҳон уруши қурбонлари хотираси учун 8 ва 9 май кунларини Хотира ва Яраш куни сифатида эълон қилиш белгиланди.
БМТ Бош Ассамблеяси 2004 йилнинг 24 ноябрида 8 ёки 9 майни Хотира ва Яраш куни сифатида нишонлаш борасида № A/RES/59/26 қабул қилган резолюцияда БМТга азо мамлакатларнинг бу кунлардан бирини ўз хоҳишларига кўра номлашлари мумкинлиги ҳам таъкидланган. Бош Ассамблея сана қандай номланишидан қатьий назар 8 май ёки 9 майдан бирида иккинчи жахон уруши қурбонларининг хотираси ёдга олиниши керак деган хулосага келди. Байрамдан кўзланган асосий мақсад ёш авлод қалбида ғалабага улкан ҳисса қўшган, инсониятни қуллик исканжасидан қутқарган ота-боболаридан фахрланиш туйғусини уйғотиш, ғалаба йўлида қурбон бўлганларнинг хотирасини ёдга олишдан иборат.
Йилдан йилга маъшум уруш иштирокчиларининг сафи сийраклашиб бормоқда. Бош Ассамблея мазкур тарихий санада келажак авлод уруш хавфидан халос бўлиши, БМТга аъзо мамлакатлар эса янги таҳдид ва чақириқларга қарши туриши лозимлиги, барча баҳсли масалалар БМТ Низоми ва халқаро хужжатлар орқали бартараф этилиши учун имконият яратилгани борасида маълум қилди.
2010 йилнинг 2 март куни қабул қилинган резолюцияда эса БМТга аъзо барча мамлакатларга мурожаат қилинар экан, БМТ тизимидаги ташкилотлар, ноҳукумат ташкилотлари ва хусусий шахслар Иккинчи жахон уруши қурбонларини ёдга олиш мақсадида тадбирлар ўтказиши тавсия қилинади. Айнан ўша йилнинг 6 май куни Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 65 йиллиги муносабати билан БМТ Бош Ассамблеясининг махсус тантанали мажлиси бўлиб ўтди. Ўтган йилнинг 26 февралида эса БМТ Бош Ассамблеяси “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 70 йиллиги” деб номланган 69/267 рақамли резолюция қабул қилди. Унда мазкур тарихий ҳодиса БМТ учун урушларни бартараф этиш учун имконият яратиб бергани таъкидланади. Ҳужжатда бош Ассамблея раисига мурожаат қилиниб, май ойининг иккинчи ҳафтасида дунёда бўлиб ўтган барча урушларнинг қурбонлари хотираси учун махсус анжуман ўтказилиши тавсия қилинади. Бу анжуман БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргохида 5 май куни ўтказилди.
БМТ тавсиясига кўра бугун Европада Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба нишонланмоқда. “Кўҳна қитьа”да 8 май “Хотира ва Яраш куни” сифатида байрам қилинади. Тадбирлар Франции, Буюк Британия, Нидерландия, Шарқий ва Ғарбий Европанинг бошқа мамлакатларида бўлиб ўтмоқда. Европа мамлакатлари орасида 8 май фақат Францияда Шарль Де Голль давридан бери дам олиш куни деб белгиланган. Тўғри, бу йил 8 май якшанба — дам олиш кунига тўғри келган. Иккинчи жаҳон уруши даврида Франция 300 минг кишидан айрилди.
Буюк Британияда асосий тадбирлар Лондоннинг Уайтхолл кўчасида бунёд этилган ёдгорлик олдида бўлиб ўтади. Аньанага биноан тадбирда мамлаккат сиёсатчилари, қиролича оиласининг аъзолари иштирок этади.
АҚШда 8 май нишонланадиган байрам “Европада ғалаба куни” деб номланади. Байрам тадбирлари Виржиниядаги харбий аэродромда бошланиб пойтахт Вашингтонда давом этади. Польшада эса асосий тадбирлар Гданьск шаҳрида ўтказилади.
Президентимиз таъкидлаганидек, бутун дунё халқларининг эзгу орзуси, хоҳиш-иродаси битта. У ҳам бўлса, уруш ҳеч қачон, ҳеч қандай шаклда қайтарилмасин, деган талабдир. Бундай истак, бундай мақсад жаҳондаги барча халқларнинг манфаатларига тўғри келади. Чунки, ҳеч қайси халқ урушни хоҳламайди. Бизнинг халқимизга тинчлик ва омонлик керак. Фақат тинчлик ва осойишталик бўлган, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат ҳукм сураётган давлатда, жамиятда фаровон ва бахтли ҳаёт қуриш мумкин, энг эзгу орзу-мақсадларга етишиш мумкин. Бугун биз қурбонлар хотираси олдида таъзим қиламиз.
Шарофидин Тўлаганов
http://kun.uz
Darhaqiqat, tinchlik ulug’ ne’mat. Tinchligi bor yurt gullab-yashnaydi. Urush bo’layotgan mamlakatlarning qay biri bugun gullab-yashnamoqda, rivojlanmoqda? Hech biri. Shunday ekan, tinch, osoyishta kunlarimizning qadriga yetib yashaylik.
Inson necha asrlar davomida urush va to’s to’polonlar ichida yashab kelmoqda , oylaylab qaralsa bu narsa ayanchli hol ekanligi yosh do’dakni ham aqliga keladi. Nega endi kattalar nafs uchun bir joyda ya’ni yer yuzida yashab turib bir birlarini yo’q qilishga qurol o’qtaladi. Buni yo’q qilish faqat ma’rifat bilangina amalga oshadi.