Қабр учун жойни ҳали ҳаёт бўлган, боз устига, соппа-соғ киши учун аввалдан “банд” этиш ақлга сиғмайди. Яқинда Бухоро шаҳридаги кўҳна қабристонда бир ярим мингдан ортиқ “бўм-бўш” қабр борлиги аниқланди-ю, узоқ йиллар давомида шариф кентдаги ўша манзилгоҳда айни шундай нопок ишларга қўл урилгани маълум бўлди. Бундай макруҳ қилмиш дину имонга, қолаверса, дунёвий тамойилларга ҳам бутунлай зид. Журналист Лайло Ҳайитованинг “МАЙИТСИЗ ҚАБРЛАР” номли мақоласида “Қуббатул ислом” шаҳрига иснод келтирувчи бу янглиғ қора ишлар хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилган.
МАЙИТСИЗ ҚАБРЛАР
Бухородаги ҳазрат Имом қабристонида 18 мингга яқин қабр бўлиб, 1700 таси майитсиз қабрлар эканлиги, яъни уларнинг ўлимдан олдин эгаллаб олингани аниқланди. Маълумки, Ислом Ҳамкорлик ташкилоти томонидан Бухоро 2020 йилги “Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилинган. Шу муносабат билан ҳудудда кенг кўламли қурилиш, реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти. Айниқса, тарихий обидалар, муқаддас зиёратгоҳлар, қабристондаги қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари диққатга молик. Шу жараёнда Ҳазрати Имом мақбараси номини олган улуғ қадамжо – Ҳожа Имом Ҳафси Кабир Бухорий қабристонидаги оғриқли ҳолат вилоят раҳбари эътиборини тортган. Ушбу масала юзасидан Ҳожа Имом Хафси Кабир Бухорий қабристонида бўлиб, мавжуд ҳолат билан танишдик. Ҳожа Имом Хафси Кабир Бухорий қабристони эски шаҳарнинг қадимий деворларидан шимоли-ғарбда, мозор эса янги қурилган мақбаранинг шимоли-шарқида жойлашган. Қабристонда марҳумлар хотирасига қабр тоши қўйиш дабдабага айланиб улгурганини англаш қийин эмас. Тупроқ остидаги майит устига оғир тошлар қўйилгани етмагандек, гўр усти айвонлар билан ўралган. Ҳайкаллар қурилган. Бюст ўрнатилган. Кимўзарга қабрни чиройлик қилишга ўчлик қабристонни ҳашаматли мармар тош шаҳарга айлантирган. Ачинарлиси, у дунёнинг тавба-тазаррусига эмас, гўё ҳузру ҳаловатига эришишлик хаёли тирикларни нафс бандаларига айлантирган. Қабристонда 1700 дан зиёд майитсиз қабр икки қаватли қилиб қурилиб, безатиб қўйилган.
– 17 гектардан зиёд майдонни эгаллаган Ҳожа Имом Хафси Кабир Бухорий қабристони қабрлари хатловдан ўтказилди. 18 мингга яқин қабр борлиги, шундан саккиз-ўн фоизи, аниқроғи, 1700 та қабр майитсиз эканлиги аниқланди. Бу албатта, жудаям оғир ҳолат. Тўғри, кейинги йилларда қабристон манзилида сизот сувлари баландлашмоқда. Бу ҳол ўз-ўзидан ўзбекча лаҳад қазишда қийинчилик туғдиради. Шу сабабли одамлар яқинлари кўмилган қабрлар ёнидан эгасиз сағаналар қура бошлашган. Қабр ери бепул берилган. Вафот этгандан кейингина гўрков учун хизмат ҳақи тўланади. Ўзбекча лаҳад қазиш учун 160 минг, русча лаҳад учун 120 минг ва болалар учун лаҳадга 20 минг сўмлар атрофида тўлов ундирилади, – дейди Бухоро шаҳри ободонлаштириш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Бефо Нарзуллаев.
Исмини ошкор қилишни истамаган вакиллардан бирининг айтишича, бу майитсиз қабрлар вилоятнинг қатор собиқ раҳбарлари томонидан ҳали вафот этмаган қариндош-уруғлари учун олдиндан “эгаллаб олинган”.
– Бухоро шаҳри ИИБ томонидан майитсиз қабрларнинг эгаларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, – дейди вилоят ҳокимининг жамоат ташкилотлари ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Зокир Ҳидоятов.
Биз тирик одамнинг ўлимдан олдин қабрга эгалик қилиши ёки қабрни олдиндан сотиш амали нечоғли тўғри-нотўғрилиги ҳақида вилоятнинг бош имом-хатиби Жобир Элов билан суҳбатлашдик.
– Ҳожа Имом Ҳафси Кабир Бухорий халқ тилида “Ҳожатбарор” номи билан ҳам машҳур бўлганлар. Ул зот Имом ал-Бухорийнинг устозлари ҳамдир. Исломда, миллий урф-одатларимизда қабрни сотиш тўғрисида бирор гап йўқ. Ҳатто бунга ақл бовар қилмайди. Аждодларимиз сотиш борасида ҳамма нарсага мисол келтирганлар, аммо қабрни сотиш ҳақида ҳеч нарса демаганлар. Нақл қилишларича, осмондан ёғиладиган қор ёки ёмғир туфайли қабр устида биргина майса униб, кўкариб чиқса ҳам, Оллоҳ таоло шу кўкарган майса туфайли ўша майитнинг гуноҳидан кечар экан. Лекин бугунги кунда кенг ва катта жойлар ҳали қавмларнинг ўлимидан олдин эгаллаб олингани етмагандек, мавжуд қабрлар устига айвон қилингани қанчалар аянчли. Буни ҳеч қайси дин ҳам оқламайди. Бунга фақат исрофгарчилик ва ҳатто ўлимдан кейин ҳашаматга берилиш иллати сифатида қараш мумкин. Қабрлар устига қора мармар ва гранитларнинг қўйилиши билъакс майитлар устига юк азобини ағдариш билан баробар. Атрофимизда ёрдамга муҳтож, уйнинг томи шефирланмаган, ҳовли-жойи таъмирталаб қанчадан-қанча камомадли кишилар бор. Қўлдан келгунча тирикларга ёрдам қилишлик майит устига оғир тош ағдариб қўйишдан минг карра хайрлидир. Қабр кимлар учун олиб қўйилади? Ўлим тўшагида ётган кекса, ўлими яқин бўлган оғир бемор учун фақатгина битта жойни олиши мумкин. Икки-уч ёки ундан ортиқ эмас. Бундай баднафслик ўлимдан кейин ҳам ўзини ўзгалардан устун қўйиш ва манманликнинг ифодаси, холос, – дейди бош имом хатиб.
Айни пайтда Ҳожа Имом Хафси Кабир Бухорий қабристонида кенг миқёсда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган. Мингдан ортиқ меҳнат кучи жалб этилган. қабрлар атрофига ўрнатилган темир панжаралар олтмиш сантиметрдан ортиқ бўлмаган шаклга келтирилмоқда. Чиқиндилардан, бегона ўтлардан тозаланди. Йўлакларга оқтошлар ётқизилиб, ўтганлар хотирасига тиловат ўқиш учун ўриндиқ ва соябонлар ўрнатилмоқда. Бундан ташқари, собиқ Иттифоқ даврида қурилган эски деворлар қайта тикланиб, қабристон атрофидаги йўлларга асфалът ётқизилмоқда.
МАЪЛУМОТ УЧУН: Абу Ҳафси Кабир ал-Бухорий Бухоро фақиҳларнинг устози бўлган. У зот эски Бухоро шаҳристонининг шимолий қисмида яшаган. У кишининг уйига олиб борувчи йўл “Ҳақ йўли” деб аталган ҳамда унга яқин дарвозага “Ҳақ дарвозаси” деб ном берилган.
Қабристон эса тўрт гектарга яқин жойни эгаллаган ва икки катта бўлакдан иборат. Биринчи қисмнинг узунлиги 260 метр бўлиб, баландлиги саккиз метргача борган, яқин кунларгача Ғарбга томон бир километргача чўзилган. Иккинчи бўлак эса биринчисига перпендикуляр шаклда бўлиб, 390 метрга чўзилган ва олти-тўққиз метр баландликка кўтарилади. Туб жой ахолиси уни “Уштур Гардон”, яъни “Туя бўйни” деб ҳам атайди. Ҳазрати Имомнинг шуҳратлари шу қадар буюк бўлганки, ҳатто у зотнинг уйларига элтадиган йўлдаги дарвоза “Дарвозаи Имом” деб аталган. Ҳазрати Имом қабристони минг йилдан зиёд вақтдан бери мавжуд.
Лайло ҲАЙИТОВА
2019 йил июль, 13-14-сон
“Бухоро ёшлари” газетаси
http://ishonch.uz/2019/08/02/икки-қаватли-безатилган-1700-дан-зиёд-май/
Сўнгги фикрлар