Тинч-осуда юртга байрамлар ярашади

ЎзМУ профессор-ўқитувчилари айни кунларда маънавий-маърифий тарғибот ишларида фаол иштирок этмоқдалар

Харб

Шу кунларда халқимиз Ватанимизнинг кўп асрлик шонли тарихида мутлақо янги давлат, янги жамият барпо этиш йўлини очиб берган буюк тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 25 йиллигини муносиб кутиб олиш ва тантанали нишонлаш учун қизҳин тайёргарлик кўрмоқда. Юртимизда истиқомат қилаётган ёшу қари тўйга муносиб тўёна ҳозирлашга интилмоқда. Мустақиллик қутлуғ байрамимиз. Президентимиз таъкидланганидек, «Биз учун ҳақиқатан ҳам энг улуғ, энг азиз айём бўлган бу қутлуғ сана ўтган тарихан қисқа даврда босиб ўтган ғоят оғир ва мураккаб, шу билан бирга, шарафли йўлимизни, амалга оширган кенг кўламли ислоҳотларимиз самарасини, қўлга киритган улкан марра ва ютуқларимизни танқидий кўз билан сарҳисоб қилиш, олдимизга қўйган олий мақсад – энг тараққий топган давлатлар қаторига кириш борасидаги устувор вазифаларни белгилаб олишда, ҳеч шубҳасиз, муҳим аҳамият касб этади».

Тошкент вилоятидаги ҳарбий қисмлардан бирида бўлиб ўтган тадбир ҳам бевосита «Ким эдигу ким бўлдик, эртага қандай марраларни эгаллашимиз керак?» мавзуига бағишланди. Унда иштирок этган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тўлқин Эшбек истиқлол йилларида бетакрор маънавиятимизни тиклаш ва уни кенг тарғиб этиш бўйича юртимизда олиб борилган ислоҳотлар, шунингдек, Президентимиз Ислом Каримовнинг «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир» китоби мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича фикр юритди.

киб1

– Маънавий бойликларимизни асраб-авайлаш ва ёш авлод қалбига жо этиш учун аввало уларнинг мазмун-моҳиятини теран англамоқ зарур,– дейди Тўлқин Эшбек.– Дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади. Бунинг тасдиғини узоқ ва яқин тарихдаги кўпдан-кўп мисолларда яққол кўриш мумкин. Чунки ҳар қайси миллат ёки халқнинг маънавияти унинг бугунги ҳаёти ва тақдирини, ўсиб келаётган фарзандларининг келажагини белгилашда шак-шубҳасиз ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Катта авлод вакилларига маълум, мустабид тузуми даврида миллий маънавиятимиз, маданиятимиз, тилимиз машъум хатарларнинг жабрини тортди. Миллатимизни тилидан, иймон-эътиқодидан, урф-одатларидан, миллий қадриятларидан жудо қилишга уринишди. Бундай ноҳақликка қарши бош кўтарган зиёли аждодларимиз «халқ душмани» тамғаси остида йўқ қилинди. Буларни эслаш нақадар оғир… Шукр, юртимиз муборак мустақилликка эришди – аждодларимизнинг асрий орзуси ушалди. Дунё харитасида Ўзбекистон деган мустақил давлат пайдо бўлди. Тилимиз ўзимизники, динимиз ўзимизники! Миллий қадриятларимиз, маънавиятимиз, маданиятимиз қайта тикланди. Бу халқимизнинг энг катта ютуғидир.

Мустақиллик, миллий маънавият ҳақида гап кетганда ҳар гал Президентимиз Ислом Каримовнинг «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир» китобини албатта тилга оламан. Чунки мазкур китобнинг бош ғоясини «Кеча ким эдигу бугун ким бўлдик?» деган ўзак фикр ташкил этади. Китобда мамлакатимизнинг мустақиллик йилларида босиб ўтган тарихий йўли теран таҳлил қилиниб, бу ҳаётий саволларга чуқур ва ҳаққоний жавоблар берилган. Миллий тафаккуримиз хазинасига бебаҳо ҳисса бўлиб қўшиладиган, бугунги ва эртанги ҳаётимизнинг энг муҳим устувор йўналишларини ўзида мужассам этган ушбу китоб биз учун аввало янги ва яқин тарихимизнинг ҳали биз тўла англаб етмаган кўплаб қирраларини кашф этди. Шу билан бир қаторда бу асар жамиятимиз тараққиёт фалсафасини, мамлакатимиз ва халқимиз келажаги, унинг равнақини белгилаб берадиган муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Шундай экан, эртанги кунга умид ва ишонч туйғуси билан қарайдиган барча замондошларимиз, айниқса, дунёқараши муносиб шаклланаётган ёшлар давлатимиз раҳбарининг бу китобини зийраклик билан ўқиб ўрганишлари мақсадга мувофиқдир.

Тадбир давомида ҳарбий хизматчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олдилар.

Капитан Гулнора ҲОЖИМУРОДОВА,

«Ватанпарвар» мухбири.

Эркин УСМОНОВ,

журналист.

Вам может также понравиться...

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *